Наср 8.02.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ЭНГ БАХТЛИ КУН

 

ЖАҲОН АДАБИЁТИДАН


ЭНГ БАХТЛИ КУН


Ҳикоя


     Анатолий Георгиевич Алексин (1924-2017) асосан, болалар ва ўсмирлар ҳаётига доир асарлар ёзган. Москва давлат шарқшунослик институтини тамомлаган. 1970-1989 йилларда ёзувчилар иттифоқи котиби лавозимида фаолият олиб борган.
     2017 йилда Люксембургда вафот этган.
     Кутганимиз қишки таътил бошланди. Ўқитувчимиз Валентина Георгиевна таътил пайти ҳам бизни бўш қолдирмайди. Топшириқлар биз – ўқувчиларга, қанчалик ёқмаса ҳам, бажариб келишга мажбур эдик.
– Эртага қишки таътил бошланади. Ишонаманки, кунларингиз қувончли ўтади. Сизни кўргазмалар, музейлар, ҳайвонот боғи, театр, яна қанча таассуротга бой манзиллар кутиб турибди! Мен бунга аминман! Шундай қувончли кунларнинг бири ҳақида: “Менинг энг бахтли куним” мавзусида иншо ёзиб келасизлар. Энг яхши ёзилган иншони синфда ўқиб бераман.
      Шунга эътибор бердимки, Валентина Георгиевна иншолар сарлавҳасида “энг” сўзи бўлишини истар экан: “Энг яқин дўстим”, “Энг севимли китобим”, “Энг бахтли куним”...
Янги йил кечаси дадам билан ойим хафалашиб қолишди.
      Негалигини билмайман, чунки Янги йилни қайсидир танишлариникида кутишган ва уйга жуда кеч қайтишган эди. Тонгда эса бир-бирлари билан гаплашмай қўйишди. Энг ёмони – шу! Ундан кўра бақир-чақир қилиб уришиб, кейин ярашиб олишгани яхши эди. Йўқ, бу сафар қандайдир бошқача. Уйда жимлик ҳукмрон. Ҳатто, бир-бирига қарашмайди ҳам. Мени ҳар қадамимда тартибга чақириб турадиган ойим, гоҳи хафа қилиб қўйса бағрига босиб эркалайдиган дадам ҳам менга бегонадек қарайди. Вазиятни билиб турибман, нимадир бўлган. Бу “нимадир” қачон тугашиниям билиб бўлмайди! Ахир, улар гаплашишмаяпти! Худди касаллик давридек… Агар, бирдан ҳарорат кўтарилиб, қирққа чиқиб кетса ҳам хавотирга ўрин йўқ – дори-дармонлар билан уни туширса бўлади. Умуман, менинг фикримча, ҳарорат қанча баланд бўлса, касалликни аниқлаш шунчалик осон. Даволаш ҳам. Бир куни доктор менга ўйчан тикилиб, ойимга: “ҳарорати ўртача”, дегани менга ёқмаган. Тузалиш ўрнига ўзимни ёмон ҳис қила бошлаганман. Умуман олганда, қишки таътилнинг биринчи куни шу қадар тинч ва сокин ўтдики, арчанинг ёнига бориб гаплашгим келди.
     Ойим билан дадам уришиб қолишса, ҳар доим жуда хавотирланаман. Бўлмаса шу кунларда улардан истаган нарсамни сўрашим мумкин эди! Масалан, агар арча сотиб олишдан воз кечсам, дадам Планетарийга олиб боришни таклиф қилди. Ойим эса музда учишга олиб боришга тайёрлигини айтди. Бунақа вазиятларда улар доим жанжаллари менинг ҳаётимга таъсир қилмаслигини исботлашга интилишади. Умуман, менга алоқаси йўқлигини билдиргилари келади…
     Мен жуда хавотирландим. Айниқса, нонуштада дадам:
– Ойингни Янги йил билан табриклашни унутмадингми? – деганида хафа бўлиб кетдим.
Кейин ойим ҳам:
– Отангга газеталар олиб кел. Ҳозиргина почта қутисига ташлашди, ўзим эшитдим, – деди дадам томонга қарамасдан.
      Ойим дадамни камдан-кам ҳолларда “отанг” дерди. Бу – биринчидан. Иккинчидан, икковлари ҳам: “Нимаки бўлмасин, бу фақат бизнинг ўртамизда, бунинг сенга алоқаси йўқ”, дейишга уринишарди. Аслида эса менга ҳам алоқаси бор. Шу топда мен улардан кўпроқ қийналаётган эдим. Планетарийга боришдан воз кечдим. Музда учишниям истамадим. Мен учун энг катта бахт ҳам, энг катта қувонч ҳам ота-онамнинг ажралмагани. Икки томонга кетиб қолишмаслиги учун ҳар нарсага тайёр эдим. Кун кеч бўлди. Барибир улар бир-бирларига лом-мим дейишмасди.
     Агар бувим уйимизга меҳмонга келганда ота-онам, албатта, ярашиб олишарди, чунки улар бувимни хафа қилишни хоҳлашмасди. Аммо бувим ўн кунга бошқа шаҳарга мактабдаги дугоналарини кўргани кетганди. Бувим ҳам қизиқ-да. Ҳар йили таътил вақти шу дугонасини соғиниб қолади. Гўёки улар ҳали ҳам мактаб ўқувчиси-ю, бошқа вақтда мутлақо кўришолмайдигандек.
     Мен бир дақиқага ҳам ота-онамни кўздан қочирмасликка уринардим. Улар ишдан қайтишлари билан икковлари ҳам хонада бўлишлари талаб этиладиган илтимослар қилар эдим. Улар менинг тилакларимни сўзсиз бажо келтирар, бу борада худди мусобақалашаётгандек эдилар. Нуқул бошимни силаб қўйишарди. “Раҳмлари келяпти, ачиняптилар. Демак, масала жуда жиддий экан”, деб ўйлардим.
     Ўқитувчимиз қишки таътилдаги ҳар бир кунимиз хурсандчилик билан ўтишига ишончи комил эди. “Мен бунга шубҳа қилмайман!” деганди у. Аммо беш кун ўтса ҳамки, кутилган кайфиятдан дарак йўқ эди.
“Бир-бирлари билан гаплашмасликка ўрганиб қолишмаса эди”, деб ўйлаб юрагим ғашланарди. Кейин эса қўрқа бошладим. Дадам билан ойимни яраштиришга қаттиқ аҳд қилдим.
     Тез ва қатъият билан ҳаракат қилиш керак эди. Аммо қандай қилиб? Қаердадир ўқиганмидим, ё радиода эшитганмидим, ишқилиб, айтишларича, қувонч ва ғам одамларни бирлаштирар экан. Албатта, кимнидир суюнтириш ранжитиб қўйишдан қийинроқ. Кишини қувонтириш учун меҳнат қилиш керак, изланиш керак, тер тўкиш керак. Кайфиятни бузиш эса хамирдан қил суғуришдек гап! Аммо буни истамайман. Шундай қилиб, ота-онамни хурсанд қилишга қарор қилдим.
     Мактаб пайти бўлганда имконсиз ишни қилган бўлардим: геометриядан “тўрт” баҳо олардим. Математика устозимиз айтишича, менда ҳеч қандай “макон тасаввури” йўқ экан. Ҳатто дадамга хат ёзганда шуниям қўшган. Мен эса бирдан "тўрт" баҳо олиб келиб турсам! Ота-онам мени ўпиб хурсанд бўлишарди. Аммо бу ушалмас орзу эди: шу кунгача ҳеч ким таътил вақтида баҳо олган эмас!
     Бўлмаса дадам билан ойимни қанақа хурсанд қилишим мумкин?
      Уйни тозалаб қўяман! Латтаю чўткаларни кўтариб узоқ айланиб юрдим. Аммо Янги йилдан олдин ойимнинг ўзи ҳаммаёқни чиннидек қилиб қўйган эди. Аллақачон ювилган полни яна ювган билан ёки чанги йўқ шкафни минг артганинг билан сенинг ишинг кимнинг ҳам кўзига кўринарди?! Кечқурун улар уйга қайтиб, полларнинг тозалигига эмас, менинг кирлигимга эътибор беришди.
– Уй тозаладим, – дедим қовоғимни уйиб.
– Ойингга ёрдам бераётганинг жуда яхши, – деди дадам ойим томонга қарамай.
     Ойим худди қанақадир чин етимни эркалагандек, бошимни силаб қўйди.
     Эртасига эрталаб таътилда бўлсам ҳам соат еттида туриб, радиони ёқдим ва деярли ҳеч қачон қилмаган ишимни қилиб бадантарбияни бошладим. Уйни дупурлатиб, ҳарсиллаб нафас олиб бўлсаям машқ қилардим.
– Отангга ҳам шу машқлар билан шуғулланиш зарар қилмасди, – деди ойим дадамга эшиттириб. Дадам эса бўйнимни силаб қўйди. Йиғлаворай дедим!
Қисқаси, хурсандчилик уларни муросага олиб келмади. Яраштирмади. Улар биргаликда эмас, битта-биттадан, алоҳида қувонишди.
     Ана шунда мен ташвиш билан уларни бирлаштириш мумкиндир, деб ўйлаб қолдим.
      Албатта, энг зўр йўли касал бўлиб қолиш эди. Мен бутун таътилни тўшакда ағанаб ўтказишгаям, керак-керакмас дориларни ичишгаям тайёр эдим, фақат ойим билан дадам яна гаплашишса бўлди эди. Шунда ҳаммаси олдингидек бўлиб кетарди. Айниқса, оғир, деярли тузалмас касал билан оғригандек кўрина олсам, қандай соз иш бўларди-я, афсуски, дунёда термометр ва дўхтирлар бор. Дарров ташхис қўйиб соғлом эканимни айтиб беради. Фақатгина вақтинча уйдан “йўқолиб қолиш” танлови қолаётган эди.
– “Қабр”нинг олдига бораман, унда зарур ишим бор, – дедим уларга.
      “Қабр” – ўртоғим Женканинг лақаби. Нима демасин, “Сўз бер, ҳеч кимга айтмайсан!” деб бошларди. Сўз берган болага “Қабрми?” деб ваъдасини маҳкамларди.
      Ва ким нима демасин Женка доим: “Ҳеч кимга! Ҳеч қачон! Шу ерда кўмамиз. Мен "қабр"ман!” дерди. Ҳаммага шундай деяверганидан “Қабр” деган лақаб орттириб олган.
      Ўша куни менга ўртоғимга ўхшаган қаттиқ сир сақлайдиган одам керак эди!
– Кўп қоласанми? – сўради дадам.
– Йўқ, йигирма дақиқада қайтаман, – дедим. Ва дадамнинг юзидан ўпиб қўйдим.
     Кейин онам билан ҳам худди фронтга ёки Шимолий Қутбга кетаётган одамдек хайрлашдим. Улар ортимдан қараб қолишди. Ҳали хафагарчилик содир бўлгани йўқ, лекин хавф учқунлари пайдо бўла бошлади. Мен буни ҳис қилиб турардим. Женканинг олдига етиб борганда аҳволим тушунарли бўлса керакки, мени кўриб дарров “Уйдан қочдингми?” деб сўради.
– Ҳа.
– Боплабсан! Аллақачон қочиш керак эди! Хавотир олма: ҳеч ким билмайди, “Қабр”!
      Женка ҳеч нарсага ақли етмаса ҳам қочиб кетишлар, беркиниб олишларни яхши кўрарди.
– Ҳар беш дақиқада уйимдагиларга қўнғироқ қилиб, мени кутаётганингни, айтасан. Тушундингми? Хавотирдан эслари чиқиб кетмагунча шундай қилаверасан, – дедим унга.
     Женка қўнғироқ қила бошлади. Бир ойим, бир дадам, ким йўлакдаги телефонга яқинроқ бўлса, шу келиб жавоб берарди.
      Бешинчи қўнғироқдан сўнг улар йўлакдан кетмай қолишди.
     Кейин ўртоғимга ўзлари қўнғироқ қила бошлашди.
– Ҳали келмадими? – сўрарди онам. – Бўлиши мумкин эмас! Демак, нимадир бўлган.
– Мен ҳам хавотирдаман, – дерди Женка. – Биз муҳим иш юзасидан кўришмоқчи эдик!
– Қанақа иш?
– Бу – сир! Айтолмайман, қасам ичганман. Лекин жуда шошаётганди. Нимадир бўлган!
– Жа қаттиқ кетма, – дедим Женкага. – Ойимнинг овози титраяптими?
– Титраяпти.
– Йиғлаб юбормадими, ишқилиб?
– Ҳозирча йиғламади. Аммо йиғлашга келиб қолди. Ота-онамга раҳмим кела бошлади. Мен улкан мақсад учун интилаётгандим. Оиламизни сақлаб қолиш учун шу йўлни тутаётган эдим. Бу вазиятда раҳм-шафқатга кўз юмиб туриш керак бўларди. Бир соат чидадим.
– Нима дедилар? – дедим навбатдаги қўнғироқдан сўнг.
– Эсимиз чиқиб кетяпти, қаерда экан! – деди Женка тантанали оҳангда. У хурсанд эди.
– Ойим эсимиз дедими, эсим дедими? Аниқ эслаб қолдингми?
– Э, алдасам тил тортмай ўлай! Эсимиз, деди. Лекин уларни яна озгина хавотирда ушлаб туриш керак, – деди Женка. Бироздан кейин милицияга қўнғироқ қилишади, кейин ўликхонага.
– Йўқол-э, нафасинг қурсин.
Уйга ўқдек учдим.
     Эшикни ўз калитим билан аста очдим. Оёқ учида йўлаккача кириб бордим.
     Дадам билан ойим телефоннинг икки томонида, ранглари бўздек оқариб ўтиришарди.
      Улар биргаликда азият чекишар, бир-бирига термилган кўйи ташвишда эдилар. Бу жуда ажойиб!
Бирдан ўринларидан туриб мени қучоқлаб, ўпиб, эркалашга тушиб кетишди. Кейин ойим дадамнинг елкасига бошини қўйиб йиғлаб юборди. Бу – менинг таътилимдаги энг бахтиёр кун эди. Аммо буни иншо қилиб ёзиб  бўлмасди, бутун синфга ўқиб беришларини истамасдим.
     Кўнглим таскин топгач, эртасига ўқитувчимнинг топшириғини бажариш учун ўтирдим. Иншода энг бахтиёр куним Третьяков галереясига борган куним, деб ёздим. Аслида бу воқеага бир ярим йил бўлган эди.

Рус тилидан Одилхон ОРИФЖОНОВ таржимаси.

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар