ДУНЁНИНГ ЭНГ ҚАДИМ ЖАРАНГИ

ШЕЪРИЯТ

ДУНЁНИНГ ЭНГ ҚАДИМ ЖАРАНГИ

   Санобар Меҳмон 1981 йилда туғилган.
   Унинг "Яшил ибодатлар", "Ишқ келяпти, пўшт-пўшт", "Ҳайёмона хўрсиниқлар" номли шеърий китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

БИЛМАЙСАН

Гулларнинг нозини биласан,
Қушларнинг розини биласан,
Сувларнинг созини биласан,
Аёлнинг кўнглини билмайсан...

Осмоннинг дилида зор янги,
Машрабнинг бўйнида дор янги,
Дунёнинг энг қадим жаранги,
Аёлнинг кўнглини билмайсан.

Биласан, парилар макрини,
Биласан, малаклар зикрини,
Билсанг-да худонинг қаҳрини,
Аёлнинг кўнглини билмайсан!

Осмонни титратган рашким бор,
Тупроқни йиғлатган ашким бор,
Кўнглимда пойингга тушгим бор-
Сен менинг кўнглимни билмайсан!

Ўзингча рост-ёлғон айтасан,
Гоҳ нолон,гоҳ хандон айтасан,
Тўғрисин айт, қачон айтасан,
Аёлнинг кўнглини билмайсан!

Мен кўкда порлаган сурайё,
Куйлайман, не диллар маҳлиё,
Тоабад у дунё, бу дунё,
Аёлнинг кўнглини билмайсан.


Ё раб, келишингни кутдим Худодан,
Кечдим ҳажр деган қонли дарёдан,
Айт, қандай кетасан мендай дунёдан,
Ҳақдан қўрқмайсанми?!

Кетма, кўзларингни узма фалакдан,
Қонлари томчилаб турган юракдан,
Шу қадар тубансан, мендай юксакдан
Қандай кетмоқчисан?!
Шаҳддан қўрқмайсанми?!

Қара, кўзларимда жавдирар руҳим,
Не қиларин билмай довдирар руҳим,
(шу қадар ҳалолдир менинг шукуҳим)
Шу қадар маъсумдир менинг андуҳим,
Айт, қандай кетасан?!
Аҳддан қўрқмайсанми?!

Куйдим келганингга пушаймон қилиб,
Йиғладим ичимда дард – тўфон қилиб,
Энди мени шунча саргардон қилиб,
Айт, қайга кетасан?!
Вақтдан қўрқмайсанми?!

Кўр эдим нафасинг очди кўзимни,
Ва шундан йўқотиб қўйдим ўзимни,
Бахтсиз қилмоқликка Бахтнинг ўзини
Бахтдан қўрқмайсанми?!


Қамиш йиғлар, най бўлдим, дея
Узум йиғлар, май бўлдим дея,
Худойимдан бирор сония –
Узилмаган оним бор мани.

Гул севилиб, хас-хошок бўлди,
Бок севилиб, ваҳ, бебок бўлди,
Севиб баттар ғамгинроқ бўлди –
Ўлмайдиган жоним бор мани!!!

Қўйвор, кетай зоримни айтиб,
“Жон"имдаги “Дор”имни айтиб,
Тушларингга кирмасам қайтиб –
Билки, бундан орим бор мани.

Қара, дунё қанчалар кенгдир,
Кўзларингга руҳимни сингдир,
Кел, учамиз қафасинг синдир –
Ишқ қанотим, шоним бор мани!

Бундай яшаш, бир майда азоб,
Ҳайём тутар минг йиллик шароб,
Эй, осмонда йиғлаган офтоб –
Сендай куйган қоним бор мани!

Бошингни хўб урибсан тошга,
На чора бор, кўздаги ёшга,
Фақат сени севишдан бошқа –
На шуҳрат, на шоним бор мани.

Сенга келдим, сени, деб келдим,
Дунё васлинг куни, деб келдим,
Бир севиб кўр,мени, деб келдим,
Ишқингдан армоним бор мани!!!

Севиб баттар ғамгинроқ бўлди,
Ул чашми-гирёним бор мани,
Ишқ қайнатган қоним ичинда –
Ўлмайдиган жоним бор мани!!!

Яшилланиб турар,
олланиб турар,
Заққумга тўлса-да
болланиб турар, –
Ўйчан сукут билан
солланиб турар
Қандай мутафаккир
зот бу дарахтлар!
Бир илоҳий ишқнинг
шавқини тотиб,
Мен шеърлар ёзганда
қайғуга ботиб,
Улар гуллаб қўйди,
куртаклар отиб –
Ҳай, кимнинг ғамидан
шод бу дарахтлар!!!
Мана бу ёнғоқни
бобом экканди,
У бобом кетган йил
мева тукканди,
Бобом ўтгач,
унда ҳаёт бошланди.
Бобом айтолмаган
дод бу дарахтлар!
Ака, сиз борсиз-ку,
бағрим эзмайман,
Ҳасрат водийсида
беҳуд кезмайман,
Мен энди қайғули
шеърлар ёзмайман,
Десам, мунгли боқар,
бот бу дарахтлар!
Мана бу ўрикнинг
гуллари маъсум,
Мана, шафтолида
гулгун табассум,
Бу қандай руҳ бўлди,
бу қандай жисм –
Жаннатий ифору
тот бу дарахтлар!!!
Сен ҳам бир дарахтсан,
Санавбар гирён,
Қай фаслда сўлдинг,
гуллайсан қачон,
Сендан ҳам қолгайму
бир яшил нишон
Сени ҳам қилгайму,
ёд бу дарахтлар!!!

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар