Долзарб мавзу 19.02.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

“SHARQ AYOLI” Халқаро аёллар жамоат фонди 25 ёшда

 

БИРИНЧИ МУҚОВАДА

МУАЗЗАМ ШАРҚ НАМОЁНДИР...

“SHARQ AYOLI” Халқаро аёллар жамоат фонди 25 ёшда

     Одамлар жаҳон харитасида салмоқли ўрин эгаллаган ҳудуд номи билан   исмингни бежиз бирга тилга олмайдилар. Бунинг учун ўша маскан фуқароларига, дейлик, аёллари, болаларига  сенинг яхшигина меҳнатинг сингиган бўлиши керак. Ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатадиган мухлисларимиз гап “Sharq ayoli” Халқаро аёллар жамоат фонди таъсисчиси ва бошқарув раиси Саодат Ғофуровна Турсунбоева ҳақида бораётганини сезишган бўлса, ажаб эмас. Жамғарма бундан қарийб чорак асрларча олдин “Ҳар бир оилага  тинчлик-тотувлик ва фаровонлик” шиори ва “Ривожланган фуқаролик жамияти учун инновациялар” концепцияси асосида ўз фаолиятини бошлаган эди.

      Нафсиламрини айтганда, Яратган зот бани башарга бир хил жисму жон берган. Тўғри, уларнинг шаклу шамойили, ранги, чизгилари ҳар хил бўлиши аниқ, лекин тўрт муча ҳаммада бор. Аммо одамзод бу берилмишлардан турлича фойдаланади. Кимдир бор куч-қувватини фақат ўзи, ўз оиласи учун сарфлайди, бошқа биров эса шугинага ҳам ҳафсала қилмайди. Кимлардандир сўраб, ялиниб рўзғор тебратади. Яна шундай тоифа инсонлар борки, улар ўзидан кўра кўпроқ ўзгалар учун елиб-югуради. Безовталик, бедорлиги, жоннисорлиги ўзгаларнинг қувонч-ташвишлари билан боғлиқ бўлади.

      Саодат Ғофуровна ҳам ана шу учинчи тоифадагилар сирасига киради. Ахир, электрон саноати муҳандиси, деган мутахассислиги бўлса, Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Электроника” илмий-текшириш институти, “Миконд” (“Оникс” – Ҳарбий-саноат комплекси) заводи каби бир неча ўз даврининг нуфузли корхоналарида  меҳнат тажрибаларини орттирган бўлса, бугунги техника ривожланган замонда давлатнинг бир муқим ташкилотида бемалол ишласа ҳам бўларди. Аммо у доимий ҳаракат, доимий фидойилик талаб қиладиган серғалва, серташвиш фаолиятни танлади. Қаҳрамонимиздан бу ҳақида сўраганимизда:

– Онам Тўхтажон ая кутубхоначи бўлганлар. Биз – олти нафар фарзанд китоблар ичида катта бўлганмиз. Отамиз Ғофур Отабоев уруғчилик соҳасининг йирик олимларидан эди. Ўзбекистон селекционерлари эришган катта муваффақиятларда раҳматли отамизнинг муносиб улушлари борлигидан фахрланамиз. Уйимизда дастурхон бошида ҳам маиший суҳбатлар бўлмасди. Жамият об-ҳавоси ҳамиша хонадонимизга оқиб кириб турарди. Шунинг учун ҳаммамиз юртга, юртдошларимизга дахлдорлик туйғуси билан улғайганмиз. Ака-укаларимиз Бахтиёр, Илҳомжон, Баҳодирлар фан доктори, фан номзодлари мақомида элу халқимизга илм йўли билан хизмат қилган, қилаётган бўлса, биз – синглим Сайёра Отабоева (у ҳам жамғармамизнинг таъсисчиларидан бири – эксперт-таҳлилчи) билан ёнма-ён туриб зиммамизга олган вазифаларни тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Банк соҳасининг йирик мутахассиси,  кичик синглимиз Дилором Акрамова ҳам бизни ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Бир сўз билан айтганда, ҳаммамиз кўпчилик хизмати учун туғилган одамлармиз, – дея жавоб берди.

Дарҳақиқат, миллатимиз хотин-қизларининг оилапарварлиги, дид-фаросати, уқуви, халқона айтганда, удли-шудли эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.  Саодат Ғофуровна  ўзи таъсисчи бўлган жамғарма ёрдамида минг бир сифатга эга бўлган хотин-қизларимизнинг ўзига-ўзини танитиш, ботинларида яшириниб ётган имкониятларини  юзага чиқаришдек зарурий жараёнга  восил бўлди. Опа  интизомли, ҳаракатчан жамоаси ва турли халқаро ҳамда маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда йиллар давомида амалиётга татбиқ қилган лойиҳаларини шарҳласа, катта китоб бўлади. Биз журналимиз имкониятлари ва йўналишидан келиб чиқиб кейинги даврларда амалга оширилган баъзи нуқталарга тўхталамиз.

       Мамлакатимиз раҳбарининг рақамли иқтисодиётга ўтиш билан боғлиқ талабларидан келиб чиқиб, “Аёл ва рақамли иқтисодиёт” йўналишида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Жамғарма USAID нинг Марказий Осиёда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш грант маблағларини жалб қилди. Гендер қўмитаси билан биргаликда икки ярим минг нафар атрофидаги хотин-қизларга электрон тижорат асослари ҳақида пухта билим берилди. Ишга зарурияти, куч-қуввати бўлган, лекин имконият йўқлигидан уйда ўтирган ўнлаб опа-сингилларимиз имтиёзли кредитлар олиб, ўз кичик бизнесларига асос солдилар. Қисқа муддатли таҳсил давомида тикувчилик, тўқувчилик, асаларичилик ва бошқа ҳунармандлик турлари бўйича фаолият бошлаган хусусий, оилавий тадбиркорлар ўз  маҳсулотларини интернет орқали сотиш, яна шу йўл билан буюртмалар олишдек қулай имкониятга эга бўлдилар. Жамғарма эзгуликка маблағ тикишни ният қилган ташкилотларни мунтазам  кузатиб турган ўткир кўзга ўхшарди. Кўп ўтмай юқоридаги ташкилотнинг яна бир йирик лойиҳаси – “Агробизнесни ривожлантириш”нинг гранти қўлга киритилди ва уч юз нафар атрофидаги аёллар мақсадли мутахассисликлар бўйича рақамли касбларга ўқитилди. Онлайн дўконлар очиш бу қулайликларнинг навбатдаги босқичи бўлди. Биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида 70 га яқин онлайн дўконлар очилди. Тошкент вилоятининг туманлари, хусусан, Пискент тумани аёллари  савдо-сотиқнинг бу замонавий, осон, тезкор усулини жадал суръатларда ўзлаштириб олишди. Бир неча иқтидорли ёшларнинг ўз маҳсулотлари бўйича рекламалари айрим  давлатларнинг электрон майдонларида айлана бошлади.

       Евгений  Примаков  асос солган “Россия гуманитар миссияси” АНО  ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда амалга оширилган “Қишлоқ мактаблари негизида ақлли синфларни яратиш ва мактаб кутубхонасини жиҳозлаш” лойиҳаси ҳам муваффақиятли амалга оширилди. Жиззах, Тошкент, Наманган вилоятларидаги бир неча мактаблар энг замонавий техника воситалари билан жиҳозланди. Дейлик, Зомин туманидаги 60-мактаб, Наманган шаҳридаги Ибрат номидаги ижод мактаби, Зангиота туманидаги 32-мактаб... Аслида маънавият, маърифатга сарфланган маблағ, меҳнат натижалари дарров кўзга ташлана қолмайди. Аммо замон тезкорлиги боисми ёки фарзандларимизнинг ахборот олиш имкониятлари кенгайгани туфайлими “Sharq ayoli” саъй-ҳаракати билан электрон китоблар ўқиётган, онлайн тарзда танловларда иштирок қилаётган, қизиққан соҳалари бўйича  қўшимча дарслар ўқиётган ўқувчиларнинг билим сифатларидаги ижобий ўзгаришлар қисқа муддатларда намоён бўлмоқда.

      Ўзини юрт ҳаётига дахлдор билган инсон учун иккинчи даражали жабҳанинг ўзи йўқ. Биргина 2022-2023 ўқув йили давомида қишлоқ мактабларининг икки юз нафардан зиёд иқтидорли мактаб битирувчилари Россия давлатининг университетларига ўқишга юборилди, эртага улар Ўзбекистонга интеллектуал бойлик бўлиб қайтади. Инсон омилини кучайтиришга хизмат қилади. Биз фаолиятини ёритаётган мазкур  фонд   бу кенг кўламли жараёнда аксарият ҳолларда волонтёрлик вазифасини адо этади. Барибир кимдадир маблағ бор, у ўз маблағи орқали фаолиятини реклама қилиб, каттароқ майдонларни эгаллашни истайди. Бошқа биров учун эса ўша маблағ зарурият. Бу икки тарафни бир-бирига яқинлаштириш, ишонтириш, энг муҳими, тарафларнинг манфаатдорлигини таъминлашни ўрни-ўрнига қўйиб адо этаётган  хизмат ҳам жуда юқори даражада бўлиши керак. Шунинг учун  Саодат Ғофуровна  ўз тизимида ишлаётган 37 нафар раҳбар, 400 нафар атрофидаги волонтёрларни талабчанлик билан назорат қилади. Ички ишлар вазирлиги билан имзоланган меморандум доирасида  амалга оширилаётган “Меҳр” лойиҳасини ўзбекона инсонпарварликнинг бир кўриниши, деб баҳолаш тўғридир. Аёллар колонияларида ташкил қилинаётган психолог суҳбатлари учун энг тажрибали мутахассислар жалб этилади. Ҳафтанинг маълум кунида улар жазо ўтаётганлар ҳузурида бўлиб, руҳий изтиробларини енгиллаштириш, ёруғ кунларга ишонтириш  учун бор билим ва тажрибаларини ишга соладилар. Натижада умидсизлик, армонлар ошёни бўлган  масканларга ҳам  бахтиёрликка илинж туйғулари кириб бормоқда. Бу жараёнда "Аёллар психологияси асослари" лойиҳаси раҳбари Гулнора Маҳмудованинг билим ва тажрибалари қўл келмоқда.

– Йигирма йилдан зиёд Тошкент тиббиёт академиясининг  кўз касалликлари кафедрасини бошқарган профессор, тиббиёт фанлари доктори  Фазилат Баҳритдинова ва унинг ҳамкасблари, шогирдлари ҳамкорлигида амалга оширган “Ёрқин нигоҳ” лойиҳамиз алоҳида эътиборга лойиқ, – дея бу савобли ишга бош қўшаётган ҳар бир инсон исми-шарифини катта ҳурмат билан суҳбатимизга олиб киради фонд раҳбари. – Зангиота туманида инновацион кабинет ташкил қилдик ва Жанубий Корея давлатидан ниҳоятда зарур функцияларни бажарувчи, катта қийматга эга тиббий ускунани олиб келишга эришдик. Минглаб  аҳолимиз   кўзлари минитомография ёрдамида текширувдан ўтказилди. Текширув натижаси талаб қилса, офтальмологлар уларни лазеротерапия кабинетига ўтказишади. Биласиз, ҳозир аксарият кишиларнинг кўриш қуввати пастроқ. Айниқса, ёшлар кўзойнак тақишдан андиша қилиб, линза қўйишяпти. Бунинг ҳам муаммолари бор. Биз тавсия қилган лазеротерапия  ўнта сеансда кўриш қувватини бир неча бор кучайтиради.

       Юқорида таъкидлаганимиздай, “Sharq ayoli”га бегона майдоннинг ўзи йўқ. Мактабларга қуёш батареясини ўрнатиб бериш, ҳомийлик ёрдами – кийим-кечакларни эҳтиёжманд оилаларга тарқатиш, маънавий-маданий меросларимиз, қолаверса, замондош аёллар ҳақида китоблар чоп этиш, инновация оламига ўз ғоялари билан кириб келаётган ёш олималарнинг илғор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тарихимиз, бугунимизнинг аҳоли учун фойдали бўлган воқеа-ҳодисалари ҳақида ҳужжатли фильмларни суратга олиш... Осонгина тилга кўчаётган бу ишларнинг ҳаммаси жуда катта  ҳаракат билан, маблағ билан ўртага келади.

– Биз бежиз ҳадеб “Инновация” тушунчасини такрорлаётганимиз йўқ. Ҳар бир охирига етказган ёки давомли олиб бораётган ишларимизда объектга янгича ёндашув ғояларимиз марказига чиқади. Масалан, узоқ йиллар раҳбарлик лавозимида фаолият олиб борган таниқли олима Ҳалима Алимова ҳақида ҳужжатли фильм қилдик. Шу аёлнинг ота-онаси Иккинчи жаҳон уруши даврида  жанггоҳлардан келган беш нафар етим болани олиб боққанини, олиманинг ўзи тўққиз нафар ўғилдан сўнг дунёга келгани, оиласининг  суюклиси бўлганини томошабинлар ўша ҳужжатли фильмдан билиб олишди-да... Биз яна улуғ ёшда ҳам ижтимоий ҳаёт майдонида фаол Дилбар опа Ғуломова ва мураккаб даврларда миллатимиз эътиқодини собит туриб ҳимоя қилган Бобохоновлар сулоласи вакили Шамсиддин Бобохонов ва унинг рафиқаси Шоирахонлар ҳақида ҳам томошабинларга янгилик берадиган ҳужжатли фильмларни суратга олдик.

      “Sharq ayoli” 2020 йилда Сенат томонидан ўтказилган “Энг фаол ННТ гендер тенглиги” танловида ғолиб бўлди. Орадан икки йил ўтиб, Адлия вазирлиги томонидан “ТОП-20 – “энг шаффоф ташкилот” қаторида эътироф этилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш  ташкилотининг Ўзбекистонда репродуктив саломатлик бўйича дастурлари координатори, профессор, тиббиёт фанлари доктори Маҳмуда Каттахўжаева раҳбарлигида олиб борилаётган “Ўзбекистонда аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш” ва “Бачадон бўйни саратонини эрта ташхислаш учун визуал скринингни жорий этиш” лойиҳалари доирасида ўтказилган ва ҳозир ҳам давом этаётган текширувлар, муолажалар опа-сингилларимизнинг умрига умр  қўшмоқда, десам янглишмаган бўламан. Тошкент тиббиёт академияси реабилитология, халқ табобати ва спорт тиббиёти кафедраси мудири, жамғармамизнинг ижрочи директори Адибахон Усмонхўжаева раҳбарлик қилаётган “Ўрта ва кекса ёшдаги аҳоли учун жисмоний фаоллик дастурларини ишлаб чиқиш”, “Турли патологиялари бўлган беморларни тиклаш босқичларида реабилитация дастурларини ишлаб чиқиш” каби лойиҳалар ёши улуғ ёки саломатлигида нуқсони бор хотин-қизларни фаол ҳаётга қайтаришга хизмат қилмоқда,

      Саодат Турсунбоева жамғарма фаолияти, унга ёрдам бераётган ҳамкорлар, ҳомийлар ҳақида сўз очса, шу тарзда очилиб гапиради.

      Фонд раиси “Медилифе-фарма” инновацион фармацевтика компания асосчиси, жамғарманинг раис ўринбосари Зуҳра Раупова раҳбарлиги ва ҳомийлигида амалга оширилаётган “Қандли диабет билан оғриган болаларга ёрдам бериш” ижтимоий лойиҳаси ва халқимизнинг барча қатламларига хизмат қилаётган бошқа лойиҳалар билан батафсил таништирар экан, бизнинг командамиз фақат яхши инсонлардан иборат, дея ғурурланди.

      Гап мавзуси ўзига келганида: – Мени қўяверинг, – дея камтарлик қилади.

– Устозимизнинг фидойи заҳматлари  “Шуҳрат” медали, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони каби мукофотлар билан тақдирланган. “Илмий ҳамкорликни ривожлантириш” – “Знание” Халқаро ассоциациясининг олтин медали ва  АҚШ, Жанубий Корея, Греция каби давлатларнинг диплом ва сертификатларига лойиқ кўрилган. ЮНЕСКОнинг "Марказий Осиёнинг машҳур аёллари" рўйхатига ҳам киритилган, – дея  опа ҳақидаги фикрларни тўлдиради фонд жонкуярларидан бири Матлуба Мирсоатова. – Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам сайловчилар билан белгиланган муддатда учрашувлар ўтказади. Мен бу учрашувларда опанинг ўткир сиёсатдон, ажойиб нотиқ эканликларини кашф қилганман. Устозимиз фақат ташкилот ҳаётида эмас, оилавий жиҳатдан ҳам бизга ўрнак. Турмуш ўртоқлари Тоҳир Парпиевич – агроном-энтимолог. Ўғиллари Камолиддин – юрист, нуфузли бир компанияни бошқаради. Келинлари Ширин ҳам олий маълумотли иқтисодчи. Қачон қадамимиз етса, хонадонларида осуда, покиза бир ҳаёт нафасини ҳис қиламиз. Зиёли оилада  сулоланинг энг гўзал фазилатларини ўзида жамлаган Муҳаммаддиёр, Исфандиёр, Асилбек исмли набиралар улғаймоқда...

      Шу тарзда  яхши бир кайфият билан якунланган суҳбатимизни қоғозга тушириб, сўнгги нуқтани қўяр эканман, ҳар бир қаҳрамоним билан мен севадиган, қувончу ташвишларига ўзимни шерик биладиган “Ўзбек аёли” деган тушунча тобора мукаммаллашиб, тобора юксалиб бораётганини ҳис қиламан. Унинг либосига аллақайлардан илашган хас-чўплар ўткинчига ўхшайди. Ботиний бир ишонч билан:

– Эртага бугундан ҳам яхши  бўлади, –  деб шивирлайман.            

                                           

  Қутлибека Раҳимбоева

 

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар