ҚУТЛОВ
БАХТ ХУМОРИ
Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи... Бу исм адабий давраларимизда янграй бошлаганига йигирма йиллардан зиёд фурсат ўтди. Исмига “шоир” сўзи эш бўлдими, хаёлимизга, энг аввало, унинг шеърлари келади:
Синовларинг енгиб ўтгум,
синмагайман,
Бир денгизман, ҳўплаб ичсанг,
тинмагайман,
Шамс кабиман, ҳали-бери
сўнмагайман,
Яшамоққа бир имкон бер,
қўлла, ҳаёт!
Сатрдан-сатрга ўтар эканмиз, шоиранинг юрак манзаралари тасаввур кенгликларимизда яхлитлашиб боради:
Исмим – Гулчеҳрадур,чеҳрам мисли гул,
Кўнглим атиргулдир, аслим – оби гил,
Қалбим тўла туғён, асло сўнмас ул,
Ғамнинг либосларин ечганман буткул.
Қақнус қуш мендирман, ёнаман лов-лов,
Кул қолмас қалбимда, чирсиллар олов...
Бу иқрорлар, бу оташли бекатларга етиб келгунича Гулчеҳра умр аталмиш йўлнинг қанча баланд-пастликларини яшаб ўтиб келаётир.
Унинг отаси Шаҳобиддин ака хўжаликка раҳбарлик қилган, онаси Ҳалимахон ая уй бекаси, етти нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараган заҳматкаш аёл эди. Падари бузруквори қишлоқ хўжалиги соҳаси ходими бўлса-да, адабиёт ва санъатнинг шайдоси эди.Борган жойидан китоб сотиб олиб келар, уйларида ҳам каттагина кутубхоналари бор эди. Дадаси тез-тез хизмат сафарига чиқар, ўзи билан рафиқасини ҳам олиб кетарди. Гулчеҳра қўшиқ, маталларга уста бўлган бувиси Сағдинисо момо тарбиясини кўпроқ олди. Адабиётга мафтунлик буви набиранинг ўша ширин суҳбатларидан бошланган бўлса не ажаб... Мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, Жиззах давлат педагогика институтининг рус тили факультетига имтиҳон топширади, лекин омади чопмайди. Шундан сўнг енгил саноат техникумида таҳсил олади. Пахтачилик заводида лаборантликдан иш бошлайди. Ижодкорнинг тақдиридаги ҳеч нарса изсиз кетмайди. Ўрганганлари, кўрган-кечирганлари унга ҳаётни яхшироқ билишга ёрдам беради.
Ота-она орзуси, деганларидай, Гулчеҳрани эрта турмушга узатишади. Кетма-кет фарзандлар дунёга келди. Бахтли эди. Бироқ қисмат экан, бехос турмуш ўртоғидан айрилди. Гулчеҳра ҳам ота, ҳам она бўлиб уч нафар фарзандини ўзи тарбиялади, ўқитди. Ёлғиз аёлга ҳеч қачон осон бўлмаган. Тўрт тарафида кўз бўлади унинг. Болалари, марҳумнинг хотираси, қолаверса, ўзининг шаъни учун ҳамиша матонатли, қаноатли, интизомли бўлиб яшаши шарт. Шоир қалби пўртанага келган лаҳзаларда ҳам ҳиссиётларга қул бўлмаслиги, ақл измида яшаши зарур. Гулчеҳра шундай яшади, яшамоқда. Устозлар йўллаши билан пойтахтга келди. Институтда сиртдан ўқиди.
Уйсизлик, йўқчилик, ижара ва қарздорлик изтироблари уни ҳам четлаб ўтмади.
Сени ғамлар улғайтирди, болам-а,
Сени камлар улғайтирди, болам-а,
Кўзда намлар улғайтирди ,болам-а,
Улғайтирган мен эмас,
менмас...
Шоира ўзи ёзганидек, чиндан ҳам йўлларига кўндаланг бўлган тўсиқлардан сакраб, айланиб ўтмади, куч билан емириб, йиқитиб ўтди.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида ишлаган йиллари шоиранинг янгидан-янги қирраларини кашф этди. Катта-катта ғоялар, дастурлар устида ишлай бошлади, услубий қўлланмалар, тавсиялар яратди. Фарзандларининг кўнглини кам қилмай деб кечалари ҳам уйига иш олиб келар, тонггача компьютерда ўтирарди.
Дўстлари ичида ўзин кам билар,
Ўзига аён ғам кўксини тилар,
Бир меҳр қўмсайди бошини силар,
Отаси эркалаб, суймаган бола,
Ота дийдорига тўймаган бола..
Шеъриятдан ўзига юпанч ва куч топди, Ватанли бўлди, ўғил-қизлари оёққа турди.
Гулчеҳранинг отаси 61 ёшида, онаси 67 ёшида бу дунёни тарк этдилар. Энди улар шоиранинг соғинчли шеърларида яшамоқдалар.
Даврлар ўткинчи, шонлар ўткинчи,
Надомат кўксимни ёндиргувчи чўғ.
Бағримни тирмалар йиллар ўкинчи –
Онам билан тушган битта расмим йўқ!
Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи бугун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида маънавий-маърифий ишларга масъул сифатида фаолият олиб боради. Юртимизда жадал суръатларда давом этаётган китобхонлик тарғиботининг пешқадамларидан. Конференциялар, тақдимотлар, ижодий кечалар шоиранинг жонкуярлиги боис завқли, сермазмун ўтади. Оиласи ҳам энди саодат ошёни, уч нафар набираси, Ватан хизматидаги ўғлонлари, қиз, келинлари – унинг қанотлари.
“Соғинч”, “Янги ой чиққан кеча”, “Дилда дардинг бўлмаса”, “Қалдирғочим”, “Жон ичра жондир Ватан”, “Садарайҳон ифори”, “Онажон кечир”, “Бахт хумори”, “Сизни соғиндим”, “Сўз зарби”, “Қақнус қўшиғи”, “Ажр” каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари, илмий-услубий асарлари билан бўйидай баланд хирмон кўтарган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи бу баҳор 60 ёшини қаршиламоқда. Вафо, садоқат, заҳмат, ижод аталмиш покиза бир йўлдан юриб келаётган, шу йўлларнинг машаққатидан рози, қадридан умидвор бўлган қадрдонимизга яна умр вафо қилсин, топадиган қувончлари топганидан мўлроқ бўлсин! Ҳаёт йўлларининг янги бекатларида ҳам оналик шодликлари, қаламининг муносиб ҳадялари кутиб олишини тилаймиз!
Наргиза ЮНУСОВА