Танзила Норбоеванинг табриги

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси Раиси – Танзила Норбоеванинг табриги.
 
Азиз ва дилбар қизларимиз!
 
Барчангизни – шаҳару қишлоқларда, маҳаллаю овулларда яшаётган сиз азиз дилбандларимизни 11 октябрь — “Халқаро қизлар куни” санаси билан чин дилдан муборакбод этаман! 
 
Яхши биласиз, БМТ Бош ассамблеяси белгилаган ушбу сана қизларга нисбатан ҳар қандай камситилиш ҳолатларини олдини олиш, уларнинг ижтимоий муаммоларига бутун дунёнинг эътиборини қаратишга хизмат қилиб келмоқда.  
 
Ўзбекистонимизда ҳам бу сана ғоялар ва ташаббусларни илгари суриш учун дадиллик ва шижоат майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Халқаро миқёсдаги таҳлилларга кўра, ҳозир ҳам дунёда қизларни таълим олиш, яъни оддий мактабга бориш имкониятлари чекланган давлатлар  йўқ эмас. Дунёда ҳар ўн қиз боланинг тўққиз нафари бошланғич таълим, тўртдан уч нафари эса ўрта таълим олади. Кам даромадли мамлакатларда қизларнинг 2/3 қисми бошланғич мактабда ўқийди, фақат ҳар уч қиздан бири ўрта мактабнинг қуйи босқичини тугатади, холос.
 
Бунақа фактларни ўқиганингизда  Ўзбекистонимизда таълимни бепул ва мажбурий экани, битта ўқувчининг тақдири билан ўнлаб ташкилотлар шуғулланиши, Президентимизнинг шахсан ўзлари қизларнинг таълим ва тарбиясига жиддий эътибор қаратаётганини чуқур тушуниш ва олқишлаш мумкин бўлади.
Халқимиз яхши билади, ўтган даврларда хотин-қизларнинг таълим олиши, бошқарувдаги иштироки, иқтисодиётдаги фаолияти, оиладаги ҳуқуқи борасида қатор тўсиқлар, стереотиплар мавжуд эди. Масалан, таълим соҳасини оладиган бўлсак, авваллари қизлар ва ўғил болаларнинг олий маълумот олишлари, имтиёзли ўқишлари бўйича кескин фарқлар бор эди. 
 
 Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва ислоҳотлари асосида қизлар таълим олиши борасида улкан ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгаришлар жамият ва жамоатчилик онгида ҳам катта бурилишлар ясади, тўсиқларни бартараф қилди!
Оқила ва лобар қизларимиз, жонимизга туташ дилбандларимиз! Ўзбекистонимизнинг интеллектуал кучи, келажак қудрати, миллат хазиналари!
 
Маълумки, фаровон жамиятни барпо этишда мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир фидойилар керак бўлади!
 
Энди ўз ҳуқуқларини англайдиган, ўз орзуларини қандай бошқаришни ва ўзини ҳар қандай дискриминациядан ҳимоя қилишни биладиган саводли, замон билан ҳамнафас авлодлар сафи янги Ўзбекистоннинг ҳаётига кириб келмоқда.
 
Мен халқимиз орзу қилаётган улкан потенциалга эга, аҳоли ҳаётини янада фаровон бўлиши йўлидаги инновацион ғояларни, креатив ёндашувларни илгари сурадиган, қотиб қолган ақидаларни парчалашга, катта ташаббусларни сиёсий майдонга олиб чиқишга қодир, руҳиятида миллий қадриятларни асраган кадрлар, маърифатли оналар, барча соҳаларда етакчи авлод бўлиб етишасизлар, деб ишонч билдираман!
 
Илғор сафларни тўлдирган сиз азиз қизларимизга порлоқ ҳаётнинг бағри ҳамиша очиқ бўлсин!
 
Улкан салоҳиятингизни, гавҳар истеъдодингизни, эзгу ҳаракатларингизни азиз халқимизнинг саодати, юртимиз тараққиёти йўлида сафарбар қилиш бахти, она Ватанини чин меҳр билан севиш саодати ёр бўлсин!
 
Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг олтинга тенг маслаҳатларини келтирмоқчиман:
 
“Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!”
 
Барчангизга улкан зафарларни, ҳаёт ёруғликларини, яхшиликларни, меҳрибонлик ва бағрикенглик фазилатларини тилайман!
 
Бугунги сана яна бир бор муборак бўлсин!

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар