БИР БЎЛСАК – ЯГОНА ХАЛҚМИЗ, БИРЛАШСАК – ВАТАНМИЗ!
ЮРТ ЮКСАЛИШИ ЮРАКДАН
Ҳар гал водийдан кўнглим яшнаб, дилим яйраб қайтаман. Сершовқин шаҳарда яшаб, машиналар карвони узлуксиз қатнаб турадиган гавжум кўчаларда юрган одамга қир-адирлар, бепоён яйловлар бошқача кўринади-да. Йўллар четида саф тортган тераклар шамолларга шивирлайди. Шундай завқ-шавқлараро яшаган паллада ватан озодлиги, юрт жозибаси, кечаги кунимиз, бугунги мунаввар кунлар ҳақида сўз айтгим келади.
Қайси мавзуда сўз очсам ҳам кўнглим кенгликларида етарлича куч борга ўхшайди, лекин барибир қаламим ўзига қадрдон мавзуси томон ўрмалайверади. Яна аёл, она ҳақидаги сатрлар (негадир) қуйила бошлайди. Гул-райҳон экилган кўчага сув сепиб, қўшни аёл билан гурунг қилиб турган навниҳол келинчакка ҳавас билан қарайман. Ҳосилга кирган боғларни кўриб, мана шу руҳимизни шодликка ўраётган олам – юртимиздаги барча чиройли ўзгаришлар, инсон тафаккури, ҳаракати ва унинг қўли билан бунёд бўлганини фикрласак, руҳий улуғлик вужудимизни қамраб ўзимиз ҳам тобора юксалиб бораётганимизни ҳис этамиз.
Ҳозир кўз олдимдан бир-бир ўтаётган жаннатий манзараларга маҳлиё бўлиб, инсоннинг қўли гул эканига, саҳрода боғ яратган эртакдаги паҳлавонлик бугун замонамиз қаҳрамонларига насиб этгани, кечагидан бугунимиз гўзал ва фаровонлигидан мамнун бўламан. Қишлоқдаги хонадонларнинг файзи бўлакча. Дарвозаси қия очиқ турган ҳовлилардан қийғос очилган гуллар кўзга ташланади. Турли мевали дарахтлар, доналари эндигина бўрта бошлаган узумлар шиғилини, ажиб манзара ҳосил қилган туваклардаги гулларни кўриб, оилалар тинчи, маҳалла кўрки, кўнгиллар ободлиги юрт ободлиги эканлигига яна бир бор ишонаман, қувонаман.
Шукур, ишлаган тишлайдиган, тадбиркорлик билан иш юритган одамнинг нони бутун бўладиган даврда яшаяпмиз. Авваллари бободеҳқон номи, мақоми фақат эркакларгагина хос эди. Бугунги мақомларимиз, рутбаларимиз ўзгача. Жорий йилда аёлларга яратилган имтиёзлар қайд этилган рақамлар орасида саксон мингга яқин хотин-қизларга деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун узоқ муддатли ижарага ер ажратилди, деган маълумотни ўқиганимда худди ўша ер эгаси бўлган аёллар сафида ўзим ҳам бордек мағрурланаман. Чунки ерга эгалик туйғуси деҳқончилик нималигини озми-кўпми ҳис қиладиган одамга жуда катта рағбат беради. Тўғри, ҳамма одам ҳам ер-мулкка эгалик қилиб, мислсиз муваффақиятларга эришишни уддалай олмас. Бироқ ернинг бўлгани ҳаракатингга майдон бор, дегани, пешона тер тўксанг ўзинг, фарзандларингга ризқ бўлади, дегани бу. Меҳнатга очилган йўл, тупроғингда унадиган гул, дегани бу. Шу йилнинг ўзида олтмиш тўрт минг нафардан зиёд аёллар касб-ҳунарга, ўттиз минг нафари эса тадбиркорликка ўқитилди. Бу хотин-қизларимиз ҳаётида атиги ярим йил ичида бўлаётган эзгу ишларнинг бир қисми, холос. “Бизбоп иш йўқ”, деган баҳонанинг ўзи йўқ энди. Ўрнига ер бор, касб-кор бор, даромад бор, шунга яраша фикрий ўсиш, юксалиш ҳам бор. Яна қандай замонни орзу қилиш мумкин...
Йилнинг икки фаслида ипак қурти боқишни йўлга қўйган оила бекаси биз билан суҳбатда:
– Шундай ношуд оила эгалари борки, ҳовлисида гуркираб турган мевали дарахтини кесиб, қишда ёқади, ёзнинг иссиғида ўтин-чўп ғамини еса мева бераётган дарахтини ўтин қилиб увол қилмайди-ку. Кесиб олиб келинган тут новдаларини ипак қурти ғажиб ташламайди, баргини еб, новдасини ўтин қилиб беради. Чиқиндиси ерга ўғит бўлса, бир ойгинада мўмай даромад келтириши мумкин. Меҳнатимиз кўп бўлгани билан даромади ҳам сарфлаганимизга яраша. Умуман ҳалол меҳнатнинг бирор тури бандасини хор қилиб қўймайди, аксинча, хазинасига ганж, юрагига куч беради. Ҳаммамизнинг алоҳида уй-жойимиз, машинамиз, яхши кунга атаган жамғармаларимиз бор. Болаларимизнинг мактабдан ташқари қўшимча сабоқлар олиши, турли тўгаракларга қатнашиб ақлий, жисмоний ривожланишлари учун шароитлар қиляпмиз. Омборда дони, ейдиган оқ нони бор одам ишдан чарчадим, деса ношукурчилик бўлади,– деган эди.
Шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган яхши хабарлардан масрур юрибмиз. Миллатнинг бир қизи олмонларнинг юртига бориб, Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида ақл, заковати билан ҳаммани лол қолдириб ғолиб бўлиб қайтди. Шуҳратли Ўзбекистон номини яна шуҳратларга ўради. Яна бир спортчи қизимиз юртнинг лочинлари қаторида кўп соҳаларда дунёдаги “манаман” деган давлатларни олдига туширмайдиган японияликлар устидан ғалаба қозониб, Олимпиада чемпиони бўлиб юртга қайтди. Олтин медаль кўксини безаган пайтда Ватанимиз байроғи юксакка кўтарилиб, мадҳия янгради. Ғалаба суруридан жилмайибгина турган Диёранинг кўзида ёш ҳалқаланди. Ҳа, йўлбарслар шаҳди билан майдонда олишган, кўзлари ёниб, рақибининг елкасини ерга теккизган мардона қизимиз ғалабаси Ватанга боғланганда кўзига ёш олди. Бу қувонч ёшларини ҳовучингга олгинг, манглайингга сургинг келади. Уни кузатиб турган жуда кўп юртдошларимизда ҳам мана шундай кайфият бўлгани аниқ. Ўн олти ёшли билимдон қизимиз Райёна Иброҳимова ҳам, Олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова ҳам қанча заҳматлар орасидан ўтиб борди бу баландликларга. Матонат билан яшади бу кунларни. Тер тўкди, ўша майдонга етиб боргунча ўзини унутди, баъзи тенгдошларига роҳат берган ёшлик завқларидан юз бурди. Диёра берган интервьюсида: “Мени спортга етаклаб олиб борган бувижоним эди, афсус, шу кунларни кўрмадилар. Руҳи ҳозир ёнимда бўлса керак, руҳимга қувват бериб тургандек тетиклашдим”, деди. Ҳа, ҳеч ким дунё шоҳсупаларига шамолда учиб бориб қолмайди. Унга елка тутадиган бобо, бувилари, ота-оналари, устозлари, “болам”, деб бошини силаб турган Ватани бўлади. Биз ҳар бир юксалишни ҳис қилганимизда ҳар бири учун суюнишимиз, ҳар бири учун тақдирдан миннатдор бўлишимиз, ҳар бири учун шукрона айтишимиз керак, назаримда.
Инсон – жамият бойлиги. Айниқса, жамиятда аёлларнинг ўрни бошқача. Чунки у оила иқлимини яратади. Фарзанд тарбияси, оила осойишталиги унга боғлиқ. Ҳукумат эътибори билан уйли-жойли, касб-ҳунарли бўлган, имтиёзли тавсияномалар билан олийгоҳга кириб ўқиётган опа-сингилларимиз эртанги ёруғ кун умиди билан интилаётгани яхши. Аммо шу ёруғ кунларга парда тортаётган, арзимас синовларга дош бера олмай, ўз жонига қасд қилаётган, боқимандаликни ўзига касб қилиб олган баъзи юртдошларимиз ҳам борки, бу бизнинг оғриқларимиз. Куни кеча ижтимоий тармоқда тегишли ташкилотлардан ёрдам ололмагани учун мурожаат қилган бир аёлнинг уйида бўлган суҳбатни кўриб қолдим. Икки ўғли хорижда таҳсил оларкан. Ёниб кетган уйи ўрнига уч хонали иморат тикланган. Ёнида “бироз уйнинг камчилиги бор, тўлдириб берамиз”, деб турган маҳалла кайвонилари ҳам бор. Барибир шунча мурувватдан ҳам кўнгли тўлмаган. Халқни рози қилиш борасидаги хайрли ишларнинг кўламини кўриб турибмиз. Аммо қўл узатганнинг этагидан тутиб охиригача бирга бораман, деган учарлар ҳам учраб турибди. Миллий қадриятларидан узоқлашган халқни маҳв этиш осон, деб бежиз айтилмаган. Ота-боболаримиз орзу қилган ҳаётда яшаяпмиз. Шукрона қилиб юрт корига камарбаста бўлиш ўрнига қорин ғами билан боғлиқ дардимизни достон қилиб юришимиз бироз хижолатли эмасмикан...
Бир неча йил аввал юз ёшдан зиёд умр кўрган табаррук момо билан суҳбат қилгандим. Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида раҳматли онахоннинг сўзлари бот-бот ёдимга келаверади. Яшаётган ҳаётим, давримдан кўнглимда заррача қониқмаслик пайдо бўлса, умидларим кучсизлана бошласа, дарҳол онахоннинг овозлари қулоғимда жаранглай бошлайди.
– Бир асрдан ортиқ умр кўришингизнинг боиси нимада? – деб савол берганман Маҳбуба аяга.
– Тўқсонни қоралаганимда юрт мустақил бўлди, тонгдан тунгача тинч замонда яшаётганимга шукроналар айтаман. Ҳар синовига кўниб, неки ёзмишига елкамизни тутиб, сабрдан девор кўтариб, тоқатдан том ёпганимиз учун берган мукофоти бўлса керак, деб қувониб яшаяпман-да, болам!
Тошкент туманидаги “Чувалачи” маҳалласида истиқомат қилган бир юз ўн баҳорни қарши олган Маҳбуба она Ҳамидова билан суҳбатимиз ана шундай бошланган эди. Онахоннинг ҳаётга, яшашга бўлган завқи бошқача, шукронаси чексиз. Икки гапнинг бирида: “Илоҳим, ёмонлик кўрманглар, болаларим, юртимиз тинч бўлсин, Элбошимиз биз кексаларни эъзозлагани, тинчлик, тўқлик замонини бергани учун мендан ҳам зиёд умр кўрсинлар! Юртнинг болалари, уларнинг қаторида менинг дилбандларим ҳам бахтли-саодатли бўлишсин”, – дея дуо қилиб, алқагандилар...
– Онажон, бошингиздан ҳаётнинг кўп синовлари ўтган экан, енгиб яшашга қандай куч топдингиз? – дея сўраганман.
– Бошидан ўтмаганнинг қошидан ўтма, деган гап бор, болам. Ранж-кулфат тортмаган, бошидан қийинчиликларни ўтказмаган одам бугунгидай тўқчилик, тинчлик замоннинг қадрига етиши қийин бўларди. У замонларда ҳамма инсон хокисор эди, ўзбек ердек эди, болам! Бир буюмча қадримиз йўқ эди. Оч қолганда тупроқни ялаган кунларимиз бўлди, ўт илдизини шимиб кетмон чопган, чопонимизга ой ёруғида ямоқ солиб ўтирган пайтларимизда, яқинимиз оламдан ўтса, ўраб-чирмаб кўмгани бир парча эски мато тополмаган кунларда, алпомишдек ёрларимиз ёвнинг тупроғида қолиб, юрагимиз қон-зардобга тўлган кезларда шундай ёруғ, фаровон замонларни кўриш тушимизгаям кирмаган. Кийимни танлаб кийиб, нонни танлаб еб, етти қават юмшоқ кўрпача устида эъзозу эътиборда табаррук бўлиб, умр кечиришим хаёлимдаям йўқ эди, қизим.
Улар оилада етти қиз бир ўғил улғайган экан. Ота-оналари Ҳомиджон ота деҳқон, Ҳамробиби момо қўлигул чевар, пазанда, ширинсўз аёл эди. Маҳбуба ая болалик даврларини хотирлаганда, мен худди эртак эшитаётгандек қулоқ тутдим.
– Дадам бояқиш ўнқир-чўнқир ерларни чопиб, ҳўкиз ҳайдаб дон-дун экар, еганимиз зоғора нон эди. Серсут сигиримиз бўларди. Муҳтож бўлиб, коса кўтариб келган киши ҳовлимиздан қуруқ қайтмасди. Қаҳатчилик одамларнинг жон-жонидан ўтиб кетган, ҳали у, ҳали бу ҳовлидан йиғи овози эшитиларди. Бир ҳовуч кепак тополмай, кўкат қовуриб еб кун кўриб юрганлар кўчаларда очликдан йиқилиб қоларди. Бир воқеа ҳеч ёдимдан кетмайди. Ўшанда мен чамаси олти-етти ёшдаги қизалоқ эдим. Айвон ўртасига ўрнатилган танча атрофида ўтирардик. Кўчадан шошиб келган отам бизларга қараб: – Болаларим, ҳозир уйимизга келадиганлар ҳукуматнинг одамлари, уйдан нимани олиб кетишсаям чурқ этманглар, – деди.
Бироздан сўнг ўша одамлар оғилхонадан сигир-бузоқни, дадамнинг отини етаклаб чиқиб кетишди. Дадам уларга ҳеч нима демагани билан ранги бўзариб, ғазабдан титраб турарди. Шунда мен онамга ёпишиб: “Ойижон, энди биз нима қиламиз, касал боласига сут сўраб келганларга нима деймиз”, – деб йиғлай бошладим.
Ойим шўрлик отамга паст овозда:
– Болаларнинг оғзи оққа тегиб турганди. Безгак, чечак деймиз-у, аслида болалар очликдан ўляпти-ку! Отингизга ачинмасангиз ҳам гўдакларнинг ризқи учун сигирни олиб қолинг, – деб ёлворди.
– “Ер ислоҳоти” деган балойи азим бошланганмиш. Ортиқча мол-мулк тортиб олиняпти. Уларга қарши боргандан кўра ажал билан олишган осон. Қиз боқяпсан, хотин, бир этак қиз. Ёмоннинг юзини тескари қилсин. Бошим омон бўлса, ҳаммасини жойига қўяман. Атрофга қараманглар, танчага бошингизни тиқиб олинглар, – деди дадам овозини салгина кўтариб. Кейин ҳаммамиз бошимизни танчага ёпилган кўрпага буркаб олдик...
Шу тарздаги қийинчилик аро улғайган, вояга етган Маҳбуба ая ўн етти ёшга кирганда маҳаллада ота-онасиз қолиб, бировларнинг эшигида хизмат қилиб юрадиган Нурмонжон деган йигитга тақдири бойланди. Катталар кўмаги билан уларнинг ҳовлисига яқин жойдан томорқа олиб уй-жой тикладилар. Ҳовлига кўчиб ўтиб, гул-райҳон экиб, ниҳоллари бўйига қараб қувониб юрган кунлар машъум уруш бошланди. Кўпчилик қаторида Нурмонжон ҳам урушга отланди. Ўша кунларда уйда тишга босгулик ҳеч вақо йўқ, ҳатто атала қайнатиб ичолмаётган халқнинг бор-буди фронт ва фронтдагилар учун олиб кетиларди. Ҳамробибининг бир ўғлим иккита бўлди, бегоналарга кунимиз қолмайди энди, деб қувонгани қўш бўлмади. Сандиғида қизларимнинг сарпосига деб, яхши ниятлар билан асраб қўйган духобани уч қадоқ жўхорига айирбошлаб келиб, талқон қилиб куёви қўлига тутди. Маҳбубахон рўзғоридаги биттагина кўрпачани ўраб-чирмаб эрининг сафар халтасига жойлар экан, иккиланиб турган эрига қараб:
– Похол тўшаб ётсак ҳам тинчгина ўз уйимизда ётамиз-ку, – деб кўнглини кўтарди. Эри остона ҳатлаб чиқиб кетаётган пайтида: “Мен уч норасида билан нима қиламан, отаси, қорнимдаги бола туғилса, отини нима қўямиз?” – деган сўроғига:
– Худо хоҳласа бола туғилгунча қайтаман, мени кутинглар, – деди. Кўп ўтмай укаси – ёлғизгина ўғил Собиржон ҳам фронтга сафарбар этилди. Уларнинг кетганига олти ой бўлганди...
– Ўшанда куз эди. Пахта тераётгандик. Бир отлиқ одам келиб, ҳаммамизни жамлаб, фронтдан келган қорахатларни қўлимизга тутқазди.
– Ҳамма уйга кетаверсин, бугун иш тугади. Кимки додлаб овоз чиқарса, аза очса, биздан яхшилик кутмасин, – деб дўқ урди. Воҳ, уйинг куйгур, қандай замон бўлган экан-е-й-й-й! Умр йўлдошим билан ёлғиз укамдан бир кунда жудо бўлдим-а! Жигар доғи бағримни куйдирса, бош эгамдан айрилганим юрагимни қонатди. Очлик, йўқчилик, ноҳақлик, зорлигу зўрлик, майли, болам, кўксимизга муштлаб, тўкилиб-тўкилиб йиғлашга ҳам ҳаққимиз йўқ эди. Бўзлаб бориб бўз тупроққа бош урай десанг, тупроғи йўқ...
Ўша куни уйга бориб нима қилишимни билмайман. Болаларимни бир-бир бағримга босдим. Кўз ёшимни кўрсатмадим-у, юрагим йиғларди. Ер муштлаб, ер бағирлаб, кўкка қараб кўксимга уриб додлагим келарди. Қайси она кўз ёшини боласининг ёқасига артарди. Адоғи йўқ дард, тугамас ҳасратларга қолганимни кимга айтардим. Худога нола қилдим. Аламдан ҳовлига экилган кечки жўхорини қайира бошладим. “Ойи, нега йиғлаяпсиз?” – деган болаларимга: “Кўзимга бир нима кирди, болам, йиғлаганим йўқ”, дейман. Тўрт болам атрофимда уяси бузилган қушчаларга ўхшаб чирқиллашарди. Онамни-ку дарди дунёча эди. Ҳолини сўраб бордим. Мени бағрига босиб, “Йиғлама қизим, Нурмонжондан тўрт нишон қолди, бири қош, бири кўз, тўрт ниҳол қолди, улғайиб, гуркираб бир куни катта боғ бўлади, атрофингда тоғ бўлади, болам. Уканг Собиржон ғўр кетди-ей-ей... Она сути оғзидан кетмаган эди. Урушни ўйин билиб кетди. Онамга айтинглар, мен тўйга кетдим, деб, мени авайлаб хайрлашмай кетди. Битта нонни тишлаб берсаям насибаси узилмасмиди”, деб бўзларди онам шўрлик.
Битта кўзим болалигимда касалланиб кўрмай қолган. Бир кўз билан бола боқдим. Дала-тузда гўдакларимга қарайдиган одам, иссиқ-совуқдан бир пана жой йўқлигидан отасидан кейин туғилган қизим Дилбарни қўлтиқлаб кетмон чопдим. Очликдан кесакка қоқилиб, йиқилиб-сурилиб юрган кунларимнинг бирида, она, деб талпиниб қувонч берадиган попукдек қизчамни ерга бердим.
Бир куни отам буғдой янчиб турган пайти нотаниш киши келиб сизларга “посилка” бор дебди. Эшитиб, юрагим орзиқди. “Эрим ё укам тирик эканда. Тириклигидан дарак бериш учун бизга нимадир юборган”, деб ўйладим... Дадам олиб келган қутини очиш қийин бўлмади. Қути ичида эримга бериб юборган кўрпача ва у кишининг кийган этиги бор экан. Қайнэгачим увиллаб йиғлаб юборди. “Пайтаваси қон экан, қон экан”, деган сўзлар қулоғим остида жарангларди. Кўз олдим қоронғу бўлди. Ўша пайтдаям ўзимни юпатишга куч топдим...
Ҳикоя қайси жойида тўхтаса ҳам кўз ёшларга тойилиб тўхтарди, эшитганларимнинг сувратини ҳам менинг кўз ёшларим чизарди.
Маҳбуба ая фарзандлари учун ҳам иродали бўлиши, ҳали кўп заҳмат чекиши керак эди. Уларнинг қорнини тўйдириш учун ерни мола қилаётган ҳўкиз ортидан юриб, кесак майдалади. Шоли, буғдой экди. Элга қўшилиб канал қазиб, сув келтирди. Тўнғич ўғли Ниғматжон 9 ёшга кирганда элга дастурхон ёзди. Тоғорани тўнтариб дўмбира қилиб чалаётганлар олдига бориб, “Қаттиқроқ чалинглар, тоғора тешилсаям майли. Отаси йўлда аста-секин келаётган бўлса, тўй овозини эшитиб қадамини илдамлайди”, деди. Гап охирлаб, омон-омон замонларга уланганда:
– Шунча заҳмат чексангиз ҳам, юзингизда ажиб нур бор,– десам онахон кулиб, “нуркўприк эканман-да”, дейди.
У дамларда колхоз омборида хашаки лавлагидан бошқа ҳеч нарса йўқ, бир бош жўхори беринг, деб этак тутиб келувчиларнинг кети узилмасди. Муҳтожликдан келганларнинг халтасига лавлаги тўкиб берганларнинг ҳам боши балода эди. Чунки аёллар бригадаси кўмагида ердан унган ҳамма маҳсулотни кесиб, қоқи қилиб қуритиб фронтга юбориларди. Ойдинда ер ҳайдаб, аёллар бригадасида полиз оралаган Маҳбуба ая ҳеч кимга зорланмади. Аламини меҳнатдан олди, армонини заҳматлар орасидан қидирди.
Юз ёшга кириб “Шуҳрат” медали билан тақдирланган кунда: “Ўтган умрим, чеккан заҳматларим учун мингдан-минг розиман. Энди армоним йўқ. Эгамдан узоқ умр тилайман, ҳали бундан ҳам чиройли кунларни кўргим келяпти”, дегандилар.
... Ҳа, армонли замонлар, армону оғриқлари хотираларда қолди. Аммо дориламон кунлар келди, дея уларни унутиб юбормаганимиз яхши. Шундай эмин-эркин, топган-тутганимиз ўзимиз, фарзандларимизга буюриб турган замонга қандай тошли, тиканли йўллардан ўтиб келганимизни эслаб турганимиз яхши. Шундагина биз мана бу мусаффо осмоннинг, ўқлар овози, бомба портлашларидан узоқ, тинч, осуда ҳаётимизнинг қадрини яна ҳам теранроқ англаймиз. Набираларимизнинг жарангдор кулгиси, ўсмир қизларимизнинг покиза табассуми, обод ҳовлилару хиёбонларимиз, меҳнаткаш қўлимиз, ҳаётга эзгулик тилаб яшайдиган қалбимиз учун шукроналар айтамиз. Орзулаб етганимиз Ватан истиқлолининг яна бир қутлуғ арафасида кўнглимдан кечганларини қоғозга тушириб, нуқта қўйганимда яна бир оппоқ тонг ота бошлаган эди.
Азиз юртдошлар, тонгларимиз ҳамиша шундай умидбахш, жозибали кунларни бошлаб келаверсин, яхши кунлар шукуҳи ҳамиша биз билан бўлсин!
Мунаввара УСМОНОВА