БУХОРОНИНГ ШЎРДАНАГИ

      Бутун маҳалла бўйлаб бир хил овоз баралла эшитилиб туради: Тиқ-тиқ-тиқ...
     Қайсидир мусиқани эсга туширади. Четдан келганлар ҳайратланиб:
– Бу қандай товуш? – дея ажабланмоғи табиий.
     Бу – данак чақиш пайтида чиқадиган овоз. Бухородан бошқа шаҳарларга боргувчилар совға тариқасида, албатта, шўрданак олиб боради.
     Мазали, хушхўр бу неъматдан ҳеч қачон одамнинг кўнгли қолмайди. Дастурхон кўрки.
     Бунинг устига иммунитетни оширади, иштаҳа очади, оқсилга бой.
     Ғиждувон тумани Қассобон маҳалла аҳолисини шўрданакчилар, дейишади. Ҳудудда 4612 нафар фуқаро истиқомат қилади. 24 оила шўрданак савдоси билан шуғулланади. Қолганлари эса данак чақиб беради.
     Шу соҳанинг пирига айланганлардан бири Боғчағози қишлоғида истиқомат қилувчи Тамара Иззатовадир. 66 ёшни қоралаган, сочлари оппоқ, ҳаракатлари эпчил, чеҳрасига йиллар армони чизиқлари нақшланган. Болалигида раҳматли бобоси Файзулла Усмонов шўрданак тайёрлар экан. Тамара ҳам данак чақиш, қовуриш ва бошқа юмушларда бобосининг ёрдамчиси бўлган экан.
     Қария тайёрлаган шўрданакларини майдалаб, ўтган-қайтганга сотиб овунарканлар.
– Ўшанда бу ишга меҳрим тушган, – дейди опа.
     Ўтган асрнинг 80-йиллари турмушга чиққач, дала ишларидан ортди дегунча, данак чақиш билан машғул бўларди.
     Уч нафар фарзанди улғайгач, бу соҳани тадбиркорликка айлантириб ризқ топаётир.
     Кунига 400-500 килограмм шўрданак тайёрлашни бир киши уддалай олмайди.
     Кайвони онахон аввал бу ишни оила аъзолари билан биргаликда бажарган бўлса, кейинчалик қўни-қўшниларини, бутун қишлоқ аҳлини жалб этди.
     Бир килограмм данак чақиб берганга бир ярим минг сўм ҳақ тўланади. Айрим оилалар бир кунда эллик килограммгача данак чақиши мумкин. Бу хонадонга яхшигина даромад кирди, дегани. Шу боис бутун боғчағозиликлар бошқа юмуш билан банд бўлса-да, бўш вақтида, албатта, данак чақади.
     Ҳовлига разм соламиз. Бир томонда ўн чоғли аёл махсус мосламаларда данак ажратмоқда. Юзлаб қопларда
ўрик данаклари ғарамлаб қўйилибди.
     Яна бир томонда катта қозонларда данак қовуриляпти.
– Аввал уларнинг йириги, кейин ўртачаси, ундан кейин кичиклари ажратилиб, одамларга чақиш учун тақсимлаб берилади. Қабул қилиб олингач, обдан қайнатилади. Сўнг ёйиб, қуритилади, синган пўчоқ ва мағизларидан тозаланади. Шундай қилинмаса, оловга қўйилганда куйиб, маҳсулот сифати бузилиши мумкин...
    Сўнг оз-оздан қовуриб, оқланади. Тайёр ҳолга келгунича йигирма икки жараёндаги юмушлар бажарилади, – дейди Тамара опа.
     Унинг тўнғичи – Нурмат Иззатов шу соҳанинг йирик тадбиркори, олийгоҳда ўқийдиган ўғли Нарзулла унга кўмаклашади. Улар тайёр маҳсулотни республикамиз бозорларига тарқатадилар. Баъзан хориж давлатларига сотувини ҳам таъминлайдилар.
     Бу аёл бир вақтлар қишлоқда ягона шўрданакчи бўлса, ҳозир улар сафи кенгайган.
     Меҳринисо Жумаева, Зебунисо Давронова, Мавлуда Ниёзова, Дилором Файзиева, Гулноз Восиева ва бошқалар хонадонида ҳам кўп миқдорда шу неъмат тайёрланиб, эл дастурхонига тортиқ қилинади.
– Бизнинг маҳаллада ишсиз одам йўқ. Кимда бўш вақт бўлса, кўпнинг қўли ўрганган ишга қўшилиб, даромад топадилар, – дейди Қассобон маҳалласи раиси Ойбек Жўраев.
     Бундан олтмиш йил аввал Тамара Иззатова бобосидан ўрганган юмушни бугун неваралари давом эттирмоқда. Шу зайл Бухоронинг шўрданаги сулоладан сулолага ўтиб дунё бўйлаб ўзбек номи билан бирга айланиб, довруқ таратмоқда.

Махфират АТОЕВА,
“Саодат”нинг Бухоро вилоятидаги мухбири.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар