УМРНИНГ ҲАР ДАҚИҚАСИ ҚАДРЛИ

 

ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ

УМРНИНГ ҲАР ДАҚИҚАСИ ҚАДРЛИ

     Ассалому алайкум, ҳурматли ”Саодат“ журнали жонкуярлари! Онахон журналнинг кўп йиллик ўқувчиси сифатида сизларга ўзгача меҳрим ва ишончим бор. Айни пайтда менга маслаҳатингиз зарур. Ҳозирда кўп аёлларнинг оғриқли муаммосига айланиб бораётган кўкрак саратони ҳақида маълумотлар берсангиз.

Сирдарёлик Гулсум

     Ҳозирда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кўп тарқалган онкологик касалликлардан бири, шубҳасиз, кўкрак бези саратони ҳисобланади. Аёлларда учрайдиган бу касаллик маълумотларга кўра, ҳар ўн аёлдан бирига хавф солиши мумкин. Қувонарли жиҳати шундаки, касаллик олдиндан аниқланса, 90 фоиз ҳолатларда тузалиб кетиши мумкин экан.
     Ушбу касаллик ҳақида аёлларимиз кўпроқ тушунчага эга бўлиши, саломатлигига бефарқ бўлмаслиги ва шу мавзудаги бошқа саволларга жавоб олиш учун Республика ихтисослаштирилган Онкология ва Радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали онкомаммологи Шаҳноза УСМОНОВА билан суҳбатлашдик.

– Кўкрак бези саратонининг келиб чиқиш сабаблари кўп. Бу касаллик кўп ҳолларда гормонал ўзгаришлар оқибатида келиб чиқади. Яъни ҳеч қачон кўкрак бези саратони келиб чиқишига биттагина омил сабаб бўлмайди. Ёндош касалликлар, масалан, бачадон миомаси, кистомалар, қандли диабет, турли гепатитлар, қалқонсимон без касалликлари каби кўплаб омиллар бу касалликни келтириб чиқариши мумкин.
     Кўкрак бези саратони илк босқичларда белгиларсиз кечади. Аёллар асосан кўкракларида қаттиқлик, тугунча ёки ҳосилани сезгандагина шифокорга мурожаат қилишади. Хасталик 50–70 ёшдаги аёлларда кўпроқ учрайди. Энг ачинарлиси, бугунги кунда касаллик ёшариб бормоқда. Ҳаттоки, 25–30 ёшли аёлларимиз ҳам бу хасталик билан мурожаат қилмоқда.
     Даволашда жарроҳлик, кимётерапия, нур терапияси ва керак бўлган ҳолларда антигормонал терапия ва таргет терапияси усулларидан комплекс равишда фойдаланилади. Барча даволаш усуллари биргаликда олиб борилгандагина ижобий натижага эришиш мумкин. Хасталик илк даврларида аниқланганида ундан халос бўлиш имконлари кенгаяди. Хасталаниб, даво жараёни муваффақиятли ўтган аёллар кейинчалик ҳам эҳтиёт бўлиб юришлари зарур. Улар бир йил давомида ҳар уч ойда диспансер назоратида бўлиб, текширишлардан ўтиб туришлари, оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланмасликлари, руҳий тушкунликларга тушмасликка ҳаракат қилишлари керак.
     Албатта, психологлар ишлаб чиққан тавсиялар жуда ҳам кўп. Ҳар бир онколог шифокор бемор ва унинг оила аъзоларига бу касаллик хабарини етказиш психологиясини яхши ўзлаштирган бўлиши шарт. Чунки “Сиз саратонга учрабсиз”, тарзида етказиш ҳар қандай инсонни саросимага солиши, касалликка яна бошқа хасталикларни қўшиши мумкин. Шу боис, албатта, “Ҳозир тиббиёт ривожланган. Кўкрак бези саратонини даволаса, деярли, барча ҳолатларда муваффақиятли кечяпти”, тарзида етказиш мақсадга мувофиқдир.
     Касалликка чалинмасликнинг бир неча чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Вақтида маммография, кўкрак безларини ультратовуш текширувларидан ўтказиб туришлари, сунъий абортлардан воз кечишлари (агар бунга заруратлар бўлмаса), бундан ташқари ёндош касалликлар (қандли диабет, организмдаги гормонал бузилишларни), кўкракдаги хавфсиз ўсмаларни вақтида даволаш, аёлларимиз витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилишлари, спорт билан шуғулланишларини тавсия қилган бўлардим.
     Азиз журналхонларда касалликнинг дастлабки босқичини қандай аниқлаш мумкин, деган саволлар туғилиши табиий.
     Дастлабки босқичларни фақат маммография ва ультратовуш текширувлари орқалигина аниқлаш мумкин. Лекин аёлда қуйидаги ўзгаришлар бўлса, дарҳол маммолог кўригига бориши керак, чунки бу ҳолатлар кўкрак бези саратони ривожланаётганини билдиради: кўкрак териси рангининг ўзгариши, гиперимия ёки пигментация, шиш, безсимон ҳосила, терининг апельсин пўстлоғига ўхшаш ҳолатга ўтиши, дерматитга ўхшаш тошмалар тошиши, қонли ва кофе рангидаги ажралмалар ажралиши ва бошқалар. Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Уни соғлом, хотиржам яшаш кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Бу ҳақиқатни қанча эртаангласак, умримизга умр қўшган бўламиз.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар