30 АПРЕЛЬ – ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РЕФЕРЕНДУМИ КУНИ
ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯВИЙ нормаларда аёллар ҳуқуқлари ва кафолатлари
Миллий давлатчилигимиз тарихида аёл кишига, энг аввало, она, авлодлар ва қадриятлар давомийлигини таъминловчи азиз зот, миллат тарбиячиси, оилада тотувлик, иноқлик, осойишталик муҳитини яратувчи шахс сифатида қаралган ва улуғланган.
Тараққиётимизнинг янги босқичида кенг кўламли ислоҳотлар билан бир вақтда хотин-қизлар, оила, баркамол авлодни тарбиялаш масалаларига эътибор кучайганини жамоатчилик кузатмоқда. Зеро, шиддат билан ривожланиб бораётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатлар хотин-қизларнинг нафақат оилада, балки, жамият ва давлат ишларида, иқтисодиётда ҳам фаол бўлишларини тақозо этмоқда. Аёл ўзининг ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий ҳимояланганини ҳис қила олсагина оиласида тотувлик, ишида барака бўлади. Фарзандларини тарбиялашда оналик меҳри жўш уриб туради.
Янгиланаётган Конституция лойиҳасида ҳам хотин-қизларнинг бу борадаги ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш масаласига эътибор қаратилган бўлиб, жумладан, 42-модданинг учинчи қисмида: “Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”, деб белгиланмоқда.
Таъкидлаш жоиз, айрим ҳолатларда ҳаётимизда хотин-қизларни камситиш ҳолатлари кузатилади. Бундай ҳолатлар, айниқса, ҳомиладор ва боласи бор аёлларга нисбатан кўп учрайди. Унинг асосий сабаби – бу тоифадаги хотин-қизларга меҳнат соҳасида қонунчилик билан иш берувчилар ҳисобидан жуда кўп имтиёз ва қулайликлар яратилганлиги. Натижада, бу тоифадаги аёлларнинг ҳуқуқлари яширин тарзда камситилаётганини кўрамиз. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ҳомиладор ва боласи бор аёлларни камситиш ҳолатларини тақиқловчи нормалар мавжуд бўлса-да, уни конституциявий даражада белгилаш аёлларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини юксалтиришда, шу билан бирга иш берувчиларнинг масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ҳаётий кузатишларимиздан биламизки, ҳомиладор аёллар туғуруққа тайёргарлик даврида ўзларининг ижтимоий фаолиятидан тўхтаб қолгиси келмайди. Баъзан вазият тақозоси билан жойларини ўзгартиришга тўғри келади. Авваллари бундай шароитлар юзага келганида уларнинг ишга киришида муаммолар бўларди, “Яқинда туғуруқ таътилига кетади”, деган нуқтаи назар уларнинг йўлларини тўсарди. Агар бирор ташкилотда штатлар бўйича қисқартириш кетаётган бўлса, бу ўзгаришда биринчи навбатда қўлида ёш боласи бор аёллар жабр кўрарди. Гап аввалида таъкидлаб ўтганимиз 42-модданинг 3-қисмида белгилаб қўйилган бу янгиланиш опа-сингилларимизнинг руҳиятини кўтарди, уларнинг қалбида “Менинг иқтидорим, маҳоратим жамиятга керак экан”, деган туйғуни уйғотиб юборди. Бу туйғу фарзанд тарбиясида, ижтимоий фаолиятида уларга чексиз куч-қувват бахш этди, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мамлакатда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида икки бараварга қисқартиришга бағишланган 85-мақсад доирасида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини икки баравар камайтириш белгиланган. Иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари назарда тутилган. 69-мақсад доирасида эса хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш масаласи қўйилган.
Янгиланаётган Конституциямиздаги бу ўзгаришлар хотин-қизларимизни жамият ҳаёти билан мустаҳкамроқ боғлайди. Ҳар бир аёл ҳамиша ўзини шиддат билан юксалаётган ижтимоий ҳаётнинг бир бўлагидай ҳис қилади. Ундан куч олади, имкониятидаги ғайрат, шахд, шиддатни ҳам жамият ривожига бағишлашга ҳаракат қилади.
Юқоридаги норма ғоясига уйғун бўлган яна бир норма борки, у Конституциявий қонун лойиҳасининг 58-моддасида акс этган, унга кўра: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”.
Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Жумладан, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага кўтарилиб, уларнинг сони қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга чиқди.
Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.
Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олишлари, илм-фан билан шуғулланишлари учун зарур шароитни яратиш давлатнинг алоҳида вазифасига айланди. Натижада биргина 2022 йилда олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 49,9 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.
Бу ўзгариш аёлларимиз билан оилалар, фарзандлар ҳаётига маърифий руҳ бугунгидан ҳам кўпроқ кириб боришини таъминлайди. Натижада давлат сиёсатимизда устувор бўлган жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш имкониятларимизни кенгайтиради. Фуқароларимиз, айниқса, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини кучайтиради. Бу ҳолат жамиятда қатор ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади.
Мухтасар қилиб айтганда, Конституциявий қонун лойиҳаси нормаларида акс этган хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳар бир норма ҳам миллий қадрият ва хусусиятларимизга, ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги халқаро меъёрларга мос. Бу эса мамлакатимизда аёллар масаласига давлатимизнинг юксак эътиборидан далолат беради.
Мухтабар ҲУСАНОВА, Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати,
юридик фанлари номзоди.