Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Қутлибека Раҳимбоева қутлуғ 70 ёшга тўлди. Эл суйган шоиранинг ҳаёт йўллари, тақдири ”Саодат“ манзиллари билан туташ. Муҳташам журнал саҳифаларининг ҳар сатрига кўз нурини, қалб қўрини тўкиб, қирқ йиллик умрини бахшида этган заҳматкаш ва меҳрибон опамизга икки дунё саодати ёр бўлсин!
Ҳурмат билан, ”Саодат“ журнали жамоаси.
...Талабаликнинг орзулари етти қават осмон қадар туташган оловли дамлари. Шеър ёзиб ухлаб, тушимизда ҳам қайсидир маъволарда учиб юрган бўламиз. Тонгда ҳам илҳом фаришталари қанотлари билан елпиб уйғотади.
“Саодат”га ишга келган илк дамларим... Гарчи талаба бўлишимга қарамай бош муҳарриримиз Ойдин Ҳожиева мени масъулиятли лавозимга қўйдилар. “Фақатгина адабий мавзуларда эмас, бошқа мавзуларда ҳам зўр бўлишингиз керак, Мухтасар! Сал зийракроқ, ҳушёрроқ бўлинг, бугун сизга иқтисодий мавзудаги бир мақолани топшираман”, – дедилар бир кун. “Хўп, опа, ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан”, дейман-у, негадир кўнглимда ғашлик... Секингина Ойдин опанинг кўзини шамғалат қилиб, Қутлибека опамнинг олдиларига кираман. “Келинг, Мухтасар, қорнингиз тўқми, тушлик қилдингизми? Аввал мана бу шоколадни еб олинг, кейин янги шеърларимдан ўқиб бераман”, дейдилар меҳрибонлик билан. Шеър ҳақида, шоколад ҳақида гапирадиган одамлар ҳам бор экану дейман-у, хурсанд бўлиб опагинамнинг пинжига тиқиламан. Опа эса ёзаётган мақоласини секингина четга суриб қўйиб, шеър дафтарини очади.
Эркнинг жон сувидан ҳовучлаб олиб, Ҳар битта ўзбекка сепгим келади.
Ўзбеклигим учун ўзгалар қолиб, Ҳатто, ўзимни ҳам ўпгим келади.
Шеър истаган юрагим ҳарорати бироз босилгач, Қутлибека опа: “Энди бориб опа айтган мавзудаги суҳбатни қойиллатиб келинг. Кечга яқин эса сизни уйимга олиб кетаман. Роса мушоира қиламиз. Фарғонадан курсдошим, ажойиб шоира Зуҳра Алиева ҳам келади”, дейдилар кўзлари чақнаб...
Бу гаплар менга мойдай ёқади-да, оёғимни қўлга олиб тадбиркор суҳбатдошимнинг ҳузурига шамолдай учиб кетаман.
Кўнглимдагидек суҳбат бўлгач, Ҳамид Олимжон метросидан чиқиб ширин хаёллар суриб Қутлибека опамнинг уйига томон йўл оламан. Мен кириб борганимда аллақачон Зуҳра опа келган, суҳбатлар аро мушоира ҳам бошланиб бўлган экан. Ора-орада уларнинг суҳбатларига ижодхонасида китобларга кўмилиб ўтирган Миразиз Аъзам ҳам қўшилиб қўядилар. Уларнинг сўзларини жон қулоғим билан тинглайман. Ошнинг зирвагини қилиб сув қуйиб бўлгач, Қутлибека опам Зуҳра опани менга батафсил таништира бошлайдилар:
– Зуҳра опангиз нафақат курсдошим, балки менинг яқин дугоналаримдан бири. Биласиз, Фарғона давлат университетида ўқиганман. Узоқдан келганим учун ҳар якшанба курсдошларим мени уйларига олиб кетиш учун бир-бирлари билан баҳс бойлашар эди. Уларнинг ота-оналари ўзимнинг ота- онамдек бўлиб кетган. Фарғона менинг туғилган юртим каби азиз юрт бўлиб қолган. Ҳозир мушоирамизни Зуҳра бошлаб беради.
“Хўп, ўртоқжон, мушоира қочмас, бу қизни ҳам менга таништирмайсанми?” – дедилар Зуҳра опам. “Ие, Мухтасарни шундоғам танийсан деб ўйлабман. Иккалангиз ҳам Фарғонадансиз-ку? Бу қиз яқинда келди ишхонамизга. Шеърларини бир тинглаб кўргин! Жуда самимий ёзади”. Опанинг гапларидан эриб кетаман.
Шундай қилиб, тонг отгунча мушоира қиламиз. Тонгда эса ҳаёт ўзанига тушиб, ҳамма ўз вазифаси ва бурчларини ёдга ола бошлайди. Югур-югур яна бошланади.
Қутлибека опа ҳозир ишга боролмаслигини, иситмалаб қолган ўғлини поликлиникага олиб бормоқчи эканлигини айтиб, секингина ҳеч кимга билдирмай пальтомнинг чўнтагига пул солиб қўядилар. Хижолат бўлишимга қарамай пулни қайтариб олмайдилар, “Мен ҳам талаба бўлганман, мусофирлик нималигини яхши биламан”, дейдилар шивирлаб...
Кунларнинг бирида ишга кетаётсам ортимдан отам чақиргандек бўлдилар. Ҳайрон бўлиб қарасам ҳеч ким йўқ. Ишхонага келсам, кираверишдаги йўлакда Қутлибека опам изиллаб турибдилар. Лекин негадир кўзларини мендан олиб қочяптилар. У пайтларда қўл телефонлар йўқлиги боис онам уларнинг уйларига телефон қилган эканлар.
Юрагим шув этиб кетди. “Мухтасар, ҳалиги... онангиз телефон қилгандилар. Отангизнинг бироз тоблари йўқ экан. Шунга ҳозироқ йўлга тушинг-да, уларни кўриб келинг”, дедилар ва чўнтагимга пул солиб қўйдилар. Томоғимга нимадир тиқилиб қолди. Қандай автобусга чиқдим ва қандай Қўқонга етиб бордим, билмайман... Лекин раҳматли отам билан кўришишга, видолашишга улгурдим. Энди билсам, ўшанда ҳам, ундан кейин ҳам оғир дамлардаги ғамхўрлиги учун устозимга миннатдорлик билдира олмабман. Катта раҳмат, сизга, Қутлибека опа!
Бир куни дугоналарим билан бир даста гул кўтариб Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеваникига бордик. Опанинг эшиги ҳар доим биз шогирдлари учун очиқ эди.
Кайфиятлари қандай, бошқа иш билан банд эмасмиканлар, дея ўйлаб ҳам ўтирмас эдик. Шеър тинглагимиз келдими, шартта кириб бораверар эдик. Ана шундай гўзал суҳбатлар, мушоираларнинг бирида Қутлибека опанинг ижоди ҳақида гап очилиб қолди. “Қутлибека шоира эмас, ҳақиқий шоир. У айтадиган гапини силлиқлаб, пардозлаб ўтирмайди, худди жангга отланган жангчи каби юрагидагини очиқчасига айтиб, сўз камонидан беаёв ўқлар отади".
Ҳалима опанинг гапларини тинглаб, Қутлибека опанинг ўз болалиги ҳақида айтиб берган хотиралари ёдимга тушган эди:
– Мен оддий қишлоқнинг зиëли оиласида туғилиб ўсганман. Болалигим 1960, 1970 йиллардаги болаларникига ўхшаб олдин ўқиш, кейин дала ишлари билан ўтган. Ўша дамларни хотирласам, кўз олдимга биринчи бўлиб оилам келади. Онам ўқитувчи бўлиб, жуда ҳам китобни яхши кўрадиган аëл эди. Отам эрта вафот этгани учун болалигимнинг асосий овунчоқлари китоблар бўлган.
Ватанпарварлик, ҳарбий мавзуларда ëзилган китобларни жуда ҳам яхши кўрар эдим. Маҳаллада ўғил болалар кўплиги учун кўпроқ ўғил болалар билан ўртоқ эдим. Онам 1930 йилларда ота-оналари билан Украинага сургун қилинган.
Кейин уруш арафасида қайтиб келган. У менга олис юртда кечган ҳаëт йилларини гапириб берарди. Ватан тушунчаси, унинг қадрига етиш, ватан қандай бўлса, уни шундайлигича қабул қилиш, оғриғидан оғриниш, яхши кунлари учун ҳаракат қилиш туйғулари, балки, ўша хотиралар билан боғлиқ бўлса керак.
... Бир куни негадир дунё кўзимга қоронғи кўрина бошлади. Ишдан сўнг тўғри опанинг уйига йўл олдим.
Қутлибека опам ҳам, Миразиз ака ҳам ижодкорларнинг кутилмаган ташрифларига кўникиб қолишган эди. Қачон ва қандай келишларидан қатъий назар, барчани хурсандчилик билан кутиб олишар, ўз-ўзидан бир онда адабий суҳбатлар ва мушоиралар қизиб кетар эди. Лекин негадир бу сафар опанинг ҳам кайфияти ёмон эди. Саломлашиб бўлгач, мени дастурхонга таклиф қилар экан, ўриндиққа ўтириши билан йиғлаб юбордилар. “Нега йиғлаяпсиз, опажон?” дедим дарҳол уларни қучоқлаб. “Шавкат ака (Шавкат Раҳмон) оғир аҳволда экан”, дедилар лаблари титраб...
Мушоираларимизда Шавкат Раҳмоннинг, “Борми эр йигитлар, борми эр қизлар...” деган мисраларини жўр бўлиб айтган кезларимизни эсладим. Кўп суҳбатларимизда опа у киши билан бирга ишлаган кезларини гапириб, “Шавкат ака билан ака-сингилдай эдик. Яна бир шоир бормикан Шавкат Раҳмондан ошириб Ватан, миллат ҳақида жон куйдириб ёзган бўлса”, дердилар.
Ярим тунда безовта товушлардан уйғониб кетдим. Қутлибека опам йиғлар, Миразиз ака унга таскин берар эдилар. Кейин билсам, Шавкат Раҳмон оламдан ўтган экан.
Опа билан кўпинча бугунги журналистиканинг муаммолари ва ютуқлари ҳақида суҳбатлашиб қоламиз. Бир куни баъзи бир ижодкор дўстларимизнинг бўлса-бўлмаса эл олдига югуриб чиқиб турли ваҳималар қўзғаши ҳақида гапираётиб, қатъият билан шундай дедилар:
– Мен бошқача руҳдаги одамман. Эл нима еса еб, нима кўрса, кўриб юрибман. Мен миллатни бутунлигича қабул қилишни истайман… Бу менинг миллатим. Мен уни ҳеч қайси миллатга алмаштирмайман. Бу элнинг яхшисини ëмони билан қўшиб севаман. Ўзликни англаш йиллар давомида секинлик билан амалга ошадиган жараëн. Оила сирини айтаверсанг, гап кўпайиб кетаверади. Сирингни очма, ўз айбингни ўзинг тузат, дейишади-ку. Мен шу тамойилга амал қиламан. Шахсан ўзим бировнинг айбини топиш, бировнинг орқасини ковлаб юриш каби ëмон одатлардан йироқман.
Мен ҳамма нарсага очиқ кўз билан қарайман. Элдаги мавжуд ëмон урф-одатларни кескинлик билан, инқилоб билан ўзгартириб бўлмайди. Бу нарсани ëш авлодга тўғри тарбия бериш, маърифатга етаклаш орқали ўзгартириш мумкин.
Ҳа, Қутлибека Раҳимбоеванинг руҳияти ўхшаса фақат ўзига ўхшайди. Қайсар, миллатпарвар, меҳнаткаш, жасоратли... ва энг муҳими ҳамиша ёзишга ташна!
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.