Қадрият 3.08.2022 Муаллиф: Феруза Орипова 0

Эзгуликка йўғрилган умр

Давр ва аёл

Эзгуликка йўғрилган умр

     Ҳамрохон опа эрталабдан қадрдон гўшаси – Андижон давлат тиббиёт институтига ошиқар экан, муассаса дарвозаси ёнида турган йигитга кўзи тушиб, қадамини секинлатди. Йигит чамаси олти ойлар олдин аёли билан ажрашаман, деб келган эди. “Қаратмаган жойимиз қолмади. Фарзанд бўлмаяпти”, дея баланд-паст гапларни ҳам айтганди. Ўшанда аёл фарзанд кўриши учун жуфтлик баравар даволаниши лозимлигини обдан уқтирганди.
     Йигит балиқчилик соҳасида ишларкан. Буйраги тез-тез оғришини айтди. Ўзи билганича вақти-вақти билан даволанган. Ўзингиз ҳам мутахассисга кўрининг, маслаҳатини олинг, балки, фарзандсизликка сиздаги муаммо тўсқинлик қилаётгандир, деб маслаҳат берганида жаҳл билан чиқиб кетган эди. Яна нима бўлди экан?
– Сизга қувончли хабар айтгани келдим, опа, – йигитнинг хушчақчақ овозидан кайфиятининг яхшилиги сезилиб турарди. – Яхшиям, ўшанда жаҳлимни жиловлаб қўйганингиз. Гулдай оилам бузилиб кетаркан-а? Даволандим. Буйрагим ҳам безовта қилмай қўйди. Келинингизнинг икки ойлик гумонаси бор.
     Опа кун яхши хабарлар билан бошланганидан мамнун бўлди. У ўзи яшаётган Андижон шаҳридаги Пистамозор маҳалласининг маслаҳатгўйига айланиб қолган. Хонадони ёшу қарини жамлайдиган, яхши ниятларга доя бўладиган даргоҳга айланган.
– Кимнингдир корига ярашинг, кимгадир кераклигингни ҳис қилишинг катта бахт, – дейди Ҳамрохон Худойбердиева. – Отам раҳматли: “Сен дўхтирликни танлагансан, қизим. Бу – кечаю кундуз хизматда бўлиш дегани. Одам бировнинг эшигини минг истиҳола билан қоқади. Остонангга келган одамга, албатта, вақт ажрат”, деб насиҳат қиларди. Туғуруқ ёшидаги аёлларнинг туғиш оралиғини узайтириш борасида анчагина тарғибот ишларини олиб бордик. Она соғлом бўлса, гўдак соғлом туғилади. Яқинда Олтинкўл туманидаги тиббий кўриклар жараёнида ушоққина бир аёлни учратдим. Саккиз нафар қизи бор. Эри: “Ўғил кўргунингча туғаверасан”, деган. Эри билан суҳбатлашиб, ҳолатни тушунтирдим. Тушунди…
     Ҳамрохон Худойбердиева 46 йилдан буён тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатади. Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлагач, бир муддат шу таълим даргоҳида шифокорлик қилди. Сўнг М.Сеченов номидаги 1-Москва тиббиёт институти аспирантурасини тугатди.
     Ҳеч ёдидан чиқмайди. Аспирантурада дарс берадиган бир мутахассиснинг: “Ўрта Осиёда аёллар ё уй бекаси бўлади, ёки далага чиқиб пахта теради. Улардан зиёли чиқишига кўзим етмайди”, – деган гапи юрагига ханжардай қадалганди. Ана шу камситишни йўққа чиқариш учун астойдил ўқиб-изланди. “Болаларда бронхиал астма касалликларини дорисиз даволаш” мавзусидаги диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Кейин эса “Фарғона водийсида болалар ўпка касалликлари эпидемиологияси” мавзусида Москвада докторлик диссертациясини ёқлади.
– Ҳозирги яратилган шароитларни кўриб, ишлайдиган давр энди келди, дейман, – дейди опа. – Президентимиз соҳа ходимлари билан очиқ мулоқот жараёнида тизимдаги муаммоларга тўхталиб, фаолиятни чуқур таҳлил қилиб бердилар. Хулоса қилдик.
     Андижонимизнинг ўзида қанча яхши ўзгаришлар бўляпти. Болалар шифохонаси реконструкция қилиниб, хизматлари такомиллашмоқда. Кафедраларнинг шифохоналар таркибида фаолият кўрсатиши хизматлар сифатини оширади. Малакали мутахассислар илмий ёндашган ҳолда ташхис қўйиш, даволаш ишларини олиб боришаётгани эътирофга молик.
     Институтда профилактик тиббиёт бўйича ихтисослаштирилган илмий кенгаш фаолият кўрсатиб келмоқда. Яқинда жарроҳлик йўналиши ҳам қўшилади. Педиатрия бўйича ҳам очилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
     Ўн беш йилдан буён институт қошидаги врачлар малакасини ошириш кафедрасида ишлайман. Водий вилоятлари бўйлаб шифокорлар ишдан узилмаган ҳолда ўз билимларини мустаҳкамлаб келмоқдалар. Шогирдларим Ғолибжон Тўйчиев, Бахтиёржон Маматов, Дилшодбек Тўланов каби ўнлаб шифокорларни водий аҳли маҳоратли мутахассис, ўз ишининг устаси сифатида ҳурмат қилишади.
     Опадан оиласи ҳақида сўраймиз.
– Умр йўлдошим Равшанбек Қодиров яхши инсон эди. Ўғлимизга етти ойлик ҳомиладор бўлганимда эрим автоҳалокат туфайли вафот этди. Жуфтлик ҳаётимизда қисқа, аммо юз йилга татигулик хотиралар ибрати бор. Ўғлим тадбиркорлик билан шуғулланади. Набираларим ҳам кўзга кўриниб қолди. Уларга: “Ўқиб, мутахассислик дипломини олгач, оёққа тур, оила қуриш, рўзғор тебратиш ҳақида кейин ўйла!” – дейман.
     Мен шу тарзда ўзимни илм-фанга, инсонлар саломатлигига хизмат қилишга бағишладим.
     Пистамозор маҳалласида 2700 нафар аҳоли истиқомат қилади: ҳамиша эл ичида бўлганим боис ҳудуднинг паст-баландини яхши биламан. Маҳалла отинойиси, фаоллар, нуронийлар ҳар бир ишда бош-қош бўлгани боис, бизда қўйди-чиқди бўлган оилалар деярли йўқ. Тўғри, жон бор жойда жанжал бўлади, дейишади. Катталар кечиримли, кичиклар уқувли, меҳнатсевар, сабрли бўлса, ҳаёт янада гўзал бўлади.
     Ҳар гал Ҳамрохон опа билан тиббиётдан бошланган мавзулар одамийлик мисоллари билан кенгайиб боради. Бир инсон билан бор-йўғи етти ойгина турмуш қуриб, ундан ёдгор фарзандни ундириб, ўстирган, ҳеч кимнинг бахтига ҳасад қилмай, ҳавасларга тўлиқ саодат учун курашиб юрган бу аёл кўз ўнгимда юксалиб кетади. Ўзим завқ олган бу суҳбатни сизга ҳам илиндим.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.
Х. Араббоев олган сурат,
Андижон.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар