Юрагимда сени кўрдим, она тилим!
21 октябрь - Ўзбек тилига
Давлат тили мақоми берилган кун
Мен кўз очиб кўрган ёруғ оламда,
Дер эдим, мунисим ёлғиз онам-да,
Ажиб хотиралар жонланар менда –
Йўргагимда сени кўрдим, она тилим!
Бу кўҳна заминга қўйиб илк қадам,
Қоқилсам, таянчим бўлганда отам,
Кўз олдимда турар сийратинг ҳар дам,
Йўлагимда сени кўрдим, она тилим!
Бола кўнглим баҳорни суйган куним,
Кўкламу майса исин туйган куним,
Онамга деб бир чечак узган куним,
Тилагимда сени кўрдим, она тилим!
Ҳаёт – денгиз эрур, умрдир – карвон,
Учди оққуш ўзга соҳилга томон,
Дуолар қадалган ифори райҳон
Кўйлагимда сени кўрдим, она тилим!
Бахтимга бойланди илоҳий ришта,
Бешигимда ётар жажжи фаришта,
Моҳир кулол Ўзи қўллар ҳар ишда,
Гўдагимда сени кўрдим, она тилим!
Боғимда шивирлаб ўсди дарахтлар,
Шамоллар йўлини тўсди дарахтлар,
Хокисор одамнинг дўсти дарахтлар,
Терагимда сени кўрдим, она тилим!
Бир фурсат тупроқдан кетсам йироқлаб,
Юрарман номингни кўксимда сақлаб!
Онам деб суйганим, номингни оқлаб,
Юрагимда сени кўрдим, она тилим!
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ""Саодат" журналининг Бош муҳаррири.