ХАЙРЛИ САФАР

 

ЖАҲОНГА БЎЙЛАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН

ХАЙРЛИ САФАР

     Йўл йўловчини таниш, нотаниш манзилларга бошлайди, кишига дунёни танитади. Урф- одатлар, қадриятлар оламига олиб киради. Айниқса, жаҳонда бир-биридан узоқ ва яқин манзилларда истиқомат қилувчи инсонлар тақдирига дахлдор анжуманларга бошлайдиган йўлларнинг қадри жуда баланд бўлади. Жорий йил март ойининг ўрталарида Американинг Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 67-сессияси бўлиб ўтди. Анжуман кун тартибида “Инновациялар ва технологик ўзгаришлар, рақамли асрда гендер тенглигига эришиш ва барча аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш асрида таълим” мавзуси муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан иборат делегация қатнашди. Улар сафидаги иштироким менда унутилмас таассуротлар қолдирди, келажакдаги фаолиятим учун янги фикрлар берди, десам ҳақ гапни айтган бўламан.
     Тадбирда аъзо-мамлакатларнинг 1000 га яқин ҳукумат вакиллари, халқаро тузилмалар, ЭКОСОС томонидан аккредитациядан ўтган гендер масалалари билан фаолият олиб борувчи ноҳукумат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамиятлари институтлари мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этганининг ўзиёқ анжуман нуфузи баландлиги ва қамров доираси кенглигини кўрсатади.
    Сессия очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деди:
– Албатта, ҳаёт доим тараққиётда. Инсоният, айниқса, аёллар тақдирига дахлдор бўлган инсонлар ҳамиша уларнинг жамиятда фаол бўлишлари, қадрланишлари, мураккабликлар олдида ожиз қолмаслиги, ҳимояси учун янгидан-янги йўллар ахтарадилар. Бугун ҳам бу жараён давом этмоқда. Лекин шунга қарамай бу борадаги муаммолардан бутунлай халос бўла олмаяпмиз. Дунёнинг аксарият мамлакатларида аёллар ва эркаклар орасидаги тенглик яқинлашиш ўрнига узоқлашиб бормоқда. Оналар ўлимида камайиш кузатилмаяпти. Қизларни таълим муассасаларидан четлатиш жараёни давом этмоқда. Уларни мажбуран ёш турмушга бериш масалаларига чек қўйилмаяпти. Агар ҳолат шу тарзда давом этса, биз орзулаётган, биз рўёби учун курашаётган гендер тенглигига эришиш учун яна юз эмас, икки юз эмас, нақ уч юз йил керак бўлиши мумкин.
     Бугун сайёрамизда уч миллиард одам интернетга уланмаган, уларнинг кўпини хотин-қизлар ташкил этади. Кам ривожланаётган мамлакатларда аёлларнинг атиги ўн тўққиз фоизи интернетдан фойдаланиш имкониятига эга. Ижтимоий ҳаётдан узоқ яшаш, ўз қобиғида қолиб кетиш, яна ҳам аниқроқ ифодаласак, патриархат, дискриминация ва стереотиплар илм ва технология соҳасида катта гендер тафовутни келтириб чиқаради. Муаммоларга бир мамлакат доирасида курашиш кутилган натижани бермайди. Шунинг учун, агар биз чиндан аёлларимиз, оналаримизнинг имконидаги меҳр-муҳаббат, куч-қувват эзгуликларга хизмат қилишини истасак, бутун дунёнинг тараққийпарвар, инсонпарвар кучларини бирлаштиришимиз керак.
     Олқишлар билан қаршиланган нутқдан сўнг бизнинг делегация томонидан анжуман иштирокчилари эътиборига ҳавола этилган Ўзбекистонда амалга оширилаётган гендер тенглик сиёсати, таълим ва илм-фан йўналишида хотин-қизларга берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақидаги тақдимот катта қизиқиш ва эътирофга сазовор бўлди. Айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга инновацион ёндашув, тадбиркорлик ва оилавий, хусусий бизнесни ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар баъзи ҳудудлар учун намуна ва ўрнак бўлиши мумкинлиги алоҳида қайд этилди.
     Бугун, ҳатто, келажак учун ҳам ниҳоятда муҳим бўлган масалалар ҳақидаги суҳбатлар шўъба йиғилишларида давом этди. “Гендер тенглигини технологик усулларда ривожлантиришда парламентларнинг роли ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва янада хавфсиз рақамли макон яратишда инклюзив инновациялар ва технологик ўзгаришларни ривожлантириш” мавзусига бағишланган шўъбада делегациямиз фаоллиги яққол намоён бўлди.
    Сессия доирасида Ўзбекистон вакиллари “БМТ-аёллар” тузилмаси, БМТ аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), шунингдек, Венгрия, Қирғизистон ҳукуматлари вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
    “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Анита Бхатия сессия кун тартибидаги долзарб масала юзасидан юртимизда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Ҳар қандай анжуманнинг баҳоси унинг асосий хулосалари билан белгиланади. БМТ вакили 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳамда 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастурни амалга оширишда ёрдамга шай эканлигини билдирди.Ташкилотнинг молиявий ва техникавий кўмагининг жалб этилиши янги лойиҳалар амалиётига йўл очилишига ишонч ва рағбат беради, албатта.
     Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб “БМТ-аёллар” тузилмасининг Ўзбекистондаги фаолияти ва лойиҳаларини амалга оширишга масъул менежер лавозимини жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Бу жаҳоннинг энг инсонпарвар ташкилотларидан бири билан бизнинг орамиздаги ришталарни янада мустаҳкамлайди.
    Сессия давомида ўтказилган музокаралар, эришилган келишувларнинг барчаси бугунги, эртанги манфаатларимиз учун хизмат қилишига шубҳа йўқ. Зўравонликни содир этган шахслар билан ишлаш бўйича стандарт операцион иш тартибларини (СОТ) жорий этиш бўйича бошланган фаолиятимизни давом эттириш, “Исломда гендер тамойили” илмий лойиҳасини оммалаштириш, ОАВ вакиллари учун гендер сезгирлик бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш, зўравонликка учраган ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун тренинглар ўтказиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилиниб, ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Халқда “Куч бирликдадир” деган нақл бор. Эзгулик йўлидаги барча бирлашувлар каби бу ҳамкорлик натижалари яқин йиллар орасида аёлларимизнинг ҳаётида янги ёрқин саҳифалар очишига ишонамиз.
     Муаммоларда умумийлик бўлгани билан ҳар бир миллат ечимга ўз халқининг руҳияти, қадриятларидан келиб чиқиб ёндашади. Лекин барибир бир-бировдан ўрганиш, ўрнак олиш фойдага ишлайди. Шу маънода кўрилган масала юзасидан Ўзбекистон, Венгрия, Қирғизистон тажрибаларини оммалаштириш масалалари ҳам ўртага ташланди.
Делегациямиз аъзолари, шахсан ўзим сессияда кечган ҳар бир кунда, ҳар лаҳзада бир осмон остида умргузаронлик қилаётган инсонларнинг бир-бирига ҳамдардлиги, бир-бири учун кўмакка ҳозирлиги руҳиятимизга чексиз қувват, фаолиятимизга катта рағбат бахш этишини юрак-юракдан ҳис қилдим.

Мукаррам НУРМАТОВА,
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар