Ўғлим Элёрбек тўрт-беш ёш бола пайти эди. Байрам арафасида: “Менга совға оберинг сизни табриклайман”, деб (бола экан-да) хархаша қиларди. Дадаси олган совғасини кўрсатиб мана шу иккимизнинг номимиздан, деса кўнмай ер тепиб йиғларди. Бирон хил матоми, рўмол ёки сочиқми қўлимга илинганини жавондан олиб берсам севиниб ўраб-чирмашга тушарди. Байрам куни эрталаб: “Мен сизни яхши кўраман, аяжон”, деб табриклаб, юрагимга қувонч улашарди. Эсимда 6 март куни эди. Одатича мендан совға сўрамаётгани учун ўғилчамга: “Ҳар доим мендан байрамлик сўрардинг, бу йил нега жимсан?”– дедим. У кемшик тишларини кўрсатиб жилмайиб, “мен катта бўбқолдим аяжон, мактабга борган бола ўзи совға олиши керак”, деди. Тушлиги учун берилган бир-икки сўм пулни совға олишга йиғиб қўйганини эшитиб, кўзимга ёш келди.
Эртаси куни ўғлимнинг ўқитувчиси ишхонамга қўнғироқ қилиб: ”Элёрбек катта танаффусдан сўнг қайтиб синф хонасига кирмади, ҳеч қаердан тополмаяпмиз”, деган хабарни айтганида юрагим қалқиб кетди. Дадаси билан хабарлашиб биримиз уйга, биримиз мактабга қараб чопдик. Уйдан ҳам, яқин қариндошларникидан ҳам тополмадик. Ҳамма оёққа турган, мен эса: “Менинг болам ақлли, албатта уйимизни топиб келади. Яккаю ёлғизимни Ўзи асрайди”, деб йиғлардим. Мактаб раҳбарлари, ўқитувчиси ҳам биз билан жони ҳалак бўларди. Устози янги келинчак эди. Унинг айтишича, икки кун олдин ўғлим унга: “Устоз, ялтироқ рўмолиз чиройли экан, мен ҳам аямга шунақасидан обераман, қатта сотади?” деб суриштирганмиш. Соддагина устози ҳам “район сентирида тижорат дўконларида тўлиб ётибди”, деган экан. Ҳартигул, шу гапини эслаганига шукур қилиб, район марказига йўл олдик. Ҳар бир дўкон эгасидан сўраб-суриштирдик.Уйимизга анча йўл бор. Қайси автобусга чиқиб уйга қайтишни билмаслиги аниқ эди. Жону жаҳоним қоронғу бўлиб кун қорая бошлаганда ҳам изи топилмасди. Ички ишларга хабар бериб, кўча дарвозаси олдида ҳолсизланиб ўтирсак, қулоғимга боламнинг овози чалинди. Не кўз билан кўрайки, кўча бошидан югуриб келарди. Қувонганимдан “дод” деб юбордим. Қўлидаги нарсани орқасига беркитарди. Унинг айтишича, боғчасига олиб борадиган автобусни таниб, унга чиқиб олган. Дўконларни айланиб ўқитувчиси ўрагани каби ялтироқ рўмолдан харид қилган. Икки бувисига ҳам қўшиб совға олган. Кейин яна ўша автобусни қайтишига чиқиб ўтирган-у, ухлаб қолган экан. Манзилига бориб қайтаётганда шофёр амаки уни кўриб уйғотиб, уйингни қандай танийсан, болакай, деса кааатта каналнинг ёнида қабристон бор, ўшатта тушсам танийман, деб уйимизни ўзи топиб келганмиш.
Болам омонлиги, ўз уйини таниб келгани учун минг шукрона қилганим билан юрагимни ваҳима, қўрқинч тарк этмасди. Туни билан алаҳсираб чиқдим. Иссиғим кўтарилди. Лабларимга учуқ тошиб, гапиришга ҳам ҳолим йўқ эди. Кўзимни очсам, бошимда ўғилчам мунғайиб ўтирган экан. Қўлида бирдона атиргул билан ялтироқ рўмол... Ие, нега ухламадинг, дам олиш куни-ку, деган саволимга: ”Ухламадим, аяжон, мен сизни ўрнингизга номоз ўқидим. Мени кечиргин, аямни хурсанд қиламан деб, касал қилиб қўйдим, аяжоним яхши бўлиб қолсин, деб Худодан сўрадим”, дея йиғлаб юборди..
Яхшиям байрамларимиз бор. Яхшилик– яхши-да! Боболар момоларга, болалар оналарига, акалар сингилларига яхшилик илинадиган, ҳолидан хабар олиб жонига жон бўладиган кунларга яна етдик.
Бу йил онам яна бир янги баҳорни қарши оляптилар. Юрагим, қалбим ўзимдан олдин йўлга чиққан. Онамнинг бағрига ошиқяпман. Баҳорлар билан қутлайман. Чиройли кўйлак тикдим, рўмол олиб бораман. Кейин... кейин барча дардларим ариб, баҳордан ҳам ёшариб кетаман...
Азиз опа-сингилларим, дугоналарим, қизларим, баҳорий байрамингиз қутлуғ бўлсин!
Мунаввара Усмонова - "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.