БИРИНЧИ МУҚОВАДА
ЯРИМ АСРЛИК МЕҲНАТ РОҲАТИ
Ўз касби ортидан эъзоз ва эҳтиром топиб, бугун минглаб ўқувчи-шогирдлар ардоғида яшаётган фидойи устоз Рўзигул Орзиқулова куни кеча “Йил аёли” миллий танловининг олий ўрин соҳибасига айланди. Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги 26-умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Рўзигул опа 66 ёшни қаршилаган бўлса ҳам, ҳар тонг йўлига кўз тикиб турган болажонларга билим бериш, қалбларига зиё нурини таратиш учун жонажон мактаби сари йўл олади. Турмуш ўртоғининг бевақт вафотидан сўнг олти нафар норасида фарзандларининг бахту камолини кўриш, касб-ҳунарли қилиб ўз йўлини топиб олиши учун унинг умри заҳматлар орасида ўтди. Турмушнинг аччиқ-чучук кунларини метин иродаси, пўлат матонати билан енгиб, бугунгидай фараҳли ва шонли кунларга етиб келди.
Чинакам жонкуяр устоз, бағрикенг ўзбек онаси қиёфасини тимсол этаётган қаҳрамонимиз салкам ярим аср мобайнида педагоглик касби билан шуғулланиб келаётган республиканинг энг тажрибали бошланғич синф ўқитувчиларидан биридир. “Йил аёли” танлови ғолибининг қувончига қучоқ очган “Саодат”га шодланиб у шундай деди:
– Фикримча, ҳавас инсонни илҳомлантирувчи, шижоат берувчи, интилишига сабаб бўлувчи омил бўлса керак. Салкам ярим асрлик меҳнат фаолиятим давомида эътирофга сазовор бўлган, ютуқларга эришаётган ҳар бир каттаю кичикка фақат ҳавас қилдим. Ёш авлодни тарбиялаш давомидаги меҳнатларим олдин ҳам муносиб эътироф этилган. Хусусан, турли йиллар мобайнида "Энг яхши фан кабинети", "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси", "Ўз касбининг моҳир эгалари" сингари ўнлаб кўрик-танловларда ғолиб бўлганман. “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Ташаббускор ислоҳотчи” эсдалик нишони, 2023 йилда эса "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланганлигим менга фақат ва фақат куч-ғайрат берган. “Йил аёли” танловида қатнашиш таклифи бўлган кундан бошлаб тинмай ҳаракат ва изланишда бўлдим. Нафақага чиққан бўлсам ҳам ҳозирги ёш муаллимлар қаторида, улар билан тенгма-тенг одимладим. Қолаверса, уларнинг ёшлик шижоатидан баҳра олдим. Шу пайтгача қатнашган танловларим орасида бу танлов ўзгача бўлди. Ҳавас туйғуси ҳамда олдимга қўйган мақсадим сабабли Президентимизнинг мана шундай олий совринига ва халқимизнинг эътирофига сазовор бўлдим.
Рўзигул Орзиқулова ўзининг меҳнатсеварлиги, жонкуярлиги, ўз фанининг билимдони, талабчанлиги, мактаб таълимини ривожлантириш дастури тарғиботчиси, ташаббускорлиги, ижодкорлиги билан нафақат Жиззах шаҳрида, балки республикамизда ҳурматга сазовор бўлган муаллимадир. Устознинг шу ёшда ҳам бу қадар ғайратли эканига ҳайратланмай илож йўқ. Муаллима бунча кучни, шижоатни қаердан, нимадан олади?
– Аввало, хотин-қизларга яратилаётган имкониятлардан, шунингдек, кўзлари ёниб турган жажжи қаро кўзларим – ўқувчиларимдан куч оламан. Бугун мамлакатимизда устозларга яратилаётган имтиёзу эътирофлардан куч оламан. Ишонасизми, мен ўз иш жойим, севимли касбимдан сал узоқлашсам, меҳнат қилмасам касал бўлиб, оғриб қоламан. Болажонларга билим бериш билан машғул бўлишим оилавий-тарбиявий ишларимда, ижтимоий-сиёсий фаолиятимда ҳам илғор бўлишимга нажот бўлади. Ўқитувчилик шарафли ва шу билан жуда машаққатли касб ҳамдир. Мана шу фаолиятим давомида бир қанча шогирдларим ҳаётда ўз ўринларига эга бўлиб жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият олиб бормоқда. Ҳар тонгда мактабимга кириб борган вақтимда ўқувчиларимнинг билимга чанқоқлигини, кўзлари ёниб турганини кўриб янада меҳрим ва муҳаббатим жўш уради. Бу эса касбимга нисбатан куч-ғайратим ошишига, олдинга интилишга ва кўпроқ изланишимга сабаб бўлади. Ўйлайманки, аёлларга эътибор – келажакка эътибор, келажак авлод тарбиячиларига эътибор.
Ишонсангиз, шу лаҳзаларда эллик йил чеккан заҳматларим ёдимдан чиқди. Ўғлим ота, қизим она бўлгунга қадар уларнинг ярим кўнглини тўлдираман, деб аёллигимни унутдим. Дугоналарим тўй-ҳашамга борганда мен қўлимга игна-ип тутдим. Болаларнинг “устоз” деган жонроҳати сўзи учун жоннисор бўлиб, уларни суйдим. Ватанни севишни ўргатдим. Болажонларга: “Табиатни асра, тупроқни қаттиқ босма, элини суйган элда азиз бўлади”, дедим. Меҳнатларим роҳат бўлиб қайтди. Бугун давлатимиз раҳбарининг эътирофи, эл эъзозидан бошим кўкка етди. Аллоҳ умр берса, умрим борича Ватанга хизмат қиламан.
Устоз, ҳаётдан рози бўлиб яшашлик бахти сира тарк этмасин. Сиз каби покиза тилакли мардоналари, юраги муҳаббатга тўла инсонлари кўп бўлган мамлакат – мамлакат, миллат – миллат бўлиб юксалгай. Умрингиз зиёда бўлсин!
Наргиза ЮНУСОВА