ЯХШИЛАР ЁДИ
АЖАБ САОДАТ ЭРУР, ЧИҚСА ЯХШИЛИК БИЛА ОТ
Муборак рамазон ойида ўтганларни эслаш, хотирлаш савобли ишлардандир. Халқимиз суйган аллома, жамоат арбоби Анвар қори Турсуновни эслаб, хонадонларига ташриф буюрдик. Мақсад – онахонни йўқлаш, аҳвол сўраш, устоз ҳақидаги хотираларини ёдга олиш.
Мени ўрта бўйли, дадил, юзларидан нур таралиб турган Ҳикоятхон аянинг ўзи кутиб олдилар. “Саодат” журналидан келганимизни эшитиб, юзи янада ёришиб кетди:
– “Саодат” – севимли журналим эди. Олдинлари Анвар ўғлим “Саодат”, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналлари, яна “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини олиб келарди. Мазза қилиб ўқирдик. Севимли нашрларимиздан сўз очганимда, ўғлимнинг 1981-84-йилларда “Ёшлик” журналида ишлагани ёдимга тушди.
– Анвар қори Турсунов юртимизнинг кўзга кўринган алломаи кироми, зукко олимларидан бири, донишманд инсон эди. Вафотларига анча йил бўлди, аммо уларнинг нурли чеҳраси кўз олдимиздан кетмайди. Ҳикоятхон ая, кейинги ҳаётингиз қандай кечяпти?
– Инсонга Аллоҳ қанча умр берса, шунча яшайди. Ўғлимнинг умри қисқа экан. 2018 йил 13 июнда юрак хуружидан вафот этди. Бор-йўғи олтмиш йилча яшаган бўлса-да, бутун умрини дунёвий ва диний илмга бағишлади. Унинг илм хазинасидан инсонлар ҳануз баҳраманд бўлмоқдалар. Инсонларни доимо ҳидоят йўлига, маърифат йўлига чорлаб яшади. Устозлар йўлини маҳкам тутди. Ўзи ҳам қанчадан-қанча шогирдлар етиштирди. Вафотидан кейин ҳам унинг яхши амалларини эслаб, биз билган-билмаган шогирдларининг қадами узилмаяпти. Анваржон боқийликка мансуб бўлган эзгу ишларни қилиб кетди. Гарчи қаторимизда бўлмаса-да, унинг яхшиликлари эл ичида яшайверар экан...
Ҳикоятхон ая хўрсиниб, хаёлот ичра саволларимни ҳам кутмай, хотираларини сўзлай кетди:
– Қизлик ҳовлимиз Тошкентнинг Бўз бозори тарафида эди. Минор маҳалласига келин бўлиб тушганман. Ер қимирлаган йили Янгиобод томонларга кўчиб келдик, атроф дала-дашт эди. Шу ерни макон қилдик. Аллоҳим кетма-кет ўғил фарзандларни инъом этди. Турмуш ўртоғим – Қўчқор бобонгиз билан 4 ўғилни ўқитдик, уйли-жойли қилдик.
Ёшлигимдан филолог бўлишни орзу қилганман, афсус, ўқий олмадим. Бу орзуйимни Анваржон ўғлим рўёбга чиқарди. 1981 йилда Ўзбекистон Миллий университети (собиқ Тошкент давлат университети)нинг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирганида ўзим киргандек қувонганман.
– Фарзандингиз Анвар қори Турсуновга ҳавас қилганлар қанча. Уларнинг болалиги қандай кечган?
– Болалар тарбиясида қаттиққўл бўлганман. Мактабга тез-тез бориб турардим. Фарзандларимнинг бекорчи бўлиб қолишига йўл қўймас эдим. Мактабдан келишларига доим иссиқ овқат тайёрлаб қўярдим. Рўзғор юмушларимда ўғилларим оёқ-қўлим эди. Кўчага ўйнашга чиқишса ҳам айтган вақтимда қайтиб келишар эди.
Анварим тўнғич фарзандим. Бува-бувилари бағрида жуда эркаланиб ўсди. Айниқса, Убайдулло буваси (қайнотамнинг дадаси)нинг таъсири кучли бўлган. Беш ёшлигиданоқ ҳарфларни таниб, сўзларни қўшиб ўқирди. Туманимиздаги 198-умумтаълим ўрта мактабини аъло баҳоларга битирди. Кўп китоб ўқирди. Ҳалол, тўғрисўз бўлиб ўсди, болалигидан яхшилик қилиб, савоб олишга рағбати бор эди. Мактабда юқори синфда ўқиган кезлари “Алишер Навоий” спектаклини қўйишди. Ўғлим Алишер Навоий ролини ўйнади. Шундан кейин улуғ шоиримизнинг китобларини топиб ўқиди, мағзини чақишга ҳаракат қилди, кейинчалик устозлар этагини маҳкам тутиб, профессор Азиз Қаюмовдан сабоқлар олди. Билим олишдан чарчамас эди. 1976 йилда юқори синфда ўқиётганда “Муаллими соний” китобини кўриб, иштиёқманд бўлиб қолди, сотиб олиб бердим. Ҳарфларни мустақил ўргана бошлади. 2001 йил Тошкент ислом институтига кириб, араб тили, Қуръони карим борасидаги илмларини чуқурлаштирди.
– Дарвоқе, Анвар қори Турсунов 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган. Бу борада Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам “Севимли” телеканалида шундай интервью берган эди:
“Одамзод қизиқ-да, рухсат берилгандан кейин ҳаммамиз яхши одамга айланиб қоламиз. Ҳаммамиз диндор, ҳаммамиз тақводор. Рухсат берилгандан кейин… Шунинг учун салгина нарсаларга озгина шубҳа билан, иштибоҳ билан қарайман. Чинакам мусулмончилик, чинакам мухлислик, чинакам, эътиқоди бутун одамлар деб мана шу икки кишини айтаман.
Ўша пайтда ҳам диний эътиқодга, исломга рўйхушлик берилмаган бир замонда ҳам булар эътиқодни маҳкам тутган одамлар эди. Улар рухсат берилгандан кейин пайдо бўлган уламолар эмас. Бу ака-ука, бу дўстлар ўша замонда, эътиқоди учун раҳмат дейилмаган бир замонда, шу йўлга кириб тақво йўлига кирган бизнинг биродарларимиз эди. Ҳар гал телевизорда кўрганимда: қаранг, қандай улуғ одам, бу сиймони қаранг, чеҳрасининг нур таратишини қаранг, бу овозларни қаранг, бу сўзларни қаранг, дердим. Битта одамдан шундай нурли сиймо қолса, сўз қолса… Анвар қорини эсласам, нуқул маъсум, маъсумлик деган сўз қўшилиб келаверади”.
Мен онахоннинг хотираларини тинглар эканман, севимли ёзувчимизнинг ўша сўзларини эсладим.
Ҳикоятхон ая хотирлашда давом этди:
– Шайх Алоуддин Мансур билан Қуръони каримнинг биринчи таржимаси устида 3-4 йил ҳамкорликда ишлашди. Устози билан Ҳаж сафарига чақириб қолишди. Шунда ўғлим: онам туриб, мен бораманми, деб хижолат бўлганди. Меҳнатингни Аллоҳ мукофотлабди, бор, болам, мингдан-минг розиман, деганимдан кейин хотиржам бўлди. Ундан кейин кўп бора Ҳаж ибодатларини адо этиб келди. Ўғлим туманимиздаги "Янгиобод" жоме масжидида, Минор масжиди ва бошқа масжидларда фаолият юритганда ҳам, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби бўлган пайтларида ҳам инсонларни фақат яхшилик ва эзгуликка етаклади.
Иш фаолияти давомида қанчадан-қанча оилавий ажримлар олдини олган. Ҳалимлик, юмшоқлик, маърифат орқали жаҳолатнинг олдини олиш мумкинлигини ўғлим ҳаёти мисолида кўрдим.
– Алишер Навоийнинг “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, деган машҳур байти Анвар қорининг ҳаёт шиори десак муболаға бўлмас.
– Балки, шундайдир. Маҳаллада ким қийналса, дарров ёрдам қўлини чўзарди. Масжидларга ёрдам сўраб борганлар кўп бўларди. Ҳеч кимни ноумид қилмасди. Биргина сўз ҳам инсонга далда бўлади. Сўзи билан, илми билан, қўлида бўлса, эҳсони билан одамларнинг мушкулини осон қилишга ҳаракат қилар эди. Айниқса, ёшларга эътибори бошқача бўлган. Шундай воқеани айтиб бергани ёдимда:
“Бир куни пешиндан кейин масжид дарвозаси ёнига келсам, бир қизгина мунғайиб турибди. Ийманибгина салом берди. Сўнгра ТошМИга (ҳозирги Тиббиёт академияси) контрактга ўқишга кирганини, аммо ота-онаси контрактга тўлашга пул топа олмаётганини айтиб ёрдам сўради. Фаҳмладимки, бу даргоҳ унинг сўнгги илинжи... Менда унча пул йўқ. Нима қилишни билмай бошим қотди. Кейин “Қизим, сиз шу ерда ўтириб туринг, мен ичкарига кириб икки ракат намоз ўқиб чиқаман, Аллоҳ меҳрибон, бирор жойдан етказиб қолар”, дедим-да, масжидга қайтиб кириб икки ракат ҳожат намозини ўқидим. Раббимизга шугинани ноумид қайтармасликни сўраб дуолар қиляпман-у, кўзим эшикда. Аммо ҳеч ким келмади. Ахийри, ўрнимдан туриб қизгинанинг олдига бордим. У менинг аҳволимни кўриб дарров тушунди, ҳеч нарса демади. Олдин-кейин бўлиб ташқарига йўналдик. Шу вақт орқадан бировнинг “Қори ака!” деб чақиргани қулоғимга чалинди. Ўгирилиб қарасам, орқа дарвоза тарафдан бир одам гўёки учиб келяпти. Бизга етар-етмас: “Қори ака, контракт тўлайдиган талабалар йўқми?” деса бўладими...”
Маҳаллада ёш йигитлар тўпланиб, гап сотиб ўтиришларига йўл қўймасди. Илм ўрганишга ёки бирор фойдали иш билан шуғулланишга чақирарди. Ичкилик ичганларни ёмон кўрарди. Ёши катта бўла туриб, сархуш юрганларни ҳам бу хато йўлдан қайтарарди. Бефарқ бўла олмасди. Ҳаммани ҳидоятга чорларди. Сабаб бўлиб тўғри йўлни танлаганлар ҳозир ҳам ўғлимдан миннатдор эканликларини гапиришади.
– Устознинг “Фазилатлар китоби”, “Инсон мукаррам зот” номли асарлари ҳам ўқувчини эзгуликка, одамийликка чорлайди. Айниқса, оналарни улуғлайди. Ўзлари каби сўзлари ҳам барҳаётдир!
– Ўғлимнинг сўзи билан иши бир эди. Оилада ҳаммага, онага, аёлига, келинларга ширинсўз, меҳрибон бўлган. Уйда бақир-чақир тугул, баланд овозда гапириш бўлмаган. Агар аёл жаҳл билан бола эмизса, унинг сути заҳарга айланади, кейинчалик бола бемеҳр, қаҳри қаттиқ бўлиб улғаяди.
Эр-хотин бир-бирига қўш-қанот. Эр – нафақат турмуш ўртоқ, балки, отаси, ака-укаси, тоғаси ўрнини босувчи суянч тоғидир. Шунингдек, бу ҳурматга яраша аёл ҳам она деган номга муносиб бўлиши керак.
Ҳамма гап оналарда, она нафақат болани, ҳатто турмуш ўртоғини ҳам тарбиялай олади. Фарзанди аржумандининг шундай ўгитлари эл орасида ҳикматга айланиб кетган.
Уларга: “Бизга раҳмат олиб келадиган фарзанд бўлинглар, изларингдан бирор ёмон гап эшитмай”, – дердим. Аллоҳга шукур, тарбияда адашмаган эканмиз, раҳматлар эшитамиз. Қудалар ҳам невара қизларимизга яхши тарбия берганимиздан миннатдор бўлиб гапиришади. Қиз бола меҳнатдан қочмаслиги керак. Афсуски, айрим оналаримиз қизларини эркалатиб юборишган. Борган жойида ҳамманинг кўнглини олишга, дуо олишга интилиши керак. Янги оилалар кўпинча алоҳида яшашни исташади. Лекин қайнота-қайнона, бува-бувиларнинг оила бобидаги тарбия ва тутумини олиб, фарзандларини сал оёққа турғизиб, кейин алоҳида бўлиб чиққани маъқул, деб ўйлайман, – дея Ҳикоятхон ая шинамгина ҳовлига бирқур кўз югуртириб, сўзида давом этди. – Тўрт келин туширдим, уч невара келин билан яшадим. Барча уй юмушларини улар билан бирга бажариб келаман. Неваралар билан дарс вазифаларини бирга тайёрлаймиз. Китоблар ўқиймиз. Ўғлимдан уч ўғил, икки нафар қиз ёдгор бўлиб қолди. Раҳматлик ўғлим кўзи тириклигида биринчи неварасини кўра олди, холос. Ҳозир, Аллоҳга беадад шукурларки, неваралари сони саккизта бўлди. Катта ўғли — Низомиддин Ипотека банкида, Нуриддин — тижорат соҳасида ишлайди. Икки қизи ҳам яхши жойларга келин бўлиб, тиниб-тинчиб кетишган, фарзандлар тарбияси билан ўтиришибди. Ҳозир қори ўғлимнинг кенжа фарзанди Зиёвиддин билан яшаймиз. У 16 ёшида қори бўлган. 4 ёшли ўғли Анваржон (исмини ўғлим хотирасига қўйганмиз) менга роса ўрганган. Ҳали бола ёшида бўлишига қарамай, бобосидек менга меҳрибон. Уни кўрганимда Қори ўғлимни кўргандек бўламан. Гоҳо фарзандларим, набираларим шаҳар айлантириб келишади. Баланд бинолар, янги уй-жойлар, метроларни кўриб, шаҳар таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганидан ҳайратланаман. Бугун юртимизнинг ҳар манзили фаровон бўлган. Авваллари атрофда дов-дарахт йўқ, яланг жойлар эди. Ҳамма қулайликларга эга, таниб бўлмас беқиёс гўзал шаҳарга айланиб кетибди.
– Ҳа, тўғри айтасиз, Ҳикоятхон ая, ўғлингиз Анвар қори илм уммонини дуру гавҳарларга тўлдириб к етдилар. Илоҳим, охиратлари обод бўлсин.
Ҳаммага баробар чексиз эҳтиром кўрсатган, қалби меҳр-муҳаббатга тўла, фозил, дониш инсонларни халқимиз ҳамиша улуғлайди, унутмайди. Илми урфон тарқатишни ҳаётининг мазмуни билган, эл ардоқлаган раҳматли аллома Анвар қори хонадонидан қайтар эканмиз, онахонга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тиладик. Шундай оналар борки, Ватан, халқ учун улуғ олим ва фозил фарзандларни дунёга келтириб, вояга етказади. Ҳикоятхон ая ҳам миллатимизга фахру ғурур бўлган алломалар волидалари каби улуғ Она деган номга бешак муносибдир.
Ҳилола ИБРОҲИМОВА,
Тошкент шаҳри.