ҚЎШҚАЛАМЛАР

ҚЎШҚАЛАМЛАР

 

ҲАМИД ОЛИМЖОН

(1912-1944)

 

***

Энг гуллаган ёшлик чоғимда,

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

Шунда кўрди кўзим баҳорни,

Шунда қалбим таниди ёрни.

Қушлар сайрар жонимга пайваст,

Мен севгининг бўйи билан маст.

Куни билан далада қолдим,

Лолазорлар ичра йўқолдим.

Қучоқ-қучоқ гуллар терганим

Ва келтириб сенга берганим

Кечагидай ҳамон эсимда,

Ҳар сония, ҳар он эсимда.

Шундан бери тилимда отинг,

Шундан бери дилимда отинг.

 

Энг гуллаган ёшлик чоғимда,

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

 

          САВОЛ

 

Кийинтирсам сени баҳорга,

Юлдузларни ўрасам қорга,

Олиб келиб олдингга қўйсам,

Ҳам юлдузни, ҳам сени суйсам;

То тонггача сўйласам эртак,

Чечак териб этак ва этак

Оёғингга келтириб тўксам,

Сени мақтаб, ағёрни сўксам —

Шунда сенинг кўнглинг тўлурми?..

Айтганларинг бажо бўлурми?..

 

 

Хаёлимда бўлдинг узун кун...

 

Хаёлимда бўлдинг узун кун,

Сени излаб қирғоққа бордим.

Оч тўлқинлар пишқирган тунда,

Топиб бер, деб ойга ёлвордим.

 

Ишон бунда, сени доимо

Эсга солар чиройли тунлар,

Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,

Эсга солур бахтиёр кунлар.

 

Толеимнинг ошиноси сен,

Сен севгимнинг кўкарган боғи.

Сенинг билан бирга иқболим,

Ишончимнинг сен вафо тоғи.

 

Мени қуршар салқин бир ҳаво,

Сув устидан тун қуюлади.

Шунда қанча-қанча гапларни

Эсга солиб ой ҳам тўлади.

 

Кеча жимжит, ёлғиз тўлқинлар

Пишқиради билмай тинимни.

Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,

Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..

 

***

 

Севги десам, фақат сен десам,

Сенинг билан яшаса қалбим;

Сен десам-у, бутун дунёнинг

Шўришига қулоқ солсам жим...

 

Қуюн каби айланар бошим,

Қарайман-у, кўзим тинади

Ва жилвангдан кўнгил кўзгуси

Парча-парча бўлиб синади.

 

Шу қарашга борми ниҳоя,

Бўларманми мақсадга восил?

Топарманми бир янги ғоя,

Бўлармикин бир мурод ҳосил?

 

Топиларми унда бир чора,

Агар мени қуршаса жунун:

Бўлиб қолса сирим ошкора,

Атасалар номимни Мажнун?

 

ЗУЛФИЯ

(1915-1996)

   БАҲОР БЎЛМАСАЙДИ

 

Инсон кўзларида жон олар баҳор,

Барча томирида унинг тўлқини.

Ўтмишнинг беҳуда они каби қор.

Беиз, бедард эриб кетар учқуни.

 

Инсон кўзларида жон олар баҳор,

Ўйинқароқ гўдак сингари булут.

Кўк қовоғи уюқ,

                        ёрқин бир виқор,

Кишилар қалбидан боқар бўлиб ўт.

 

Баҳорнинг сеҳргар боқий чиройи

Ёшу кекса кўнглин овлайди бирдак.

Кўзгуни синдириб ташлар,

Киройи

Ҳар кишининг ёши бу фасл дилдак.

Ҳар нурга ҳар қушга,

ҳар куртакка шод

Бениҳоя яқин бўлади йироқ.

Гўё сенсиз ҳосил бўлади барбод,

Ҳар тикилган чигит кўксинг этар тоғ.

 

Баҳор бўлмасайди, одамзод, албат,

Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт...

 

 

          СИРЕНЬ

 

Тонг елининг ипак қўллари,

Сирень, тегиб ўтгач гулингга,

Нечун майин, нозик тебраниб

Қараб қолдинг унинг йўлига?

 

Сен тебрандинг — очди лабини

Кўксингдаги нафис ғунчалар.

Айт-чи, сенга деди неларни

Яшнаб кетдинг, гўзал, шунчалар?

 

Мен биламан, у қуёшингдан

Элчи бўлиб келар ҳар саҳар.

Юрагингга солиб ҳаяжон,

Қулоғингга сўйлар хушхабар.

 

Сен ошиқиб муштоқлик билан

Тебранасан нафис ва маъсум.

Ҳали ҳижрон билмаган ишқдай

Юзларингда ўйнар табассум.

 

Сен силкиндинг, бўлди муаттар

Атрофимни ўраган ҳаво.

Айт-чи, қачон менинг ёримдан

Хабар олиб келаркан сабо?

 

        СОҒИНГАНДА

Қанча бўлди кўрмаганимга,

Эй қалбимнинг дилбари, шоир!

Қанча бўлди бирга ўлтириб,

Сўзлашмадик дилларга доир.

 

Дил-чи, дилим унутиб бўлмас,

Ишқ қўшиғи ёзилган китоб.

Хаёл хиёл чертиб ўтдими, 

Топиб бер деб, қилади хитоб.

 

Иккимизга маълум бир қудрат

Йиллар ўта сенга тортади.

Унутайин дейману, фақат

Дилда унинг ўти ортади.

 

Ҳам табиат, ҳам дўст, ҳам рақиб,

Барчасини қолдириб доғда,

Кўришсак-у, яна тирилса

Ўша ўлган бўса дудоғда.

 

Юрагимнинг шоҳи деб сени,

Майли, бу гал ўзим тиз чўксам.

Ҳузурингда бахтдан тебраниб,

Ишқ ва соғинч ёшини тўксам.

 

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар