ЭЪЗОЗ

 Қутлов

ЭЪЗОЗ

     Турли йўналишдаги танловларда ғолибликка муносиб инсонлар тақдирланса, кўпчилик:
– Балли, мукофот ўз эгасини топибди, – дейди. Филология фанлари доктори, ЎзДЖТУ Медиа ва коммуникация факультети доценти Наргис Қосимова журналист аёллар учун таъсис этилган “Атиргул” танлови ғолибларидан бири деб эълон қилинганида, эшитган, кўрганлар бараварига табриклашга тушдилар. Чунки унинг исми атроф-муҳит ҳимоясига қалам билан, сўз билан ҳозирланган ижодкор сифатида журналистика оламида машҳур. Биз ҳам нашримизда унинг айнан шу мавзудаги мақолаларини бир неча бор эълон қилганмиз. “Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳибаси, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони эгаси, куюнчак, фидойи аёл Наргис Қосимовани “Саодат” жамоаси, мухлислари номидан ўзига ярашган “Атиргул” билан самимий табриклаймиз. Кўнглимиз эҳтироми, меҳримиз гуллари сизга!

ШУҲРАТ ТОПГАН ШАҲНОЗА

     Шаҳноза Мустафаева 38 ёшда. Болалигидан II гуруҳ ногирони, шу кунгача 11 маротаба жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган. Олдинда яна иккита шундай синов кутмоқда. Аммо шунча қийинчиликларга қарамай, матонат билан яшаш учун курашиб келаётган Шаҳноза ўзи кабиларга ёрдам қилишга шошилади. У Янгийўл шаҳар “Янги фаровон” маҳалласида “Дугоналар” ногирон аёллар жамиятини ташкил қилди. Биринчи ўринда имконияти чекланган аёлларни спорт билан шуғулланиши учун шароит яратди. Шунингдек, аёлларни иш билан банд этиш мақсадида тикувчилик цехи фаолиятини ҳам йўлга қўйган.
– Жамиятни очишдан мақсадимиз жисмидаги нуқсонлар боис умидсизликка тушганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳам ҳаётдан баҳра олиб, тўла-тўкис яшашлари учун кўмаклашишдир. Бу ерда ўзим кабилар билан дугона бўлиб, уларни касбга ўргатиб, иш билан таъминлашга ҳаракат қиляпман. Ўтган йили мазкур жамият иккита давлат грантини қўлга киритди. Грант маблағлари эвазига спорт анжомлари, тикув машиналари харид қилинди. Ҳозирда спорт залида 40 нафардан зиёд аёллар 2 гуруҳда машғулотларга қатнашиб, соғликларини тиклашмоқда. Шунингдек, тикувчиликни ўрганган 10 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.
     Олий маълумотли бўлишни орзу қилган Шаҳноза ўтган йили Ўзбекистон Миллий университетининг “Ижтимоий иш” факультетига грант асосида ўқишга қабул қилинди. Яқинда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра Шаҳноза Мустафаева “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Бу рағбат, эътибор ва эъзоздан жуда хурсандман, – дейди Шаҳноза. – Аёлларнинг меҳнатлари кўзга кўриниб, қадр-қимматлари юксалаётганини кўриб яшаш қанчалик шараф эканини сўз билан ифода этиш қийин, буни ҳис қилиш керак. Бундай рағбатлар менга янги режалар учун иштиёқ бермоқда.
     Орамизда Шаҳноза каби матонатли инсонлар кўп. Улар ҳар бир кун, ҳар бир дақиқанинг қадрига етиб яшайдилар. Сабр, шукроналик бахтга элтувчи энг яқин йўл, деганлари шу бўлса керак.

Нигора ЎРОЛОВА,
Тошкент вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар