Қадрият 30.09.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ХОНАТЛАС

Умрбоқий қадриятлар
 
ХОНАТЛАС
 
    Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри азал-азалдан ипакчилар, ҳунармандлар юрти, дея таърифланади. Эрамиздан аввалги III асрдаёқ бу шаҳар ҳунармандлари ипакли матоларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган ва уларни Хитойдан то Европага қадар етказиб беришган.
    Бугунги кунда бу ерда қадимий ҳунармандчилик мактаблари, айниқса, ипакчилик мактаби сақланиб келмоқда. Ҳозирда мингдан ортиқ хонадон шу фаолият билан шуғулланади. Ташкил қилинганига беш йил бўлган ҳунармандчилик маркази ҳам ушбу соҳани янада ривожлантириш, қадимий урф-одат ва анъаналаримизни тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
    Ўзбек ипак матолари – атлас ва адрасни тайёрлаш бўйича мавжуд бўлган қадимий технология 2017 йилда ЮНЕСКО томонидан инсоний номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.
 
    Халқимиз адрас матосидан  чопонлар, кўйлаклар, ҳаттоки, сумка ва безаклар ҳам тикишади. Лекин Ғарб дизайнерлари ўзларининг коллекцияларини худди шу матодан илҳомланиб яратганини кўпчилик билмайди. Биринчи бўлиб Америкадаги Oscar de la Renta модалар уйи адрасга эътибор қаратди. Дизайнер нафис чизгилар ва ўзгача шарқона матони бирлаштириб,  кўплаб Голливуд юлдузларини ўзига мафтун этган коллекциясини яратган. Айниқса, адраснинг Gucci Spring/Summer  коллекциясида пайдо бўлиши, унинг жаҳон модасига жиддий ва мустаҳкам ўрнашиб олганини аниқ кўрсатди.
 
ҲАЙРАТЛАР ОЛАМИДА
 
     Адрас – танда ипи табиий ипакдан, арқоғи қалин ипдан тўқилган газлама бўлса, атлас – танда ипи ҳам, арқоқ ипи ҳам табиий ипакдан тўқиладиган силлиқ мато. Атласга алоҳида ишлов ва жило берилади. Шунинг учун товланиб туради. Унинг бетакрор кўриниши, ранглари ва нақшлари кўрган кўзни қувонтириб, кишига баҳорий кайфиятни бахш этади. Бу матолардан тайёрланган миллий кийимлар ўзбек аёлининг кўрки бўлиб келган. 
    Нафақат юртдошларимиз, балки, хорижий фуқароларни ҳам ўзига жалб қилиб келаётган ҳунармандлар маркази Марғилон шаҳрининг марказида жойлашган.  Киришингиз билан миллий бўёқлари бўртиб турган идишларни, манекенларга кийдириб қўйилган адрас, атлас, беқасамлардан тикилган либосларни кўриб ҳайрат ва завқингиз ошади. 
   Аъло бахмалдан тикилган камзул, костюм, беқасам, банорас тўнлар, юмшоқ ва силлик ёстиқлар, аёл-қизларимиз учун шарф ва рўмол, абая ва  халатлар, қуроқдан тикилган чопон, камзул, адрас матосидан тайёрланган оёқ кийим, бош кийимлар, турли ҳажмдаги сумка – барчаси турфа хил адрас матоларидан тикилган. Матолар бўлимида турфа хил рангдаги адрас матолардан ташқари ўзимизнинг олдинги тўрт тепки, саккиз тепки, товус сариқ, қора атласлар кўргазмага ёйиб қўйилган. 
      Мен-ку, шу юртда туғилиб, билган, кўрган нарсаларимдан шунчалар таъсирландим, четдан келган сайёҳлар мендан кўра кўпроқ ҳайратга тушиши аниқ. Бўлим менежери Мастона Ашуралиева келиб, марғилонликларга хос лутф  билан сўрашиб, марказни таништира бошлайди:
– Қуйи қаватимизда матолар тўқилади. Биринчи қаватимизда тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ўрин олган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қат тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади. Бинонинг юқори қаватида гилам цехи жойлашган. Барча маҳсулотларимиз  фақат қўл меҳнати ёрдамида юз фоиз тоза ипакдан тўқилади. Бир йилда ишлаб чиқарган маҳсулотларимизнинг яримидан зиёди сотилиб, ўрнига янгиси қўйилади.  
     Фасллар иқлимига қараб чет эллик харидорлар келади, кўпроқ Россия, АҚШ, Хитой, Қирғизистон, Туркия, Франциядан меҳмонлар кутамиз. Осори атиқалар билан танишган сайёҳлар бу ерда жараёнларимизни бевосита кузатишади, ўзи хоҳлаган маҳсулотни харид қилади, шу ердаги чевархонада ўз дидига мос либос тиктириб кийиб ҳам олишади.  
– Бу ерга келиб кам бўлмадим, Дилшода тикувчи деган номга эришдим, – дейди модельер конструктор Дилшода Алихонова суҳбатимизга қўшилиб, – келин кўйлаклар тикаман. Раҳбаримиз Иброҳим ака барчамизга отадек меҳрибон. Ишимизни синчиклаб, назорат қилади. Ҳар бир дақиқамизни қадрлашга ўргатган. Ўта талабчан инсон.
– Музейимизни ҳам бир кўринг, – дея сотув менежери Икром ака мени нақшинкор дарвоза томонга бошлади.
Тарихни эслатувчи музей ҳақиқатан ҳам миллий қадриятлар, осори атиқаларга бой экан. Кўрпа, кўрпачалар, сўзаналар, ўтган асрда ишлатилган уй-рўзғор буюмлари, сопол идишлар, минг йиллик ғиштлар, қадимий дарвозалар сизни ўтмиш хотиралари томон етаклайди. Ўлмас миллий қадриятларимизни сақлаб келаётган ушбу масканда адрас фестиваллари, турли давлат тадбирлари ҳам ўтказиб келинади.
     Сафардан қайтган ҳунармандлар маркази раҳбари, сенатор Иброҳимжон Султонов билан ҳам кўришдик. 
– Ипак қурти Хитойда пайдо бўлган, деган фараз бор, – дея сўз бошлайди таниқли ишбилармон. – Яна бир ривоятга кўра, бир бўз тўқийдиган йигит хон қизини яхши кўриб қолади, унга нима совға қилса хурсанд бўлишини ўйлаб, анҳор бўйида ўтирганда сувга томган ёғ турли рангларда товланаётганини кўради. Бу манзарадан завқ олиб, тўқий бошлайди. Хон саройига тортиқ қилганда унинг номини сўрашади. Хон қизига аталгани учун совғага хонатлас номи берилган. Бўз тўқувчи маҳбубасига етишганми, етишмаганми бизга қоронғи, лекин бу мато  асрлар оша тўқилиб, миллий кийим хомашёси сифатида қадрланиб келмоқда. Бекорга ота-боболаримиз бўз, адрас тўқишмаган. Бу матолар инсон саломатлиги учун фойдали. Пахтали мато ҳаво ўтказади. Ипак микробларни ўлдиради. Тўққиз ёшимдан уйда тўқувчиликни бошлаганман. Ҳунармандчиликни дадамдан ўрганганман. Отам Аширали Султонов бир умр адрас тўқиганлар. Биз учинчи авлодмиз. Бобом бўз тўқиган, салкам бир аср яшаб оламдан ўтган. Бу ерда сулоламиздан кўпчилик ишлайди. Ўсмир ёшдаги набирам ҳам шу ерда ҳунар ўрганмоқда.
     Ота-боболаримиз ўта ақлли, сабрли, меҳнаткаш бўлганлар. Қўл меҳнатини сақлаб қолиш керак. Шу мақсадда музей очганмиз. Аждодлар томонидан яратилган минг йиллик ғиштлар, икки юз йиллик эшиклар бор. Ҳали ҳам экспонатлар билан тўлдириш ишлари давом этяпти. Мана ҳозир ишлайдиган замонлар келди. Чекловлар йўқ, солиқлар камайган. Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, ишларимизнинг олға силжишига сабаб бўлди. Эътиборга яраша муносиб жавоб тариқасида  ишларни амалга оширдик. Республика “Ташаббус” кўрик-танловида мунтазам иштирок этиб, 2021 йилда биринчи ўринни олдик. Янги иш ўринларини яратдик.Ҳозир ҳам ишлайман, деган одамга иш топиб берамиз, – моҳир тадбиркорнинг ҳар бир маълумоти бу ноёб миллий матолар ҳақидаги  фикримизни тўлдиради.
     Матога расм чизаётган йигитнинг ишини кузатиб, унга халал бермаслик учун оҳиста юриб ўтамиз.  Ҳовли четида катта-катта дошқозонларга кўзим тушди.
– Бўяш учун қозонларга ип ташланади. Ишчиларимиз табиий рангларни чиқариш учун турли ўсимликлардан фойдаланишади. Ёнғоқ барги, мош, анор, пиёз  пўстларидан фойдаланишади. Шунингдек, рўян ўсимлиги, суяк илиги, темир зангидан ҳам ранг оламиз. Мато бўялгач, офтобда қуритилади. Айримларини ювса ҳам ранги чиқмайди. Ҳиндистонда тайёрланадиган индига деган кўк ранг бор. Тайёрланиши сир сақланган. Индонезияда эса денгиз бўйларида  қўнғизнинг бир тури  бор. Ҳалок бўлаётган пайтда ўзидан қизил ранг чиқаради, ана ўша ранг матоларни бўяшда ишлатилади. Ўта сифатли.
      Иброҳим ака менга адрас тўқилиши ҳақида ҳам қисқача маълумотлар бериб ўтди.
    Мато ўн тўртта мутахассис қўлидан ўтар экан. Ипак эшилади, ювилади. Конус ўраб давра қўйилади. Қат қилинади, кейин чизув, бойлов, бўёқ, ечиш, олди-қўшди жараёнлари, гуллар кўтарилади, тўқишга киритилади. Ярим ой деганда тўрт юз метр мато тайёр бўлар экан. Тўқувчи бир кунда астойдил ишласа, саккиз-ўн метр мато ўртага келар экан. Ҳа, қўл меҳнати инсон сабрини, иродасини  синайди. Шу билан бирга меҳнат завқини ва роҳатини ҳам беради. 
      Ҳунармандлар марказидан қайтар эканмиз, адрасу атласларнинг товланиши, ёрқинлиги аслида инсон қалби ва идрокидан тўкилган нур билан боғлиқ эканини англадим. Нурли бир бўлагини асрлар оша неча тўфонлардан омон асраб, миллатимизга фахр бўлган ҳунармандлик турини сақлаб келаётган марғилонлик меҳнаткаш, сабрли, зукко, уста санъаткор инсонлар заҳматига таҳсинлар айтамиз.    
 
Ҳилола Иброҳимова

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар