Қадрият 18.01.2022 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

Совчилик бу – маданият

     Халқимиз қадим-қадим замонлардан буён қалб тўрида ардоқлаб, эъзозлаб келган муқаддас одатларимиздан бири совчиликдир. Совчилар – икки ёшнинг танишиши, бахтли турмуш қуриб кетиши ва хонадонлар ўртасида яхши муносабат ўрнатилишида воситачи саналадилар. Шунинг учун элчиликка борадиган одам хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлишидан қатъий назар, доно, оқил, кўпни кўрган, обрў-эътиборли бўлиши керак. Буюк Соҳибқирон бобомиз ўзларининг “Темур тузуклари” китобида “Келин танлашни давлат сиёсати даражасига кўтардим”, дея бекорга эътироф этмаганлар.
    Совчилик тарихи ҳам узоқ ўтмишга бориб тақалади.
    Қадимда уруғ ва қабилалар ўртасида қиз узатиб, ўғил уйлантириш маросимларида ўша элу элатларнинг бир-бирлари билан иттифоқ тузишларида ҳам совчилар муҳим вазифани бажарган бўлсалар, эҳтимол.
    Совчилик ниҳоятда муқаддас вазифа саналиши билан биргаликда икки ёшнинг оила қуришида ҳам фарз, ҳам қарз бўлган азалий одатдир. Уни Гулбаданбегим ёзиб қолдирган “Ҳумоюннома” тарихий-этник асарида келтирилган кичик бир лавҳадан ҳам кўриш мумкин. Яъниким, Мирзо Ҳумоюн Мирзо Ҳиндолнинг саройида Ҳамидабону бегимга кўзи тушади. Ва кўп ўтмай унга киши қўйдиради. Ҳамидабонунинг “Мен қўлимни узатсам бўйнига етадиган кишига тегаман”, деган нозу истиғносига кўра совчилар роппа-роса қирқ кун овора бўлишади. Қизни кўндиргунларича Ҳумоюн Мирзо сабр билан кутади.
    Ота-она ўзининг бор яхши фазилатларини фарзандлари феъл-атворида мужассам эта олса, у ҳақда маҳалла-кўй “қобил бола”, “оқила қиз” деб гапира бошлайди. Йигитни куёв қилишни дилдан истовчилар пайдо бўлади, қизнинг остонасини эса совчилар супура бошлайдилар.
     Кекса онахонларнинг айтишларича, илгари шаҳар маҳаллаларида “Қиз кўрди” удуми мавжуд бўлган. Яъни, ўғли уйланиш ёшига етган оила ўзига яқин, ҳамфикр, ишончли иккита аёлни қиз кўришга юборган.
     Бу аёллар зийрак, сезгир, гапдон, муомалада анчайин тажрибали бўлишган. Улар белгиланган бирор маҳаллага бориб қиз кўрганлар.
     Бу одат бундан ўн беш-йигирма йиллар олдин Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд бўлган. “Маҳаллага совчи
оралабди”, деб бўйи етган қизлари бор оналар шошиб қолардилар.
     “Қиз кўрди”га келганлар қизи бўйи етган ҳамма хонадонга кириб чиқиш ҳуқуқига эга эдилар.
     Хонадондаги саришталик, файз, оила аъзоларининг меҳр-оқибати, қизнинг одоби, онасининг мулоҳазалилигига қараб танлаб кетганлар. Ва йигитнинг уйига бориб бу хабарни айтганлар. Улар билан маслаҳатлашиб бир қарорга келинган.
     “Қиз кўрди” удуми асосан шаҳарларда одат бўлган. Қишлоқ жойларда бу удум бўлмаган. Чунки қишлоқларда ҳамма оилалар бир-бирларини яхши билишади.
     Шу ўринда севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг Анвар ва Раъноси ҳақида эсламай илож йўқ. Улар нега севимли? Анвар зукко, оқил, олти ёшда савод чиқариб, ўн бир ёшда дунёвий билимларни тугал эгаллагани учунми? Ёки ўзига тарбия берган Солиҳ Махдум ризолигисиз бирор ишга қўл урмагани учунми? Раъно-чи? Ўн тўрт ёшдан “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Чаҳор китоб”, “Сўфи Оллоёр”, “Маслаки муттақий” китобларини ёд билгани, Навоий, Амирий, Фазлий, Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедилни мукаммал ўқигани учунми? Албатта-да. Сизнингча, бу китобларни ўқишга, уқишга, ундан хулосалар чиқаришга, вақти келганда, сатрлар тиза олишга енгил табиат, қўнимсиз қизнинг фаҳми етармиди? Демак, инсоннинг китобга муҳаббатидан унинг илмга ташналигини англаш мумкин. Илмга ташна одамдан эса ёмонлик, жоҳиллик чиқмас. Демак, Мирзо Анвар ўз ҳаётига йўлдош деб Раънобонуни танлагани бежиз эмас.
     Туркийларда, шунингдек, ўзбекларда ҳам ҳеч қачон совчи бориб, ҳали иш тўла пишмаган хонадонга иккинчи бир хонадон совчи қўймайди. Агар кимдир бу ёзилмаган қоидага амал қилмаса, бу биринчи бўлиб совчи қўйган хонадонга нисбатан ўта ҳурматсизлик саналади.
     Гарчанд юқорида таъкидлаганимиздек, совчиларнинг келиши ҳар хил кўринишга эга бўлса-да, ҳаммасида эзгу ният зоҳир. Ким бировнинг хонадонига яхши ният билан эркак кишини, ким аёл кишини элчиликка йўллайди.
     Сурхондарёда совчиликка бир никоҳли, қўша қариган, бамаъни қариндош, маҳалла оқсоқоли, кураги ерга тегмаган полвон, кўпкарида моҳир улоқчи танланади.
     Қашқадарёда ҳам худди шундай.
    Эркаклар совчиликка борганларида фақат ота-она суҳбатига, ўзини тутишига эътибор қиладилар. Гўёки фарзанд ота-онага тортади, деган ишонч бўлади уларда. Бунинг акси бўлиб чиқиши мумкин, деган фикрдан йироқ бўладилар.
     Хўш, аёллар-чи?
     Аёллар табиатан синчков бўлишади.
  Шунинг учун қизнинг ота-онаси, уларнинг бир-бирига муомаласи, озодалик, саранжом-саришталик, хонадондагиларнинг гап-сўзидаги ақл-фаросатга ҳам эътибор берадилар.
   Водийликлар хонадоннинг саранжомлигига алоҳида диққат қиладилар. Ва келин танлашда унчалик адашмайдилар ҳам. Шунинг учун ҳам совчиликка эркак билан аёлнинг бирга боргани маъқулдек кўринади. Ҳарқалай, бир кишига нисбатан икки киши кўпроқ кузатиб, кўпроқ кўриб улгуради.
     “Қудачилик – минг йилчилик”, деганларидек, келин танлашда ҳам, куёв танлашда ҳам адашиб бўлмайди. Шунинг учун Сирдарёда феъли номаъқул қизни мақтаган одам гуноҳга ботади, деб ишонадилар. Чунки бўлажак келин тарбиялайдиган фарзандлар авлодни давом эттиради. Агар келин юксак маънавиятли бўлса, бундай хонадонда тинчлик, тотувлик, ўзаро меҳр, ҳурмат ҳукмрон бўлади. Агар акси бўлса, бу хонадоннинг парокандалигига сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун совчилар қиз томон хонадонининг маҳалла-кўйда, ишхонадаги обрўси, ҳурмати билан танишиб қўйсалар ёмон бўлмайди. Зеро, “Хотин камолға етғон, оқила бўлғон, онасининг кадбонулиғин, отасининг кадхудолиғин кўрғон ва билғон бўлсун.
Агар бундоқ нозанин қўлингга тушса, уни асло қўлдан чиқармағил ва жаҳд қилиб уни олғил...”, дейилади Унсур ал-Маолий Кайковуснинг “Қобуснома” асаридаги “Хотин олмоқнинг зикрида” бобида.
     Айримлар, келин ёки куёв танлашда мучалига таяниб иш кўрадилар. Чунки ҳаётдан кузатганларимизга кўра айта оламизки, йўлбарс мучалида туғилган йигит шу мучал соҳибаси билан турмуш қурса, ҳаётлари тинч-тотув кечмайди, деган қарашлар мавжуд. Чунки йўлбарс табиатан ҳайвонлар оламининг етакчиси, сардори ҳисобланади. Гап-сўзсиз йўлбарсдаги ана шу етакчилик шу мучал соҳибида ҳам озми-кўпми намоён бўлади. Оилада ҳам эр, ҳам хотин бошчилик қилишга интилса, бундай жойда фарзандлар тарбияси ўлда-жўлда бўлади. Улар отанинг ёки онанинг тутумидан қайбирини танлашни билмай каловланадилар. Демак, йигит-қизларга умр йўлдош танлашда ана шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш фойдадан холи эмасга ўхшайди.
     Илгари Қорақалпоғистонда ота-онанинг розилиги билан чақалоқларга нон синдирилган.
     Бу одатнинг яхши томони – ота-она ўзига маъқул хонадон билан қуда-анда бўлиб, қариндош бўлиб кетади. Ёмон томони – бўлажак келин-куёвнинг кўнгил хоҳиши, майли ҳеч кимни қизиқтирмайди. Улар бир-бирига муносиб бўлиб вояга етишадими, йўқми буни ҳеч ким ўйламайди. Ахир, йигит-қизнинг нафақат моддий, балки маънавий қарашлари ҳам бир-бирига мос келиши керак. Ҳарқалай, тараққиёт асри бўлган ХХI асрда ёшларнинг ҳаётига бундай муносабатнинг ўзи тўғри эмаслигини тушуниб етган халқимизда бу хилдаги урф-одатлар барҳам топиб бораётир.
     Хуллас, совчилик никоҳ тўйи олдидан адо этиладиган энг гўзал одатлардан биридир.
     Фақат уни турли-туман янгича қарашлар билан “безамаган” маъқул.
 
Гулжаҳон МАРДОНОВА,
Фольклоршунос ва этнограф журналист,
фалсафа доктори.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар