ЯХШИЛАРДАН СЎЗ ОЧДИК
МЕНИНГ АТИРГУЛ АЯМ
Самарқандлик Мубаро аяни анчадан бери биламан: қадрдонлигимиз бор. Йўлим тушганда зиёрат қиламан. Турмуш ўртоғи Мардон акадан айрилганини эшитиб, йўлга чиқдим. Қишнинг совуқ куни, атрофни туман қоплаган. Машина секинлаб юргани боис кеч қоронғусида шаҳарга кирдик. Қиш кечаси узоқ бўлганидан анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Эрталаб хайрлашар чоғимда ая қўлимга қалингина дафтар тутқазди. “Вақтингиз бўлганда ўқирсиз”, деди титроқ овозда. Юмушларим билан бўлиб анча вақт қўлимга олмаган дафтарни ўқиб битиргач, оппоқдан келган, кулганда юзи ёришиб кетадиган кўнглида хотиралари қат-қат атиргул аямнинг кўнгил битикларини сизга илиндим.
“Олти ойлик чақалоқлигимда Иккинчи жаҳон уруши бошланган экан. Дадам урушда. 17 ёшли акам Ҳамроқулни фронтга кузатаркан, оч кетмагин, деб онам ош дамлабди. Энди сузмоқчи бўлиб турганда икки ҳарбий келиб, акамни олиб кетибди. Онам қозонни сочиққа ўраб, трамвайда вокзалга келганда поезд жойидан жилаётган экан. “Болам, Ҳамроқул, қайдасан?” дея изиллаб, рельслар устидан югураркан, қоқилиб қўлидаги ош ерга тўкилиб кетибди. Насибалари ўз тупроғимизга сочилган экан-ку, омон қайтишар, дея неча йиллар интизор бўлиб кутдик. Аммо, минг афсуски, дадам ҳам, акам ҳам урушдан қайтмади.
Ҳовлимиз Сиёб бозори яқинида, Бибихоним мадрасаси ёнида эди. Онам оиламизни қаҳатчилик, очарчиликдан сақлаш учун новвойлик қилган. Мендан каттаси – Санобар опам мактабда ўқир, дарсдан сўнг онамнинг ёнига бозорга ўтарди. Савдога ёрдам берарди.
Бобом Қурбон отанинг Навбоғчиён қишлоғида каттагина боғлари бўлиб, ёзда аравада бизга турли мевалар олиб келса, қишда мева қоқисини келтирардилар. Онам уларни қўшниларга тенг тақсимлаб берарди. “Бир майизни қирққа бўлиб ейишган”, деган нақл ўша йилларга тўғри келса керак.
Уйимизни ётоқхона десам бўлади. Чунки қишлоқдан бозорга ул-бул сотгани келган таниш, нотанишлар бизникида ётиб қоларди. Биз – болаларга жой қолмай, сандиқ устида ухлаган пайтларимиз бўлган. Меҳмонлар ярим кечаси уйғониб ёғ, буханка нон учун навбатда туришар, баъзан мен ҳам навбатда туриб, уларга у-бу егуликларни олиб берардим. Қишнинг ёғин-сочин кунлари қўшниларнинг томидан чакка томар, онам қўшниларни чақириб жой солиб берганларини яхши эслайман. Бу пайтда нон ёпишга анча қўли келишиб қолган Санобар опам маҳалла хотин-халажига новвойчиликни ўргатарди.
Вақти келиб, Санобар опам икки йиллик муаллимлар тайёрлаш курсини тамомлаб, Навбоғчиён қишлоғида муаллималик қила бошлади. Бу орада мен ҳам мактабга бордим. Бир куни мактабга кетмоқчи бўлиб дарвозага яқинлашсам, кўчада оқсоқолимиз Орифқул амаки, раҳматли Биринчи Президентимизнинг оталари Ғани амаки ва яна бир кишининг гапи қулоғимга чалинди.
– Бу кўчани асфальт қилолмаймиз. Кўпларнинг отаси урушдан қайтмаган, йўлни созлаш учун йиғилаётган пулни ҳамма ҳам беролмайди.
Бу гапларнинг маъносини англадим-да, шошиб эшикдан чиқдим: – Амакижонлар, асфальтни шу кўчадан бошланг. Мен ҳам, опаларим ҳам кўчамиз чиройли бўлишини хоҳлаймиз. Неча сўмдан йиғиш керак бўлса, мен ҳозир чиқариб бераман, – дедим. Учовлари бир-бирига қараб олиб: – Сен берсанг ҳам бу қўшнилар беролмайди, – дейишди.
– Кеча дадамнинг нафақа пулини бериб кетди почтальон. Шу пулни қўшнилар учун ҳам тўлаб юборамиз, – дедим.
Улар ўзаро кенгашиб кўчамизга асфальт ётқизадиган бўлишди ва бошимни силаб: – Яша, қизим. Сен отанг раҳматли Муҳаммад Шарифга ўхшабсан, – дея алқаб қўйишди.
Мактабда аъло баҳоларга ўқишимни эшитган Орифқул амаки: – Қизим, маҳалламизда саводсиз хотин-қизлар бор. Уларга ўқиб-ёзишни ўргатмайсанми? – деб қолдилар.
– Майли, – дедим.
Бўйим пастлиги боис оёғим остига икки қатор қилиб ғишт қўйиб беришди. Ўшанда 7-синфда ўқирдим. Ҳамма мени "кичик муаллима", деб чақирадиган бўлди.
Аянинг дафтари охирлаган сайин кўнглим ёриша борди. Чунки қийинчиликда бошланган ҳаёти ёруғ кунларга уланди.
Ўша "кичик муаллима" Мубаро Заитова мактабни тамомлаб, Самарқанд давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирди. Уни муваффақиятли тугатгач, Самарқанд озиқ-овқат техникумида 40 йил муаллималик қилди. I даражали "Меҳнат фахрийси" деган шарафли номга сазовор бўлди. Ая нафақага чиққач, дунё кезди. Ўттизга яқин шаҳарларга саёҳат қилди. Ҳозирда у 82 ёшда. Аммо ҳануз ҳаракатда. Ўз ҳовлисида “Шаҳсина” ошхонасини очган.
Бугун Самарқандга дунёнинг турли давлатларидан келаётган сайёҳлар Мирзо Улуғбек маҳалласидаги бу шинам хонадонда меҳмон бўлишади. Ая меҳмонларга ўз қўли билан самарқандча ош дамлаб беради. Бугунги Самарқанд қалбимиз нақши, қўлимиз маҳоратини, тафаккуримиз имконларини дунёга намоён қилаётган улуғ кент. Бу улуғликда меҳнатда суяги қотган, меҳнатдан шараф топган менинг Мубаро аямнинг ҳам ўрни борлигидан суюнаман.
Дилором ИСМОИЛОВА,
Самарқанд.