Долзарб мавзу 30.12.2023 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

МАНФААТЛИ ҲАМЖИҲАТЛИК

 

МАНФААТЛИ ҳамжиҳатлик


     Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли келажаги абадий шаҳар – қадим кент яна бир халқаро тадбирга мезбонлик қилди. “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар тажрибаси” мавзусидаги халқаро форум иштирокчилари  оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, имкониятларини янада ривожлантириш, тажриба алмашиш, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун Самарқандда жам бўлишди.

     Форумнинг очилиш маросимида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг видеомурожаати тингланди. Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг гуманитар, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, доктор Тариг Али Бахит, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева сўзга чиқди.

Форумда 20 дан ортиқ давлатдан 40 га яқин хорижий меҳмонлар, нуфузли ташкилотлар вакиллари, мамлакатимизнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган етакчи хотин-қизлар иштирок этди.

     Ислом ҳамкорлик ташкилоти салкам икки миллиард аҳоли яшайдиган 57 та давлатни  бирлаштирган йирик халқаро тузилмалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон мазкур ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлган ва ўтган йиллар давомида барча соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб келган. Форумни ташкил этишдан мақсад ҳам ана шу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва Ўзбекистон тажрибасини оммалаштиришдан иборат.

     Форум иштирокчилари боқий шаҳар Самарқанднинг тарихий обидаларини ҳам ўз кўзлари билан  кўриб, юртимизнинг бой маданий тарихи ва бугунги муҳташам қиёфаси замирида юксак эврилишлар мужассамлигини эътироф этдилар. Уларнинг таассуротлари билан қизиққанимиз боис суҳбатга тортдик. Саволларимизга берган жавобларидан уларда юртимиз, халқимизга нисбатан меҳр ва бемисл эҳтиромни ҳис этдик.

     Каутар Крейко – Жазоир Миллий бирдамлик Оила ва аёллар ишлари вазири:

– Айнан бугунги форумда аёлларни қўллаб-қувватлаш ва бу борада тажриба алмашиш мақсадида Жазоирда аёллар ҳуқуқлари юзасидан ўз тажрибаларимни ўртоқлашяпман. Жазоирнинг бу борада Ўзбекистон билан тажрибалари ўхшаш. Аёлларга мамлакатимизда ҳар доим эътибор юқори бўлган. Яқинда, яъни  2020 йилдан бошлаб аёлларнинг ҳуқуқларини кучли ҳимоя қилиш Конституциямизда белгилаб қўйилди. Бизда қайси соҳада бўлмасин, аёллар ва эркаклар бир меъёр, тенг тарзда ишлашади. Шахсан ўзим Ўзбекистон тажрибасини ўргандим ва шунга амин бўлдимки, юртингизда бу борада амалий ишларга киришилганига анча бўлган. Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонунлар билан мустаҳкамлаб ҳам қўйилган экан. Айни шу борада ўхшаш томонларимиз бор экан.  Умуман олганда форум Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар учун манфаатли бўлмоқда, тажриба алмашяпмиз. Бу нуфузли анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилганидан хурсандмиз.

 

Мая Мурсий – Миср Араб Республикаси Аёллар Миллий уюшмаси президенти:

– Биринчи марта Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда бўлиб турибман. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар тажрибасини айнан Самарқандда ўртоқлашганимиздан мамнунман. Форум барчамиз учун фойдали бўлмоқда. Яъни, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тажриба алмашиш учун бу қулай имконият. Ўзим бугун "Аёллар етакчилиги ва қарорлар қабул қилишдаги ўрни – барқарор тинчлик ва тараққиёт калити" мавзусида маъруза қилдим. 

  

Марям Ал Азами – Кувайтнинг ижтимоий масалалар бўйича вазири:

- Тобора жаҳонга танилиб бораётган мамлакатингизда бўлганимдан жуда ҳам хурсандман. Бу бетакрор ўлка менга худди ўз она юртимдек яқин бўлиб қолди. Икки кун давомида халқингизнинг меҳмондўст ва бағрикенглигига гувоҳ бўлдим. Айниқса, бугун ташриф буюрган жойларимиз жуда ҳам чиройли ва ҳар бири ўзига хос тарихга эга. Менда ажойиб таассурот қолдиряпти. Форумни ташкил қилганларга ўз миннатдорлигимни билдираман.


     Тариг Али Бахит – Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг гуманитар, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари:

– Авваламбор, ташкилотчиларга чуқур миннатдорчилик билдираман. Ушбу форум ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун улкан имконият бўлиб хизмат қилди. Анжуманда берилган кўплаб маълумот ва таклифлар орасида Ўзбекистон томонидан иштирокчилар диққатига ҳавола этилган фикрларни алоҳида таъкидламоқчиман. Шубҳасиз, ушбу тадбирлар Президент жаноби олийларининг ушбу соҳага бераётган алоҳида эътиборлари ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг қадрини ошириш учун қилинаётган ишларнинг намунаси дейиш мумкин. Хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, тенглигини таъминлаш борасида ҳаммамиз учун манфаатли фикрлар айтилди. Турли давлатларда аёлларнинг жамиятдаги бошқарув органларида ва ўзига хос аёлларга муносиб бўлган ишларда фаолият юритишлари бўйича турли фикрлар тингланди ва уларнинг Ислом таълимотига кўра, илм олиши, турли бошқарув соҳаларида, ўзларига муносиб бўлган ишларда ишлашлари борасида катта бир қадам бўлади, деган ниятдамиз.Форум доирасидаги тадбирлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталмоқчиман. Тарихий жойларни кўрдик. Иштирокчиларга Ўзбекистон маданияти ва Ислом маданияти ҳақида кўпроқ маълумот олиш ва танишиш имконини берди. Биламизки, бу юртдан Ислом оламига машҳур уламолар етишиб чиққан. Исломнинг тарқалиши ва илмнинг ривожланишида заҳмат чеккан алломалар сафида Имом Бухорий, Замахшарий, Мотурудий, Самарқандийларнинг муносиб ўрни бор. Мазкур тадбирда қатнашган ҳар бир иштирокчи буюк алломалар ҳақида ҳам атрофлича маълумот олди. Албатта, ИҲТга аъзо давлатларнинг барчаларини бу юртга ташриф буюришга чақириб қоламиз.

Жейран Раҳматуллаева – Озарбайжон Республикаси Оила, аёллар ва болалар ишлари давлат қўмитаси аппарат бошлиғи:

– Қардош Ўзбекистон давлатида ташкил этилган форум ижобий таассуротларга бой бўлди. Қадимий Самарқанд шаҳрида икки кун давомида юксак савияда ўтказилган форумда биз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида долзарб масалаларни муҳокама этдик. Ушбу форум доирасида Самарқанднинг тарихий жойларини ҳам кўрдик. Қардош миллатларнинг қанчалик бир-бирига яқин эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Анъаналаримиз, мусиқамиз ўхшаш, сўзларимиз ўхшаш, таржимага эҳтиёж бўлмади. Меҳмондўстлик, инсонийлик борасида кўрганларимиз аллақачон кўзимиздан қалбимизга ўтди ва бу илиқ туйғулар жуда узоқ вақт биз билан қолади.

Амина ал-Ҳажри – Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош департаменти директори:

– Хотин-қизларга бағишланган форумда қатнашиш учун Самарқандга келганимиздан, айниқса, бой тарихга эга шаҳарни кўрганимиздан мамнунман. Тарихий обидалар, дилни ҳайратга соладиган жойлар жуда ҳам кўп экан. Дунёдаги барча аёлларга бу гўзалликларни илиндим: келинглар, кўринглар, дегим келди. Бу шаҳарни янада кўпроқ таништирмоқ лозим, деб ҳисоблайман. Сайёҳат учун қулай манзил экан. Бу шаҳар билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди. Ислом дунёси ва Ўзбекистонни боғлаб турадиган тарих ҳақида ҳам атрофлича билимга эга бўлдик. Сафарнинг ҳар лаҳзасида мен ўзимни бахтиёр ҳис қилдим.

Афнан Ал-Шуайби – Ислом ҳамкорлик ташкилоти таркибидаги

Аёлларни ривожлантириш ташкилоти ижрочи директори:

– Ўзбекистоннинг меҳмондўст халқидан жуда миннатдорман. Мен Саудиядан ташриф буюрдим, аммо штаб квартирамиз Қоҳирада жойлашган.
   Ҳозирги кунда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг таълим оли­ши учун яратилаётган имкониятлар, шунинг­дек, аёл­ларни иш билан банд қилиш йўналиши­даги ислоҳотлар бўйича Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатларида, балки ислом динига эътиқод қилувчи давлатлар орасида ҳам етакчилик қилмоқда. Ҳар бир мамлакатнинг ўз тажрибаси бор, аммо Ўзбекистонда амалга ошири­лаётган ишлар, илғор тажрибаларни бошқа мамлакатларга оммалаштириш зарур эканлигига кўрганларим ва кузат­ганларим асосида амин бўлдим. Ислом мамлакатлари ўртасида аёлларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришиб, самарали натижаларга эришиш учун муайян тизим яратиш муҳим, деб ўйлайман.

Абдулазиз Ҳамад Ал-Муҳанадий – Қатар Оила ва ижтимоий

масалалар вазирлиги юридик маслаҳатчиси:

– Ушбу форум ва унинг доирасидаги тадбирлар тартибли ва юқори савияда ташкил этилганлиги учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлардан ташриф буюрган иштирокчилар ўзларининг долзарб фикрлари билан қатнашди. Шу жиҳатдан олганда тадбир катта аҳамиятга эга бўлди. Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойлар, қадим аждодлардан мерос қолган ёдгорликлар билан танишиш ниҳоятда қизиқарли бўлди. Жумладан, Ислом олами учун табаррук зиёратгоҳлардан Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрганимизда халқингиз томонидан бой маънавий мероснинг асраб-авайлаб келинаётганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, ҳунармандларнинг қоғоз тайёрлаш жараёнини кузатиш биз учун мароқли бўлди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси
Ахборот хизмати

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар