Шеърият
КЎНГЛИ ГУЛДАЙ БОТИРЛАР
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим шоир, драматург, носир сифатида элимизга яхши таниш. Унинг "Ҳолат", "Оқибат", "Кўзгу", "Сурат парчалари", "Дарс", "Иккинчи апрел", "Бахшиёна", "Ғаройиб аждарҳо", "Уйғониш азоби", "Ғусса", "Узун тун", "Бор экан-да, йўқ экан" каби шеърий, "Жоду" номли насрий тўпламлари нашр этилган.
"Бир қадам йўл", "Ўтган замон ҳангомалари", "Адибнинг умри" каби кўплаб драмалари саҳналаштирилган. Усмон Азим "Дўстлик" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари соҳиби.
* * *
Йиқилдингми?.. Кўзларингда
Бунча алам,
Бунча алам!
Усту боши чанг кўрмаган,
Дард кўрмаган
Эрка болам!
Шиддатингнинг шамолига
Ҳушинг бир зум
Шайдо бўлди...
Сенинг равон йўлларингда
Бу тош қайдан
Пайдо бўлди?
Ёки ақлинг кетганмиди,
Энди тошлар
Қолмаган деб?
Лаънатладинг, болам мени
Йўлдан тошни
Олмаган деб...
Эрка болам, кечир мени,
Оқсуягим,
Мурувват қил!
Тошли-тошли бу дунёда
Майсадай хор
Яшадим, бил.
Тошлар билан кураш тушдим
Кураш бекор
Кетмагандир,
Қолган бўлса бирор зил тош,
Болам, кучим
Етмагандир...
БИЗ УЧРАШМАДИК
Тонг чоғи тун билан кундуз учрашди,
Тунда армон билан юлдуз учрашди,
Баҳор билан кузак – бахтхуш учрашди,
Тошлар учрашдилар, биз учрашмадик.
Булут замин билан йиғлаб учрашди,
Шамол куртакларни илғаб учрашди.
Висол ҳижрон билан минглаб учрашди,
Ёшлар учрашдилар, биз учрашмадик.
Ўлик зил тупроқни отди кўтариб,
Ғофил тирикларни топди ахтариб,
Йўқлик ва борлиқни оралаб, ғариб –
Бошлар учрашдилар, биз учрашмадик.
Сархуш ари билан учрашди гуллар,
Эрка шодлик билан учрашди мунглар,
Нигоҳлар, бағирлар, лаблару қўллар,
Қошлар учрашдилар, биз учрашмадик.
Ёнингда турибман далли девона,
Ёрим-а, кетдими ишқ ёна-ёна?
Мен сени қучаман... Совуқ, бегона –
Лошлар учрашдилар, биз учрашмадик.
* * *
Оғир экан,
Ёмон экан,
Бекор экан унутмоқ...
Менинг қақроқ чўлларимда
Омонмисан, унут боғ?
Сен ўлмагин,
Гулла,
Кўкар,
Ўйларимда шовулла.
Шаббодалар сенга бўлсин,
Етолмасин довуллар.
Шундай қийғоч уриб гулла,
Тарат шундай атирлар —
Кўзларини узолмасин
Кўнгли гулдай ботирлар.
Сени сира тарк этмасин
Бакорларнинг шафқати.
Булутларнинг қимматию
Ариқларнинг раҳмати.
Бўйларингга капалаклар
Қанотларин чулғатсин.
Қарғалармас, шаън булбуллар
Тонгда сени уйғотсин.
Мени бўлса...
Мени унут,
Унут, ям-яшил эркам!..
Теграмда бир саҳро қурдим —
Ўтолмайман ўзим ҳам.
СЎЗ УСТИДАГИ ДУНЁ
Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқованинг "Қоракўз турналар", "Суманбар насим", "Кўнгил уфқлари", "Ишқ ифори", "Сўз устидаги дунё" номли шеърий, "Сирли тун фарёди" номли насрий, "Қизойимларга келинлик сабоқлари", "Халоскорлик" каби бадиий-публицистик китоблари нашр этилган. "Дўстлик", "Эл-юрт ҳурмати" орденлари соҳибаси.
Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари лавозимида фаолият олиб боради.
ЎЗ-ЎЗИМГА САВОЛ
Шум тўфонлар чўчитар бир дам...
Ва бағримга босаман маҳкам-
Шу тинчликни, Ватанни.
Беғам,
Лоқайд юрак, уйғонасанми?!
Не тоширар азим дарёни,
Сиғдиролмас фаҳшу риёни,
Оғочларнинг гўзал исёни –
Каби эркка чулғонасанми?!
Гаплар аро майда-майдаман,
Бу жон кетар бир кун танданам,
Уёламан одамлигимдан,
Юртга қушдек сайронасанми?!
Пок дарёга соларлар оёқ,
Муттаҳамнинг пойи саждагоҳ,
Иғво ичга ташлайди қармоқ,
Фитналардан вайронасанми?!
Бир-бирини суяр дарахтлар,
Ҳур миллатдек турар дарахтлар,
Қўзғолади гуллар, дарахтлар,
Сен ғафлатдан қўзғоласанми?!
Халқ қудратдир, бешак зўр кучдир,
Бу гирдоблар ўтар, ҳеч, пучдир,
Улуғ дарё муаззам тинчдир,
Шу бахтингни қизғонасанми?!
Ёмғир ёғса қувонган элим,
Тириклик, деб уйғонган элим,
Бир чигит, деб тўлғонган элим,
Ватан, дея тўлғонасанми?!
МУҲАББАТ КЎЗИМГА СУРМАЛАР ТОРТДИ
Муҳаббат кўзимга сурмалар тортди,
Ўчириб бўлмайди ҳануз ёш билан.
Муҳаббат кўнглимни арзонлар сотди,
Кўксимни қонатди бағри тош билан.
Муҳаббат қўлимга хинолар қўйди,
Мен сенга шунчалар бинолар қўйдим.
Хиёнатнинг тиғи жонимни ўйди-
Юракка лаҳча чўғ- хинолар қўйди.
Оҳ, ишқ кўзларимга сурма тортди-ей,
Ким кўрди жонимга илашган ўтни?!
Ёнётган юрагим дарёга отдим,
Дарёларнинг оҳи худога етти.
Сени қарғамоққа етмайди кучим,
Сени айбламоққа йўқ менда асос.
Сени телбалардай севгани учун
Энди бу юракдан оламан қасос!
* * *
Юрак тўзғиб борар
Қор тўзонидай,
Дунёйинг олдида бунча пастладим.
Увиллаб кирмоқда
Совуқ жонига,
Художон, онамни
Суя, асрагин.
Унутаман дунё
Қайғу, кадаринг,
Бошимни боссам бас,
Қучоқларига.
Арзимайди бори зеру заваринг,
Бир четлари учган
Тирноқларига.
Даладан қайтади ҳорғин жилмайиб,
Елкалаб дунёнинг
Ғуссаларини.
Ўти ўчган уйда
дарддан тебраниб,
Уқалаб чиқади
Тиззаларини.
Ғамдан юраклари
Илма-тешикдир,
Ўчмасин, деб илҳақ қора ўчоғинг.
Онамсиз тебранмас
Дунё бешигинг,
Саробга дўнади мангу пучмоғинг.
Армонлар қаъридан югурдим ўнтаб,
Эй бешафқат фалак
Жоним ўймагин.
Пушаймон ўтида боряпман ютаб,
Мана мен келяпман,
Она, ўлмагин!
-Ҳаялладинг болам,
Қачон келасан?!
Ялинчоқ товшингиз чорлайди она.
Ёраб, ёвдай қарар йиғлаб ўкрасам,
Йўлимга мўлтираб
чўккан остона.
Кўзидан артмадим ўлимнинг гардин,
Кечикдим.
Ҳаммаси энди беҳуда!
Айтинг, гуноҳларин қандоқ ювади,
Жаннат ҳузурига
Кечиккан банда?!