ТАҚДИРНИ ЎЗГАРТИРГАН КУН

Хоразм тарафларда
ТАҚДИРНИ ЎЗГАРТИРГАН КУН
     Урганч давлат университети биносидаман. Лавҳам қаҳрамони билан шу ерда учрашишга келишдик. Майли-да, баҳонада олийгоҳнинг янада кўркамлашган қиёфасини кўриб учрашдик. Талабаликни ёдга олиб кулишдик, бироз чақчақлашдик.
     Суҳбатдошим расмий кўрингани билан очиқ чеҳрали, самимий аёл экан. 
      Гўзал ҳикоялар тингланди. Ярим аср  олдинги тарих ёдга олинди.
     Бўлғуси олима Хива туманининг баҳаво қишлоқларидан бири “Саоёт”да серфарзанд оилада дунёга келади. 
     Мурғаклигидан ўша давр сиёсатига кўра эрта куздан то қишнинг изғиринли кунларигача синфдошлари билан колхоз даласида пахта теради, кўсак чувади.
     Ота муаллим, она – муаллима. Ана шундай зиёли инсонларнинг фарзанди тенгдошларига ибрат бўлмаслиги мумкинми? Қолаверса, у келажакда ҳуқуқшунос бўлмоқчи. Албатта, бунинг учун у яхши ўқиши керак!
     Бироқ унинг тақдирига ота-онаси каби ўқитувчи бўлиш битилган эди. У ТошДУ (Ҳозирда ЎзМУ) нинг тарих факультетини имтиёзли тамомлади. Диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилган талабага шу ернинг ўзидаёқ аспирантурага йўлланма беришди. 
     Пойтахтда ўқиб юртига қайтган Шоирани турмушга узатишди.  Кейинчалик у қишлоқ мактабида ўқитувчилик фаолиятини бошлади. Бу орада оилада бирин-кетин фарзандлар туғилади.
     Тақдири ўзгаришида сабаб бўлган ким, қачон ва қандай бўлган эди? У ўша кунни шундай хотирлайди.
– Бир куни саҳар кўча супуриб юрсам, бири-биридан салобатли икки киши мени йўқлаб келди. Булар профессор домлалар – Абдулла Абдурасулов, Мирсодиқ Исҳоқовлар экан. Улар мени Маъмун академиясига ишга таклиф қилиб келишибди. Ҳаяжонланганимдан қандай кузатганимни билмайман. Уйга кириб роса йиғлабман. Албатта, хурсандлигимдан... 
     Шоира аввалига Маъмун академиясида катта илмий ходим бўлиб иш бошлайди. Бу орада уни университетга ишга таклиф қилишади.
   2005 йил декабрь ойидан университетда иш бошлаган қаҳрамонимиз 2012 йилда “Хоразм воҳаси ўзбекларининг анъанавий кийимлари” (XIX аср охири XX асрнинг биринчи ярми) мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади. 
     Бугун олиманинг кўксини II даражали  “Соғлом авлод учун” ордени, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари безаб турибди. 
     Унинг бир дақиқаям бўш вақти йўқ. Бир ёқда докторлик ҳимоясига ҳозирлик, бошқа тарафда  педагоглик фаолияти, оила ташвишлари...
     Ҳозирда унинг юмушлари яна ҳам кўпайган. Шоира Нуруллаевани университет қошида ташкил этилган хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси этиб сайлашган.
    Волонтёр қизларжон бор бўлишсин, Шоира опанинг қаноти улар, беминнат кўмакчилар билан эҳтиёжи борларга моддий ёрдам берилади. Имконияти чекланган талаба қизларга тадбиркорлик қилиш, тил ўрганиш учун имкониятлар яратилади. Университет аёллар етакчисининг саъй-ҳаракати билан мурожаатлари қаноатлантирилган аёлларни номма-ном санасак, саҳифалар тўлиб кетади. Муҳими, ана ўша кўрсатилган ёрдам орқасидан ҳаётлари фаровонлашган аёллар тўлақонли шахс сифатида фаолиятга қайтишди. Бош мақсад ҳам аслида шу эмасми?
    Шу кунгача олиманинг ўқув-услубий қўлланмаси, монографиялари,  альбом рисоласи, кўплаб  илмий ва илмий-оммабоп мақолалари чоп этилган. Унинг бевосита раҳбарлиги остида битирув малакавий ишлари, магистрлик диссертацияси аъло даражада ҳимоя қилинган.
– Раҳматли онам Зубайда Вафоеванинг қачон ётиб ухлаганини, қачон уйғонганини билмасдик. Мактабда икки смена дарс берардилар, келиб уй юмушлари – мол-ҳол дегандай, кечаси яна ухламай чеварлик қилганлари-чи... Эрталаб уйғонсак, ҳар доим дастурхонда нонушта тайёр турар, онажоним кўпчиган хамирни зувала қилиб нон ясаб ўтирган бўлардилар. Уйимизга газета-журнал келадиган кун биз учун гўё байрамдай эди. “Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш”, “Ўқитувчилар газетаси”, “Саодат” журналларини биз – саккиз нафар фарзандлар талашиб-тортишиб ўқирдик. Айниқса, “Саодат” онажонимнинг энг севимли нашрларидан бири эди. 
     Раҳматли волидам: “Меҳнатдан одам ўлмайди, аксинча, меҳнат одамни улуғлайди, ҳеч қачон меҳнатдан қочма, болам”, дер эдилар.
    Онаизор билан боғлиқ хотиралар боис кўзлари намланган Шоирани бирпас ҳоли қолдириб, аудитория деразаси ёнига келаман. Кўзим бирдан университет ҳовлисидаги антиқа дарахтга тушди. Қоқ иккига бўлинган дарахтни унинг ўртасига қоқилган темир бир-бирига боғлаб турарди. Инсон қўли мўъжизакор, дегани шу бўлса керак. Ўз вақтида қилинган саъй-ҳаракат боис бу азим дарахт ўзининг иккинчи умрини яшамоқда. 
     Опанинг шогирдлари жуда кўўўп. Рўйхат эса ихчамгина, мақолага сиғмайдиган даражада узун. 
    Хайрлашар чоғи Шоирахон муҳим бир янгиликни айтиб қолди. Устоз янги ўқув йилидан бошлаб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қошида хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси сифатида жамоатчилик асосида иш бошлабди. Бошлаган ишлари хайрли бўлсин, меҳнатларингиз роҳатини кўринг, дея тилак билдирдик.  
 
Сайёра Солаева,
Хоразм вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар