Қадрият 7.12.2023 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

Эртак эди онамнинг ўзи...

 

ЖАННАТИМ ОНАМ

Эртак эди онамнинг ўзи...

     Онам Эшонжон махсум бобомизнинг биринчи рўзғори, асли туманимиз (Избоскан)нинг Тошкечик қишлоғидан бўлган Бухалжа энамиздан туғилган икки қизнинг каттаси эди. Холам Ҳидоятхон (дадам, яъни, бобом уни негадир “Ҳидонис” дерди) Нишонбой Тўхтасинов деганга тушган ва тўрт қиз (Ҳавасхон, Зулфизар, Зулхумор, Саида) кўрган. Поччамиз камгапу сал сержаҳлроқ, аммо меҳнаткаш эди раҳматли. Холамиз жуда ювош, ройиш, бўлар-бўлмасга диққат бўлиб эзилавермайдиганлар сирасидан эди. Поччамизнинг ҳам, холамизнинг ҳам ўғлимиз йўқ деб ўкингани, бировга ҳасрат қилганини кўрмаганман, эшитмаганман. Тақдирни қарангки, ҳамма қизлари ўғилчи чиқди. Ҳатто беш ўғилли Хуморхоннинг ҳам биронта қизи йўқ.
    Онам Салтанатхон ҳам синглисига ўхшаб мўмин-қобил, қўшни аёлларнинг таърифича, майиздай аёл бўлган. Феъл жиҳатдан ҳам, ранг-тус борасида ҳам иккала қиз оталарига тортган бўлиб, буғдой юзли эди. Бухалжа энамизни кўрмаганман. Ўйлаб кўрсам, онамнинг она томон уруғ-аймоқлари тўғрисида дурустроқ тасаввурга эга эмас эканман. Абдубоқи ака деган тоғасини сал-пал билардим, лекин улар билан негадир борди-келдимиз йўқ эди. Ўша тоғанинг ўқитувчи қизи Муҳайё опа билан кейинчалик оилавий муносабатларни йўлга қўйиб олдик. Умуман бобо, момолар борасида омадим унча келишмаган: онамнинг онасидан ташқари отамнинг отасию онасини кўриш ҳам насиб этмаган.
     Онам тўғрисида “Кўнгил кечинмалари” ва бошқа китобларимда қисман-қисман ёзганман, шуни айтишим керакки, волидам кўп қийинчилик ва дард тортган...
     1943 йили отам Иккинчи жаҳон урушига сафарбар этилган. Ёшлигидан ишбилармон, топармон-тутармон одам бўлган, рўзғорни жуда бадастир тутиб, оилани бирон нарсага зориқтирмайдиган падари бузрукворимиз вазиятни ҳисобга олиб, анчагина шоли, буғдой ғамлаб қўйган, лекин у фронтга жўнаши билан айрим қариндошлар кириб, онамга: “Буғдой, шолиларни сичқон-каламушлар еб, баракасини учиради, замон нотинч, ўғри кўп, яхшиси сотиб, сизга сигир олиб берайлик, гўдакларингиз билан соғиб ичиб юрасиз”, – дейдилар меҳрибон оҳангда. Соддагина онамиз таклифни тўғри деб билади ва уларга чиппа-чин ишонади. Волидаи муҳтарамамиз ўшанда беш яшарли акам ва чақалоқ Собира опам билан қолган эди.
     Орадан кунлар, ҳафталар ўтади: сигирдан ҳам, донни таг-тугигача қоплаб чиқиб кетганлардан ҳам дом-дарак йўқ. Онаизор болаларининг бирини кўтариб, иккинчисини етаклаб, шоли, буғдойни ташиб кетганларникига юкиниб боради, “валинеъмат”лар бир-бирига ошириб, елка қисиб тураверишади. Заифа она йиғлаб-йиғлаб уйга қайтади.
     Шу тариқа ёшгина (23 ёш) муштипар жувон ва икки норасиданинг куни товламачилар “раҳм” қилишиб, олиб кириб беришган оқшоқ-ширмиққа қолади. Отам урушдан қайтгач, қариндошлардан қўлини ювиб қўлтиғига артиб қўйган эди, кейинчалик уларни кечириб юборди. Ҳа, ўша хешларидан бири уйимизга икки марта ўғриликка ҳам тушган (бир сафаргисида отамнинг армиядан кийиб келган ҳарбий формаларини ўмариб кетган), аммо уни ҳам (аниқ билгани ҳолда) афв этди. Айбни яна замонга – қийинчиликка тўнкаб қўя қолди.
     Онам ўшанда кўп азоб-уқубатларни бошдан кечирган. Ўзи ва норасидалари қорнини тўйғазиш учун колхоз(жамоа хўжалиги)да ишлашга – ғўза чопишга, пахта теришга мажбур бўлган. Ўша пайтларда эрталабдан кечгача меҳнат қилган одамга бир коса атала берилар экан. Акамнинг айтишича, волидамиз кийгани пойабзалиям йўқ, саҳарги шудрингда болаларнинг бирини кўтариб, иккинчисини етаклаб, далага ялангоёқ чиқиб кетар экан. Мен ана шу ҳолатни “Эртак” шеъримда қисман бўлса-да, акс эттиришга ҳаракат қилганман.

ЭРТАК


Камбағалман эртакка жуда,
Чўпчак айтиб бермасди онам.
Бунга фурсат бўлмаган унда,
Тунд бир замон,
Эртаксиз олам.

Қўлда бола, бошда беланчак,
Сингиб кетар саҳар далага.
Ялангоёқ қировлар кечар,
Куч йўқ, руҳ йўқ
Қўшиқ, аллага.

Қўлда бола, қўлтиқда беланчак,
Бошда оғир оқ тугун – пахта.
Ўрлагунча ой то бир терак,
Тарозига,
Хирмонга қатнар.

Қўлда бола, қўлтиқда беланчак,
Бошда катта, ҳурпайган юк - ўт.
Қайтар уйга,
Товондан чак-чак
Зардоб томар,
Қизир мисли ўт.

Эчки соғар – пешонаси дўнг,
Кимдир эмиб қўйган эчкини.
Хамир қорар зоғорага, сўнг
Кир чаяди, ямар эскини.

Отамиздан хат кутиб илҳақ,
Шитир этса чопиб эшикка,
Бир зум мудрар,
Мудрарди фақат
Суянганча бешикка...

Тирик гувоҳ – Зуҳро юлдузи,
Эртак эди онамнинг ўзи.

     Болалигим меҳрибон, мушфиқ онамдан барвақт ажраб қолганимни инобатга олмаганда, унчалик ёмон ўтмаган. Озиқ-овқат, кийим-кечакка муҳтож бўлганлигимни эслолмайман. Акам билан ғижиллашиб қолсак, онажоним ҳар доим менинг ёнимни олганларини яхши биламан. Лекин болалик нашъу намосига, қувончу сурурга бой тарзда кечган беташвиш, беғам даврларим ҳам бир бўлган-у, умримдаги энг оғир йўқотиш ва жудолик алами – ўша мусибат ҳам бир бўлган эди.
     Қандайдир сабабга кўра оиламиз билан қанчадир муддат Эшонжон махсум бобомларникида яшаган эканмиз (у кунлар менинг хотирамда қолмаган). Ҳовли ичидан, ташқи дарвоза яқинидан ариқ ўтган бўлиб, унинг устига хас-хашак ва тупроқ-лойдан кўприк қурилган эди. Қўшнилар оралиғида девор тугул чавра ҳам бўлмаган. Қўшниларникидан ўтиб, ариқ бўйида ўтлаб юрган сигирни ҳайдаш учун онам гаврон кўтариб келган, лекин сузонғич ҳайвон унга ҳамла қилиб, ерга пийпалаб, думалатиб ариққа тушириб, кўприк остига кириб кетгунча сузаверган. Онам ёрдам сўраб кўп қичқирган, аммо ҳовлида ҳеч ким бўлмаган, қўшнилар ҳам эшитмаган чоғи, бир жон шарпа қилмаган. Анча фурсатдан сўнг Ражаббой ака деган қўшни келиб, молни ҳайдаб, онамни қутқариб олган. Ана шу воқеадан кейин ички аъзоларига ҳам захм етган бўлса керак, тез-тез оғрийдиган бўлиб қолган. Бечоранинг айвон сўримизда кўрпа-тўшак қилиб ётганлари кўз олдимдан кетмайди.
     Қишлоқчилик, яқин-атрофда шифокор йўқ, отам узоқроққа, масалан, йигирма беш-ўттиз чақиримлар наридаги Андижон шаҳрига олиб боришни ўйламаганми (колхоз чорвачилик фермасининг мудири бўлгани учун иши кўп, ҳар куни саҳар чиқиб кетиб, ярим кечалари келар, баъзида Қирғизистон яйловларидаги мол-қўйлардан хабар олиш учун кетиб, ўша ёқда ҳафталаб юрарди), ё олиб бориб кўрсатса ҳам фойдаси бўлмаганми – бу менга қоронғу.
     Қиш чилласи эди. Мен тўртинчи синфда, тушдан кейин ўқирдим. Дарсдан чиқиб, синфдошларим билан мактабдан 50-60 қадамлар юриб, қишлоғимиз ўртасидан кесиб ўтадиган анҳор кўпригига келган эдик, яна бироз масофадан кейин кўчанинг чап томонидаги дўкон ёнидан бурилиб, маҳалламизга кириб кетишим керак эди. Худди шу маҳал ўша бурилишдан мендан уч ёш катта Собира опам фарёд уриб чиқди-да, биз тарафга югуриб кела бошлади ва менга ўзини ташлаб, овозини янада баланд кўтариб йиғлай кетди. Мен ҳеч нарсага тушунмай, опамга анграйиб қараб турар, синфдошларим ҳам ҳайрон эди.
– Опамдан ( онамизни “опа” дердик – Қ. К.) ажралиб қолдик, ука, - ниҳоят тилга кирди опам ва мени билагимдан тутганча судраб кетди.
     1957 йил 24 январь, пайшанба эди. Ўша куни қуёш чиқиб турган бўлса-да, ҳаво совуқ эди. Совуқ хабарни эшитиб, аъзойи баданим баттар музлади.
     У пайтларда қиш қаттиқ бўлар, қор кўп ва қалин ёғарди. Қишлоқ уйларининг томи шифер-тунукасиз, яъни ясси, шунчаки лойсувоқ бўлиб, ҳар сафар қор ёққанда кураб, томнинг орқасига тушириб юборилар ва қор тўпланиб, пирамида шаклида томга етиб борар, болалар қор-“тоғ”дан пастга сирғаниб ўйнашарди. Ўша куни ҳам ерда қалингина қор бор эди.
     У пайтларда ўлим ҳақидаги тасаввурим ҳали хира ва туманли эди. Тўғрироғи, шу чоққача бу қадар азиз одамимдан жудолик кулфати бошимга тушмагани учун бу ҳақда чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрмаган бўлсам керак, лекин юрагим жуда оғир, аянчли фожиа юз берганини сезиб турарди.
     Опам билан ҳиқиллай-ҳиқиллай, илонизи, нотекис сўқмоқ йўлда тош-кесакларга қоқила-қоқила ҳовлига етиб келдигу уйга кира солиб, дераза ёнига қўйилган сим каравотда кўзлари юмуқ, юзлари одатдагидан оқариб кетган, жағи оқ дурра билан танғиб қўйилган ва ушоққина бўлиб ётган онамнинг устига ўзимизни ташлаб, дод солдик.
     Онам кечки пайт узилгани боис дафн этиш эртасига қолдирилган эди. Акам, опам ва Ҳидоят холам ҳар хил юмушлар билан ташқарига чиқишар ва яна кириб каравот ёнида “Вой онам!..”, “Вой опам!..”лаб йиғлашда давом этишарди. Ҳовлига чиқиб, нима қилишимни билмай, ҳиқиллаб бирпас-бирпас тураман-да, уйга кириб, қариндошлар йиғисига қўшиламан. Аввалига мен билан ҳеч кимнинг иши бўлмаётган эди, кечаси алламаҳалга боргач, отамнинг сўзи билан акам мени орқадаги ҳовлида турадиган, юқорида зикр этилган қариндошимиз Сотқинбой бувамизникига олиб чиқиб қўйди. Ўша ерда “ҳиқ-ҳиқ”лаганча ухлаб қолганман.
     Эртасига қариндош-уруғ, маҳалла-кўй онам ётган амбар (тобут)ни кўтариб, уйимиздан беш юз қадамча наридаги қабристонга йўл олишди. Менга тўн устидан янги чорси боғлашиб, сафнинг олдига ўтказиб қўйишди ва гўристонгача йиғлаб кетдим.
     Уч-тўрт кун келди-кетди бўлиб турди. Маърака деган маросимни ўтказганимиздан кейин ҳовлимизда одам сийраклашиб қолди. Уйдагиларнинг ҳаммасининг кўзлари қизарган, ғамгин, биров овоз чиқариб гапирмас, ўзаро ҳам пичирлашиб сўзлашишарди, отам акам ё опамга иш буюргудай бўлса ҳам, оҳиста, шивирлаб айтарди.
     Шу тариқа мен ўн ёшимда меҳрибонимдан бир умрга айрилдим. Шундан сўнг ўлим, унинг даҳшатли воқеа эканлиги тўғрисида кўп ўйлайдиган бўлиб қолдим. Наҳотки, энди онамни қайтиб кўрмасам, наҳотки, у абадий йўқ бўлиб кетса, деган саволлар менга тинчлик бермас ва ҳамма бир куни шундай қисматга дучор бўладими... деган хаёл, ваҳима юрагиму бутун вужудимни симиллатиб юборарди. Бу аламли ҳис кейин ҳам кўп йилларгача мени тарк этмади. Сирасини айтганда, айрилиқ изтироблари ҳақида шеърга ўхшаган бир нималар ёза бошлашимга ва қалам билан бир умр ошно бўлиб қолишимга ана шу мусибат ҳам сабаб бўлган эди.
     Ҳали-ҳамон онамнинг дийдорини қўмсаб, юрагим эзилади. Афсуски, расмга ҳам тушмаган экан.
     Бир нарсани алоҳида қайд этишим керакки, волидамиз бетоблик маҳалларида нон ёпиш, овқат пиширишларга жуда қийналган. Уй-рўзғор ишларидан ташқари унга яна тўртта ташвиш – тўртта бола ҳам бор эдик. Азбаройи том маънодаги мўмина аёл бўлган онамизни ё умуман оиламизни ҳурмат қилишганиданми, ё шунчаки ўша пайтларда аҳиллик, оқибат яхши эканми, қўшни аёлларнинг ҳали униси, ҳали буниси чиқиб, рўзғор юмушларида, ҳатто кир ювиш, уйларни супуриб-сидиришда ёрдам берганларини яхши эслайман. Айниқса, девор-дармиён қўшни – отамнинг амакиваччаси Сотқинбой бувамизнинг аёли Лутфинса келинойимиз (биз “келинбу” дердик), бир хонадон наридаги Савринса опа онамнинг вафотидан кейин ҳам (Собира опам ҳали ёш эди) бизга кўп асқатишган. Тўғри, отам ҳам уларнинг кўмакларини қайси бир йўллар билан тақдирлаб (масалан, биздан қандайдир егуликлар чиқартириб юборарди) турарди-ю, аммо барибир шахсан мен уларнинг олдида ўзимни бурчли деб биламан. Лекин инсон табиати шундайки, ҳар хил андиша ё важ-карсон билан зарурий бурч ё ташаккурни вақтида ўринлатолмай, сўнгра армон қилиб юради. Мен ҳам ана шундай афсус-надоматлардан холи эмасман, таассуфки, ўзимни оқлашга тузук-қуруқ асос, далилим ва яхшилик қилганларга у дунё саодатини тилашдан ўзга чорам йўқ. Бироқ мен ўша келинбуви ва опалардан миннатдорлигимни, яъни беғараз хизматларини унутмаслигимни ўзимга, кези келганда бошқаларга ҳам эслатиб, таъкидлаб туришдан ийманмайман. Шу борада мен дўстим Баҳромга атаб ёзган мўъжаз бир шеъримни бизга кўмакдош опахонларга (охиратлари обод бўлсин) ҳам бағишланган десам бўлади, яъни:

Фараз қилки, миннатдорчилик –
Дунёда энг бебаҳо эваз.
Фараз қилки, ҳали кўпчилик
Ҳатто шунга ҳам қодир эмас.

Фараз қилки, яхшилик ҳам сув –
Ортга боқмай оқаверар жим.
Фараз қилки, ҳаёт ўзи шу,
Фараз қилсанг, тинчийди кўнглим.

Қамчибек КЕНЖА,
Андижон

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар