НАСР
Саида Зуннунова
ИККИ ЎТ ОРАСИДА
Ҳикоя
Тўй тараддуди бошлангандан бери Вазиранинг тинчи баттар йўқолди. Мижжа қоқмасдан тунни тонгга улайди. Хаёл олиб кетаверади, олиб кетаверади. Мана бугун ҳам шу аҳволда тонг оттирди. Ҳовлига чиқди. Эрталабки салқин ҳаво баданини жунжиктирди. Куз бошланяпти. Дарахтларнинг барги хира тортиб қолган. Осмон бирам тиниқ, бағрига сингиб кетгинг келади. Вазира аста хўрсиниб қўлига супурги олди.
Хазонлар туша бошлабди.
Уйда будильник жиринглади. Бир нафасдан кейин мактаб ҳаракатидаги укаларининг ғовур-ғувури эшитилиб қолди. Уларга алланарсаларни уқтириб онаси уйдан чиқди. Водопровод жўмраги олдида юз-қўлини юваётган қизига синчков назар билан қаради.
– Намунча эрта турмасанг?!
– Уйғониб кетдим.
Вазира ухлаёлмадим, деёлмади. Ҳарқалай онаси-ку. Шундоғам тушуниб тургандир ҳаммасини. Тақдирлари шунақа бўлгандан кейин нима қилсин? Ким билади, бу тақдирга қайси бири айбдор. Уларнинг юракларида ҳам бир армон, бир афсус бормикин? Балки, улар ҳам Вазира каби дардларини ичига ютиб юришгандир.
У йигирма ёшга кирди. Эсини танигандан бери юрагининг бир чети жизиллаб туради. У ёққа борса, бу ерда онаси маъюс термилиб қолади. Боради-ю, онасининг нигоҳи кўзидан нари кетмайди. Изига қайтади. Худди шундай маъюс нигоҳ билан унга дадаси термилиб қолади. Уйига қандай етиб келганини билмайди. Энди унинг бутун хаёли дадасида қолади. Лекин онасига нима десин, айтолмайди.
У доим мана шундай яшади. Икки ўт, икки оловнинг ўртасида... Ўрталикда жой бормикин… Йўқ, ўртада жой йўқ. Улар қачон ажралишган, нега ажралишган, Вазира буни ҳам билмайди. Дадаси ҳам рўзғорлик бўлиб кетган, онаси ҳам. Аросатда Вазира қолган, холос. Нега уни ўйлашмаган? Гўдаклиги, тили, забони йўқ учун одам санашмагандир.
Укалари тапир-тупур қилиб мактабга кетишди. Кўчада машина сигнал берди. Дадасини ишга олиб кетгани келди. Онасининг илтимосига кўра, Вазира бу кишини ҳам дада, дейди. Лекин ҳар айтганда тили дилини куйдиради. Иложи борича камроқ мурожаат қилишга ҳаракат қилади. Қизиқ, ота-онани алмаштириб бўлармиди…
Тағин ота-онанинг ўзлари шуни талаб қилиб туришса-я.
Вазира кийиниб, сочини тараб турмаклади. Кўйлагининг елка чоки пастга тушиб қолибди. Озибди. У аста иккинчи уйга чиқди. Тикка турганича, истамайгина пиёлага чой қуйиб қуруқ ҳўплай бошлади.
– Бирон нарса емайсанми? – деди онаси ташвиш билан, – бу аҳволда қандай ўқийсан, болам?
– Егим келмаяпти.
Онаси унга тикилиб жим қолди.
– Чеварникига борасанми?
– Дадам келгин, деган эди бугун... Орага яна жимлик тушди.
– Ўша ёққа ўтасанми? – деди онаси ниҳоят.
– Айтган эди.
Онаси Вазиранинг кетидан кўчага чиқди. Вазира унинг юзига қарамаса ҳам ҳозирги аҳволини билиб турарди.
– Тезроқ қайтасанми? – деди онаси синиқ бир оҳангда.
– Кўраман.
Нега кўраман, деди. Нега, хўп, деб қўя қолмади. У энди онасига ачина бошлади. Унинг синиқ овози қулоғига ўралашиб олгандай эди. Бу овоз бутун дарс давомида ҳам қулоғидан кетмади. Коридорни тўлдириб юрган қизларнинг кулгилари, суҳбатларига лоқайд қарар, дугоналарининг ҳазилларига хиёл паришонлик билан жилмайиб қўярди. Мана, яқинда тўй бўлади. Дадаси, ўзининг дадаси бу тўйга келолмайди. Унга оқ йўл, бахт тилаб кузатиб қололмайди. Бу ёқда ўйин-кулги бўлади, у ёқда дадаси ҳеч нарса бўлмаётгандай жимгина ўтиради. Тўй бошида туриши керак бўлган одам ҳатто, бегона қатори ҳам тўйга келолмайди. Вазира қачондан бери шуни ўйлайди. Бир марта онасига салгина ёрилиб ҳам кўрди.
Онаси анча вақтгача бир нима деёлмади. Кейин оҳиста:
– Ўзинг ўйлаб кўр, қизим, – деди хўрсиниб. – Бир кунлик тўй ўтар-кетар. Лекин бу ёғи нима бўлади? Кичкиналигингдан шу дадангнинг қўлидасан. Юзига оёқ қўйиш яхши бўлмас.
– Ахир бир кунга, бир-икки соатга келса…
– Шу бир-икки соат менинг турмушимни бузса-чи?
Вазира индамай қолди.
– Рўзғорлик бўлганингда тушунарсан ҳали, – деди онаси яна секингина.
Вазиранинг юраги сесканиб кетди. Ишқилиб, турмуши яхши бўлсин. Ҳеч кимнинг боласи тирик етим бўлмасин. Ўлса ўлди, дейдилар. Ёниб сўнган бир ўтнинг тафти, ҳарорати қалбингда, хотирангда туради. Лекин ҳадеб дуч келавермайсан.
Вазира куёвникидан келган саруполарга ҳам, онасининг қилган сеп-сидирғаларига ҳам яйраб, қувониб қарамасди. Ҳамманинг ҳам кўзи ўтмайдиган, ҳар ким ҳам кўра олмайдиган, ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган бир бойлик, бир бахт бор. Бу маънавий бойлик, қалб бойлиги, бу бағрибутунлик. У ана шуни орзу қилади, узун кечаларда хаёл суриб ана шуни тилайди. Гарчи ўзи танлаган йигитга турмушга чиқаётган бўлса ҳам баъзан чўчийди.
Дарсдан чиқиб, дадасиникига кетди. Ҳовлида арқондан сакраб ўйнаётган қиз уни кўриши билан тўхтаб қоли. Кейин чопқиллаб тўрдаги уйларнинг бирига кириб кетди. Вазиранинг юраги дарвозага яқинлашгандаёқ ура бошлаган эди. Бу ерда ҳеч ким унга ёмон гапирмаса ҳам ўзини ноқулай сезар, қисилар, сиғмаётганга ўхшаб турар, қовушолмасди. У ариқ лабига бориб тўхтаб қолди.
– Келинг, келаверинг, – ичкаридан ўрта бўй, озғинроқ бир аёл чиқиб келди. Унинг орқасида ҳалиги қизча ёввойи қараш қилиб турарди.
Аёл Вазира билан кўришди. Кейин қизига пўписа қилган бўлди.
– Опанг-ку, нега кўришмай, индамай турибсан? Қачон ақлинг киради, қизим?
– Кел, Мавжуда, – деди Вазира уни имлаб, кейин сумкасидан бир плитка шоколад чиқариб узатди. – Ма, ол!
Мавжуда ҳамон ўрнидан қимирламасди.
– Олсанг-чи! – деди онаси ҳам. Лекин у югурганича кўчага чиқиб кетди. Вазира шоколадни узатганича қолаверди. Аёл айвондаги стол устини артиб, уни ўтиришга ундади. Вазира стулга омонатгина ўтирар экан, қўлидаги шоколадни столнинг бир четига оҳистагина қўйди. Аёл дастурхон ёзиш тараддудида эди.
– Овора бўлманг. Ҳеч нарсанинг кераги йўқ… Дадам ҳали қайтмадими? – Вазиранинг овози ичига тушиб кетгандай ғалати, паст эшитилди ўзига. Ўз отасини, негадир бу жойда, дада, деб аташга журъат этолмасди. Аёл индамайгина юриб стол устига уни-буни қўйган бўлди. Узум чайгани кетаётганида Вазира ўрнидан турди.
– Мен қила қолай.
– Йўқ, йўқ, ўтиринг. Сиз меҳмонсиз.
Аёл буни тўғри маънодами ёки кесатиб айтдими, Вазира билолмади. Тўй ҳаракатида бирон нарса ундиришга келгандир, деб ўйладимикин? Дадаси шу кунни тайин қилгани учун келган эди. Нима гапи, нима иши бор.
Вазира билмайди.
Дарвозадан дам-бадам мўралаб турган қизлар тапир-тупур қилишиб югуриб кетишди. Эркак кишининг овози эшитилди. Мавжуда барваста, кўркам, чакка сочларига оқ оралаган кишининг қўлига осилиб, эркаланиб кириб келди. Вазира ўрнидан туриб, унинг истиқболига юрди.
– Ассалому алайкум.
– Кел, қизим.
Вазира тўхтаб қолди. Кўришишга тортиниб бошини эгди. Дадаси унинг елкасига қоқиб қўйди.
– Қалайсан? Ўқишларнинг дурустми?
– Раҳмат. Ўзингиз яхши юрибсизми?
– Юрибман, қизим, юрибман. Қани, ўтир, – дадаси ечинишга бўлса керак, уйга кириб кетди. Чой бошида ҳам сира гап гапга қовушмади. Мавжуда бўлса дадасининг ёнидан бир қадам жилмас, гоҳ бўйнига осилар, гоҳ суркалар, Вазирадан ҳам нигоҳини узмасди.
– Овқатинглар бўлай дедими? – сўради дадаси.
– Бекорчимасман-ку! Ишдан яқинда келдим, энди уринаман.
Бу қўрс жавоб орага яна жимлик туширди. Вазира ўрнидан турди.
– Мен кетай бўлмаса.
Дадаси индаёлмади. Кўзларини пирпиратиб, ғалати бир маҳзун қараш билан унга тикилди. Вазира аёл билан хайрлашди.
– Ўтирмайсизми?
– Раҳмат, борай.
– Келиб туринг.
Бу яхши сўзлар ҳозир шу қадар совуқ, шу қадар қалбаки эдики, Вазиранинг баданларигача музлаб қолаётгандай туюлди. Дадаси уни кузатиш учун кўчага чиқди. Мавжуда ҳамон унинг бир қўлига осилиб олган, дадаси бўлса нимадир демоқчи, лекин айтолмасди.
– Бор, столда папиросим қолибди, олиб чиқ! – деди у. Мавжуда югургилаб ҳовлига кириб кетди. Шу пайт дадаси чўнтагидан қоғозга ўроғлиқ алланарсани олди-да, шошиб Вазирага узатди.
– Ола қол. Мендан иккалангларга эсдалик бўлсин. Олмасликни иложи йўқ эди. Бунинг устига Мавжуда чиқиб қолса, дадасининг хижолат бўлишидан андиша қиларди.
– Бекор овора бўлибсиз.
– Нега энди? Ундай дема. Каминг бўлса айт.
– Ҳеч нарсанинг кераги йўқ.
– Нега энди? Отангман, ахир.
– Раҳмат, дада.
Вазира кўзига келган ёшни куч билан қайтариб турарди. Ҳансираганича Мавжуда етиб келди.
– Хайр, бўлмаса.
– Хайр, қизим. Бахтли бўлгин. Бахтли бўлинглар.
Ота ҳалигиндай маҳзун қараш билан уни кузатиб қолди. Энди Вазиранинг кўзида ана шу маҳзун нигоҳ туриб қолган эди. Бу нигоҳ унинг оромини бузар, юрак-бағрини эзар, дадасининг ёнига қайтгиси, бўйнидан қучоқлагиси, унга яхши-яхши гапларни айтгиси келарди. Лекин қайтолмасди. Дадасининг тинчлигини бузгиси келмасмиди ёки ҳадди сиғмасмиди, буни ўзи ҳам билмасди. Бирдан қўлидаги қоғозни эслади. Йўлидан тўхтамай уни очди. Иккита тилла никоҳ узуги ярақлаб кетди. Уларнинг бири каттароқ, иккинчиси кичикроқ эди. У тўхтаб узукларга яна тикилди. Кейин негадир орқасига ўгирилиб бир қаради-да, уларни қоғозга ўраб сумкасига солди.
Машина шалдиратиб алланарса тикаётган онаси унинг келганини билиб:
– Вазира, дадангга чой дамлаб бергин, – деди ўрнидан қўзғалмай. Вазира жавоб бермади. Унинг иккита отаси бор. Лекин на унисини, на бунисини астойдил, бағри-бағридан, дада, деб чақиролади. На унисига, на бунисига эркалик қилолади.
Кунлар шу хилда ўтиб, тўй куни ҳам етиб келди. Ҳовлида хотин-халаж кўп, қариндош-уруғлар ҳаммаси йиғилган, Вазира уларнинг гапларига лоқайдлик билан қулоқ солар, хиёл паришонлик билан гоҳ гапини, гоҳ қилаётган ишини эсидан чиқариб қўярди. Эрталабдан ёнига келган яқин дугоналари ҳам унинг чеҳрасини очишолмасди.
– Кечқурун ҳам шунақа тумшайиб ўтирасанми? – деди улардан бири. Вазира зўраки илжайиб қўйди. Унинг кўзидан отасининг ўша кунги қиёфаси сира нари кетмасди. Бугун тўйлигини билади. Ўйлаётгандир. Лекин келолмайди бечора дадаси. Ўша куни секингина, худди ўғринчадек оқ йўл тилади, фотиҳа берди. Тўйга келган аммаси ҳам қовушмай, чекка-чеккада юрибди.
Кечқурунга бориб қизлар Вазирани ясантиришди. Қоматига мос тикилган узун оқ кўйлак унга жуда ярашган эди.
– Чиройлилигингни биласанми ўзинг? – деди қизлардан бири ҳазиллашиб. Вазира яна кулиб қўйди.
Ўйин-кулги билан мусиқа садолари остида куёв келди. Ўртоқларининг орасида қизариб, ўнғайсизланиб турган куёвга Вазиранинг кўзи тушди. Яна дадасини эслади. Уларни ёнма-ён ўтқазишди. Қадаҳлар тўлдирилди, табриклар, тилаклар бошланди.
– Куёв-келиннинг бахти учун! – деб қичқирди кимдир. Қадаҳ жаранглади. Вазира энтикди. Кўз ёшлари юзига тушди. У рўмолини тўғрилаган бўлиб юзини пана қилди. Унинг юраги унсиз хитоб қиларди:
– Бағрибутунлиги учун, денглар одамлар! Фарзандга ота-она бағридек кенг, тинч жой бўлмайди. Агар уни кемтик қилиб қўйсанглар, остонасини тилло қилиб берсанглар ҳам татимайди. Бу кемтикни тўлдиролмайсизлар. Болаларингизга бағрибутунликни тиланглар, одамлар!
Вазиранинг аҳволини сездими, куёв аста уни қўлидан тутди.