ОЛТИН ҲАЛҚА

 

ФИДОЙИЛАР

ОЛТИН ҲАЛҚА

     Андижоннинг олис Марҳамат туманида туғилиб ўсган Давлатхон Тошхўжаева оилада уч фарзанддан кейин дунёга келган эркатой қизалоқ эди. Тақдирнинг бешафқатлигини қарангки, у болалигидаёқ бевақт хасталанган онасидан жудо бўлди. Отаси Мамасоли ака уч қиз ва бир ўғлини ўгай онага сарғайтирмаслик учун қайта турмуш қурмади. Айниқса, кичкинтойи Давлатхоннинг фикрлари тийран, сўзлари бурро бўлгани учун ҳам келажагида ёруғлик кўрди ва уни кўпроқ қўллаб-қувватлади. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент чет тиллар институтининг француз тили йўналиши бўйича ўқишга кирган қиз хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқиши сабабли вақтини кўпроқ кутубхоналарда ўтказди. Устозларидан илм сирларини ўрганишдан сира толмади. Вақти келиб, оилавий шароити тақозоси билан ўқишни сиртқи бўлимга ўтказишга тўғри келди ва Ўқчи қишлоғидаги 22-мактабда юқори синф ўқувчиларига француз тилидан дарс бера бошлади.
     Ўқув йили охирлаб, имтиҳонлар бошланган пайт ҳориб уйга қайтган муаллима телевизор қаршисига ўтирди. Экранда намойиш қилинаётган спектакль ниҳоясида эфирга узатилган Тошкент театр ва рассомлик институтига талабалар қабул қилинаётганлиги, санъатга қизиқувчи ёшларни таклиф этилиши ҳақидаги эълон унинг эътиборини тортди. Эртасигаёқ мактабга қайтгач, ҳамкасбларига: – Мен актриса бўламан, Тошкентга бориб институтдаги ўқишимни санъат институтига кўчираман, – дейди. Унинг бу сўзига кимдир ишонди, кимдир эса мийиғида кулиб қўйди. Оқшом отасига қарорини айтганида улар хавотир ва бироз ҳайрат билан эшитди, лекин ортиқча монелик қилмайди.
– Ота, баъзан мақсадлар ҳам ўзгариб тураркан, бу балки, яхшиликкадир. Фақат сиз мени қўлласангиз бас, “отасининг қизи” номимни оқлайман, менга имкон беринг, – деди.
     Тақдирнинг иши қизиқ, гоҳида ўз йўриғига сени юргизса, гоҳида сен кутмаган тасодифларга тўқнаш қилади. Француз тили ўқитувчисининг бир маромда кечаётган ҳаёти тубдан ўзгариб, 1967 йили Тошкент театр ва рассомлик институтининг талабасига айланди.
     Ўшанда ота дуосини олиб пойтахтга қараб йўл олгач, институтни излаб анча овора бўлади. Мақсади учун курашдан қайтмайдиган Давлатхон, ниҳоят, излаган манзилини топиб борди. Уни “Мусиқали драма актёрлиги" факультети декани Карина Лимоновскаянинг ҳузурига олиб кирадилар. Кириш имтиҳонлари аллақачон тамомланган бўлишига қарамай атлас кўйлаги ўзига ярашган, қирқ кокил сочлари тақимини ўпган, икки юзи қирмизи олмадек бу қиз кўпчиликнинг эътиборини тортди.
     Устозларнинг саволларига жавоб бергандан сўнг ундан энди қўшиқ айтиб беришини сўрашади. Шунда пианино чалишни билиши қўл келди ва қўшиқ ижро этиб, олқишлар олади. Декан Карина Александровна кутилмаганда: “Қизимизнинг истеъдоди чарақлаб турибди, билими ҳам етарли, иккинчи курсларимизда қизлар жудаям кам, шу сабабли уни иккинчи курсга қабул қиламиз”, дейди.
– Ўн уч нафар талабанинг ўн тўртинчиси бўлиб сентябрдан ўқишни бошладим. Тенгдошларим билан тез киришиб кетдим, фанларни ҳам ўзлаштириб олдим. Устозларим Надежда Павлова ҳамда Омон Абдураззоқовларга савол беравериб, тинч қўймасдим. Кейинги йили курсимизга гуруҳ сардори қилиб тайинлашди ва менда ўзимга бўлган ишонч янада ошди, – дея ўша кунларни хотирлайди қаҳрамонимиз.
     Таржимон бўлиш, ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида илм қилиш, хорижий давлатларга хизмат сафарларига бориш, ҳатто ўзи орзу қилган муҳаббат ўлкаси – Франция давлатида ўзбек элининг илк аёл элчи сифатида фаолият кўрсатиш, юртнинг корига яраш, Эйфел минораси қаршисида Гюго асарларини француз тилида ўқиш каби ниятларини юрагининг тубига яширган мактаб ўқитувчиси энди тамоман бошқа йўналишда янги йўлга қадам ташлади. Аввалига ўқиш даврида институт саҳнасида Мольернинг "Скапеннинг найранглари" спектаклида Нерина, Гаджибековнинг "Аршин молалан" спектаклида Жаҳон, ўзбек драматурглари қаламига мансуб "Ватан ишқи" спектаклида Нарзи каби образларни ҳали талаба бўлишига қарамай, моҳирона ижро этди. Чақмоқдек ёниб бошқалардан ажралиб турувчи бу зийрак талаба кўпчиликнинг эътиборига тушди. Институтни аъло баҳоларга тамомлаб, устозларининг пойтахтда қолиш таклифларига рад жавобини айтди ва отасига берган ваъдаси сабаб қишлоққа қайтди.
     Қўлида Андижон вилояти театрига йўлланмаси бўлган ёш кадр театр жамоаси сафарда бўлганлиги сабабли маъмурият билан кўриша олмайди. Бу орада туман маданият бўлимига мутахассис кераклигини билгач, шу даргоҳда иш бошлайди.
     Ёш, хушмуомала, ўз ишига талабчан бўлган қиз нафақат туманда, балки вилоятда ҳам тез эътиборга туша бошлади. Санъатни маданият билан уйғун ҳолда олиб боргани боис, янги-янги ғоялари билан ҳурмат ва эътибор топди. Унинг шиддатини сезган мутасаддилар ижодий туман маданият бўлими раҳбарлигига тайинлайдилар. Бу эса ўша давр учун жуда юксак ишонч ва катта масъулият эди.
     Пойтахт ҳавосини олган ёш мутахассис иш жараёнига янгиликларни кирита бошлайди. Тўгараклар сонини кўпайтиради ва пуллик махсус курслар ҳам ташкил қилади. "Марҳамат гуллари", "Нафосат", "Дуторчи қизлар", "Зарбли чолғулар ансамбли" каби ансамблларни ташкил этди. Туманда шу давргача театр бўлмаган эди. Театр санъатига иқтидори бўлган ёшларни жалб этган ҳолда "Парвона" ҳаваскорлик театри ҳамда қўғирчоқ театрини тузади. Бевосита унинг раҳбарлигида туманда кутубхоналар сони ортди, янги маданият уйлари бунёд этилди, рассомлик устахоналари очилди.
     Унинг тинимсиз изланишларини кўрган туман ҳокими: “Агар ҳар бир ташкилотда шу Синчалак каби ишлайдиган ходимлар бўлса, туман республикада маёқ бўлади”, дея эътироф этади.
     Янгиликка интилувчан ёш раҳбар тизимда фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш учун жамоадаги ходимларини сиртдан олийгоҳларда ўқишга тайёрлайди ва махсус йўлланма билан уларнинг 30 дан ортиғини олий ва ўрта махсус маълумотли бўлишига эришади.
     Қаҳрамонимизнинг ёшликдаги хорижий сафарлар ҳақидаги орзуси ҳам амалга ошади, у ўттиздан зиёд давлатларга туман маданият уйи раҳбари сифатида театр спектакллари, концерт дастурлари билан ташриф буюрди. Халқимизнинг бой миллий мероси, улуғ қадриятларимиз ва анъаналаримиз билан хорижликларни таништиришга бош-қош бўлди.
– Иш билан банд бўлиб, турмуш масаласида анча кечикдим, – дея ҳаётидаги яна бир муҳим масалага эътиборимизни қаратади Давлатхон ая. – Акам ўқишни тамомлагач, Сурхондарё вилоятига ишга юборилди. Икки опам узатилди ва уйда отам ёлғиз қолди. Турмушга чиқсам, бутун ҳаётини бизга бағишлаган отам мунғайиб қолишини ўйлаб, ташлаб кетгим келмади. Қувончларим ва ютуқларимдан ғурурланаётган отамга меҳр кўрсатиш учун уларнинг ёнида бўлдим. Орадан йиллар ўтди. Юқорининг топшириғи билан бир сафар ансамблимизнинг концерт дастурини Ўзбекистон телевидениесига ёзиб олиш учун пойтахтга келдик. Вилоят театрининг бош режиссёри Жавлон Тошхўжаев ҳам биз билан бирга келди. Қаттиққўл, жиддий ва талабчан бу киши аввалига сира ёқмади, аммо кўпчиликка сездирмай кўрсатаётган меҳри, албатта, мени эътиборсиз қолдирмади. Орадан бир йил ўтиб, биз турмуш қурдик. Ўшанда мен 35 ёшда эдим.
     Оила ўз номи билан оила, муқаддас маскан, олтин занжир. Суҳбатдошимиз энди нафақат вилоятда, балки республикада машҳур бўлган сухандон, режиссёр, драматург, ижодкор инсонга майдонни бўшатди. Улар аҳилликда ўттиз тўққиз йил бирга умргузаронлик қилди. Оилада, аввало, умр йўлдошлик вазифасига садоқат сақлашни, ҳаётини фарзандлари Ферузбек, Ҳасан ва Зуҳра, Фаррухбеклар камоли учун бахшида қилишни лозим топди.
     Бугун 80 ёшни қаршилаётган Давлатхон ая ўтган умридан миннатдор, умр йўлдоши Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жавлон Тошхўжаев билан бирга тўрт нафар фарзандни камолга етказди. Фарзанд ва набиралар қуршовида бугун умргузаронлик қилаётган онахон ҳаётда эришганлари, аввало, раҳматли умр йўлдошининг бебаҳо маслаҳатлари ҳосиласи эканлигини кўп бора таъкидлайди.
     Санъатни маданият даражасига юксалтирган қаҳрамонимизнинг умри асли бир китоб. Ушбу китоб севимли китоблардек кўнглимиз кўшкида бўлишига умид қилиб қоламиз.

Феруза ОРИПОВА

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар