"Халқаро қизлар куни"га бағишланган тадбир

     Гул ўсса — ернинг кўрки, киз ўсса — элнинг кўрки, дейди доно халқимиз. Оилада қиз фарзанд дунёга келдими, отага меҳрибон, онага суянчиқ, миллат эртасини давом эттирувчи бўлади. дея қувонамиз. Ойлар кетидан ойлар, йиллар кетидан йиллар ўтиб борар экан, ҳар бир ота-она бўйга етаётган қизининг эртанги куни учун замин ҳозирлаб боради. Энг аввало, қизни илмли ва маърифатли қилиб камолга етказиш ота-онанинг олдида турган энг биринчи вазифадир.
     Бу борада юртимизда ҳам миллат давомчилари бўлмиш қизларни маърифатли қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларида қизларни ҳар томонлама етук, юксак ахлоқли, билимли ва миллий кадриятларга ҳамда она Ватанга содиқ фарзандлар қилиб тарбиялаш вазифаси белгилаб берилган. Лекин дунёнинг ҳамма нуқталарида ҳам аҳвол бир хилмикан, деган савол туғилади.
   Ҳаммамизга маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 10 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь "Халқаро қизлар куни” деб эълон қилинган.
  БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмаларига ушбу кунни кенг миқёсда нишонлаш, шунингдек бутун дунёда қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш тавсия этилади.
    Бу сана ҳар йили бутун жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида нишонланиб келинмоқда.
     Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси биносида "Халқаро қизлар куни" муносабати билан "Ёш оилалар ва қизлар" Республика Форуми доирасида очиқ эшиклар куни ўтказилди. Унда фан, санъат, маданият соҳаси вакиллари, Хотин-қизлар давлат қўмитаси вакиллари, олий таълим муассасалари талабалари, "Қизларжон" клуби аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
     Миллат давомчиси бўлмиш қизларни маърифатли, зиёли ва оналик мақомига муносиб қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунга қадар ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
"Халқаро қизлар куни" муносабати билан ташкил этилган тадбирда ҳам юқоридаги вазифалар устувор қилиб белгиланди. Тадбир аввалида қизларни мадҳ этувчи, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширувчи ижтимоий ролик намойиш этилди.
     Очиқ эшиклар куни орқали ёш қизлар, аёллар масаласи, уларнинг саломатлигини яхшилаш, таълим олишига шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қувонарли ҳол эканлигини ва бу борада талаба-қизларнинг фаоллиги ҳам муҳим босқич эканлигини турли ҳаётий мисоллар орқали етказиш назарда тутилган. Айниқса, қизларнинг таълим олишида тўсиқ бўлаётган масалаларни ҳал қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, миллий қадриятларни ардоқловчи шахслар қилиб тарбиялаш долзарб вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
     Энг муҳими, иштирокчи қизлар фаровон жамиятни қуришда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар жуда керакли эканлигини яна бир бор теран англашлари зарур.
     Тадбир талаба-қизларнинг қизиқишларини янада рағбатлантириш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тенгдошлари ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасида аҳамиятли бўлиши лозим.
     Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси - Зулайҳо Маҳкамова, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг ўринбосари - Раъно Турдибоева, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси муассислигидаги "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира - Мунаввара Усмонова ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, матбуот котиби - Нилуфар Жумаева иштирок этишди.
     "Қизларжон" клубининг қизлари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамфикрлик, бир-бирига дахлдорлик муносабатларини шакллантиришдаги ўрни ҳақида маълумотлар берилди ва Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси қошидаги "Қизларжон" клуби Республика Сардори этиб ЎзДЖТУниверситети магистранти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳодими, "Халқ таълими аълочиси" медали соҳибаси - Огулнур Магсадбаевна Атаева тайинланди.
     Шунингдек, "Қизларжон" клуби раҳбари ва ходимларига Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси - Зулайҳо Маҳкамова гувоҳномаларни топширди.
     Тадбир доирасида ижодкор қизлар томонидан қўшиқ ва шеърлар ижро этилди.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар