Наср 22.08.2022 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ДЕВОР

Наср

ДЕВОР

Жамила ЭРГАШЕВА
(1956-2018 й.)

Ҳикоя

     Тўрт кун тинимсиз ёққан ёмғир ҳаммани зериктирди. Тому тарновлардан оққан сувлар томорқаларни ҳалқоб қилди. Тошпўлатнинг назарида бу ёмғирлар томни эмас, унинг юрагини савалаётгандай тинимсиз сиқилар, бозиллаб турган печнинг ёнида ўтириб, этлари жунжикиб, музлаб кетаверарди. Ҳовлисининг адоғида бир четидан бор бўйига ёрилиб турган девори кўз ўнгидан кетмас эди.
     Ўшанда онаси раҳматли: – Ёлғизгина синглинг қайинбўйинларининг ичида сиқилиб кетди. Кел, болам, адоқдаги томорқани шунга берайлик. Аввал бошда ҳам қайнона-қайнотаси “хўп” дейдиган жойга тушса, шу ерга олиб келамиз деб шу томорқани олгандик, – деганди. Бу гапга қуда бўлмиш ҳам, куёв ҳам “йўқ” демади. У кун қуда билан гаплашсам: – Қанийди берсангиз, биз беш ўғилнинг қай бирига томорқа олиб берамиз, – деди. Тошпўлат: – Майли, онажон, сиз нима десангиз – шу, – деб дарҳол чегарага қозиқ қоқиб, томорқани куёвнинг номига хатлаб берди. Куёв ҳам пайсалга солиб ўтирмай, укалари билан келиб, Тошпўлат белги қўйган жойдан бор бўйига пойдевор бошлади.
     Одатда томорқалар адоғи туташган жойдан оғилхона, омбор, ҳаммом, ҳожатхона каби майда-чуйдалар қурилар эди. Хонадон соҳиблари яшайдиган асосий бино кўча томонга тикланарди. Куёв: “Иморатим ҳовлининг ичида бўлсин. Дўст бор, душман бор, биров ярим гугурт-пугурт ташлаб кетмасин, дейман-да”, деб изоҳ берди. Булар маъқуллашди. Аммо уй битгандан сўнг ҳовлиларига қараб турган олти дераза ҳамманинг оромини бузди. Кундузи ҳам, кечаси ҳам бу деразалар ортидан кимдир пойлаб турганга ўхшайверарди. Энди ўз ҳовлисида ҳам эркин юра олмайди. У ёқда бегона куёв, бу ёқда бўй етган қизлар…
     Тошпўлатнинг қаҳрдан тишлари ғичирлаб кетаётган бўлса ҳам, бир сўз демай ўзининг еридан яна икки метр ташлаб, баланд девор кўтарди. Сингил: “Уйимизни қуёшдан тўсиб қўйдингиз”, – деб дод-вой қилган бўлса-да, эрта баҳорда девор бўйлаб ҳар қадамга биттадан анор кўчати қадаб чиқди: “Ер бўш ётмасин, уволи бор. Бир кун ҳосил қилса, биргалашиб еймиз”, – деди акасига.
     Бу анорлар кимга даромад, кимгадир кўргулик бўлди. Кўчатларга қуйилган сув кунора ариқчасидан тошиб, янги деворнинг тагидан уларнинг томорқасига сизиб чиқаверарди.
– Ҳей, шу анорингни йўқ қил, – деди бир кун онасини кўргани келган сингилга. – Шу тор жойда битган анор қанча ҳосил беради ўзи? Керак бўлганда мен сенга бозордан олиб берай!
– Қўйсангиз-чи, ака, одамни бунчалик ерга урманг. Садақангизга зор қолган жойимиз йўқ. Яхшими-ёмонми, бошимда эрим бор, мен ҳар мевани дарахтидан узиб ейишни яхши кўраман, холос.
– Ўргилдим ўша эрингдан! Унда озгина эркаклик нафсонияти бўлганда, қайнонасининг остонасига кўчиб келмасди. Кепсан, хўп қипсан, уйингни эл қатори қургин, эди!.. Ҳе-е!
– Ака! – сингилнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. – Менга ундай гап қилманг. Мен ер олган бўлсам, отамерос ҳаққимни олганман. Қаеридан, қаёққа қаратиб уй қуриш ҳар кимнинг ўз ихтиёридаги нарса. Шу гапингизни куёвингизнинг олдида айтсангиз, рўзғоримни бузиб юборасиз. Томорқасига сизиб чиққан бир тоғора сув учун шунча гап-сўз қилиб ётган ака кейин менинг болаларимни боқармиди? Шукр қилингки, яшаб ўтирган уйингиздан улуш талаб қилмаяпман. Бу уйда менинг ҳам ҳаққим бор, билиб қўйинг.
Онаси “ҳай-ҳай”лаб сингилнинг оғзини ёпганча қолди. Сингил бир силтаниб, чиқиб кетаркан, қошларини чимириб онасига ёзғирди:
– Тўғриси-да, она! Сиз бор, шу эшикдан келаман. Сиздан кейин асти бу остонага қадам қўймайман. Ҳа, бўлган, бола-да, эсидан чиқиб сув бостириб юборган, шунга шунчами, итдан беобрў қилиши шартми?
Ҳамма ғурбат қишда бошланди. Сингилнинг томига ёққан қор-ёмғир сувлари тўғри у кўтарган деворнинг тубига йиғилар эди.
     Девор шўрлик нам торта-торта, уч йилда нураб берди. Тошпўлатнинг юраги ачишди.
     Дам олиш куни катта ўғлини сингилникига чиқарди. Ўзи уваланиб ётган ғишт уюмлари устида ўтириб, хаёлан сингилга айтадиган гапларининг режасини тузди. Уни бир уялтириб эсини киргизиб қўймоқчи бўлди.
     Сингил кўча айланиб, дарвоза қоқиб ҳам ўтирмади. Ошхонасининг деразасидан “лип” этиб тушиб келди.
– Ҳа, ака!
– Сингил, девор ўрталик. Олдин ўзим кўтарган эдим. Агар манави уйда тарнов-парнов бўлганда, бу девор юз йил туриб берарди. Камига анор ҳам экдинг. Энди деворни биргалашиб кўтарамиз. Мен ҳам жўжабирдай жонман. Олдинда катта-катта харажатлар турибди.
– Э-э, ака, шу деворнинг менга умуман кераги йўқ. Харажатларингиз кўп бўлса, девор деб бошингизни оғритиб ўтирманг. Осмондан ёққан Аллоҳнинг қор-ёмғири учун ҳам мени айбдор қилманг. Акамнинг деворини йиқитайин деб, томнинг устига чиқиб, челаклаб сув қуйиб ўтирганим йўқ. Ундан кўра, иккита мардикор олиб келиб манави ерларни тозалатиб ташланг. Э-э, худо, ака ҳам ота ўрнида, деганлари бекор гап экан. Сингил шундай деди-да, яна “лип” этиб ошхонанинг деразасидан ўзининг ҳовлисига ўтиб кетди. Тошпўлат синглисининг уни беҳурмат қилгани учун ўғли ва келинининг олдида анча мулзам тортди. Ўғил отанинг қўлтиғидан олди:
– Садқаи суханингиз-е, ота! Шу деворни ўзим тиклаб бераман сизга. Ёғингарчиликлар ўтсин. Юринг, уйга киринг. Ўғли-ку, сўзининг устидан чиқди. Қайтадан пойдевор тиклаб, роса мустаҳкам қилиб девор кўтартирди. Томдан тушадиган сувлар учун пойдевордан тешик ҳам қолдирди. Аммо Тошпўлатнинг кўзига деворнинг қанчалар мустаҳкамлиги эмас, унга кетган харажатлар кўринар эди, холос. Шу деворни деб ўғли икки ой овора бўлди. Яна қанча маблағ... Кейинги девор кўтарилганига ҳам бир-икки йил бўлди. Икки сафар пойдевордаги тешиклар орқали анорга қуйилган сувдан унинг томорқасига ўтиб, ҳамма жой ҳалқоб бўлди. Тошпўлат кўча айланиб, сингилникига борди. Тарвуздек қорнини силаб чиққан куёв:
– Ҳа, энди, болаларнинг эсидан чиққан-да, ака. Анор сувни яхши кўради, суғоринглар, дегандим, – деди-да, кириб кетди. Узр сўраб, хижолат тортиш нари турсин, бир оғиз уйига ҳам таклиф қилмади. Синглиси эса олдига чиқишни лозим ҳам топмади.
     Бу ёмғир ўша суғоришларга қўшимча бўлди.
     Ишхонасида яна бир одам ёмғирни ёмон кўради. Улар бир хонада ўтиришади. Ёмғир ёққан кунлари унинг қорамтир тунд чеҳраси кўкариб кетади. Бир жойда ўтира олмай, гоҳ дераза ёнига борар, гоҳ компьютернинг бошида туриб қолар, ҳеч кимга ўнг гапини айтмас, гап сўраган одам нақ балога йўлиққандай бўларди.
     Тушлик маҳали ҳамма ҳар жойга кетар: ким уйига, ким ошхонага, улар уйларидан бир-бир коса таом олиб келиб, хонада овқатланишар, сал вақтда қорин тўйғазишиб, сўнг мириқиб чойхўрлик қилишар, гурунг қилишарди. Аммо ёмғир ёққан кундан буён иккаласидан садо чиқмас, жимгина тугунчаларини ечиб, жимгина овқатланишар. Сўнг бир-бир пиёла чой қуйиб олиб, ўз столлари ёнига йўл олишарди.
     Бугун пойдеворга қўйилган сув йўллари ҳақида сўради:
– Иш беряптими, ўзи?
– Э-э, қаёқда? Бошида шовуллаб сув ўтиб ётарди. Улар анорларига тинимсиз гўнг солишади, ер семириб, сув йўллари тамоман ёпилиб қолганга ўхшайди. Яна девор нурай бошлади.
– Ё, тавба! — ёқасини тутамлади у. – Ёпилиб қолган бўлса, ўтиб очиб ташланг. Бўлмаса, сингилга айтинг. Болалари очиб юборсин.
– Икки йил бўлди, гаплашмаймиз, шу деворни деб сену менга бориб…
– Ё-ё, алҳазар! Гаплашинг, синглингиз учун гапиргингиз келмаса, девор учун гаплашинг. Сингил деганлари инсон-ку, барака топгур, қирчумолининг онаси эмас-ку, ўн беш метр ернинг тагида ёти-иб, ҳар кеча-кундузда миллион балои офат туғадиган. Қани эди, менинг кайфиятимни бузаётган нарса ер юзида бўлганда эди! Бу ифлослар ернинг тагида яшайди, уларга қуруқ, иссиққина жой керак. Манави ёмғирдан сўнг ҳаммаси уйимнинг ичига кириб олди, шекилли.
     Тошпўлат унга ҳеч нарса демади. Тўғри, шу кунларда синглиси кўзига қирчумолидан ҳам хунук кўринса-да, у барибир сингил-да. Ростданам, бироз хижолат тортди.
– Э-э, иним, жангари кинолардаги терминаторларни ўйлаб топганлар бизларнинг қирчумолиларни кўрган, шулар билан олишиб,бир натижага эриша олмаган одамлар бўлса керак. Дунё фанида уларни термит, дейишар экан. Ҳақиқий терминатор, ҳали фан уларга қарши қурол излаб топмаган. Тўғри, уйингизнинг болорларини еяётган ҳашаротларни эзиб-мажағлаб ташлашингиз мумкин, аммо уларнинг бир бўлиқ чақалоқдай келадиган онаси ер қаърида тинимсиз тухум қўйиш билан шуғулланиб ётса, сизнинг ҳаракатингиз кулгули. Энди денг, муҳтарам олимлар бош қотириб бирон натижага эришмагач, навбатни қурувчиларга берибди. Нима эмиш, уларнинг тиши ўтмайдиган қурилиш маҳсулотлари ихтиро қилишсин, эмиш. Ахир, уй, ҳаёт- тупроқ ва ёғочсиз бўладими? Э-э, биродар, бу ҳаммаси шундай касофатки, шароитга қараб, озуқасини ҳам ўзгартираверади. Мана, Африкада бетонни ейдиганлари ҳам чиқибди.
     Бу одамда шундай маълумотлар кўп эдики, уни тинглаётганлар худди баданида ҳашарот ўрмалаб юргандай, эти жимирлаб кетарди.
     Бир офат билан йигирма йил олишгач, ҳар қандай одам ўзи офатга айланмаса ҳам, ваҳимага айланиб қолади, шекилли.
     Биринчи уйидан қирчумоли чиққанда унчалик кўп куймади. Ҳар жойдан улар ҳақида маълумот тўплаб, ваҳимали гурунглар билан ҳаммани қўрқитиб юриб-юриб, ҳовлисининг адоғига уй қурди. Ҳокимият қишлоқнинг нариги бошидан ер ажратган экан, унамапти: “Бу ерларда менинг етти отам ўтган. Мен уйни ташлаб кета олмайман", дебди.
     Янги уйини қийналиб бўлса-да, фақат цемент ва пишиқ ғиштдан кўтарди, бу ҳашаротларнинг севимли озуқаси бўлган ёғоч ва тупроқни умуман ишлатмади. Аммо бир куни неварасининг бешигида ўрмалаётганини кўриб ўкириб юборди.
     Шундан буён унинг боши хам, ҳеч кимга қўшилмайди. Зарурат бўлмаса ҳеч ким билан гаплашмайди.
Тошпўлатнинг унга жудаям ичи ачишади. Ўзи бир девор учун қанча оғриниб ўтирибди, бу бечоранинг иккинчи уйи ҳам…
– Ака, шу ерларни ташлаб, олисроққа кўчиб кетсангиз-чи? — ўзича меҳрибонлик қилди у бир куни.
– Йў-ўқ, иним! Мен киндик қоним томган ерларни бу лаънатиларга ташлаб кетаманми? Бунинг ҳеч иложи йўқ. Ота-боболарим ўтган бу ерларнинг ажриқ босиб, ташландиқ бўлиб ётишини тасаввур ҳам қила олмайман. Иложини топсам, уларнинг тиши ўтмайдиган темирдан уй қураман, бўлмаса, ўтов тикаман, аммо бу ерларни уларга ташлаб кетмайман.
     Кечга бориб, ёмғир тинди. Аччиқ изғирин бошланди. Шамол боласини йўқотиб қўйган онадек увиллаб юракка ваҳима соларди.
     Тошпўлат иссиққина тўшакда ётиб, вужудида оғир ҳорғинлик ҳис этди. Қарибди. Илгари об-ҳаводаги унча-мунча ўзгаришлар танида сезилмас эди. Энди эса… Шу тўрт кунлик ёмғир уни буткул эзиб ташлади. Анча пайтгача ухлаёлмай ётди. Энди кўзи илинган эди, онаси раҳматли тушига кирибди. Аллақандай йигитларга деворнинг дарз кетган жойларини суватаётган эмиш. Тошпўлат ухлаб ётган ҳолида хижолат бўлди, шу бир деворни деб онамнинг руҳини ҳам безовта қилдим, сингил билан куёвда-ку инсоф-диёнат йўқ экан, мен инсофли бўлсам бўлмасмиди, деб ўйлади. Яна пича харажат экан-да. Шу билан яна сингилли бўлиб қолса, эҳтимол.
     Ярим тунда гумбурлаган овоздан уйғониб кетди. Сарпойчанг айвонга югуриб чиқди. Худди ўзи тахмин қилгандай эди. Қўшни хонадан ҳовлиқиб чиққан ўғлини ортига қайтарди.
– Девор қулабди. Эртага бўйракашларга бориб, икки метр-икки метрлик қилиб, бўйра буюртир. Ёзги ресторанларникига ўхшатиб бўйра девор қилиб қўямиз. Қамиш ивимайди ҳам, чиримайди ҳам.
– Ота!
– Ўзингни бос, ўғлим. У амманг, қирчумоли эмас. Уйингга кир, – елкасига қоқди ўғлининг. – Эртага гаплашамиз. Ҳаммаси яхши бўлади.
     Тонгда димоғига урилган ёқимли ҳиддан кўзини очди. Келинининг:
– Дада, аммам иссиқ нон, сиз яхши кўрадиган картошкали сомса ёпиб чиқарибдилар, – деган хабаридан кўнглида бир енгиллик сезди.

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар