ҚЎШҚАЛАМЛАР
САЙЁР (таниқли шоир
Сайёрпўлат Файзуллаев)
(1934-2001)
СЕНИ КУТМОҚДАМАН
Сени кутмоқдаман,
Соатнинг мили
Сакраб бораяпти дам ўтган сари.
Висолга талпинар боладай дилим,
Ўзим тамшанаман ташна сингари.
Ёнимда турганлар топишиб висол
Кетиб бораяпти қуш каби эркин.
Қалбимни этмоқда шубҳалар ишғол,
Келарми,
Келмасми,
Қачон келаркин?..
Шубҳалар қамрайди,
Ўртайди доғинг,
Совуқ-ку,
оловда куяман...
... Боладай яйрайман кўринган чоғинг,
Ҳаммасин унутиб қўяман.
* * *
Денгиз – ҳаёт,
тўлқинларидан
Олиб ўтар елканинг бўлса.
Ҳавас билан мақтар наридан
Агар кўзга илганинг бўлса.
Денгиз – ҳаёт,
умидингни уз,
Тўлқин турса, чекин, уради.
Чалғимасдан қирғоқ томон суз,
Ерга таян,
У тинч туради.
Ҳаёт – денгиз,
Йўқ, ўйнашмадим,
Талтаймадим тўлқин тебратса.
Тўлқинлардан осон ошмадим.
…Халқим, мангу ўзинг ибратсан.
ТЕРАК
Тоғ устида новча бир терак,
Ой ёнади унинг учида.
Тунда бир шам ёнади,
Тоғ устида новча бир терак
Ялтирайди қуёш нурида.
Тонгда пуф деб,
ўчирилган шам.
Тоғ устида новча бир терак.
* * *
Исминг гул бўлгани…
Гулни хуш кўрдим,
Гул деган товушдан титраб кетаман.
Тунда
яна гулни туш кўрдим,
Демак,
дийдорингга етаман.
Гуллар турли:
туси,
иси
ва ранги.
Аммоки
ҳаммаси сени эслатар.
Тонгда таралгандай куйнинг оҳанги,
Кун бўйи ҳавога атир ислатар.
Гул дейман,
Гул кўриб қувонганим ҳақ,
Бироқ,
бегонасин бўйин сезмайман.
Йўлларда юраман гулимга илҳақ,
Тиконинг санчсанг ҳам, асло безмайман.
Униб-ўсган бўлар тилак-дуоим,
Ҳуснингдан ранг олсин бери-нарилар.
Лекин
келтиради рашкимни доим
Гулга қўнган асаларилар.
ДУНЁ ЭКАН
Ҳаёт йўлларидан
Осонмас ўтиш,
Неча синовлар бор орзу йўлида.
Ёш эса:
Ўн саккиз,
Йигирма,
Ўттиз…
Борлиғинг тақдирнинг изму қўлида.
Тақдир эса,
ният-интилиш экан,
Меҳнатдан яралар экан у асли.
Баҳорда боғига ким кўчат эккан,
Мевасин тераркан, айни ёз фасли.
Насиба у ёқда
ёки бу ёқда,
Териб олганимиз бизники, холос.
Мен сени,
Сен мени,
ажиб дунёда
Йўқотиб қўймайлик,
Шу бир илтимос.
Гулчеҳра ЖЎРАЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими
(1937)
* * *
Жон озиғи - ширин сўз азал,
Унда сеҳр, оҳанрабо бор.
Ҳар неъматдан лазиз ҳам афзал,
Яхши сўзда мужассам виқор.
Ёмон сўзинг оёққа кишан,
Илон каби аста ўрайди.
Яхши сўзинг дўст каби равшан,
Эзгуликни сенга сўрайди.
Ширин сўзинг бўлмаса агар,
Булбулларнинг навосидан ол.
Ширин сўзинг бўлмаса агар,
Гўзалликнинг ҳавосидан ол.
Ширин сўзни ол баҳорлардан,
Кўзингга сурт бодом гулини.
Сармаст бўлиб ноз ифорлардан,
Ўрган унинг майин тилини.
Ширин сўзинг бўлмаса агар,
Ошиқларнинг туйғусидан ол.
Ширин сўзинг бўлмаса агар,
Чақалоқнинг кулгусидан ол.
Ширин сўзнинг - беқиёс кучи,
Оқ кўнгилга жойлашган виждон,
Бир ширин сўз айтмоқлик учун
Бу дунёга келади инсон!
ҚИЗ УЗАТДИК, ЁР-ЁР
“Бахтли замон келганда-ё, даврон сурай...”
Қизлар, шошманг, қайдан келар наво-сурнай?..
Тезроқ юринг, дугонажон, тўй базмига,
Келинпошша даврасида бир айланай.
Гулзорми бу – ял-ял ёнар гулкосалар,
Нурзорми бу – ойдай сузар раққосалар.
Кўзни олган хонатласми ё камалак,
Ҳайрон бўлманг, гар йигитлар лол қолсалар.
Келинчакнинг ҳарир экан оқ рўмоли,
Тўлин ойдай жилваланар гул жамоли.
Ҳазиллашиб рўмолини асти тортманг,
Келин бўлган билар келин аҳволини...
Куёв келди, куёв келди, куёв келди,
Зинҳор деманг, қиз олгани биров келди.
Йиллар кутиб, гуллар тутиб дилдорининг
Дийдорига етишмоққа яёв келди.
“Севгисини сеп қилиб
Қиз узатдик, ёр-ёр,
Ёр ҳуснини зеб қилиб
Уй безатдик, ёр-ёр,
Қиз узатдик, ёр-ёр”.
БОЛАМ ВА ҚАЛАМ
Бир қўлимда болам, бир қўлимда қалам,
Иккисига баробар онаман.
Болам билан қалам ташласин қадам,
Иккисига баробар ёнаман.
Қалам ором топса, уйғонур болам,
Болам ухлаганда қалам уйғотур.
Шеър дарди тинчитмас, бирпас бермас дам,
Тўққиз ой, тўққиз кун бир шеър ўйлатур.
Ташвиш, ҳаяжонда улғаяр болам,
Ҳаёт лаззатини тўйиб суради.
Қанча билимталаб – ишлайди қалам,
Бола меҳнатию меҳрин сўрайди.
Туғилган шеър мавжи сиғмайди дилга,
Боламнинг юзидан ўпиб яшнайман.
Қўлдаги қаламим кирмаса тилга
Қоғоздай ғижимлаб дилни ғашлайман.
Оналик – шунақа, Оналик – қийин.
Шеър ҳам фарзандим, арзанда болам.
Аммо... Болам йиғлаганда ижод бир тийин,
Қоғозим устида қолади қалам!
МУҲАББАТ
Муҳаббат бу тақдир,
Муҳаббат – бу бахтдир,
Омадинг кулса гар
Ютуғинг ҳам нақддир.
Муҳаббат асалдир,
Ким ишққа касалдир,
Таърифи битмаган
Туганмас асардир.
Муҳаббат бу – бойлик,
Ё аччиқ, ё боллик,
Сен унга тобесан
Бир умр сен боғлиқ,
Муҳаббат, Муҳаббат,
Бўлмагин бешафқат.
Ошиқни ошиқдан
Айирма сен фақат.