Долзарб мавзу 21.02.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ҚУРИТИЛГАН МЕВАЛАР КОНИ ФОЙДА

Билиб қўйган яхши

КУРИТИЛГАН МЕВАЛАР - КОНИ ФОЙДА

        Қиш ойларида қуритилган мевалар инсон организми учун дармондори вазифасини ўтайди. Улар ноёб витаминларга бой, шу туфайли турли касалликларни даволаш ва олдини олишда кенг қўлланилади. Албатта, сиз ёши улуғлардан бу ҳақида озми-кўпми эшитгансиз. Қуйида уларнинг хусусиятлари ҳақида кенгроқ маълумот берамиз.

      Қуритилган ўрик (туршак) қон томирларни кенгайтиради, магний ва калийга бой. Доимий истеъмол қилганда қон босими пасаяди. Буйраклар ва юрак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса, ҳомиладор аёллар учун фойдалидир. Стрессни енгиллаштиради ва қондаги гемоглобин даражасини оширади. Шарбатини мунтазам таомномага киритиш юракка қувват беради.

      Шунингдек, организм учун ғоят фойдали бўлган майиз таркибида фосфор, натрий, кальций, магний ҳамда темир моддаси, В гуруҳи витаминлари ҳам кўп. 100 граммида 860 мг. калий бор. Майиз иммунитетни оширади. Майиздаги антиоксидантлар организмни турли касалликлардан ҳимоялаш хусусиятига эга. Витаминлар, микроэлементлар ҳамда магний асабларни тинчлантиришга ёрдам беради. Остеохондроз ёки остеопороз касалликлари муолажаси қилинаётганда таомномага майизни киритиш лозим. Камқонлик аниқланган бўлса, майизни ейиш билан баробар унинг сувини ичиш ҳам тавсия этилади. Бунинг учун 10 дона майизни пиёлага солиб, устидан ярим стакан қайнатиб илиган сув қуйилади. Устини ёпиб, эрталабгача қолдирилади. Оч қоринга майиз суви ичиб турилса, гемоглобин миқдори меъёрига келади.

      Хасталикдан кейин қувватни тиклаш учун майиз, ёнғоқ ва асал аралашмаси тавсия этилади. Нонушта вақти 1-2 чойқошиқдан истеъмол қилиш яхши фойда беради. Майизли муолажа семизлик, юрак етишмовчилиги, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси ҳамда қандли диабетда тавсия этилмайди.

    Олхўри қоқиси ҳам иммунитетни кўтаради. Ошқозон-ичак йўлларини тозалайди. Суякларни мустаҳкамлайди. Олхўри халқ табобатида иштаҳани очувчи сифатида қўлланилади. Шунинг учун ортиқча вазндан азият чекувчилар бу мевани меъёрида истеъмол қилганлари маъқул.

      Шарбати пешоб ҳайдовчи сифатида синовдан ўтган. Таркибидаги калий моддаси эса туз ва ортиқча сувларни организмдан чиқариб юборади. Шунингдек, у камқонлик ва юрак-қон томири хасталикларидан азият чекувчилар учун кони фойда. Қорин дам бўлишидан халос этади, қабзиятни енгиллаштиради.

      Антиоксидант ҳисобланган олхўри қоқиси таркибида яллиғланиш жараёнини камайтирадиган ва ДНКни зарарланишдан ҳимоя қиладиган полифеноллар кўп. Кунига 50 грамм, яъни 5-6 дона қоқи тановул қилинса, бас, организм ўзига керакли моддаларни тўла ўзлаштирган ҳисобланади. Аммо бу маҳсулот ошқозон оғриғини келтириб чиқаргани сабабли оч қоринга истеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

        Бу ажойиб мева нафақат табобатда, балки, косметологияда ҳам ёшартирувчи ва майда ажинлардан халос қилувчи восита сифатида қўлланилади. Тери қуруқ бўлса ёғсиз қаймоқ билан, агар ёғли бўлса йогурт ёки қатиқ билан майдаланган олхўри қоқи  аралашмасидан ниқоб қилинса, тери силлиқлашиб, таранглашади.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар