ЙИЛЛАР МАРЖОНИДА ЯНА БИР ГАВҲАР

 
       Қадрдон сўз...
    Айтадиган, эшитадиган сўзларимизда фақат жаранг эмас, шаклу шамойил, ранг, ҳаттоки, суврат бор. Дейлик, “қадр” сўзи тилимизга келиши билан кўзимизга ёруғлик, кўнглимизга ҳарорат ингандек бўлади. Бир неча қадрдон сиймолар нигоҳимиздан қаторлашиб ўтади.
    Қайнотам раҳматли ҳовлидами, боғдами болалар ер тепиб ўйнашса, сокин, аммо қатъий товуш билан танбеҳ берардилар:
– Болам, қадамингни аста-секин ташла. Ер остида қабр бўлмаган жой йўқ. Сен ҳозир шунчаки ерни эмас, қайсидир ота-бобомизнинг бошига оёқ қўйиб турибсан...
    Ҳар гал эшитганимда юрагим увишиб, оёқ-қўлимга титроқ кирарди. Юрсам, кимнингдир жони оғриётгандек, турган жойимда туриб қолардим.
    Инсон қадрини улуғлаш хотирага бўлган ҳурматдан бошланади. Иқтидорли фарзандларимиз таълим-тарбия олаётган мактаблар Исҳоқхон тўра Ибрат, Абдулла Қодирий каби улуғ аждодларимизнинг табаррук номлари билан аталаётганининг ҳам сабабларидан бири шу, албатта. Яъни миллатимизга фахру ғурур берган инсонлар хотирасини қадрлаш.
–  Мен “Хоразмий”да сабоқ олганман...
 – “Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактаби”данман...
– “Абдулла Орипов” ўқувчисиман... Ўғил-қизларимиз ҳар бир муваффақияти билан майдонга чиққанларида, ўша бизга азиз бўлган исмлар ёдга олинади. “Ёдга олинди”, дегани уларнинг яшаётгани, барҳаётлиги... Умид қиламизки, исмларига мустабид йиллар гарди қўнган қанча азизларимизнинг номлари яна бири-биридан муҳташам иморатлар пештоқида ярқирайди ва биз ёш авлодга:
– Миллат, Ватан учун хизмат қилсангиз, номларингиз ерда қолмайди. Баландга кўтарилади. Қадр қилинади, – дея уларни ибрат қилиб кўрсатамиз. Улар ҳам ўз навбатида юз, ҳатто, минг йиллар нарида яшаб ўтган аждодларимиз юрт ва халқ олдидаги унутилмас хизматлари учун ўзларига замондош инсонлардек эъзозланаётганига амин бўлишади. Дейлик, ҳазрат Навоийнинг мана бу сатрларини дилларига жо қилиб такрорлар эканлар, ёш юракларида: “Мен ҳам шундай бўлолсам эди, мен ҳам барча даврларнинг дардига дармон бўладиган сўз айта олсам ё иш қилолсам эди...” деган бир орзу уйғонади:
То ҳирсу ҳавас хирмони барбод ўлмас, 
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас, 
То зулми ситам жониға бедод ўлмас, 
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.
    Лекин ҳуррият замонининг қадри фақат хотира билан чекланиб қолмайди, хотирада тўхтамайди. Унинг нафаслари шу озод Ватанда яшаётган, унга фуқаро бўлган ҳар бир инсоннинг нафасига туташади. Биз бу ҳақиқатларни юртдошларимиз билан учрашувларда, улар билан бўлган суҳбатларда, айниқса, яққолроқ ҳис қиламиз. Яқинда Қашқадарё вилоятида хизмат сафарида бўлдик. Қарши тумани ҳудудида бир пайтлар қаровсиз бўлиб ётган жойда “IYMAN TEXTILE” тикувчилик фабрикаси ишга тушибди. Корхона асосан “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ишга эҳтиёжи бор фуқароларни иш билан таъминлаб- ди. Гулноза, Мухлиса, Зебо... яна бир қанча ишчи коржомасидаги опа-сингилларимиз билан тикув машинаси устида қисқагина суҳбатлашдик:
– Уч йиллик келинман. Шу пайтгача ҳеч қаерда ишламаганман. Рўзғорда тежамкор, муомала-муносабатда мулоҳаза билан иш тутадиган оилага тушганман. Мана шу корхонада бир ой ишлаб, маош олиб, қайнонамга бердим. Улар:
– Эҳтиёжингизга ярашасини олиб қолинг, – дедилар-да, қайнсинглимга: – Кеннойинг ишдан чарчаб келди, чой қўй, – дедилар. Оилада мени ҳеч қачон беҳурмат қилишмаган. Лекин бу галги муносабат бошқача бўлди. Бирдан ўзимни қаторга кириб қолгандек ҳис қилдим... Доимий иш орқасидан оилага даромад қўшишнинг қадри баландроқ бўларкан...
– Мен учун дунё уйимдан иборат эди. Рўзғор юмушларидан бўшасам, маза, бемаза сериаллар кўрардим. Ишга киргач, корхонамизда бўлиб ўтаётган маънавият дарсларига қатнаша бошладим. Шоирлар, санъаткорлар билан учрашувлар бўлади. Радио эшитадиган, газета ўқийдиган бўлдим. Энди бўлаётган воқеаларга бефарқ эмасман. Нималардандир суюниб, нималардандир куюнаман...
     Мана шу тарздаги гап-сўзлардан билинадики, жамиятимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар уларнинг инсоний қадрини юксалтиришга ҳам хизмат қилаётган экан. Уларнинг оиласида ардоқланишига, ўз устида ишлаб маънавиятини оширишига сабаб бўлаётган экан. Ишонамизки, жорий йилда “инсоний қадр”, “инсон қадрини улуғлаш” деган тушунчаларимизнинг янги қирралари намоён бўлади. Ахир, бир замонларда жамиятда ўз ўрнига эга бўлолмай қийналган хотин -қизларни қўллаб-қувватлаш нечоғлик мушкул бўлганлигини ўз қалбимдан кечирганман-ку.
    ...Туманда хотин-қизлар йўналиши бўйича масъул лавозимда фаолият олиб борардим. Меҳрибонлик уйидан чиққан келинчакнинг эри Афғонистонда ҳалок бўлади. Ўғлининг оёқ тираб туриши билан бу қизни зўрға келинликка раво кўрган қайнона йигитнинг тупроғи совимасдан уни уйдан чиқариб юборди. Мотам либосига бурканган келинчак кўзда ёши билан арзга келди:
– Қаерга бораман, опа? Фарзанди қолмаган бўлса-да, қалбимда хотираси қолган, десам ҳам менга эримнинг қариндошлари:
– Эрга тег. Хотини ўлган эркакка хотин бўласанми ё бирор бойваччага иккинчи, учинчи бўлиб шаръий никоҳдан ўтасанми, бизни тинч қўй, – дейишяпти.
    Ота-онамнинг тайини бўлмагани учун менга ишонч йўқмиш... Ичимда олов ёняпти, оёғим сиғиб, бошим айлангудай бир кулбача топиб беринг, мен садоқатнинг қанақа бўлишини ҳаммаларига кўрсатиб қўяман...
    Аёл кўзимга қараб шундай деб тургач, ҳаракатга келдим-да... Келинчакка эски боғчанинг қоровулхо- насидан, яна аллақайлардан бошпана топиб беришга ҳаракат қилганман. Бир бошпана учун не эшикларни қоқиб, не-не одамларга сарғайганман... Кейинчалик унинг гап-сўзга қолмаслиги, ўзини ўзи уддалаб кети- ши учун бир ташкилотдан ўзига муносиб иш гаплашиб берганман. Бундай тақдирли инсонлар кунда рўпарамдан чиқарди. Ҳаммасининг мушкулини осон қилишни истардик, лекин ҳар доим ҳам бунга имконимиз бўлмасди.
–  Ногирон фарзандлари бор, бир неча йиллардан буён ижара уйда яшашарди...
–  Боқувчисини йўқотган, ишсиз... уйсиз...
–  Ёлғиз она, болаларининг ҳам, ўзининг ҳам ҳужжати йўқ...
    Бугун бундай қисматдагилар махсус рўйхатларда туради, уларга ҳукумат даражасида ёрдам берилади. Шунинг учун ҳозир уй-жой, иш, хизмат жиҳозлари билан таъминланганлар ҳақида маълумот сўралса, атрофимизга қараб ўтирмай, дадиллик билан ўнлаб исм-шарифларни қаторлаштириб ёзамиз ё айтамиз.
    Яна йилимизга нисбат берилган номнинг биринчи қисми ҳақида ўйлаганимизда одамларнинг узоғини яқин қилаётган тезюрар поездлар, салонларида қишда иситкич, ёзда совиткичлар ишлаб турган автобуслар, кўз очиб-юмгунингча манзилга элтувчи метро, тез фурсатлар орасида қурилаётган кўприклар, таъмирланаётган йўллар хаёлга келади. Мукаммал билим ва миллий тарбияни мақсад қилган боғча, мактаблар ... Буларнинг ҳаммаси инсонда яшаш завқини, орзу қилиш ва бахтиёр бўлиш завқини уйғотадиган омиллардир.  Одам ўзига нисбатан ҳурматни ҳис қилсагина кўнглида яшашга, ўқишга, меҳнатга иштиёқ туғилади.
    Айни кунларда мамлакатимизнинг 2022 -2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳаси эълон қилиниб, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмоқда. Унда ривожланишимизнинг 7 та устувор йўналиши доирасида 100 га яқин мақсадларга эришиш назарда тутилган. Бу мақсадлар иқтисодий йўналишда бўладими, сиёсийми, маънавийми, барибир минг бир ришталар орқали инсон манфаат- ларини ҳимоя қилиш, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш ва улуғлашдек олийжаноб ниятга бориб боғланади. Демак, биз йил бошиданоқ яхши ниятлар, юксак мақсадлар руҳида кўтаринки кайфиятлар билан яшаяпмиз.
 Маҳалла – қадриятлар бешиги
    Маҳаллада ўсиб-улғайган инсонларнинг шу масканга боғлиқ унутилмас хотиралари бўлади.
   ...Велосипедда шамолдай учиб келаётган йигитча қайсидир деразанинг рўпарасига келганида, ҳозиргина туппа-тузук ғизиллаб келаётган улови “касал”ланади. Йигитчанинг кўзи деразада... Шу атрофдан ўтиб кетаётган мўйсафид (у шу дераза ортидаги қизнинг тоғаси ҳам, амакиси ҳам эмас. Шунчаки қўшниси, холос) йигитчага қараб бир томоғини қириб қўяди. Йигитча дарров ҳушёр тортади, бир сакраб уловига чиқади-да, жўнаб қолади.
    ... Уч- тўрт ҳовли наридаги келинчакнинг юзига доғ тушади. Нондан орттирган хамиридан тандирнинг жағига сомса ёпган она тўрттагинасини оппоқ сочиққа ўраб (атайлаб тақсимчага солмайди, нимадир қайтараман, деб овора бўлмасин, дейди-да), неварасини ўша келинчакнинг ёнига жўнатади.
– Ҳиди борса, кўнгли беҳузур бўлмасин, – деб қўяди эшитилар-эшитилмас.
    Санаганларимиз маҳаллаларимизга хос бўлган қадриятларимизнинг мингдан биридир. Буларда миллатимизга хос бўлган андиша, саховат, меҳр-оқибат каби фазилатлар жам бўлган. Кулгисига югуриб чиқмаса ҳам, йиғи эшитилса:
–  Тинчликми? – дея эшигини қоқади.
    Маҳалла шу қадар маънавий бойликлар маскани экан, яна нима учун жорий йилимизга берилган номнинг иккинчи қисми  “Фаол маҳалла йили” дея аталди?
    Бу борада бошланган ислоҳотларга янги куч қўшиш учунми? Қадриятларимизнинг мақомини яна ҳам юксалтиришми мақсадимиз?
    Шу ўринда Президентимизнинг “Маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак”, деган гапларини келтириш жоиз деб ўйлайман. Мамлакатимиз раҳбарининг бу гаплари маҳалла билан боғлиқ мустаҳкам асосларга таяниб айтилган. Чунки бизга хос бўлган бу ноёб тузилма ҳаёти ҳеч қачон маиший доирада қолиб кетмаган.Унда яшовчи аҳоли барча замонларда мамлакат ҳаётида фаол иштирок этган.
    “Беш ташаббус”нинг амалиётга кўчиши маҳалла ҳаётига бошқача бир ҳаво олиб кирди.
– Болаларимиз аввал ҳам бирор сайҳонликда кураш тушишарди. Ёши каттароқлар бир-бирининг яктагидан тортиб давра айланаётган ўсмирларга аввал ҳам ҳакамлик қиларди, – дейди биз билан суҳбатда Навоий вилояти Кармана туманидаги “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Гулнора Жабборова. – Ёки ўсмирларимиз икки жуфт ғиштни устма-уст қўйиб, қўлбола “дарвоза” ясаб, тўп тепишарди. Ўтган йили ҳудудимизда катта стадион қурилди. Ҳозир малакали мураббийларимиз қатъий интизом асосида машқлар олиб боради. Яқин йилларда “Дўрмон”дан чемпионлар чиқади, деган умиддамиз.
    Фақат ўғил болалар эмас, маҳаллалар ўз қизларини ҳам оилага, касб-ҳунар, санъат, маънавият йўналишлари бўйича тажрибали устозлар бошчилигида тайёрламоқда.
    “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан амалга ошириш назарда тутилган катта мақсадлар ана шу улкан муҳаббат устига қурилади. Шу ўринда ҳазрат Навоийга яна мурожаат қилгимиз келяпти.
    Тарихий маълумотларга кўра, ҳазрат ўз маблағлари ҳисобидан Ҳирот шаҳри, салтанатдаги бошқа жойларда юздан зиёд иморатлар – шифохона, мадраса ва бошқа халққа хизмат қиладиган хизматжойлар қурдирган. Машҳад элида сув етишмовчилиги кузатилганда, у ерга анча олисдан ариқ қазиб, сув келтиришга бош-қош бўлган. Иккинчи Ренессанс ана шундай халқ ғами билан яшаган, ўз даромадининг катта қисмини элдошларига раво кўрган ҳазрати инсонларни майдонга чиқарган. Биз амалдаги ва орзуйимиздаги ҳақиқатларимиз билан Учинчи Ренессанс тараф қадамлаяпмиз. Ижтимоий ҳаёт майдонимизда буюк аждодларимизнинг қутлуғ анъаналарини давом қилдирадиган халқпарвар инсонлар чиқяпти ва насиб қилса, яна чиқади. Ўйлайманки, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да гўзал қадриятларимизга яна ҳам кўпроқ аҳамият берамиз. Давлатимизнинг ёш оилаларга, болаларга эътибори, уларни қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағларига қадриятларимиз қўшилиб, мустаҳкам оила қасри бунёд этилаётир.
    Дунёда одам боласининг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Эзгу ишнинг йўлловчиси ҳам, қўлловчиси ҳам кўп бўлади. Бу эзгулик хонадонларимиз, қолаверса, жамиятимизда ободлик, маънавий соғломликнинг янги босқичини бошлаб бериши, шубҳасиз. Давр шиддатини халқ учун фидойилик кўрсатадиган инсонлар бошқаришини тарих ҳамиша исботлаб келган. Ва бу йилимиз залворли ўзгаришлари, нурли яратиқлари, ўз қаҳрамонлари билан миллий тарихимизда йиллар маржонидаги бир гавҳардай ярқираб туради.
 
  Мунаввара УСМОНОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар