Ўшанда июнь ойи эди. Тошкентда уч ойгина яшаган бўлсак ҳам соғинчимиз минг йиллик эди, гўё. Яқинлар, жигарлар билан дийдорлашгач, қадрдон ҳовлимизда қўним топдик. Ҳовлимиз жаннатдай баҳаво, фусункор эди. Эрта баҳорда ерга уруғи қадалган жўхори поялари қариндошу қўшнилар қаровида кўкка бўй чўзган анор, хурмо, токларнинг мевалари чумак уриб, кўзга ташланиб қолганди. Эндигина уч ёшга кирган кенжа қизим остона ҳатлаб, ҳовли томонга чопиб кетди. “Воййй, вуййй бунча кўп чақалоқлар, менга чачи узууунидан кўпгина оберииинг, аяжон!” Сочлари селкиллаб турган маккажўхори сўталарини чақалоққа ўхшатганига ҳаммамиз кулиб юбордик. Уч-тўрт кун қишлоқнинг тоза ҳавосида мириқиб дам олгач қайтишга чоғландик. “Мен машина топиб келгунча сизлар тайёр бўлиб туринглар”, деб чиқиб кетган дадаси пешинга яқин қайтди. Ток шохларига арғамчи боғлаб ясалган беланчакда "боласи”ни тебратиб ўйнаб ўтирган қизчам сояда ухлаб қолганди. Ҳаммамиз хайр-хўшлашиб йўлга чиқдик. Ҳали довон ошмай уйқусидан уйғонган қизчам “болам қолди”, дея хархаша қила бошлади. Аввалига шунчаки инжиқлик деб ўйладик. Кейин овутиб бўлмагач, йўл бўйи ҳаммамизнинг хунобимиз ошди. Кеч оқшом тушганда уйга етиб бордик ҳамки овутиб бўлмади. Тунда ҳам, тонгда ҳам болам қолди, деб йиғлаб, юпаниб юрган қизчамнинг иссиғи чиқа бошлади. “Инга”лайдиган қўғирчоқ ҳам, кўзлари мунчоқ айиқча ҳам унинг дардига малҳам бўлмасди. Ака-опаларига тайинлаб, мен “думбул бола” излаб чиқиб кетдим.
3-трамвайда ишга қатнаб юрган пайтларимда шаҳар четидаги ҳовлиларда ўсиб ётган маккажўхори пояларига кўзим тушганди. Бозорлардан излаб тополмагач, ўша манзилни кўзлаб йўлга тушдим. Ҳартугул топдим. Ҳовли дарвозасига бориш йўлагидан анча айлана масофа борлиги учун ҳовли этагидаги пастак девор ёнига келиб овоз бердим. Бегона овоздан сергакланиб вовуллашга тушган итдан чўчиб кўча томонга юрдим. Кутилмаганда, қўрғон деворининг нураган жойидан сакраб тушган ит мен томонга югурди. Ҳаммаси бир нафасда юз берди. Қичқириғимдан югуриб чиққан уй эгаси, бир икки йўловчилар...
... Оёғимдаги оғриқ азобидан бутун вужудим титрарди. Мени бағрига босиб узрхонлик қилаётган аёл уй эгаси экан. Уйидан (негадир)хамиртуруш олиб чиқиб шикастланган жойга боғлади. Дарвозаси ёнидаги тош супага ўтирдик. Меҳр билан юзларимни силаб, кўзига ёш олди.
– Қўрқиб кетибсиз-да, қизим. Рангингизда қон қолмабди. Мен қурғур кучукни занжиридан бўшаб кетганини билмабман. Қўрқманг, қутурмаган. Қопоғон итнинг боласи-да, шунақа гажир бўларкан. Эрим оламдан ўтган, икки бўйига етган қизим, бир ўғилчам бор. Деворларим нураб ётибди. Балодан ҳазар, деб шу кучукни ҳовли этагига боғлаб қўйгандим. Мавжуда хола, деб чақирсангиз эшик очардим қизим. Мен билмай қолдим, кечиринг...
Ўша хокисор аёл онамга ўхшаб кетарди. Негадир елкасига бошимни қўйиб тўйиб-тўйиб йиғладим. Болам қолди, деб йиғлаб касал бўлиб қолган қизимдан айтиб йиғладим. Марҳаматда катта ҳовлим борлигини, боғу роғим, ота-онам қолиб, бошимиз айланиб эру хотин шаҳарга келиб қолганимиздан айтиб йиғладим. Райҳон исини яхши кўришимни, сув сепилган тупроқ ифорини соғинишимни, анор гулини, пишганида ерга “топ” этиб тўкилган ўрик мевасини олиб ейишни соғинаётганимни айтиб йиғладим. Она-боладек дардлашдик. Икки дона маккажўхори сўтасини излаб юрганимни, болам кутиб турганини айтиб хайрлашдим. Оқсоқланиб бир халта “думбул”ларни кўтариб уйга келганимда кун оға бошлаган эди. Девор томонга қараб гулқоғозни силаб ётган қизалоғимга: “Дилсорахон, болангни обкелдим”, дедим. У чаққонлик билан ўрнидан туриб қўлимдаги “болача”ларини бағрига босди. Ўпиб, эркалаб уларни овута бошлади: “Сизларни ташлаб келганимга хафа бўлдизми, опаааа, деб йиғладизмииии? Мен сизларни соғиниб кечқурун ухламадим. Энди ташлаб кетмийман. Бирга ухлаймиз...” Кўз ёшимни тиёлмасдим. Оёғимдан сизиб чиқаётган қон гўёки юрагим томонга қараб оқарди. Оғриқ азоби ҳам ўша томонда эди, хаёлимда...
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира.