ДАСТУРХОН
“Ёзнинг ёзиғи – қишнинг озиғи” деган нақл бор халқимизда. Бугунги пишиқчиликдан унумли
фойдаланиб, ўз вақтида қиш ғамини қилган
бекаларнинг дастурхони ҳамиша тўкин бўлади.
Лавлагили
карам тузлама
КЕРАКЛИ МАСАЛЛИҚЛАР:
2 кг. карам, 2 дона сабзи, 2 дона қизил лавлаги, бир бош саримсоқпиёз, бир боғ сельдерей, 0,5 чойқошиқ мурч доначалари, лавр барги, 1 ошқошиқ туз, 0,5 чойқошиқ шакар, 1,5 литр сув, 1 бўлак лимон.
ТАЙЁРЛАНИШИ:
Қайнаган сувга туз, шакар солиб аралаштириб совитиш учун бир четга олиб қўйилади. Карам ҳажмига қараб олти-етти бўлакка бўлинади. Лавлаги, сабзи, саримсоқпиёз тозаланиб паррак-паррак қилиб тўғралади.
Уч литрли банка ёки сирли идишга аввал лавлаги билан карам, сўнгра тўғралган маҳсулотлар жойлаштирилади. Тайёрланган неъматлар билан тўлдирилган идишга лимон шарбати қўшилган тузли сувни қуямиз. Қопқоғи ёпилган тузлама бир кун хона ҳароратида туриши керак. Кейин музлаткич ёки салқин жойга қўямиз. Икки ҳафтада тайёр бўлади.
Кўк помидордан тузлама
КЕРАКЛИ МАСАЛЛИҚЛАР:
5 кг. помидор, 2 дона булғор қалампири (исталган рангидан), 5-6 дона гармдори, 1 бош саримсоқпиёз, 200-250 гр. туз, 5-6 дона лавр барги, 0,5 чойқошиқ мурч, сабзи ёки олча барги, қуритилган хрен ва арпабодиён.
ТАЙЁРЛАНИШИ:
Масаллиқлар ювиб тайёрлаб олинади, булғор қалампири тенг бўлиниб, уруғидан тозаланади. Тузли сувимиз помидорларнинг ичига ўтиши учун 2, 3 ерига санчқи урилади. Алоҳида каттароқ идишга сув, туз ва шакар аралаштириб намакоб тайёрланади. Сирли ёки елим идиш тагига лавр барги, мурч, сабзи ёки олча барги, саримсоқпиёз солиб устидан помидор терилади. Ораларига гармдори, булғор қалампири ва барглар терилади. Устидан намакоб қуйилади.
Идишнинг оғзи аввал дока билан, сўнгра қопқоғи билан зич қилиб ёпилади ва хона ҳароратида сақланади. Бир кундан сўнг музлаткич, очиқ айвон ёки ертўлага қўйилади. Тузлама икки-уч ҳафтада тайёр бўлади.
Ёқимли иштаҳа!
Гулсевар тайёрлади.