Окибат
МАҲРАМИНГ – МАЛҲАМИНГ
Ёшлар ўртасида оила ва унинг муқаддаслигига эътибор сустлашаётган бир пайтда Яккабоғ туманидаги чекка Алакуйлак қишлоғида яшовчи Санжар Кенжаев ҳамда унинг жасоратли турмуш ўртоғи Адиба Султонованинг ҳаёт йўли ва ҳақиқатлари ибратга лойиқ.
... Қўшни қишлоққа келин бўлиб тушган Адиба турмуш ўртоғи Санжар билан узоқ ва бахтли умр кечиришни Яратгандан сўради. Аммо тўйларидан кўп ўтмай Санжарнинг буйрагида қуриш аломатлари бошланаётганлиги оила қувончини қайғуга айлантирди. Аёл умр йўлдошининг тушкунликка тушишига йўл қўймади, биргалашиб касалликка қарши курашди, узоқ даволанишлар ўз самарасини берди. Санжарнинг аҳволи яхшиланди. Бу орада улар изма-из уч нафар фарзандли бўлишди.
Шундай кунларнинг бирида ишлари бироз оқсаётган Санжар рўзғор камини тўлдириш мақсадида дўстлари билан хорижга ишга кетди. Бутун дунёга хавф солган Сovid-19 мусофирликда юрган Санжарни ҳам четлаб ўтмади.
– Бир ой давомида кома ҳолатида ётганман. Чунки коронавирус аслида кучсиз бўлган икки буйрагимни ҳам тўлиқ ишдан чиқарган, – дейди биз билан суҳбатда Санжар. – Кўзларимни очганимда шифокорлар ҳайратланган ҳолда: “Мўъжиза туфайли тирик қолдинг”, дейишди. Жуда қийин кунлар эди, юртимни, аёлимни, фарзандларимни соғинардим. Ҳолатим оғир бўлишига қарамай ўз юртимга қайтиш, бирор кор-ҳол бўлса ҳам бегона юртларда қолиб кетишим мумкинлигини ўйлаб азобланардим. Шукрки, яқинлар, дўстлар ёрдами билан оилам бағрига қайтишга эришдим. Шифокор тиббий кўрикдан сўнг, “Донор топиш зарур, зудлик билан буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш керак, акс ҳолда...” дейишиб, келаётган хатардан огоҳ этишди.
Турмуш ўртоғининг беморлиги, донор топиш муаммоси, жарроҳлик амалиёти ҳақида ўйлаган Адиба ҳам тушкунликка тушиб қолди. Эрта улғайиб қолган фарзандларининг нигоҳларига қараб бир эзилса, эрининг дарддан инграшлари жонини баттарроқ азобларди. Рўзғорнинг каму кўстини тўлдириш қайғуси ҳам енгил эмас. “Наҳотки, энди оиламиз айрилиққа учраса, болаларимнинг кўнгли кемтик бўладими?! Яратган эгам, бош эгамни ўзинг асра, бахтимизга соғ бўлсин. Мен хорижга саёҳат қилмасам ҳам майли, тақинчоқлар тақиб, янги либослар киймасам ҳам розиман. Фақат турмуш ўртоғимни омон асрагин”, дея нола қиларди.
Донор топилмади. Адиба кун сайин аҳволи оғирлашаётган умр йўлдошига ўз буйрагини беришга қарор қилди...
... Бугун бу оилага ҳамма ҳавас қилади. Ташвишлар ортда қолди.
– Шундай оилалар борки, арзимаган икир-чикирлар сабаб бир-бирларини хафа қилишади, – деб гап бошлайди Санжар. – Адибам эса ҳеч қачон мени хафа қилмаган. Менга ўз танасининг бир бўлагини берди. Ҳаётимни сақлаб қолди. У сабаб мен ҳозир тирикман, яшаяпман...
Санжарнинг сўзларидан кўзларимиз ёшланди. Ҳовлини айланиб, елиб-югурганча рўзғор ишлари билан банд бўлган Адибанинг Яратгандан сўраб қилган дуолари ижобатини топди.
– Мен бахтлиман, – дейди у кўзлари чақнаб. – Маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндошлар ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Давлатимиз томонидан бизларга яхши шароитлар яратиб берилаётгани сабабли фарзандларимизни кам-кўстсиз катта қиляпмиз. Маҳалладан “Темир дафтар”га киритилганмиз, ногиронлик, болалар нафақалари, ёрдам пуллари олиб турамиз. Энг асосийси, оилам бутун. Мен учун энг катта саодат аслида шу оиламнинг қувончи, бахти.
Файзли хонадондан қайтар эканман, хаёлимдан бир фикр ўтди: аёлнинг муҳаббат чироғи ёнган хонадонни ҳамиша меҳр, оқибат, қувонч, шукроналик ёғдулари порлатиб туради.
Нилуфар ДАВЛАТ қизи,
“Саодат” журнали Қашқадарё
вилояти мухбири.