УМИДЛИ ЁШЛАР
БОБОСИНИНГ НАБИРАСИ
Қишлоқда гап тез тарқалади, деганлари чин. 15 ёшли шахматчи Баҳром Баҳруллаевнинг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлангани ҳақидаги хабар Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги “Бирлашган” маҳалласига яшин тезлигида тарқалди. Тонгданоқ Зуҳра ва Азмиддин Эшбоевларнинг хонадонига қариндошлар “қутлуғ бўлсин”га кела бошлашди. Хонадон соҳиблари аввалига бу хабарга ишонишмади, кейин ўғлини пойтахтга - мукофотини топширишга чақиришганида чинлигини англашди. Лекин ёш шахматчи бу пайтда хорижда мусобақада иштирок этаётган эди. Ҳадемай қўни-қўшнилар, бошқа маҳалладошлари келиб қолишларини ўйлаб, уй бекаси меҳмонхонага кўрпачалар солиб, тайёргарлик кўра бошлади.
– Касби оддий ҳайдовчи бўлган раҳматли қайнотам Баҳрулло Эшбоев ашаддий шахмат ишқибози эдилар, – дейди уй бекаси. – Йўлда ҳамиша шахмат қутиси ва шахматчилар ҳаёти ҳақидаги китоблар, қўлланмаларни бирга олиб юрардилар. Ўзи каби ишқибозлар учраса, дам олиш пайтларида шахмат сураркан ва қўлланмаларни мутолаа қиларкан. У киши доимо: “Оиламиздан келажакда, албатта, гроссмейстер чиқиши керак”, дердилар. Бу гапни бобо ҳамма набираларининг қулоқларига қуяр, улар ҳам боболаридан бу қизиқарли ўйинни қунт билан ўрганишарди. Бобоси Баҳромжоннинг бу йўналишда алоҳида истеъдоди борлигини сезиб, уни ёнига ўтқазиб олиб, эринмай соатлаб шуғулланарди. Мабодо, ўзи ютқазиб қўйса, роса хурсанд бўлиб: “Бобосининг набираси-да бу”, деб эркаларди.
Ёш шахматчи 2016 йилда 8 ёшида “Камолот шахмат тахтаси” деб номланган республика танловида 1-ўринни эгаллаганида оилада байрам бўлиб кетгани Зуҳранинг кечагидек ёдида. Бу бошланиши эди. Ўшандан бошлаб унинг бўйнига қатор-қатор медаллар тақилди.
Ёш шахматчининг оила аъзолари билан суҳбатимиз чоғида устозлари эсланди. Биринчи устози, албатта, бобоси. Қаҳрамонимизнинг отаси ўғлининг яна бир устози, шахмат бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг собиқ бош мураббийси, ўнлаб моҳир шахматчиларни тарбиялаган марҳум Маматқул Хайлаевни ҳурмат билан тилга олди. Баҳромнинг бугунги муваффақиятларида ўша инсоннинг хизматлари катта. Айни пайтдаги устози Тошкентдаги шахмат академияси ўқитувчиси Элбек Алиқулов ҳам шогирдини мусобақаларга жисман ва руҳан тайёрлади.
Халқимиз орасида боланинг илиги тўқ бўлса, кучли, ақлли, вужуди соғлом бўлади, деган гап бор. Онаизор ҳам ўғлининг ҳамиша вақтида овқатланиб, вақтида дам олишига алоҳида эътибор қаратарди.
– Нонуштада, албатта, ширинчой, ёнғоқ ва майиз ейишни канда қилмасди, чанқаганида турли рангли салқин ичимликлардан кўра уйда мевалардан тайёрланган табиий шарбатларни кўпроқ ичишга одатлантирганман, – дейди Зуҳра опа. – Кун тартибига қатъий риоя қилишини назорат қилганман.
Онасининг айтишича, машғулотлар, мусобақалар туфайли дарслардан қолиб кетса, ўқишга қайтгач, албатта, мустақил шуғулланиб, тенгдошларига етиб оларкан. Буни тумандаги 18-мактаб директори Марварид Кенжаева ва синф раҳбари Ҳабиба Алланазаровалар ҳам тасдиқлашади.
Баҳром жуда камгап, камтар ва тортинчоқ экан. Ўз йўналиши бўйича ютуқларга эга бўлган шу ёшдаги баъзи ўсмирлар одатда болалигига бориб, анчайин сергапроқ бўлишади. Лекин ёш чемпионда бунинг тамом аксини кўрдик. Ота-онаси фарзандининг ютуқлари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаётганда қаҳрамонимиз: “Дада, ойи, буларнинг кераги йўқ, ҳали олдинда катта мусобақаларим бор, уларда ҳам ғолиб чиқай”, – дея хижолат бўларди.
Баҳромга мукофотни топшириш ҳам ўзига хос бўлди. Юқорида таъкидлаганимиздек, 30 июнь – “Ёшлар куни” пойтахтда мукофотларни тантанали топшириш маросими чоғида Баҳром олисда эди. Шу боис ёш шахматчи сафардан қайтгач, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигида агентлик директори Алишер Саъдуллаев “Мард ўғлон” давлат мукофотини шахматчининг кўксига тақиб қўйди.
– Бу кун сира ёдимиздан чиқмайди, – дейди Зуҳра Эшбоева. – Пойтахтга ўғлим қатнашган мусобақалар, ўйинларни кўришга кўп борганмиз. Лекин бу галгиси бошқача эди. Ўша лаҳзалардаги ҳаяжонимни айтишга тилим ожиз. Қувончдан йиғлаб юбордим. Шунда Баҳромжон: – Ойи, мени узоқ жойларга мусобақага кузатиб ҳам, соғинганда ҳам йиғлайсиз. Ютуқлар билан қайтганимда ҳам йиғлайсиз. Бугун мукофот олганимда нега кўзингиз ёшланади? – деди. Шунда мен, бугунгиси бошқача, севинч кўз ёшлари, дедим кулиб.
Дарвоқе, Баҳруллаевлар оиласини шахматчилар оиласи деса бўлади. Ота-онасининг айтишича, икки ўғли Беҳруз ва Беҳзод, етти ёшли қизи Баҳора ҳам спортнинг шу турига қизиқишаркан. Баҳора 6 ёшида Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, бир неча рақиблари устидан ғолиб чиққан. Она қизи билан галдаги чемпионатга жўнаши арафасида эканлигини айтди. Ҳа айтгандай, Баҳром шахмат машғулотларидан бўш пайтларида ўртоқлари билан маҳалладаги стадионда футбол ўйнаб тураркан.
Баҳром Баҳруллаевдан келажакдаги орзулари ҳақида сўраганимизда, у мактабни “аъло” баҳоларга тамомлаб, чет тилини пухта ўрганиб, ўзи танлаган йўналиш бўйича олийгоҳда ўқишни давом эттириш нияти борлигини айтди. Қаҳрамонимиз орзулари сари илк қадамларни ташлади. Узоқ нурли манзиллар, юксак чўққилар эса ҳали олдинда. Зуҳра Эшбоева бошқа оналар каби фарзандлари эришаётган ютуқлардан шодланиб, дунёдаги энг бахтли она эканлигидан ғурурланиб яшамоқда. Зеро, аёлнинг, онанинг борлиғи, бойлиги, жону жаҳони, бор эзгу нияти ҳам шу-да ўзи.
Холида ПАРДАБОЕВА,
Сирдарё вилояти.