ҚЎШҚАЛАМЛАР
Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони
(1937 йил)
МЕН, ЭЛИМ ВА ЯНА ЭЛИМ...
Юлдузим
Ёмон бўлса ҳам ҳаёт яхши,
Тирик юрганга нима етсин
Юлдузим, сен билан ўнгланди тилагим
Сен чиқдинг: бир келди ўйнагим.
Қайнагим келди сенинг оппоқ шуълангда
Қай кун эди – юрдим довлаб сенинг кўйингда
Йўқотгандай бўлиб бори жону жаҳоним
Ўчмагансан, кетмагансан, аразинг йўқ
Хуш чиқибсан кўк тахтингга –
Манглайингни келар силагим
Юлдузим, ҳамроҳим, сен билан тирилди юрагим...
Капалак сув бетида...
Капалак сув бетида ухлаб ётарди.
Баногоҳ мен уни уйғотиб қўйдим,
У қанотларини ҳилпиратиб ерга қўнди.
Унга ер бағоят қаттиқ туюлди.
У япроқларда, муаттар гулкосаларда,
гул баргларини ватан қилиб осуда ухларди,
Лекин сув юзида уйқуга толганда роҳатининг чеки йўқ эди.
Коинотнинг ҳаёти, борлиғи шу эди.
Еллар елпинар,
сувлар мавжланар,
Ер шу капалакнинг фароғати учунгина яратилгандек туюларди.
Сув капалакни аллалаб ухлатарди. Майин насим беланчагида.
Шу алла оромида мен бехос уйғотиб юбордим капалакни.
– Мен чарчаганман. Менинг гулларим қариган. Нега мени уйғотдинг? – деди капалак.
Қоронғида кўзойнак керакми?
Тун жим-жит.
Жимжитликнинг ҳавлидан уйғониб кетдим.
Нимадир қилмоқчи эдим.
Осмон сўйламас эди.
Оқ булутлар жимгина нур таратиб ўтарди.
Сузаётган булутлар изидан боқиб юрагимга осудалик қайтди.
Кўзойнагимни ахтардим.
Ҳамширам фароғат ухлар
чироқ ёққим келмади.
Кўзойнакни тимирскилаб топтим.
“Ардахива”ни ўқимоқчи эдим.
Лекин кейин қоронғида кўзойнак керак эмаслигини билиб қолдим.
Сафлар сийраклашин севмадим
Дўстларнинг чеҳракушоларига боқдим
Олтмиш йил тўймадим
Офтоб экан, ой экан
Дўстларнинг чеҳралари.
Дўстлар сўзларини тингладим
Олтмиш йил тўймадим
Дўстларимнинг сўзлари
Офтоб экан, ой экан.
Баъзан бехос ташлаб кетар улар
Сўрамай-нетмай
Олиб қолмоққа ҳам кучлар етмас
Қанчалар тутмай
Фақат шуни –
Сафлар бузилиши,
Сафлар сийраклашин
Ғамлар аралашиб –
Фақат шуни суймадим...
Мени ёлғиз деманг
Ёлғиз деманг мени,
Уч оғайни қолдик:
– Мен, дилим ва яна дилим,
Учта ғаним қолдик:
– Мен, тилим ва яна тилим.
Қариликнинг қори кетмас экан,
Уч умидвор қолдик:
Мен, элим ва яна элим...
Ойдин ҲОЖИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири
(1942-2023)
* * *
Сен қалбимга қайғулар экдинг,
Шодлик бўлиб кўкарди ул ҳис.
Кўзларимга тун бўлиб чўкдинг,
Сўзларимга ёйилди кундуз.
Танҳоликка отдинг бешафқат,
Дунё бўлиб тирилдим қайта.
Чашма каби тинган муҳаббат
Шарқиради мен ёзган байтда!
Тамом вайрон айламоқ бўлди,
Соз хонамни телба тушкунлик.
Мен суянган буюк тоғ бўлди,
Ҳаёт дилга солган жўшқинлик.
Мункиб кетиб, қадам ташладим:
Йўл – бунча кенг, манзараси хуш!
Дўст қўллардан маҳкам ушладим,
Жуфт қанот-ла учган каби қуш.
Шеърим асраб қолган кўнгилда
Оловларга ташлаб зорларни,
Ҳамон кетиб боряпман илдам,
Кечиб тизза бўйи қорларни!
Оловларга ташлаб зорларни!
ОНАЖОНИМ
Онажоним,
Кўзларингизда
Куннинг нафаслари бор эди.
Онажоним, юзларингизга
Ойнинг ҳаваслари бор эди.
Онажоним, сиз билан жаҳон
Беҳигулдай ифорли эди.
Тунлар ойдин, кунлар шодмон,
Шабадалар дуторли эди.
Тушларимга кириб чиқасиз,
Сочларимни ўриб чиқасиз.
Фариштадай бошим узра гоҳ
Оромимни кўриб чиқасиз.
Талпинаман, қучсайдим қани?
Соғинчлардан қочсайдим қани?
Кўз ёшларим гулга айланса,
Пойингизга сочсайдим қани?
Онажоним!
Жонажоним!
СИЗНИ ДЕЙИН
Сизни дейин, сўзим гул бўлсин,
Сайлаб-сайлаб жойлай юракка.
Йўллар тизим-тизим гул бўлсин,
Ундан етай фасли чинакка.
Битта-битта терганим чоқда
Гул уйилсин бўйим баравар.
Остонаю равоқ, пештоқда
Гул уйилсин уйим баравар.
Гулдастага айлансин ой-кун,
Ернинг икки ярим шари-да!
“Гул” – сўйласин эртакка бой тун,
Тонг оқарсин гул баргларинда.
Сизни дейин, саҳро туш кўриб,
Сийнасида хирмон бўлсин гул.
Қалбингизни беғам, бўш кўриб,
Тўлдиргувчи армон бўлсин гул!
Ўша гул мен, иродамга бек,
Виждонимга ҳар лаҳзада қул.
Сизсиз яшаш маҳол бўлгандек,
Сизсиз сўлиб қолмоқ ҳам мушкул!
* * *
Ҳар кимни тонг остонасида
Бир яқини кузатиб қолсин.
Ҳар кеч ўпиб пешонасидан,
Хотиржам бир бахт кутиб олсин.
Оби ёвғон, ёхуд жизза нон,
Кўнгил ийиб, тузаб дастурхон,
Тўрт кўз тугал бўлиб, қўр тўкиб,
Давра қурсин ҳар бир хонадон.
Ёлчисин ёр-дўстларидан ҳам,
Қаторидан хато бўлмасин.
Эл-уруғдан чекиб ранж-алам,
Ёлғизликда адо бўлмасин!
Қўш табақа эшикларидан
Ўз жаннатим, деб кириб келсин.
Етти иқлим сафарларидан
Шу меҳварга бош уриб келсин!
* * *
Ватан!
Ҳур қизи каби бул кун
Баланд тоғ устида кўрдим.
Яшил мовий ва оқ ёлқин
Бир байроқ ҳуснида кўрдим.
Агар қирқ йил бўлиб қирғин,
Ажал ўтса чалиб бурғу,
Ўлмаган мардларингни мен
Ҳур сабоқ устида кўрдим.
Кўзингда - ўчи алқасос,
Кўксингда кучли гулдурос,
Нодирадай гирён уввос
Дод-фироқ устида кўрдим.
Изинг қутли, шонинг қутли,
Тоғинг, чўққинг сор бургутли,
Сени тонг шараф қутбли –
Буржи моҳ ҳуснида кўрдим.
Тўкилсам, қовжираб бир кун,
Видо айтар дунёи дун.
Онамдай кўзлари пурхун,
Шу тупроқ устида кўрдим...