Буюк сўзсан – луғатимни тўлдирган
Гуландом ТОҒАЕВА Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган.
Шоиранинг “Чақмоқ хўрсиниқлари”, “Муҳаббат асри” каби шеърий китоблари чоп этилган. “Шуҳрат” медали соҳибаси.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ҳозирда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маҳалла” телеканалида катта муҳаррир лавозимида фаолият юритмоқда.
ИЗҲОР
(“Ишқ ҳандасаси” туркумидан)
Луғатимда кўп сўзлар йўқ азалдан,
Борлари ҳам "эди" билан тугарди.
Сен солланиб ойдек тўлган маҳалдан
Бу луғатнинг шамойили ўзгарди.
Қай гўшадан учиб келдинг, беозор,
Нафасингда, назарингда ой иси.
У ёқларда асло йўқми дилозор,
Эй, ишқимнинг нозли ҳотамтойиси.
Қайси гулнинг атрин ичиб ўсдинг сен,
Бунча сенинг хаёлларинг муаттар.
Чақмоқ бўлиб бир кун йўлим тўсдинг сен,
Энди ҳар кун чақин кўнглим уйғотар.
Қабоғингда "ишқ" сўзидан бир жило,
Уни кўрган басир кўзлар очилар.
Айт, қалбимни нечун этдинг истило,
Энди сирлар юлдуз бўлиб сочилар.
Сен – камалак, етти рангда давотинг,
Сен – капалак, жоним ичра қанотинг,
Сўра, "Менсиз қандай ўтди ҳаётинг?!" –
Ҳаётми у? – Айтолмадим баётим.
Мужгонимда гар ёш кўрсанг қўявер,
Кўзим берган закотим у, шукронам.
Ҳавзи Кавсар овозисан мен учун,
Жаннатлардан таралган ул таронам.
Сен – ўшасан, Худо менга билдирган,
Аразлаган илҳомимни келтирган,
Сен ғанийсан, йўқларимни йўндирган,
Буюк сўзсан – луғатимни тўлдирган...
Қай гўшадан учиб келдинг, беозор,
Нафасингда, назарингда ой иси...
Ўртамизда тоғлар бор,
Яшалмаган чоғлар бор.
Ул тоғларнинг ортида
Алдоғлар, ўртоғлар бор.
Ишқ – бу гўзал таҳдиддир,
Таҳдидларинг мулойим.
Кўзингнинг ёшин артиб
Кафтимни куйдиройин.
Ўртамизда тоғлар бор,
Шодлигу мароғлар бор,
Қўлим бўм-бўш бўлса ҳам,
Ҳўл бўлган қароғлар бор.
Биз ишқ деб бадар кетдик,
Дардли, дарбадар кетдик,
Бахт шевасин унутиб,
Ағёрни хурсанд этдик.
Ўртамизда тоғлар бор,
Энди оройиш бекор,
Шифойи васлинг тилаб,
Зорингга қўшдим озор.
Ўртамизда тоғлар бор,
Ҳайбатидан дил ҳуркар.
Ошиқ улки, ярасин
Енг ичига беркитар.
Ошиғингман, ёнингга
Боролмасам айб этма.
Кафтларимни куйдирган
Кўз ёшингни беркитма.
Ўртамизда тоғлар бор...
СОҒИНИШ
Мен тилсиз дуторман, нолам кўп эски,
Вақт қанча чалса ҳам ета олмайди.
Кўнгиллар мулкининг муносиб беги,
Асло ёшлигига қайта олмайди.
Бир вақтлар кўчани тўлдирган тулпор,-
От чўплар асодир энди қўлларда.
Бизни "севаман" деб алдаган баҳор,
Ялпиз бўлиб кулар қайси йўлларда.
Бизни йироқларга йўллади ҳасрат,
Бизни улғайтирди дўстлар ҳасади.
Майсаларни эзиб бораверади,
Ҳайратни билмаган улар жасади.
Бизлар тонг шафағи қадар ёш эдик,
Орзиқиб кутардик янги толени.
Булбулга кафан-ку гулнинг вужуди,
Бизни айирмоқдан мақсадлари не?!
Сен менинг энг гўзал суйгулигимсан,
Йиғлаб учрашади сенда толейим.
Мунглар, ҳасратларга бўлсам ҳам ошно,
Изн бер, пойингда йиғлаб олайин.
Мен ҳикмат ахтарсам хазонлар ичра,
Ғунча кулгичида боқийим ўзинг.
Сўздан чиқиб кетсам агар сен сори,
Маънолар базмида соқийим ўзинг.
Сенинг гўзаллигинг – Аллоҳнинг сири,
Ким ошкор этса гар ўлимга маҳкум.
Мен шундан балки лол, бўлиб асиринг,
Кўйингда мафтунман, кўйингда мафтун.
"Ишқ" сўзи дунёнинг асл қомуси,
Шул сабаб умримга ҳам тенг гулимсан.
Сен-менинг нозанин куним маъниси,
Сен-менинг энг гўзал янгилигимсан!..
Изн бер, пойингда йиғлаб олайин!..