САОДАТГА ЭРИШМОҚ УЧУН

БИРИНЧИ МУҚОВАДА


САОДАТГА ЭРИШМОҚ УЧУН

     Бугунги қаҳрамонимиз Тошкент давлат юридик университетининг Бизнес ҳуқуқи кафедраси доценти, юридик фанлари доктори Робия Тошбоева.
    Аёлнинг кимлигини у тарбиялаган фарзандлар, олиманинг қандай имконларга эгалигини қилган кашфиётлари, ёзган илмий асарларидан билиб олса бўлади. Аммо инсонга кўзгу тутадиган яна бир нарса бор, бу – хотиралар. Агар бу хотираларни ўша воқеаларнинг бош қаҳрамонининг ўзидан эшитсангиз, яна ҳам ишончлироқ бўлади. Робия опа суҳбатимизни болалик билан боғлиқ эсдаликларидан бошлар эканлар, кўз олдимизга бугун улуғ ёшни қоралаган, фарзанд, невара, эваралар камолидан хотиржам умргузаронлик қилаётган нуроний оталари Собир ота Тошбоев келади.
– Отам биз ўн нафар ака-ука, опа-сингиллар туғилиб ўсган Бойсуннинг мактабларидан бирида эллик йил болаларга география фанидан дарс берган. Биз отамдан “Уддалай олмайсан, қўлингдан келмайди”, деган гапларни ҳеч қачон эшитмаганмиз. Ҳамиша ҳаммамизга яхши гап билан куч, ишонч берганлар. Бир марта имтиҳондан “беш” баҳо олиб, суюниб келсам:
– Нимага олти олмадинг? – деганлар.
– Бунақа баҳо йўқ-ку, – десам:
– Йўқ бўлса, нега бундай деганимни ўйлаб кўр, – деганлар. Вақт ўтиб билдимки, отам менинг олган баҳойимдан қаноатланиб қолмаслигимни, яна ва яна юксакроққа интилишимни истаган эканлар. Фақат болалигимда эмас, талабалигим, илм йўлига тушганимда ҳам улардан ҳамиша рағбат олганман. Университетни битирганимдан сўнг бир муддат илм билан амалиёт орасида иккиланиб қолганман. Ўзим орзулаган адлия соҳасида ишлайми ё илм излайми, қайси бирини танласам экан, деб турганимда отам:
– Иккаласини ҳам баравар олиб бор, қўлингдан келади, – деганлар. Шу-шу ҳуқуқшуносликнинг ўзим севган йўналишида ишлаганман, айни пайтда адлия соҳасида ишлаб туриб илмий ишимни ҳам давом эттирганман. Натижада 2009 йилда биринчи илмий ишим – номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқладим. Кейинчалик 2023 йилда эса докторлик диссертациясини ёқладим.
     Онам Басанда Холбоева барча аёлларимиз каби ўзларини оилага, фарзанд тарбиясига бағишлаган заҳматкаш аёл бўлганлар. Мактабни битириб касб танлашга келганимда онамнинг қатъиятини ҳис қилганман.
– Менинг Робия қизим юрист бўлади, – деганлар. Касбу корни ажратганлари билан соддаликлари ҳам бор эди.
Диссертациямни ҳимоя қилаётганимда, мунозара, музокаралар тўхтагач, мажлисни олиб борувчи:
– Энди овоз беришга ўтамиз. Қани ким бўлажак олимни ёқлаб овоз беради, – деса онам ҳаммадан олдин қўл кўтарса бўладими, атрофда беозор кулги бўлган...
     Олима орқатоғларининг ҳаётлигига такрор-такрор шукрона айтиб, улар билан боғлиқ воқеаларни эсга олар экан, ҳар фарзандга шулардек оқил ота-оналар тиладик. Ахир бизнинг ким бўлишимиз, жамиятнинг қандай бўлиши, энг аввало, тарбияли ота-оналарга боғлиқ-ку.
    Суҳбатимизнинг дақиқалари, соатлари бизни қаҳрамонимизга яқинроқ олиб бораверди. Олиманинг жамиятда фаол фуқаролик позициясига эга бўлиши, ҳар қандай масалада ўз фикрини ҳимоя қила оладиган кучли аёл сифатида тан олинишининг яна бир илдизи унинг ашаддий китобхонлигида, деб ўйладик.
– Китоблар садоқатли дўстдир. Имкон топдим дегунча китоб ўқийман, Чингиз Айтматовнинг “Кунда”, Габриэль Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси”, Эрнест Хэмингуэйнинг “Алвидо, қурол”, Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асарлари берган билим, завқу сурурни берадиган яна шундай бошқа манба бормикан? Менимча, йўқ. Китоблар мушоҳадага, нотиқликка, тўғри ҳаётий хулосалар чиқаришга ўргатади.
    Донишмандлардан бирига: “Инсон китоб ўқиш орқали саодатга эришиши мумкинми?” деб савол беришганда, у: “Китоб ўқишнинг ўзи саодатдир”, дея жавоб берган экан, – олима севимли китоблари ҳақида тўлқинланиб гапирди. Бу ҳолатни кўпчилик суҳбатдошларимда кузатаман: китобхонга ўзи яхши кўрган асарини бошқалар ҳам севадигандек туюлаверади.
     Робия Тошбоева учун адабий асарлар қалб, туйғулар тарбиячиси бўлса, илмий асарлар тафаккур чархидир. Олима ер, сув, ўрмон, ер ости, флора ва фауна кадастрларини юритишнинг ҳуқуқий муаммоларига бағишланган тадқиқотлар олиб борди.
– Оддий аҳоли ўртасида кўпроқ ер кадастри тушунчаси кенг тарқалган. Халқимиз учун ер катта аҳамиятга эга, чунки у Ватан тимсоли ва мерос сифатида авлоддан авлодга ўтиб боради. Ушбу ерга қонуний эгалик қилиш учун уни қонунчиликда белгиланган тартибда қўлга киритиш лозим бўлади. Афсуски, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб, кейинчалик унга тартибсиз уйлар қуриб, оқибатда қонуний ҳуқуқлари давлат тарафидан тан олинмаган фуқароларимиз кўпчиликни ташкил этади. Мен илмий ишларимда айнан шу каби ҳолатларда нафақат қонунни бузган фуқаро, балки тегишли назоратни ўз вақтида амалга оширмаган ваколатли мансабдор шахсларга ҳам бир хил жавобгарлик масаласини қўйиш муаммосини таҳлил этганман, – дея фикрларини давом эттиради қаҳрамонимиз.
     Амалиёт ва назарияни биргаликда олиб борган ҳолда адлия тизимида, ФҲДЁ соҳасида етарли тажриба тўплаган Робияхон яхшигина оилашуносга ҳам айланди. Термиз шаҳар ФҲДЁ бўлими қошида ташкил этилган “Оила дорилфунуни” ўқув-тарбиявий курсига раҳбарлик қилди. “Оила – муқаддас қўрғон” номли махсус ўқув қўлланма ҳам ёзди. Бу қўлланма, айниқса, ёш оилаларнинг психологик, ҳуқуқий, тиббий саводхонлигини оширишда қўл келди.
– Илм кишисига ҳаётий тажрибалар ёзиш учун материал беради. Бир гал муносабатларини никоҳ билан расмийлаштиришга қарор қилган ёшлар олдимизга келишди. Мен уларга:
– Оила қурилгандан сўнг қўлга киритилган мулк эр-хотинга баравар тегишли бўлади, тарздаги қонунда белгиланган ҳолатни тушунтира бошлаган эдим. Йигит:
– Уйланаётган қизим ўқимаган, ҳеч қаерда ишламайди. Мен тадбиркорман. Маблағни мен топаман, нега рафиқам мол-мулкка тенг эгалик қилади? – деб қолди. Мен аёлнинг рўзғор ишларини қилиши, фарзанд дунёга келтириб, уни тарбиялаши ҳам тадбиркор меҳнатидан кам эмаслигини ётиғи билан тушунтирдим. Бу тарздаги саволларга тез-тез дуч келиб турилади. Қўлланмамда уларга ҳам илмий, ҳам ҳаётий жавоблар бор.
     Қайси йўналишда гап бошласак ҳам суҳбатдошимиздан бошқаларга ҳам айтса бўладиган жавоблар эшитдик. Робия опа институтда иш бошлаган пайтда бўлажак турмуш ўртоғи Шавкат Худойназаровни учратди. Расида пайтиданоқ ота-оналари Робиянинг қулоғига:
– Биласан, биз қадриятларимизни қаттиқ ушлаймиз. Касб, иш борасида танлов сеники, лекин турмуш масаласида бизга қулоқ соласан, – деган гап қуюлгани учун дастлаб дил изҳори қилган йигитни рад қилди. Аммо Шавкатбекнинг нияти жиддий экан, Бойсунга борди, кетма-кет совчи юборди. Унинг бахтига, суриштирувларда ёшларнинг насл-насаблари орасида танишлик бўлиб, узоқ қариндош ҳам чиқиб қолиб тақдирлари бирлашди. Бугун банк тизимида фаолият олиб бораётган турмуш ўртоғи Робия опага ҳар жиҳатдан елкадош бўлди. Илм қилиши, қонунлар тарғиботи юзасидан сафарларда юриши, фарзандлар тарбияси борасида ҳамиша ёнида суянчиқ бўлиб келмоқда. Ўғли Шоҳруҳ ота изидан бориб, банк соҳасида фаолият юритмоқда, икки нафар қизлар эса илм олиш йўлида изланмоқда. Тўнғич қизи Руҳаёхон Термиз давлат университетининг магистратурасини тугатиб, яқин кунларда илмий тадқиқот ишларини бошлаш арафасида. Маҳлиёхон Тошкент давлат юридик университетининг 1-курс талабаси. Кенжатой Эрадж ҳали ўқувчи.
     Илм кишиси ўз меҳнати билан ҳаёт зинапояларидан кўтарилар экан, унга ота-онаси, оиласи билан бирга устозлари ҳам елка тутади. Робия Тошбоева суҳбатимиз давомида ҳуқуқшунослик йўналишида юридик фанлари доктори, профессор Жуманазар Холмўминов, бошқарув йўналишида Эркинжон Турдимов, адлия тизимида Акбар Тошқулов, кадастр соҳасида Абдусалом Ғаниев каби устозларининг қўллаб-қувватлаганликларини ҳурмат билан тилга олди.
     Олиманинг келгуси режалари кўпроқ илмий фаолият билан боғлиқ.
     Табиий ресурслар кадастрини ҳуқуқий тартибга солишнинг ҳали ўрганилмаган муаммоларини ёритиш, улар бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқиш, шогирдлар тайёрлаш эзгу мақсадидир. Биз эса уларга фақат ёруғ ва истиқболли йўлнинг қувончларини тилаймиз.

Райҳон РАҲИМОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар