НАСР
Истеъдодли адиба Меҳринисо Қурбонованинг "Яшаш осон эмас", "Муҳаббат мавсуми" насрий асарлари чоп этилган. Аёл қалбининг зариф кечинмалари, муҳаббат қувончлари ва изтироблари унинг самимий руҳдаги ҳикояларига гоҳ ёрқин, гоҳ маҳзун оҳанглар бахш этади.
СЕН БИР ГУЛСАН
Ҳикоя
Малоҳат ҳар йили илк баҳор байрамида турмуш ўртоғидан гул кутади. Аммо худди атайлаб қилгандек, эри шу куни қаёққадир кетади ёки уйга ширакайф бўлиб қайтади.
Ижтимоий тармоқларда байрам арафасида “Сизга гул совға қилишларини хоҳлайсизми, пулми?” тарзида сўровнома ўтказишлари дард устига чипқондай бўлади. Кимдир гул дейди, яна кимдир пул керак, дейди, яна кимдир эса ҳам гул, ҳам пул керак, дейди. Кўнглимнинг кўчалари!
Малоҳатга айнан чиройли гул керак! Болалари ҳали кичкина: оналарига гулдаста совға қилишларига анча қовун пишиғи бор. Эр деганлари нима совға қилай, дейишни хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Шунинг учун гулдаста тугул, бир дона атиргул ҳам совға қилмаган. “Шундай экан, умид қилиб нима қиласан, тушингда кўрасан гулни!” Баъзан шундай деб ўзини ўзи совутмоқчи ҳам бўлади.
Бирга яшаётганларига ўн йил бўлди. Турмуш қурганларининг еттинчи йилимиди, эри саккизинчи март куни икки дона ясама гул кўтариб тиржайиб кириб келди. Малоҳатга жуда алам қилди, эшитилар-эшитилмас “раҳмат” деб бурчакдаги жавон ичига ташлаб қўйди. Янаги йили эри аёллар байрами арафасида жавон ичидан нимадир қидириб, улоқтирилган ўша ясама гулларни топиб олди ва сувга бир чайиб, яна аввалги ҳолатда аёлига узатган. Малоҳат олгану эри чиқиб кетгач, гулларни деразадан кўчага улоқтирган эди ўшанда.
У аёллар журналида ишлайди. Бугун бош муҳаррирнинг топшириғи билан муштарийлардан тушган саволларни йиғиб, жавоб олиш учун психолог ҳузурига йўл олди. Автобусга ўтирган Малоҳат йўл-йўлакай қоғозга чиқарилган саволлар билан танишиб борди. Унинг диққатини бир савол тортди.
– Ҳурматли психолог! Менинг орзуйим эримдан совға олиш. Лекин у киши бирон марта менинг бу истагимни бажо қилмаган. Ишора қилиб айтганимда ҳам, “Ойнаи жаҳон”да фильм намойиш этилаётганида аёлига табассум, меҳр билан гул узатган эркакларни кўрганида ҳам шундай совға билан кўнглимни олишга ақли етмайдиган одам билан яшайман. Мени худбинликда айбламанг, илтимос. Гап эътиборда! Кўча тўла гул дўконлари. Ёнидан неча марталаб ўтаётган эркакнинг наҳотки аёлига, кичкина бўлса-да, гулдаста сотиб олишга фаҳми етмаса? Мен эримни кўчадан келиши билан чиройли кутиб олиб, олдига дарҳол иссиқ таом қўядиган, болалари учун жонини жабборга берадиган, орқасидан ҳуда-беҳудага кириб келаверадиган меҳмонларини чарчаб, толиқиб турсам-да, табассум билан кутиб оладиган хотин сифатида керакман. Рости, бу одамдан кўнглим совиб кетган. У билан ажрашмоқчиман!
Эридан гулдаста кўрмагани учун ажрашмоқчи эмиш! Шунақаси ҳам бўларкан-да! Момоларимиз, оналаримиз бош эгаларининг гул совға қилишларини кутишмаган, ҳатто, уларнинг даврида бундай русум ҳам бўлмаган. Оиласи билан қорнилари тўқ, хотиржам, тинч яшашса бўлди, аслини олганда очигаям, тўқигаям чидашган. Пешоналарига битилган шу эр, шу хотин билан ўлгунларича умргузаронлик қилишган. Малоҳат шундай ўйлар ичида ўтириб, ўзидан уялиб кетди. Саволдаги дард унинг ҳам дарди эди. Арзимаган, ҳа, арзимаган гулдаста олмагани учун ажрашмоқчи бўлаётган аёлдан ранжиди. Эсига ҳамиша чаккасига ҳовлида гуркираб ётган райҳонларнинг бир-икки япроғини тақиб оладиган момоси тушди. Райҳон иси анқиётган юзларига юзини босганида боладек қиқир-қиқир куларди раҳматли.
Психологга бирин-кетин саволларни берди. Ўттиз беш ёшлардаги жиддийгина йигит жавоб бераркан, Малоҳат унинг айтганларини диктофонига ёзиб ола бошлади. У гулдаста ҳақидаги саволга жавоб олишни сабрсизлик билан кутаётган эди. Суҳбат ўша нуқтага келганида психолог пешонасини ушлаб жимиб қолди.
– Мана, сиз нима деб ўйлайсиз? – саволга савол билан жавоб берди у. – Эри гулдаста тутқазмагани учун ажрашаётган аёл ҳақидаги фикрингиз қандай? Болаларини тирик етим қилиб ажрашишга арзийдими ўша...ўша бир тутам супурги?
– Билмадим, билмасам... – деди Малоҳат дафъатан гап топа олмай. – Менимча, бошқа сабабиям бўлса керак?
– Бошқа айбларини айтмаган-ку...
– Биласизми, кўпчилик аёллар турмуш ўртоқларининг бад қилиқларини кўчага чиқариб, достон қилишни истамайдилар. Балки, бу аёл ҳам... Малоҳат гапини ярмида тўхтатди.
Психолог эса қизишиброқ гапини давом эттирди:
– Шу аёлнинг эри вояга етган хонадонда эркаклар аёлларига бирон марта гул совға қилмагандир. Буни кўриб ўсган йигитча бир кун келиб, уясида кўрганини қилгандир. Аёллар ҳам ҳар хил. Кимдир гул шайдоси, яна кимдир пул шайдоси. Масалан, мен аёлимга ҳар замонда пул бераман, хоҳлаганингни ол ёки бошқа эҳтиёжларингга ишлат, дейман. Биз пойтахтнинг қоқ марказида яшаймиз. Аммо жуфти ҳалолимнинг кўнглида гулга иштиёқ борлигини сезмаганман. Пул тутқазганимда эса қувончдан кўзлари порлайди. Опам бунинг акси. Поччам кўп азоб бергани учун ёшлигида икки боласи билан ажрашиб кетган. Ўғли тез-тез гоҳида атиргул, гоҳида чиннигуллар опкелиб онасини хурсанд қилишни яхши кўради. Тунов куни борсам, жияним бир даста сиёҳранг чиннигуллар олиб келибди. Опамнинг қувончдан кўзлари ёшга тўлди. “Кўряпсанми, бу гуллар менинг шунча йиллар давомида тортган машаққатларимни бирзумда ювиб юборади, бекорга яшамабман, умримни шуларга бағишлаганимга берилган мукофот”, – деди.
– Ана, кўрдингизми? Бунинг қувончи, барибир бошқача. Назаримда, Аллоҳнинг бу беназир мўъжизаси энг аввал Аёл зотини хурсанд қилиш учун яралгандай. Шунинг учун опангиз бахтиёр, – деди Малоҳат. – Савол эгасига нима деб жавоб берамиз?
– Диктофонингизни қайта ёқинг, ўчиргандингиз, шекилли, – деди психолог. – Саволга жавоб бермасак бўлмас. Хоҳлайсизми йўқми, Сизнинг ҳам ўзингизга яраша феъл-атворингиз бўлганидек, эрингизнинг ҳам ўзига яраша фазилату хислатлари бор. Лекин жуфтингиз қандай бўлишидан қатъий назар, яхши томонларига ҳам аҳамият беринг. Бу дунёда ким ҳам мукаммал? Ҳар биримизнинг ўзимизга яраша баланд-паст жиҳатларимиз бор. Эру хотин яхши ниятлар билан бир ёстиққа бош қўйишса-ю, бир камчилигини топиб олиб, ажрашиб кетаверишса... Бу ёқда болаларнинг ҳоли нима кечади? Келинг, хаёлларингизни йиғиштириб олинг, жуфтликда кечган бахтли кунларингизни ёдга олинг. Олти йил яшаб қўйибсиз. Наҳотки, ҳаётингизда турмуш ўртоғингиз билан боғлиқ бахтли, ёқимли кунлар бўлмаган? Ўйлайманки, бундай кунлар хотирангизда албатта, бор. Ўйлаб топишга ҳаракат қилинг. Бахтли бўлинглар.
Малоҳат суҳбатни якунлаб, ишга қайтаркан психологнинг савол эгасига: “Эрингизнинг яхши жиҳатларини бир ёдга олинг”, деган гаплари эсига тушаверди.
... Унинг иккинчи туғуруғи анча оғир кечди. Палатадаги учала аёлнинг ҳам чақалоқларини икки-уч соатдан кейиноқ қўлларига тутқазишган. Унга гўдагини беришмагани учун алам ва оғриқлардан бошини кўрпага буркаб йиғлаб ётганида, ҳамширанинг жонҳолатда: “Бу ёққа кирманг, кириш мумкинмас”, – деган қичқириғи эшитилди ва нима гаплигини билиш учун бошини кўтариб қараса, эри эшик олдида бир даста райҳон аралаш сариқ, қизил гулларни кўтариб турибди. Туфлиси, шимининг почаси лойга беланган. Палатадаги аёллар ҳангу манг бўлиб қолишди.
– Яхшимисан? – деди эри. – Ўғилча қалай, ўғилча? Исмини Умар қўямиз. Эшитяпсанми?
– Хўп, майли, – деди Малоҳат ҳайрон бўлганича. – Бу нимаси? Буларни қаердан суғуриб олдингиз? Ҳаммаёғидан чакиллаб сув томаяпти!
– Опамдан келинингизга нима оборай десам, гул обор, деди. Ахтариб гул дўконини тополмадим. Туғуруқхона олдида мана булар ўсиб ётибди. Яқинда суғоришган экан. Нима бўлса бўлар деб, томир-помири билан суғуриб олдим. Ҳаммаёғим расво бўлди. Қоровул ортимдан қувлади. Хуллас, мана сенга гул! Мен кетдим. Ишга боришим керак.
Малоҳат ҳозир шулар ҳақида ўйлар экан, кўз олдига эрининг ўша суврати келди: қўлидаги гуллардан сув томиб турибди, пойабзали, шимининг почаси лой.
Автобусга ўтирганида телефонига кимдир ёзув юборди. Очиб қараса, қадрдон дугонасидан экан. “Бугун эрим мени қаттиқ хафа қилди. Бир умр шу инсонга пойи патак бўлдим, оғзидан чиққанини муҳайё қилдим. Аммо бир оғиз ширин сўзи йўқ. Кеча укам мендан хабар олгани кирувди . “Сиз поччамнинг қулисиз! Қадрингизга етмайди”, – деди. Укам кетганидан кейин роса эзилиб йиғладим. Ҳақиқатан ҳам мен қулман, қулман!”
Ўша заҳотиёқ дугонасига жавоб ёзди:
“Азизам, куйинма. Минг афсуслар бўлсинки, эркакларимиз аслида биз уларнинг эмас, Аллоҳнинг қули эканлигимизни дунё яралганидан бери англаб етишмаган. Бир нарсани тушуниб етгинки, тақдиримизга бежизга шу инсонлар ёзилмаган. Улар бизнинг қазои қадаримизгача битилган қўриқчиларимиз. Унга қанча бош кўтарсанг, қанча нолисанг, қанча қарши чиқсанг, ўзингга, ҳа, фақат ўзингга жабр қилаётган бўласан. Ҳар нима бўлишидан қатъий назар, ким нима демасин, сен қул эмассан, сен бир гулсан! Гулки ифорлари, ҳатто тиконларидан ҳаёт қувончлари сочиладиган гулсан!”