Наср 11.12.2023 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

КУЗ ХАЁЛЛАРИ

 НАСР


КУЗ ХАЁЛЛАРИ

     Ёзувчи СОБИР ЎНАР Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Орзуга тўла қишлоқ” деб номланган илк китоби билан ўзбек носирлари даврасига кириб келди. “Овлоқ адирлар бағрида”, “Дунё шундоқ турурми?”, “Бибисора”, “Чамбилбелнинг ойдаласи” каби қатор китобларидаги ҳикоя ва қиссалар қаҳрамонлари соддадиллиги, самимияти билан ўқувчиларга севимли бўлди. Ёзувчи адабиётимизга қишлоқларга файз берувчи қадриятлари, донишманд кексалари, меҳнаткаш аёллари образини олиб кирди. Нашриётлар, газета ва журналлардаги фаолияти давомида матбуотда фаол бўлиши билан бирга ёш адибларга устозлик қилди. Хизматлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, 2022 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Қуйида биз асарларидек самимияти билан хотираларимизга кўчган адибнинг охиратига ободлик тилар эканмиз, энг сўнгги ҳаётий ҳикояларидан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

     Қишлоғим – пирхонам менинг.
Пирларим шу маконда қўним топгани учун эмас, албатта. Мени азиз тутган азизларим борлиги учун.
     Бир-бир ўтдилар.
     Азиз бобом – Нонбер ота.
     Туя судраб шаҳид кетган Алиқул бобом.
     Сир кўрган Сулаймон отам.
     Девкор байтали ( ҳа, байтали) билан полвон бўлиб танилган Хидир отам. Хидирнинг отаси Ғайибназар. Отаси – Қобил. Отаси – Ҳусан.
     Отамнинг отаси – Ўнар.
     Етти отани биламан.
     Боболарим суяк суриб ўтган ер.
     Бир вақтлар Ўнар отам тоғ орқасидаги тоғлик жўраларидан олма кўчати опкелиб боғига эккан. Бир замон, кичиклигимизда ўша чучук олмалар ёнғоқ дарахтидай тарвақайлаб ўсиб ётарди. Қизғиш-сариқ олмалар калладай десам лоф бўлар, пиёладан катта эди. Пишгани тўкилиб, ерга, сувга тушарди. Сувга тушгани ариқда оқиб бориб, Толлибой аканинг ҳаёти (чарбоғ)да, ўша ердаги шалдироқда тўхтаб, зилол кўлмак ичида ялтираб турар эди. На бўлғайки, биз ҳам олма қувиб, шалдирмоққача эргашиб бормас эдик. Дарахтнинг бошида олма мўл эди.
Тапиллаб сувга тушарди.
     Камаровулдаги Қандолат аммамга, Бойтўпдаги Тўқсулув аммамга амакиларим хуржун-хуржун олма бериб юборишарди.
     Хуржундаги олма ҳиди бир бўйин жойдан ажиб таралиб турарди. Ҳидидан пайқашарди: "Ўнарнинг олмаси!"
Отам ангарга – тоғдан тушган молларига лалми ғалладан бўшаган жойга мол қўярди. Ушоқмол чимхўр бўлади. Айниқса, эчки. Комбайндан майда сачраб тушиб қолган сомонга қўшиб арпа ва буғдойларни ҳам тергилаб еб кетаверарди.
     Отам кимникида ётиб-тунарди, кимникида меҳмон бўларди – биз билмас эдик. Аммо ҳафтанинг қайсидир кунида тоғам берган чўбир отда бир қоп қовун-тарвуз ташлаб кетарди.
     Кузнинг сўнгроғида, мезон шамоли еган туйнак, яъни энди гул тўккан сапчаям ниҳоятда ширин бўлиб кетарди.
    Сабаби аён: мезон шамоли еган. Бошқа сўз ва изоҳлар керак эмасди.
    Ҳам кузнинг заифгина қуёши уриб турга офтобли кунларда толтовоқ атрофида қовунни сўйиб, икки паллага ажратиб, темир қирмичда қириб сувига нон ботириб ейишнинг мазаси бошқача-да. Дорию селитранинг заҳрини "татиб кўрмаган" қовуннинг таъми бир бўлакча бўлади.
     Қовуннинг нави ҳам ҳар хил. Бир хилларининг отини ўзимиз ҳам билмаймиз. Кечпишар, қалин пўчоқли қора қовун, узунчоқ, пишиб етилганда палакда ўзидан-ўзи қоқ ёрилиб кетгувчи қотирлоқ (негадир шундай атаганмиз) қовун, бўрикалла, кампирчопон, ошқовоқдай дум-думалоқ ичи қизил қовун, қишда турадиган тўрқовун…
     Сулаймон отамдан қолган Кўнақишлоқдаги чарбоғимизга кўчиб чиққанимизда сувли ва лалми қовун-тарвузлар экканмиз. Отам омоч билан чопилган шудгорга уч кетмон уриб, уч кун ивитилган уруғларни ерга қадашни ўргатарди. Нам ернинг кесакларини уқалаб уруғ экилгач, дўмбоқ шаклда кўмардик. Униб чиқиб, палак ёзгач, сийраклатиб иккита қолдирардик. Гуллагач, тагига дўмбоқ уярдик. Билишимча, бу палак новдасининг шамолда синмаслиги, ҳам ердан нам қочмаслиги учун зарур эди.
     Қовун ҳам, тарвуз ҳам то етилиб пишгунча унинг нави нима эканини биз ҳам, катталар ҳам билишмасди.
Бепарво одамлар дегинг келади.
     Бўлмасам Ўнар отам не бир ҳасратда тоғдаги ошналаридан олма ниҳоли олиб келган-ку.
Олмалар сувга, ерга "тўп-тўп" этиб тушарди. Айни пишиқчилик ўтиб, олманинг бошида қолганларини тош билан туширишни хуш кўрардик. Буниси энди бошқа манзара эди. Ҳидлаб ҳам, еб ҳам тўймасдик.
     У олмалар худди болалик каби сувда оқиб кетди…
    Эҳ, у олмалар…
     Ўнар бобомнинг олмалари.
     Мен гўдак эдим. Ўнар бобомни боқиб ўтирган ҳўкизи судраб кетибди. Арқонни қўйиб юборса бўларди, гўрга кетармиди мол? Чол бўлгани билан бақувват эди. Мол куч бермай чолни судраб кетавергач, бориб ўзи эккан олма дарахтининг танасига урилган.
     Шол бўлиб ётиб қолди.
     Ётавериб елкаси ачишса керак, "ағда-ар!" деб бақирарди. Амаким ё акаларимдан бири бориб бобомни бошқа томонга ағдариб келарди, шу ётганида ҳам иштаҳаси карнай эди. Онам пиширган кулчалар нондан сал кичик, акам мактабга опкетиш учун мўлжалланган, сувтегирмонда тортилган ундан тайёрланган бўларди. Бобом мен совуқ сувга ботириб узатган кулчани икки бурда қилиб ерди.
     Ўлимидан аввал тўрт ўғлига ерини тенг тақсим қилиб берган. Бизнинг тегишни отам ўзидан кичик укаси          Ҳаcан акамга аввал қисман, кейин бутунлай бериб юборди. Ўзимиз пастки овулга, тоғамлар яшайдиган қишлоқчага кўчиб тушиб, уй қурдик. Шу амакимни отам ўқитган, уйлантирган экан. Эллик учинчи йили Владивостокка армияга бориб, қурилиш батальонида ишлаб бир чемадон пул кўтариб келган, укам ўқисин, одам бўлсин, деган. Уйлаган. Ҳатто бир куни туман мелисаси бошлиғига кириб укамни мактаб директори қилинг, деб йигирмата қўй сотган.
     Мардикор-чоракор бўлмади отам. Укани оёққа қўйиб, бир умр чўпон бўлиб ўтди. Қашшоқ бўлмаса ҳам камбағалликка рози бўлиб яшади.
     Кичик укаси Омон билан ораси соз эди. Оға-ини эмас, жўрадай эди. Бир-бирларининг боласига ном қўйиб чақиришар эди. Сайимбой акам – зўр қора, мен – Собир сояки, укам – тошбақа, Манзура – малла, Олим – олимпиёда, Гулнора – гулнош эди Омон акамга. Саккиз фарзанди бор. Ҳаммасининг отини, лақабини айтиб ўтирмайман.
     Ўйлаб қарасам, отам от қўйишга бир майдон пешқадам эди. Келинларига ҳам от қўйгич эди: "столба", "мусичаи безалол", "урчуқ"...
      Иккови суҳбатлашса, манфаат аралашмас эди.
     Сеники-меники деган гап ҳам бўлган эмас. Илгари дастурхон ҳам бир бўлган, болалар улғайгач, бўлак қилишди. Ҳар ким ўз бошига мол, эшак, тўшамчи, гилам қилди, рўзғор бошқа бўлди.
     Шу одамлар нуроний бўлиб, уйимизнинг тўрида ўтирсайди…
    Онамнинг отаси – Танибек бобом доно киши эди. Камгап. Одамлар маслаҳат сўраса, тўғри гапни айтиб қутуларди. Бировга ён босмас эди. Мен бобомнинг оғзидан анча-мунча маталу мақоллар ёзиб олганман. Ўта қумқулоқ эди.
     Шу бобом бир куни тушида қишлоқнинг кун ботишидаги катта қирнинг қулаётганини кўрган. "Қулаётган эди, мен ушлаб қолдим", деган…
     Ахир бу палакат дориганда паноҳ бўлиш эмасми. Паноҳ – аввало Ўзидир. Аммо бу ерда сир бор эмасми?
Қишлоғимнинг ширин ҳавоси бор. Кўкламда айқириб оқадиган катта сойнинг суви ёзда деярли қурийди.
     Каттақўриқдаги балиқлари ғужғон ўйнаб турган катта булоқ ҳам бу йил қуриди. Тепадаги, эшонбобонинг ҳаёти остидаги, Алим тоғанинг музбулоқлари ҳам кўзнинг ёшидай жимирлаб қолди.
     Солисой, Абдулласойдан бошланиб, Токлининг этагига келганда кўпайиб кетгувчи сой суви бу йил нимкала.
Қудуқ қаздирганлар ҳам бу гал сув оқими анча пастлаганидан нолишади.
     Сув бу – одамларнинг ҳаёт-мамоти. Молиям, экиниям, ўзиям шу булоқларга кўз тикади.
     Лекин Нонбер отанинг суви қуримайди. Бундан тўрт аср муқаддам шу ерда истиқомат қилган бобомизнинг асли оти Жиянбек, авлиёлик шарофатидан шу халққа қўйнидан иссиқ нон чиқариб тарқатган. Қўйнидаги нон тугамаган. "Нонбер ота" дейилишининг маъноси шу.
     Билмадим, шу аждодимни, азиз бобомни кўп ёдлайман, ҳар куни дуо қиламан.
     Авлиёлар Аллоҳ ўртасидаги робитадирлар. Пайғамбарга берилмаган руҳлар олами сир-синоатидан, ким бўлибмизки, биз огоҳ бўлсак. Беихтиёр кўкка қараб Аллоҳ таборак ва таолога ўтинамиз:
     Ёмғир ёғдир, Султоним!
     Тоғларда кузак насимлари эсиб бошлади. Энди ер сув ичса захлайди. Томорқадаги дарахтлар қуримайди.
     Ҳали кузнинг салқин ҳавоси бор. Ҳали… бу ерларга ёмғир ёғиши бор. Кузакда ёққан ёмғир хашакни ивитади. Уни еган эчки ҳадемай эгиз улоқлар туғади.
     Куз.
     Баҳорга ҳали икки довон бор…

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар