НАСР
ҲАЁТ ҚЎШИҒИ
Ҳикоя
“Шипп-шиипп, шиипп-шипп”... Эрталабдан бери қўшнининг ҳовлисидан тинимсиз эшитилаётган мана шу товуш миямга бир маромда урилади. Шу овоз қурмагур бирпасгина тинса, озгина дам олсам, дейман. Қаёқда, асло тинмайди. Турмуш ўртоғимдан хафа бўламан: гадойтопмас бу жойга мени олиб келаётганда нимани ўйлаган экан? “Тинчгина дам оласан, ҳеч ким асабингга тегмайди”, деган эди. Мана икки кундирки, “шиппиллаган” қадам товуши тинмайди. Девор ортидаги одам бир жойда тек ўтиролмайдиган дардга йўлиққанми, билмайман. Ишдаги, рўзғордаги ташвишлардан кўнглим зада бўлиб, осойишталик излаб бу ерларга келгандим. Лекин манави лаънати товуш дам олгани қўядими?!
* * *
Анчадан бери бошим тинимсиз оғрийди. Ташхис қўювчи аппаратларнинг, деярли, ҳаммасидан ўтдим. Оғриқ қолдирувчи дориларнинг қайбири неча соат таъсир қилишини зўр доришунослардан ҳам яхшироқ билиб олдим. “Асабларингиз чарчаган, дам олишингиз керак, яхшилаб ухлашга ҳаракат қилинг”, дейди невропатолог шифокорим. У тавсия қилган дориларни ичиб, ухлайман. Аммо дам олганимни билмайман. Бошимдаги оғриқ тўхтамайди. Шифокорим: “Мияда қон айланиши яхшимас”, дейди, яна бир сафар “мигрень” деса, бошқа сафар “шейний остеохондроз” дейди. Оғриқ эса тўхтамайди. Гўё дунёнинг ҳамма ташвишлари менинг бошимда тўпланган-у, уларнинг гирдобидан ҳеч қачон чиқиб кетолмайдигандек, тушкунликка тушаман. Назаримда, мен билан ҳеч кимнинг иши йўқдек, ҳамма ўз дарди билан оворадек туюлади.
Уйда эса ҳамма қош-қовоғимга қарайди. “Онанг асабийлашмасин, жуда чарчаган”, дейди болаларимнинг отаси. “Онамдан сўра-чи, кўнгли нима тусаяпти, қандай овқат пиширайлик?” дейди қизим укасига. Мен эса ҳеч нарсани ва ҳеч кимни кўришни истамайман. Тажанг, асабий бир аҳволда ишга бораман, уйга келаман... Азоб берувчи оғриқ ўша-ўша...
***
“Ишингни йиғиштир, менга саломатлигинг керак, дўхтирлар ҳаво алмаштирсин, дейишяпти. Тинчгина бир жой топдим, дам олиб келасан”, деди бир куни турмуш ўртоғим. “Санаторийга бормайман, дорию игналардан чарчадим”, дедим. “Тоғларнинг орасида бир уй, ҳеч кимса йўқ”, деган хабарни эшитиб кўнглимга бироз хотиржамлик инди.
“Ўша ерда кимдир менга қарашса, бир ўзим ёлғиз дам олсам бўладими?” дедим эримга инжиқлик билан. “Майли, ўзинг биласан. Ўша ерлик бир аёл бор экан, ҳамшира, гаплашиб кўрамиз, хўп деса муаммо йўқ”, деган гапини эшитиб чиройим очилди.
Чиндан ҳам жуда овлоқ жой экан. Тоғ йўлидан анча ичкарига кирилгач, икки қоя орасидан оқиб тушаётган зилол сувли ариқ бўйида бир-бирига ёндош қилиб, қурилган беш-олтита далаҳовлидан бирини менга беришди.
Табиат жуда чиройли. Ҳовли озода, шинамгина. Мен ёқтирган оппоқ атиргуллар очилиб ётибди. Бир текисда экилган райҳон ва хиналар кўзни қувнатади. Ташқаридаги ариқдан ҳовлигача сув олиб кирилган, унинг устига сўри ўрнатилган. Ям-яшил майсазорга туташ чўмилиш ҳовузида мовий осмон аксланган сув жимирлайди. “Тавба, одам оёғи етмайдиган жойларниям шундай обод қиладиганлар бор экан-да”, деган ўй кўнглимдан ўтди.
Раҳима опа олтмиш ёшлардаги истараси иссиқ, очиқ чеҳрали, юз-кўзлари табассумга мойил аёл экан.
Эрим бу ернинг менга қанчалик ёққанини юз-кўзимдан уқиб олди, шекилли:
– Сен учун атайлаб қидириб топдим. Истасанг бир ой тур, истасанг, беш-олти кундан кейин қайтарсан. Бирор нарса керак бўлса, қўнғироқ қил. Шу хилват жойга сени ташлаб кетиш, менга ёқмайди, хавотирланаман, аммо на чора, шунақа тинчликни истаётган экансан, ўзинг биласан, – деди.
– Раҳмат, – дедиму анчадан бери унга бу сўзни айтмаганимни ҳис қилдим.
Дунёнинг ташвишларию бошимдаги оғриқдан нолийвериб, турмуш ўртоғимга раҳмат айтишни ҳам унутибман. Ваҳоланки, у эртадан кечгача мен учун югуриб- еларди.
Ҳовлидан яққол кўриниб турган тоғ чўққиларига термилиб, уларнинг ҳайбатини ҳис этгандек бўлдим. Чарчоғим ариди. Ошхона тарафдан шўрва ҳиди димоққа урилди.
Ҳовли чеккасидаги икки туп сувтол соясига қўйилган сўрига бориб ўтирдим. Одамга хуш ёқадиган салқин ҳаво. Ариқ бўйидаги райҳонлар бир текисда силкиниб, атрофга ифор таратади. Хушхўр шўрвадан кейин мириқиб чой ичдик. Оёғимни ариқдаги муздек сувга солиб, роҳатландим. Атрофни айландим. Офтобнинг тафти пасайиб, салқин туша бошлаган паллада ҳовлидан ташқарига чиқдим ва ариқ ёқалаб, тоғ тарафга юрдим. Болалагимдан баландликка чиқишни, энг баланд чўққидан атрофни томоша қилишни ёқтираман. Тоғнинг этагига етиб келсам бас, ҳеч ким мени юқорига чиқишдан тўхтатиб қололмайди. Бу сафар ҳам оёқларим оғриб кетгунча тикка қояга тирмашдим. Атрофда, деярли, ҳеч ким йўқ. Оқшомга яқин ҳориб-чарчаб келганимда Раҳима опа кечки овқатни тайёрлаб кутиб ўтирган экан.
– Эҳтиёт бўлинг, синглим, тоғ йўли сирпанчиқ. Худо асрасину, йиқилиб кетсангиз, бу ерларда сизни ҳеч ким пайқамайди, тағин бирор ўнгирда қолиб кетманг, – деди меҳрли овозда.
Кечки овқатдан кейин кўзим илина бошлади. Шунда бошимда ажиб бир тиниқишни ҳис этдим. Ажабо, бир йилдан бери бир дақиқа бўлса-да тинмаган оғриқ бирдан ғойиб бўлганди.
* * *
Эрталаб қўшни ҳовлидан эшитилаётган бир меъёрдаги “шипп-шипп, шипп-шипп” деган қадам товушларидан уйғондим. Бирпас қулоқ солиб ётдим, кимдир, йўлак бўйлаб оёғини судраб юраётганди. Орадан ўн-ўн беш дақиқалар чамаси ўтса ҳам товуш тинмади. Гўё кимдир атайлаб, оёғини судраб босар: “шипп-шипп, шипп-шипп” деган овоз бир текисда бошимга тўмоқдек уриларди. Шу пайт яна миямда оғриқ бошланганини сездим.
Нону штадан кейин яна қоя тарафга отландим. Раҳима опа эътирозга оғиз жуфтлади-ю, аммо ҳеч нарса демади. Чошгоҳгача тепаликка интилдим, кечагидан кўра кўпроқ йўл босдим. Текис тош устига ўтириб атрофни кузатдим. Мен тушган уйга туташ ҳовлилар кафтдек кўринади. Бизга бир девор қўшниникида кимдир эмаклагудек бўлиб, узун йўлакнинг у бошидан бу бошига тинимсиз бориб келарди. Шунинг қадам товуши экан-да, нима бало, бошқа қиладиган иши йўқмикан, деб ўйладим.
* * *
Раҳима опа жуда ажойиб аёл экан. “Учта ўғлим бор. Ҳаммасини уйлантирганман. Келинларим яхши. Аммо уйда ўтиргим келмайди. Ҳамшираликдан нафақага чиқдим. Ёшим олтмишга яқинлашиб қолган. Икки йил аввал чолим раҳматли қазо қилди. Ўзиям худди сизнинг эрингизга ўхшаган меҳрибон киши эди. Ҳар доим кўнглимга қарарди. Аммо охирида ташлаб кетгани ёмон бўлди-да, – дейди оғир хўрсиниб. – Ёнингиздаги суянчиқдан қўймасин экан. У кишидан кейин еру осмонга сиғмай қолдим. Энди ишлаб, бошқаларга озгина бўлса-да яхшилик қилиб овунаман. Ишимнинг савобидан болаларимнинг отаси ҳам баҳраманд бўлаётгандек кўнглим таскин топади. Шу далаҳовлиларнинг эгаси билан шартномам бор, келган меҳмонларга қарайман. Гоҳида эрталаб келиб, кечқурун кетаман, гоҳида шу ерда кечаси ҳам қоламан. Мана эрингиз аввалига кундузи қарашиб турсангиз бўлди, деганди. Кейин бирдан фикри ўзгарди. Кечқурун ҳам келинийизи ёнида қолинг, деб илтимос қилди”.
Уни кузатаман. Бир қарашда оддий ўзбек аёли. Эрталаб саҳармардонда туриб, ҳовлини супуриб-сидиради, сув сепади. Райҳонлар тагини юмшатиб, уруғлаган шохларини чеканка қилади. Иш орасида хиналар тагида ўсган ўсмадан беш-олти япроқ узиб, сўлитиб қўяди. Тоғ сайридан қайтганимдан кейин уни сиқиб, мени ҳам ўсма қўйишга ундайди. Баъзида мен билан бирга тоққа чиқади. Қандайдир гиёҳларни териб, уларни салқинда қуритиб, пакетларга жойлайди. Кун бўйи бир дақиқа тиним билмайди-ю, чарчадим деганини эшитмадим.
Бу ерда ҳамма нарса кўнглимдагидек. Болаларим, эрим ҳар куни икки-уч марта қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрашади. Овозимдаги хотиржамликдан уларнинг ҳам кўнгли ёришгандек. Дориларсиз ҳам бош оғриғим безовта қилмаяпти. Фақат девор ортидан келадиган ёқимсиз товушгина тинчимни бузади. Баъзан бир-икки соат, баъзида эса уч-тўрт соатгача тинмайди. Худди кимдир атайлаб эски калишини судраб, у ёқдан-бу ёққа юриб, ғашимга тегмоқчи бўлаётгандек туюлади.
* * *
Жуда толиқдим. Девор оша: “Тинчлик берасизларми, йўқми?” дея бир-икки марта бақириб ҳам кўрдим. Ўғлим телефон қилганида атайлаб девор тагига келиб овозимни баралла қўйиб: “Кимдир атайлаб ғашимга тегади, даданг тинчгина деб топгани, мана шу ерда ҳам онангга осойишталик йўқ, болам”, деб ёзғирдим ҳам. Шундан кейин бироз камайди. Тоққа чиқиб кетаётганимда қўшнининг йўлагида у ёқдан-бу ёққа бориб келадиган ўша шарпа, уйга қайтишим билан тиниб қоладиган бўлди.
* * *
– Қўшнига бир коса овқат узатсам майлими? – деди Раҳима опа кечки пайт дастурхон тузаётиб. – Шўрлик қиз бугун ёлғиз қолибди. Онаси иш билан кетганмиш, кечроқ келаркан. Ўзи бирор нарса пиширолмаса керак, деб ўйлаяпман.
– Бемалол бераверинг, иккаламиз қанчаям овқат ердик. Истаса бу ёққа чақиринг. Биз билан бирга тамадди қилсин, – дедим ўзим истамаган ҳолда саховатпешалигим тутиб.
Опа менга миннатдорлик билан қараб қўйиб, шоша-пиша қўшниникига йўрғалади. Бироздан кейин гавдасини бироз эгиб, оёғини аранг судраб босаётган, қўлтиқтаёққа суянган йигирма ёшлардаги ногирон бир қизни бошлаб келаётган Раҳима опа бизни таништирди:
– Бу – Муниса...
– Келинг, синглим, – хушламайгина ўрнимдан қўзғалиб, сўрашиш учун қизга қўл узатдим.
– Ҳар куни тоққа чиқиб кетаётганингизда сизга ҳавасим келади, – деди у самимий жилмайиб. – Қанийди, опам билан бирга мен ҳам чўққиларга тирмашсам, деб орзу қиламан.
– Яхши ният, албатта, ижобат бўлади, – дедим китобий тилда гапираётганимни сезиб турган бўлсам-да.
Чунки унга нима дейишни билмаётгандим. Орага ноқулай жимлик чўкди. Раҳима опа овқатни сузиб келганидан кейингина гапимиз-гапимизга қовуша бошлади.
— Бошингиз оғримаяптими? — деди қиз минг йиллик қадрдонидан кўнгил сўраётгандек самимият билан.
— Буни қаердан билдингиз?
— Ҳар куни Раҳима холам сиз учун тоғдан гиёҳлар териб келаётганини кўраман. “Шу синглимни дуо қил, бош оғриғи ҳам ёмон-да, дунё кўзингга тор кўринади”, дейдилар.
Раҳима опага саволомуз кўз ташлайман:
— Чойни хушхўр қилади, деганингиз, ҳали мен учун дори-гиёҳмиди?
— Ҳа, синглим, мен анчадан бери гиёҳлар илмини ўрганаман. Эрингиз илтимос қилган. Биламан, гиёҳлару табибларга унчалик ишонмас экансиз. Аммо табиатнинг ўзи бир табиб-да.
— Бундай қарасам, иккимиз ҳам дардмандга ўхшаймиз, сизга нима бўлган? — дедим Мунисанинг оёғига ишора қилиб.
— Икки ярим йил аввал автоҳалокатда қаттиқ жароҳатландим. Дўхтирлар юролмайди, дейишганди.
— Мана, юряпсиз-ку...
— Бу осон бўлмаган, опа. Олти ой бир жойдан жилмай ётдим. Онам газета-журналлар олиб келарди. Шуларни ўқиб овунардим. Бир куни уйимизга акамнинг институтдаги курсдош ўртоғи меҳмон бўлиб келди. Ўша пайтда ҳовлидаги сўрида, хонтахтада ўтиргандим. У менинг мана бунақалигимни сезмаган. – Кейин қиз оғир бир сўлиш олиб, оёғига ишора қилди: – у ҳар нарсаларни баҳона қилиб тез-тез келадиган бўлиб қолди. Тасодифни қарангки, ҳар сафар у келганида мен хонтахта ёнида китоб ўқиётган ёки “Ноутбук”да интернетдан ўзим учун қизиқарли бирор маълумот излаётган бўлардим: мени ёқтириб қолганига шубҳам йўқ эди. Худди уни алдаётгандек виждоним қийналарди. Бир куни унга ҳеч қачон юролмаслигимни, ҳатто қўлтиқтаёққа суяниб ҳам тура олмаслигимни айтдим. “Ҳазиллашманг”, деди ишонқирамай. Шу пайт акам ичкаридан чиқиб, “Энди уйга кириб дам оладиган пайтинг бўлди, қани ўзимга кел-чи”, деб мени кўтариб хонамга олиб кириб кетди. Шундан кейин ўша йигитни қайтиб кўрмадим. Бу воқеа кўнглимга жуда оғир ботди. “Наҳотки, бир умр мана шундай нотавон бўлиб ўтсам, одамлар мендан ўзини олиб қочса”, деган ўй ич-этимни еб ташлади. Шундан кейин, кичкина бўлсаям, бир умид топармиканман, деб китобларни, айниқса, интернетни титкилай бошладим. Мен каби ҳолатга тушган бир йигитнинг жуда катта ирода билан оёққа туриб кетгани ҳақида ўқиб қолдим. У бажарган машқлари ҳақида маълумот берганди. Дўхтир билан гаплашдим. “Осон бўлмайди, эҳ-ҳей, қанча оғриқларга чидашингиз, қанча машқ қилишингиз керак. Кучингиз етмайди-ёв”, деди у. “Агар умид бўлса, нимага уриниб кўрмаслигим керак”, деб қатъий туриб олдим. Оёғимни ерга босиш учун бир ярим йил тинмай ҳаракат қилдим. Гоҳида йиғладим. Бақирдим. Дод солдим. Лекин барибир юрмагунимча тинмайман, деб ҳаракатдан тўхтамадим. Охири мана, қўлтиқтаёқ билан юришни уддаладим. Ҳозир буниям, – у қўлтиқтаёғига ишора қилди, – ташлашнинг ҳаракатидаман. Биламан, оёқ товушим сизга ёқмаяпти. Уйимизда қўшниларим ҳам зада бўлиб кетишган. Охири акам мана шу овлоқ жойни топиб берди. Онам иккимиз баҳордан кузгача шу ерда яшаймиз. Ҳар куни машқ қиламан. Нима қилай, эртадан кечгача юрмасам, ҳаракат қилмасам бирор натижага эришолмайман-да. Мениям орзуларим бор, опа. Оёққа турсам, ҳамширалик курсида ўқийман. Ёрдамга муҳтож одамлар жуда кўп. Уларга қўлимиздан келганча қарашишимиз, ёрдам беришимиз керак-ку!
Муниса кўзларини жавдиратиб, ўзини оқламоқчи бўлаётгандек тўлиб-тошиб гапирар, мен эса ҳаётнинг оғир синовига дуч келиб, ерпарчин бўлган ва ниҳолдек қаддини минг машаққат билан қайта тиккалаётган бу қизга нима дейишни-да билолмай ҳайрон эдим. Аслида у менинг таскинимга муҳтож ҳам эмасди.
* * *
Алламаҳалгача кўзимга уйқу илинмади. Эмаклаб бўлса-да ҳаёт учун курашаётган Мунисанинг олдида ўзимни бироз заиф ҳис эта бошлагандим. Ахир, унинг дарди меникидан юз чандон оғирроқ-ку. Аммо иродаси бутун экан. Ўз ҳаётим, яқинларим, менга ато қилинган неъматлар ҳақида ўйларканман, қанчалик ношукурлик қилганимни тан олмай иложим йўқ эди. Эплашим мумкин бўлган уйдаги оддий юмушларимни ҳам бошқаларнинг зиммасига юклаб ўтирибман-а... Ваҳоланки, атрофимдагиларга, одамларга ёрдамлашишим учун менинг Мунисадан кўра кўпроқ имконим бор-ку!
Эрталаб ҳар кунгидан вақтлироқ уйғондим. Ҳамма ёқ жимжит. Қадам товушлари эшитилмасди. Раҳима опа ҳам кўринмайди. Юз-қўлимни чайиб, кўчага чиқдим. Қўшнининг дарвозаси қия очиқ турарди. Аста мўраладим. Қизгина сўрида ўйланиб ўтирган экан.
– Нима гап, нега машқ қилмаяпсиз? — дедим у билан сўраша туриб.
– Ухлаётган бўлсангиз, сизга ҳалақит бермайин, деб ўтиргандим.
– Тўғрисини айтсам, оёқ товушингизга ўрганиб қолибман, бемалол юраверинг.
Қизнинг кўзлари чақнаб кетди.
– Опажон, тушунганингиз учун раҳмат. Биласиз-ку, ҳаракат қилмасам бўлмайди. Мен учун ҳар бир дақиқа ғанимат...
Ҳовлига қайтиб чиққанимда Раҳима опа ошхонада куймаланаётган экан. “Гиёҳингиз қолмабди, эрталабдан тоққа бориб келдим”, деди у. Бирдан кўнглим юмшаб кетди. Оилам, яқинларимнинг, турмуш ўртоғим ва ҳатто мана шу бегона одамларнинг менга ғамхўрлигини ўзгача бир шукроналик билан тан олдим. Шу тобда олам кўзимга чиройли кўриниб, девор ортидаги “шипп-шипп, шипп-шипп”, деган товуш ҳам гўё ҳаёт қўшиғидай кўнглимга хуш ёқа бошлаганини, одамларга яна меҳрим товланаётганини, болаларимни соғинганимни ҳис этдим.
Ўғлимга қўнғироқ қилиб: “Даданг билан опангни олиб, тезда бу ёққа келинглар, мириқиб дам оламиз”, деб тайинладим.
Ҳамрохон МУСУЛМОНОВА