САВАТЛАР ТЎЛА ОҚЛИК

 ОРАМИЗДАГИ ОДАМЛАР

САВАТЛАР ТЎЛА ОҚЛИК

     Бекобод туманининг “Ёшлик” маҳалласида яшовчи қурутчи хола Гулсара Яхшибоевани кўпчилик танийди.
– Илк бор 15 ёшимда бозорга чиққанман, – дейди қаҳрамонимиз. – Раҳматли онам Ҳувайдо ая қаттиққўл, бир сўзли аёл бўлган, меҳнаткашлиги кўпчиликка ибрат эди. Уйимизда иккита соғин сигиримиз бор: сути нафақат биз болаларга, қўни-қўшниларга ҳам етарди. Қолган қатиқларни халтага солиб зардобини ажратиб олардик. Эҳҳе, сузмамизнинг мазаси оғзингизда эрирди. Увол қилмаслик мақсадида қурут қилиб қўярдим. Энди ўйласам ўзим билмай тадбиркор бўлган эканман. Отам ёшлигимизда оламдан ўтди. Онам беш бола билан оилани тебратарди. Гоҳ у, гоҳ бу тўсиқларга дуч келганмиз. Бироқ енгиб ўтдик. Абдушукур ака қирқ йиллик ёстиқдошим, қўлигул ошпаз. Тўрт нафар ўғлимиз бор. Биласиз, қизи йўқ хонадонга келин тушмагунча уй юмушлари онанинг зиммасида бўлади. Менинг ўғилларим эса қўлимдан ишимни олишди. Ўғил боламиз, дея қараб туришмади. Уй супуриб, овқат қилишар, керак бўлса сигир-бузоқни ҳам эплашди. Далада шоли экиб, деҳқончилик қилдик. Бошқа юмушларга қўл уриб кўрдик. Лекин ҳеч қачон қурут тайёрлашни канда қилмадим. Сўнгги ўн йилдан бери доимий машғулотим шу. Бироқ хусусий тадбиркор мақомига эга эмасман. Чунки олаётган даромадимизга энди барака киряпти. Қолаверса, фойдамизга асосан маҳсулот харид қиламиз. Меҳнатимиз ортидан тўрт келин тушириб, янги иморат солдик. Бир хонадонда тўртта оила яшаймиз. Ёшинг ўтган сари кўзингдан уйқу қочаркан. Намозшом ўтгач, икки соат мизғиб оламан. Тонгга қадар қурут тайёрлайман. Ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, олтмишдан ошганимни ҳам сезмай қолибман. Гоҳида келинларим уйқуларидан воз кечиб қанотимга киришади. Ўғил-келинларимни ёнимга олиб, қувватим борида, алоҳида сузма, қурут тайёрлашларини маслаҳат бердим.
– Ойижон, қатта қозонда барчамиз тенг қайнаганимиз маъқул, деб аввалига рози бўлишмади. Аммо кўндирдим. Ҳозирги кунда икки келиним – Мавлуда ва Сарвинозлар ҳам ўз ишининг устаси.
     Сўриларга қатор қилиб терилган саватларга қарарканмиз, Гулсара ая фикримизни уққандек бўлди:
– Онам раҳматли оққа хиёнат қилиб бўлмайди, баракаси учади, деб кўп уқтирарди. Шу ўгитга амал қилиб келаман. Қурут тайёрлаш бир неча босқичда ўтказилади. Олиб келинган қатиқ, сузмалар сурп матосидан тикилган халталарга солиниб, зардобидан ажратиш учун тош остига бостирилади. Беш-олти соат ўтгач, туз солиб хамирдек ишлов берилади. Яна тиндириб қўйилади. Тайёрлов жараёни саккиз-ўн соатни талаб этади. Ишчиларимиз ҳам талабларимизни билишади. Тозаликка қаттиқ риоя қиламиз.
     Қурут тайёрлаш жараёнидаги айрим нохолисликлар қулоққа чалиниб туради. Шулар ҳақида сўраганимизда онахон шундай жавоб берди:
– Авваллари инсофини ютган баъзилардан ранжиган вақтларим бўлган. Айримлар маҳсулотини тарозида оғирроқ тош босиши учун ун, алебастр қўшган ҳолатлар бўлган. Бундай кимсаларга дакки берганман. Ҳозир замон ўзгарди. Ҳар бир маҳсулот сифати харид қилишдан олдин текширилади. Унга йод суюқлигини томизганда ўзгариш бўлмаса, сифатли. Акси, бўлса йод тарқаб, маҳсулот қорайиб кетади. Ҳозир экспортчилар аввал текшириб, кейин олишади.
    Маҳсулотимиз бозор талабига қараб, турли ҳажмларда тайёрланади. Ички бозорда 10-15 граммлик қурутларга талаб бор, чет элликлар учун каттароқ ҳажмда қадоқланади. Қалампир, райҳон, ялпизли аралашмадан тайёрланганларига ҳам харидорлар оз эмас. Туз-намаги камроқлари кўнгилга кўпам тегавермайди.
Тадбиркорнинг маълумотлари бир-биридан қизиқ туюлди:
     Ёз фаслида ҳафта давомида 1,5-2 тоннагача сузмалар думалоқланиб, 180-200 тагача саватларга жойланади, қуёшнинг "кучи" билан икки-уч кунда тайёр бўлади. Жараён якунлангунга қадар 15-20 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланади.
     Бекободлик тадбиркор аёл ҳунарини қизғанмайди: 7 нафар шогирди бор.
– Чаккини думалоқласангиз қурут бўлиб қолмас экан,— дейди шогирди Лола. — Тўғри, қишлоқ аёлларига бу ҳунар оддийдек туюлар, бироқ маҳсулот тотимли бўлиши учун жуда кўп тер тўкишга тўғри келади. Устозимнинг бир гапи доим ёдимда туради: "Одам камбағал бўлиб туғилмайди. Камбағаллик ишсизлик билан эмас, дангасалик билан эгизак". Шунданми, тинимсиз ҳаракатдамиз.
     Ҳамён ва дармон учун фойдали бўлган мазкур ҳунар турининг хусусиятларидан яна бири шуки, кафтлар орасида айлантирилса, марказий нуқталарни доимий ҳаракатга келтириб туради. Қон босимининг кўтарилиши, тезда асабийлашиш, яна бир қатор касалликларнинг олдини олиши мумкинлигини аёллар тажрибасидан гапириб беришди.
     Келгусида "Бекобод қурути" брендини яратишни ният қилган оила маҳсулотнинг янги турларини яратиш арафасида. Совуқ пайтларда уларни тез фурсатда қуритишнинг иложи йўқ. Шу боис хонадонни иситиш учун мўлжалланган печлар устига сават қўйишга симлар ўрнатилади.
– Қишда печкага ўтин қалаб хоналарни иситамиз, – дейди Мавлуда Яхшибоева. – Қурутлар бир хил қуриши учун саватни тез-тез айлантириб турамиз. Акс ҳолда ранги ҳар хил бўлиб қолади.
Абдушукур ака ва Гулсара аянинг ўғиллари Зуҳриддин, Баҳриддин, Камолиддин, Зиёвуддинлар оталари йўлидан юриб моҳир ошпаз бўлиб етишишди. Келинлари фарзандлар тарбиялаш баробарида қайнона-қайноталари хизматида. Қишлоқда меҳнати, аҳиллиги билан эл ҳурматига сазовор бу оилада меҳнат, тотувлик ибрати бор.
     Тайёрлаган мақоламиз босмага тушиб кетаётганда, туман ҳокими ушбу маҳалладаги муаммоларни ўрганиш чоғида бу оила фаолияти билан ҳам танишганидан бохабар бўлдик. Туман ахборот хизматининг маълум қилишича, пойдевори кўтарилган махсус қурутхона учун ҳокимлик томонидан зарур қурилиш материаллари ваъда қилинган. Шунингдек, бу ҳудуддаги кўчалар шағаллаштирилиб, тунги ёриткичлар ўрнатилган.
Эзгу ишларга ҳамиша яхшиликлар шерик бўлади. Яхшибоевларнинг яхши амаллари бунга яққол мисолдир.


Нигора ЎРОЛОВА,
Тошкент вилояти.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар