Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз
Одамнинг кайфияти яхши бўлмаса, уйидан чиққиси келмайди. Аммо кўксини соғинчли, ғурурли, курашчан туйғулар тўлдириб турса, кўзига йўл кўринаверади. Мен ҳам кейинги пайтларда эртакларда айтилгандек, “йўл юрдим, йўл юрсам ҳам мўл юрдим”. Гап аввалида айтиб ўтиш жоизки, гоҳ обод қишлоқлар, гоҳ чўл, даштлар, баъзан эса тоғу даралар аро кечаётган сафарларимиз мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан эътиборимизга ҳавола этилаётган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиорининг ҳаётга, ҳақиқатга кўчаётгани билан боғлиқ. Ўрни келганда эслаб ўтиш жоизки, бир пайтлар чиройли шиорлар фақат иморатларнинг пештоқларида ярқираб турарди, холос. Баҳор, куз ёмғирлари ювиб, қиш аёзлари ялаб, саратон оловлари куйдириб, турган жойларида ранги ўнгиб ё титилиб кетарди ҳамки, кимнингдир ҳаётига кира олмасди. Одамлар унга “нарса” деб қарашар эди. Бизнинг давримизга, айнан ҳозирги кунларимизга келиб давлатимиз сиёсатининг ўқ томирига ай ланган шиорлар кенг кўламли ҳаракатга, фаолиятга айланиб улгурди.
Шу маънода, “қадр”, “инсон қадри” тушунчаларини, яна ҳам аниқроқ ифодаласак, “аёл, она, оила муҳофазаси” сўзларининг бўйини баландлатиб, ўзини улканлаштириб кўз олдимизга келтирадиган рақамлардан сўз очсак, фикрларимиз яна ҳам ишончлироқ кўриниш олади:
– мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 388 874 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди;
– кейинги беш йил мобайнида 12144 нафар хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. Улардан 4283 нафарига уй-жой тўловининг бошланғич бадали тўлаб берилди;
– давлат гранти асосида олийгоҳларга қабул қилинган хотин-қизлар сони уч минг нафарга яқин. Беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган лекин олий маълумоти бўлмаган 28664 нафар аёлларга олий таълимга ўқишга кириш учун тавсияномалар берилди;
– 2020-2022 йиллар давомида 1335 нафар аёлларга мураккаб жарроҳлик операциялари учун фонд томонидан маблағлар ажратилди;
– охирги тўрт йилда 21158 нафар аёллар турли тиббий реабилитация воситалари билан таъминланган...
Бу рақамлар аслида юртимиз миқёсида фуқароларимиз, хусусан, нозиккина елкасида оила, фарзандлар юкини кўтариб яшаётган хотин-қизларга кўрсатилаётган катта ғамхўрликнинг мингдан бир улуши, холос. Лекин шу улушда ҳам фақат бизнинг миллатимизга, чин инсонийликка хос меҳр-муҳаббат атрофлича акс этиб турибди.
Сўз аввалини йўллар ҳақидаги фикрлар билан бошлаган эдим. Энг кўп юрадиган йўлим пойтахтни водий билан боғлайдиган довон йўли. Ҳар гал ойнадек текис йўллардан, ҳеч бир тўсиқсиз, текширувсиз онам, жигарларим тараф ошиқар эканман, бундан ўн йилларча олдин рўй берган бир воқеа хотиримда жонланаверади.
Саратоннинг авж палласи эди. Биринчи неварамиз дунёга келиб, қирқ чилласи чиққач, ота-онамиздан дуо олиб келиш учун Андижонга йўл олдик. Кун жуда иссиқ. Тез-тез йўл назоратчилари тўсишади, турнақатор навбатлар. Бир постда тўхтатиб одатдагидай ҳужжатларимизни кўра бошлашди. Ҳарбий кийимдаги бўйдор йигит бизга қараб: “Чақалоқнинг гувоҳномасини бериб юборинглар”, деди. Бир-биримизга қараб ҳайрон бўламиз.
– Мен олмабман, – деди кўзлари жавдираб келиним.
– Ҳужжати бўлмаса, биз қаердан биламиз, балки ўғирлаб кетаётгандирсизлар... Назоратчи ўз билганидан қолмайди. Ялиндик, ёлвордик, ўз боламиз эканлигини исботлаш илинжида ҳатто онт ичдик, бўлмади. Барибир назоратчидан:
– Мен хизмат бурчимни бажаряпман, – тарзидаги жавобни эшитдик, холос. Ноилож изга қайтишга мажбур бўлдик. Ўшанда гўдакка қўшилиб ўзим ҳам йиғлагим келганди. Ярим йўлдан ноумид бўлиб қайтган битта биз эмасдирмиз. Шундай кўнгилсизликларни бугунимизга қиёслаганда, “Ортда қолгани рост бўлсин”, деган тилак кўнгилдан кечади. Ва ўзимизни турли тақдирларга бошлаб кетаётган йўлларга юрагимиз билан боғланамиз.
Яқинда тарғибот гуруҳи билан Фарғона вилоятининг Данғара туманида бўлиб қайтдик. Сафаримизнинг бош муддаосидан келиб чиқиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб кам таъминланган, эҳтиёжманд хонадонларга кира бошладик. Одамлар шоирлар, санъаткорларни ўзларига яқин олишади. Тортинмай кўнглини очади. “Урганжи” МФЙ, Гузарбоши кўчасида истиқомат қилувчи Дилбарой Жумаеванинг хонадонидамиз. Ҳамма ёқ чинни-чироқ, атиргул, наргиз гуллар очилиб, райҳонлар муаттар бўй таратиб турибди. Полизда экинлар, мўъжазгина боғда мевали дарахтлар бор. Жигар хасталигидан азият чекаётган аёл биринчи гуруҳ ногирони экан. Турмуш ўртоғи ҳам рафиқасининг дардига дармон излаб, олисларга ишлагани кетибди. “Маҳалла бизни ташлаб қўйгани йўқ. Қўшнимнинг тандиридан нон иси гупурса, бир жуфти, албатта, бизгаям киради. Қозонида тансиқ таом пишса, насиба чиқаришади. 400 минг сўм нафақа олардим, мана энди 600 минг сўм бўлибди. Ҳукуматнинг бир инсонга эътибори шунча бўлади-да!” Дилбаройнинг гапларида сохталик йўқ. Аксинча, меҳр-муҳаббат қуршовида яшаётганидан, орқасида ҳимоя борлигидан хурсанд.
Навбатдаги кирган хонадонимизнинг қизи Адолатхон Султонова 2-гуруҳ ногирони экан. Онаси Малоҳатхон – фаррош, отаси Баҳодиржон – қурувчи. Оилада икки ногирон фарзанд, бунинг устига келинида ҳам шундай нуқсон бор экан.
– Дўхтирлар айтишган, аммо ўша пайтда ёш эканмиз, гаплари у қулоғимиздан кириб, бунисидан чиқиб кетган. Турмуш ўртоғим билан яқин қариндошмиз, энди изтиробини биргина биз эмас, фарзандларимиз ҳам бирга тортяпти, – дейди уй бекаси афсус-надомат билан. Лекин оила аъзоларида бугунидан нолиш, шикоят йўқ, шукроналик қалбларига қувват, яшашга куч бераётгани кўриниб турибди. Малоҳатхон ўзбек аёлига хос тортинчоқлик билан ҳамшираликка ўқиган келинига иш масаласида ёрдам беришимизни сўради. Туман оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими мутасаддиси бу вазифани ўз зиммасига олди. Суҳбатнинг бундай тус олиши Адолатойни ҳам руҳлантириб юборди, чоғи:
– Мен чеварликка қизиқаман. Агар замонавий тикув машинаси бўлса, бичиш-тикиш қилиб, оиламга ёрдам берардим, – деб қолди. Унинг истагига туман ҳокими Шуҳратжон Тожиҳакимов дарров пешвоз чиқди. Мария Лопасдай машҳур чевар бўлишни орзу қилаётган бу қизга энг сўнгги русумдаги тикув машинаси совға қилинди. Данғарада қайси хонадонга қадамимиз етса, ободлик кўрдик. Одамлари меҳнатга иштиёқли, меҳмондўст. “Ҳай- ҳай”лаб қаршилигимизга қарамай, дарров бир пиёла чой узатишади.
