ИБРАТ МАКТАБИ
БИЗНИНГ ФАРИДА ОПА...
Тошкентнинг Фаридахоними... Бу исм кўпчиликка яхши таниш. Айниқса, пойтахтлик опа-сингилларимиз улар ҳақида гап очилса:
"Ҳа, ўзимизнинг Фарида опамиз-да", деб қўйишади. Аслида кўпчиликнинг “ўз кишиси”га айланиш катта заҳмат.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Фарида Абдураҳимовани одатдаги иш устида учратдик.
Улар фаолият юритаётган ташкилотга кириб борганимизда телефонда куйиниб гапираётган эканлар. Беихтиёр сўзларига қулоқ тутдик.
– Жон синглим, давлатимиз раҳбарининг энг катта талабиям, топшириғиям, мақсадиям халқимизни рози қилиш. Мен сиздан қоғоздаги рақамларни сўрамаяпман. Ҳар кун, ҳар соат одамларнинг дардига қулоқ тутиб, керакли ва оғриқли жойига малҳам топиб, кимгадир опа, кимгадир она, яна кимгадир сингил бўлиб муаммони бартараф қилишимиз зарур. Аҳолининг айнан муҳтож қисмига манзилли ёрдам кўрсатиб, камбағалликдан чиқишлари учун имкон яратишимиз керак. Шундагина давлатимиз раҳбарининг мақсадларининг рўёби учун хизмат қилаётганимиз аён бўлади. Мен сиз билан яна боғланаман, масалага жиддийроқ ёндашинг.
Гўшакни жойига қўяркан Фарида опа узр сўраб, менга юзланди:
– Бугун ҳеч кимнинг лоқайд бўлишга ҳаққи йўқ. Куни кеча Сенат йиғилишида Гендер тенглик масалалари бўйича қўмитанинг экспертлар гуруҳи аъзоси сифатида иштирок этарканман, у ерда кўтарилган масалалар, муаммо ва ечимлар ҳақида ўйлаб, буюк бобокалонимиз Замахшарийнинг бир гапи ёдимга тушди: “Ҳаракат заиф бўлган жойда кучли билим фойдасиз. Ҳаракатсиз билим ипсиз камон ўқидир”. Бугун худди шундай уйғоқ бўлиш, тафаккурни ишга солиш, “сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, қабилида яшаш замони аллақачон ўтиб кетганлигини тушуниш пайти келди. Ипсиз камон ўқи бўлиб қолмаслик ҳаммамиз учун ҳам муҳим, тўғрими? Суҳбатдошим фикрини иқтибослар, мисоллар билан изоҳлашга уринди.
Инсон бирданига бундай фикран улғайиб қолмайди. Йиллар, йўллар камолга етказади уни. Фарида Йўлдошевна болалик хотиралари ҳақида сўзлар экан, умрнинг беғубор паллаларига қайтгандек бўлдик.
– 1950 йилнинг 11 августида Тошкентнинг эски шаҳарида хизматчи оиласида дунёга келдим. Оилада уч нафар қиз улғайдик. Онам ҳунарманд бўлган. Уйимиздан мактабгача масофа жуда узоқ бўлгани сабабли трамвайда қатнардим. Баъзан йўлкирага пул топилмай қолар, ўз вақтида дарсга етиб бориш учун қаҳратон қиш кунларида совуқ жон-жонимдан ўтиб кетганда йўл азоби билинарди. Ишонсангиз, кўз ёшларим совуқдан музга айланиб юзимга думалаб тушарди. Ўқишга интилиш шу қадар кучли бўлгани учун қийинчилик ҳақида оғиз очмасдим, ҳаммасига чидардим. Жуда оддий яшаганмиз. Кайковус анҳори бўйида оқизоқ нонлар еб, тўптош ўйнаб, эртагу ривоятлар тинглаб улғайганман.
Болаликдан китоб ўқишга ҳавасманд, билимга чанқоқ эдим. Онам Холида ая эски шаҳардаги бадиий буюмлар фабрикасида дўппидўз эдилар. Мен ҳам дўппининг тепа ва кизак деган жойларига пилта уриш ишларига қарашардим. Ҳар ойлик олишга кетаётганларида онам: “Сенинг ишлаган пулингга нима олиб келай?” дер эдилар. Эски шаҳарнинг картошка бозори деган жойда катта китоб дўкони бўларди. Мен онамга китоб олиб келинг, дердим. Олиб келган китобларини ўқиб тугалламагунимча уйқум келмас эди. Кўп ҳолларда уйнинг чироғини ўчириб кичкинагина фонарни ёқиб китобни тугатардим. Бир кун онам менга: “Болам, китоб дўконининг хўжайини эртага сени олиб боришимни тайинлади”, деб қолдилар. Ўшанда 6-синф ўқувчисиман. Онам билан бордик, каттагина китоб дўконида ўн-ўн беш чоғли турли ёшдаги одамлар йиғилган. Ўрта ёшлардаги дўкон ходимаси ўртада туриб мақсадни тушунтирди. Билсам, энг кўп китоб оладиган китобхонларни таклиф этган экан. Иштирокчиларга турли китоблар совға қилди, менга “Ўзбек халқ эртаклари” китобчасини топширди. Бу воқеа ўша куни менинг янги кутубхонамга асос солди.
Бугунгача ўйлайман, бу китоб сотувчи аёлга тепадан кимдир топшириқ берганмикан ёки у зиё тарқатишни виждон амри деб билганмикан? Ўша китобни жонидан севган аёл юзлаб, минглаб инсонларни, жумладан, мени ҳам китобга бир умрлик ошна қилган бўлса, не ажаб. Онамнинг айтишича, кейинги гал борганларида ўша кунги тадбир расмга олиниб, деворга осиб қўйилган экан. Расмлар орасида онам иккимиз ҳам бор эканмиз. У пайтда китоб ўқишга даъват қилувчи ҳеч қандай фармону қарорлар қабул қилинмаган, китоб ўқиганларга эътибору эътироф бўлмаган. Бугун эса тамомила бошқача, ўқисанг, интилсанг бас.
Болалигимдаги яна бир воқеа ёдимда қолган. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномам йўқолганлиги сабаб мактабга саккиз ёшимда борганман. Олмазор туманидаги ҳинд тилига ихтисослашган 24-сонли умумтаълим мактабида 11-сентябрда ўқишни бошладим.
Синфдошларимдан бир ёш катталигим сабабми тез кунда аъло баҳоларга ўқиб, пешқадамлар сафига ўтдим. Устозимиз бир ойдан сўнг синфбоши қилиб сайлади. Мактабни олтин медаль билан тамомлаб, энди олий ўқув юртига кириш қайғусини қила бошладим. Онам: “Болам, қиз болага ҳам ҳунар, ҳам билим керак. Тўқимачилик соҳасида ўқишингни хоҳлардим”, дедилар. Мен эса журналист бўлишни болаликдан орзу қилардим. ТошДУнинг журналистика факультетига ҳужжат топширганимни имтиҳон куни онамга айтдим. Ўқиб кўрай, агар эплаёлмасам, кейин сиз хоҳлаган ўқишга қайта топшираман, деб уларни тинчлантирдим. Ўша йили талаба бўлдим...
Асли касби журналист бўлган Фаридахонимнинг иш фаолияти шу соҳада бошланган бўлса-да, кейинчалик сиёсат оламида аёллар тақдирига елка тутди, эзгуликлар учун хизмат қилди ва ҳамон фаоллар. Бу ҳақида опанинг ўзи шундай дейди:
– Университетда ўқиш билан бирга “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасида ишладим. Ўқишни тамомлагач, шу даргоҳда мухбир сифатида фаолият юрита бошладим. Ўша пайтда бош муҳарриримиз бўлган Рустам Шоғуломов бир куни мени хоналарига чақириб: “Қизим, газетада анча пишиб қолдинг, ёзув-чизувга яхшисан. Журналистлар уюшмасига ходим сўрашяпти, мен сени тавсия қилдим. Борасан, Зиёд Есенбоев деган инсонга учрашасан, қолганини улар айтади”, дедилар. Мен шундай қилиб, журналистиканинг дарғалари бўлган улуғ устозлар ҳузурида ҳайрат ва ҳаяжонлар ичида иш бошладим.
Ўзбекистон Журналистлари уюшмасида дастлаб оддий ходимликдан иш бошлаб, биринчи ўринбосаригача бўлган ижод йўллари заҳматини босиб ўтдим. Мен ўзимни ҳамон журналист деб биламан, иш кунимни янги газеталарни ўқишдан бошлайман, касб байрамимизда фахрий сифатида иштирок этаман, газета, радио, телевидениеда ҳамкасбларимнинг фаолиятини кузатаман, ижтимоий тармоқлар орқали берилаётган ижодларига муносабатлар билдираман.
Жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаолиятим ўша йиллардан бошланди. Ҳаётимнинг йигирма беш йилини айнан хотин-қизлар масаласига бағишладим. Ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, кучи ва имкониятларига таянадиган, ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ёндаша оладиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялаётган аёллар бугунги кун қаҳрамонларидир.
Биз ишлаган давр билан бугунги кунни таққосласак, жуда катта фарқни кўрамиз. Оддийгина мисол: у пайтларда қўмитанинг ўз шахсий ҳисоб рақами ҳам бўлмаган, жамоатчилик асосида ишлаганмиз. Давлатимиз раҳбарига минг раҳмат, бугуннинг аёлига бўлган эътибор том маънода давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Агар мен ишлаган йилларга қайтсак, 25 йил давомида атиги 2 нафар аёл, бири қурувчилар омборида, бири болалар боғчаси ертўласида яшаётган, шароити оғир бўлган оилага уй олиб берилишига эришган бўлсам, бугун бу каби эзгуликларнинг саноғи йўқ.
Талабалик йилларимда турмушга чиқдим. Оила, рўзғор, бола-чақа каби ширин ташвишларда менга умрим бўйи жаннатим онам - Холида онажоним мададкорим, маслаҳатчим, йўлбошчим бўлдилар. Атиги тўртинчи синф маълумотига эга онам ўнта олий маълумотлилардан аъло даражада устозлик ҳам қилдилар. Хизматчилик, баъзан кеч қолардим. Лекин шунда ҳам кечаси бўлса-да, кир ювиш, дазмол уриш, уйларни саранжом-саришта қилиш каби рўзғор ишларига вақт топганман. Бугунги кунгача онамнинг: “Болам, ҳеч қачон оёғинг ердан узилмасин. Камтар бўлсанг доимо муродингга етасан, қамишдек кеккайсанг, бўйрадек оёқости бўласан”, деган гаплари ҳаётимнинг мазмунига айланган.
Оилада қизларни эрта турмушга бериш ҳақида гап кетса, онам: “Йўқ, улар ўқиши керак. Ўқиган қиз бировнинг қўлига қарамайди, фарзанд тарбиясида одил, оилада ўз ўрнига муносиб инсон бўлади”, дердилар.
Мен оддийликда буюклик яратиш мумкинлигини онамнинг тақдирида кўрганман, инсонга эътиборни онамдан ўрганганман. Улар 98 ёшда оламдан ўтдилар. Уч қизни муносиб тарбиялаб, олий маълумотли қилдилар. Ҳаммамиз нафақат жамиятда, балки оилада ҳам ўрин топдик. Муносиб фарзандлар улғайтириб, бугун набиралар қуршовидамиз. Онам табаррук ёшда ҳам замон билан ҳамнафас бўлишга интиларди. Доим телевизор кўриб, юртимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдирарди. Бефарқ эмасди. Ишдан келишимни интиқ кутар, куним қандай ўтгани билан қизиқар, бугун қандай савобли иш қилганимни билгиси келарди. Юртга тинчлик, элга ризқ-рўз сўраб дуолар қилишдан чарчамасди. Мени лавозимга интилмаслик, амал ўткинчи эканлиги, инсон маънан юксак бўлиши лозимлиги, ҳою-ҳавасларга берилмаслик борасида ҳам ибратим онам бўлган.
Фарида опа турмуш ўртоғи Абдусаттор акани малакали муҳандис, мулоҳазали, билимли, одил ва оқибатли, оилапарвар инсон – оила қўрғонининг мустаҳкам устуни сифатида ҳурмат билан тилга олди.
– Турмуш ўртоғим билан танишишимиз бошқаларникига ўхшамаган. Биз Абдусаттор ака билан 1969 йилда турмуш қурганмиз. Никоҳ тўйимиз ҳовлида оддийгина, камтаргина бўлиб ўтган. Эллик йиллик оилавий ҳаётимизда ошиб-тошиб яшамадик, лекин турмушимизнинг пойдевори сабр, ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш, асраш, ҳалол меҳнат бўлди. Эр-хотин ишлаб беш-олти йилда битта “Киргизия” кир ювиш машинасини олганимиздаги хурсандчилигимизнинг чеки бўлмаган...
Йиллар ўтди. Аллоҳ бизни Ҳасан-Ҳусан эгизаклар, кейинчалик Заҳро исмли қизалоқ билан сийлади. Уларнинг бари оилали, бахтли, жамиятда фаол. Саккиз нафар набираларнинг катталари бугун юртимиз ва хорижнинг нуфузли олий даргоҳларида таълим олишаётган бўлса, кичиклари қувончимиз, атрофимизда парвона.
Биз танглайи меҳр-оқибат, эзгулик, меҳнатсеварлик билан кўтарилган халқмиз. Ўзини таниган, ўзлигини англаган аждодлар ворисларимиз. Хулоса шуки, қаердаки аёлнинг қадр-қиммати, обрў-эътибори юқори бўлса, ўша ерда миллатнинг қадри, куч-қудрати ҳам юксакдир.
Меҳнатлари муносиб қадрланган, Педагогика фанлари номзоди, доцент, "Дўстлик" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонлари кўксини безаган, эъзозу эҳтиром кўраётган Фарида опа ҳақидаги мухтасар ҳикоямизга ҳозирча шу ерда якун ясаб, уларга юз ёшлар билан юзлашишни тилаб қоламиз.
Феруза ОРИПОВА.