– Шунча жойдан келасизлар-у, қутлуғ хонадондан қуруқ кетасизларми? – дея гинага ўтишгач, кўнгиллари учун чойни тик туриб бўлса-да, ичамиз. Шукр, юртимизда мустақиллик нафаси етмаган бирор гўша, унинг қурбу қудратидан куч олмаган бирор юртдошимизни учратмадик. Одам бундай лаҳзаларда яна хаёлан изига қайрилаверади.
Тақдиримизга истиқлол битилган дастлабки кунлар эди. Янги рўзғор бўлгани учун юпунроқмиз. Дўкон расталари бўм-бўш, озиқ-овқатлар талонга берилади. Одамларда: “Ёғ бераётган эмишми, ун келдими?”, тарзидаги таҳликалар. Бир дўконда ранги ўнгибгина кетган қоғозга ўралган макаронни кўриб тилло топган қулдай суюниб кетдим. Уйга келиб очсам, макарон моғорлаб кетибди. Рўзғоримиз янги бўлак бўлган, қайнота-қайнонамга боргани истиҳола қиламан. Ота-онамдан нимадир сўрагани яна андиша йўлимни тўсади. Ахийри, нон комбинати етакчиларидан бири бўлган қайнотамга минг хижолатликда тиш ёрдим.
– Қизим, қарам давлат бўлибмизки, бизнинг умримиз мана шундай йўқчилик ичида ўтиб келяпти. Зоғора нонга қорнимиз тўймаган даврларнинг машаққатини ҳам сабр билан енгдик. Ўша сизнинг кўнглингизни хижил қилган макаронлар ўзимизники. Қуритиш ускунаси бўлмагани учун моғорлаб кетган. Куз ҳавосида офтобга ёйиб қуритиб бўлмас экан. Биз неча йиллар бировларнинг даласида унган буғдойга кўз тикиб яшадик. Энди бундай бўлмайди. Ҳовлиларимиздаги бир қарич ерга-да буғдой уруғини сепишимиз, картошка экишимиз, ўзимизни уддалайдиган халқ эканимизни исбот қилишимиз керак.
Ўшанда қайнотамнинг бу гапларидан юрагимга куч келгандай бўлган.
Дарҳақиқат, шундай дориламон кунларга етиб келдик. Майли-да, ҳали битмаган камларимиз бордир. Қайсидир гўша ё кимдир эътибордан сал чеккароқдадир, лекин ҳаммаси вақти-вақти билан жойига тушади. Чунки давлатимиз сиёсатида “Менинг халқим, менинг элим, мен унга жавобгарман”, деган олижаноб нуқтаи назар бор экан, қайси бир яхши кун ҳамма юртдошларимизнинг теграсида ҳимоя қўрғони қад кўтаради.
Адолат назари билан қарайлик: магистратурада ўқимоқни орзулаган қизларимизнинг тўлов пулларини давлатимиз юз фоиз ўз зиммасига олди. Бу йилдан бошлаб бакалавриат талабаларига тўланадиган таълим кредитлари фоизсиз берилади. Бу – аёлларимиз учун илм имконларининг кенгайгани, бешик, ўчоқ бошиларга илм нафаси киради, дегани. Фарзандларимиз танглайи билим билан кўтарилади, дегани.
Биз Қорақалпоғистондаги сафаримиз чоғида ана шундай имконлардан қувонаётган йигит-қизлар билан ҳам суҳбатлашдик. Айтишни унутибман, йўлларимиз Фарғона учрашувларидан бир неча кун ўтиб, қорақалпоқ элига туташди. Мен аввал ҳам ўзига хос урф-одатларга эга, кўнгли кенг, гапга чечан, ҳазилкаш элга кўп келганман. Талабалигимда шу миллатга мансуб қизлар билан бирга яшаганман. Улар бизникига боришган, мен уларнинг овулига. Шунданми, кейин ҳам Хўжайли, Қораўзак, Қўнғирот элининг қай гўшасига борсам, жигарларим орасига тушгандай ўзимни эмин-эркин тутаман. Бу гал қадим юртдаги яхши ўзгаришлардан, айниқса, Мўйноқдаги янгиланишлардан кўнглим ўсди. Саксовулларигача гуллаб ётган элда кечган учрашувлар ҳам ёдимда муҳрланиб қолди. Оролнинг кечаги куни ва бугунидан ҳикоя сўйлайдиган музейида хорижлик сайёҳларни кўриб, уларнинг қизиқиши ортаётганидан дилимда фахр туйдим. Бутун дунёни кезиб юрган эр-хотин сайёҳлар билан таржимон орқали тиллашар эканман, уларнинг ҳам музей экспонатларидан кўнгли тўлганлигини сездим. Тўғри, ҳар бир қадамимизнинг баҳоси хорижликлар нигоҳи билан ўлчанмайди. Лекин барибир ўзинг, ўзингникилар ҳақида бировдан яхши гап эшитиш яхши, мароқли.
Президентимиз яқинлашиб келаётган истиқлол байрами тантаналари олдидан элимиз диққатига яна бир жарангдор шиорни ҳавола қилдилар.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”... Мўйноқ учрашувларининг бирида йиғин тугагач, озғингина бир аёл:
– Она ҳақидаги шеърларингиз ёқди, мен ҳам онаман, икки ногирон фарзандим бор, туғма юрак пороги билан дунёга келган. Биттасини давлат ҳисобидан операция қилдирдик, ҳозир тузалишга кетяпти, иккинчисига ҳам ёрдам ваъда қилишяпти, – деди. Она, фарзандлар ташвишидан бўлса керак, хийла чўккан, кўзга ташланавермайди. Лекин кўриниши, кийиниши қай даражада бўлмасин унинг олий мақоми бор – ОНА. Ана шундай бир онаизор ҳам назарда экан, унинг ҳам дардларига малҳам излашаётган экан, демак юраётган йўлларимиз оддий эмас, меҳр-муҳаббат, одамийлик йўллари бу.
– Эсимда, болаликдаги бир дугонамнинг оиласи чўл ўзлаштириш пайтида кўнгиллилардан бўлиб кўчиб кетадиган бўлди. Уларни кузатиб уйга қайтиш чоғида остонада рўмоли четини тишлаб турган Салтанат буви йиғлаб юборди:
– Бечора болаларим-а, жаннатдай боғ-роғларини ташлаб, чўли-биёбонга кетганига ичим куйяпти-да. Иссиқ ўрнини совитиб янтоқзорга деҳқончилик қиламан, деб кетишяпти, нодонгина болам-а!.. Отаси белбоғига боғлаган қора нонини лойқа сувга ботириб еб, кетмон чопиб умри ўтган эди. Эссиз набираларим-а...
Ҳозир кўз олдимдан бир-бир ўтаётган жаннатий манзараларни кўриб инсоннинг қўли гул эканига, саҳрода боғ яратган эртакдаги паҳлавонлар тақдири бугун замонамиз қаҳрамонларига насиб этгани, кечагидан бугунимиз нақадар гўзал ва фаровонлигидан мамнун бўлдим. Қишлоқдаги хонадонларнинг файзи бўлакча-да. Дарвозаси қия турган ҳовлилардан қийғос очилиб турган гулу райҳонлар кўзга ташланади.
Турли мевали дарахтлар, ажиб манзара ҳосил қилган туваклардаги гулларни кўриб, оилалар тинчи, маҳалла кўрки, кўнгиллар ободлиги юрт ободлиги эканлигига яна бир бор ишонамиз, ҳавасимиз ортади.
Мана, кўнглимда бир олам туйғулар билан янги сафарларга ҳозирланиб турибман. Мақсадимиз эзгу экан, бу сафар, қолган барчаси ҳам хайрли бўлишига умид қиламан.
Мунаввара УСМОНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.